بسم الله الرحمن الرحيم
(1-октябрь – Устоз ва мураббийлар куни)
Муҳтарам жамоат! Ислом дини илму маърифатга тарғиб қилувчи илоҳий диндир. Зеро, инсоннинг дунё ва охиратининг обод бўлиши илм олмоғи ва унга амал қилиши билан боғлиқдир. Қуръони каримнинг кўплаб оятлари ва Пайғамбаримиз ﷺ нинг қатор ҳадисларида ушбу маънолар баён этилган. Илм руҳнинг озуқасидир. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Илм ўргатувчи устозлар бежизга “пайғамбарларнинг меросхўрлари”, деб эъзозланмаганлар. Қуръони каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устозларнинг шаъни-шарафи нақадар улуғлиги ҳақида бундай марҳамат қилинади:
يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ
(سورة المجادلة/11).
яъни: “... Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят).
Пайғамбаримиз ﷺ ҳам илмли кишининг илмсиз кишидан даражаси юқори эканлигини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан,
(عَنْ أَبِي أُمَامَةَ الْبَاهِلِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ، ذُكِرَ لِرَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَجُلَانِ: أَحَدُهُمَا عَابِدٌ وَالْآخَرُ عَالِمٌ ، فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "فَضْلُ الْعَالِمِ عَلَى الْعَابِدِ كَفَضْلِي عَلَى أَدْنَاكُمْ" (رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ
яъни: Абу Амома ал-Боҳилий رضي الله عنه дан ривоят қилинадики, Расулуллоҳ ﷺ га икки киши ҳақида гапиришди. Уларнинг бири обид, иккинчиси эса олим эди. Шунда Расулуллоҳ ﷺ: “Олимнинг обиддан ортиқлиги ҳудди менинг сизлардан энг қуйи даражадаги кишидан ортиқлигимга ўхшайди”, – дедилар (Имом Термизий ривояти).
Устозга меҳр қўймаган, ҳурмат қилмаган шогирднинг илмни пухта эгаллашига ишониш қийин. Бемор киши ўз ихтиёрини бутунлай табибга топширганидай, таълим олувчи шогирд ҳам ўзини батамом муаллим ихтиёрига топшириши, уни эъзозлаб ҳурматлаши ва доимо хизматида шай туриши керак. Абдуллоҳ ибн Аббос رضي الله عنه ўзидан ёши улуғ бўлган Зайд ибн Собит رضي الله عنه нинг уловлари тизгинини ушлаб, унга минишларида ёрдам бериб бундай деганлар: "Уламоларга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз. Агар шогирд улуғлик сифатига етмай туриб, ундан фахрланиб кибрланса, жоҳилдир. Зеро, илм-ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир, қачон топса, уни олишга ҳақли".
Муҳтарам азизлар! Кишида илм ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Албатта, бунинг учун устоз зарур. Илм ва уни талаб қилишнинг фазилати нақадар улуғ бўлса, илм ўргатиш яъни, устозлик қилишнинг фазилати унданда буюкдир. Қуръони каримда баён қилинишича, инсониятнинг аввали Одам Ато j ҳам ўзининг замонаси учун зарур бўлган илмга муҳтож бўлганидан Аллоҳ таолонинг ўзи у зотга таълим берди.
(وَعَلَّمَ آَدَمَ الْأَسْمَاءَ كُلَّهَا (سورة البقرة/31
яъни: “(Аллоҳ) Одамга барча (яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли) номларни ўргатди” (Бақара сураси, 31-оят).
Ҳар бир замонда Аллоҳ таоло инсониятга илму ҳикмат ўргатиш учун пайғамбарларини юбориб турди. Жумладан, охирзамон пайғамбари Муҳаммад ﷺ ни шундай шарафли вазифа билан юборди.
(لَقَدْ مَنَّ اللَّهُ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ إِذْ بَعَثَ فِيهِمْ رَسُولًا مِنْ أَنْفُسِهِمْ يَتْلُو عَلَيْهِمْ آَيَاتِهِ وَيُزَكِّيهِمْ وَيُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَإِنْ كَانُوا مِنْ قَبْلُ لَفِي ضَلَالٍ مُبِينٍ (سورة آل عمران/31
яъни: “Аллоҳ ўз ичларидан Аллоҳнинг оятларини ўқиб берадиган, уларни (ширк ва гуноҳлардан) мусаффо қиладиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни таълим берадиган Пайғамбарни юбориш билан, мўминларга инъом этди. Улар эса бундан олдин аниқ гумроҳликда эдилар” (Оли Имрон сураси, 164-оят). Бу ҳақда Пайғамбар ﷺ нинг ўзлари:
(عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا ، أَنّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "... وَ إِنَّمَا بُعِثْتُ مُعَلِّمًا" (رَوَاهُ الإِمَامُ ابْنُ مَاجَه
яъни: Абдуллоҳ ибн Амр رضي الله عنه дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ:“Албатта, мен муаллим қилиб юборилганман”, деганлар. Мана шунинг ўзи ҳам устозлик қай даражада юксак мартаба эканлигини кўрсатади.
Дарҳақиқат, ўзгаларга илму маърифат зиёсини тарқатиш нақадар савобли амал. Бу вазифага мутасадди бўлган кишининг даражаси ҳам мислсиз. Шунинг учун ҳам борлиқдаги ҳамма нарса устознинг ҳаққига дуо қилиб туради. Расулуллоҳ ﷺ бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:
عَنْ أَبِي أُمَامَةَ قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ اللَّهَ وَمَلائِكَتَهُ وَأَهْلَ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضِ حَتَّى النَّمْلَةَ فِي جُحْرِهَا وَحَتَّى الْحُوتُ فِي الْبَحْرِ لَيُصَلُّونَ عَلَى مُعَلِّمِ النَّاسِ الْخَيْرَ"
(رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ).
яъни: Абу Амома رضي الله عنه дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ: “Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ковагидаги чумоли, ҳаттоки, денгиздаги балиқ ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчига саловот айтадилар”, - деганлар (Имом Термизий ривояти).
Муҳтарам жамоат! Мамлакатимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш, ижтимоий имтиёзлар яратиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жамиятнинг маънавий-маърифий даражаси устоз ва мураббийларга бўлган муносабатга қараб баҳоланади. Жамиятнинг кўп қисмини ташкил қилувчи ёшларимизга таълим-тарбия бериб келаётган устоз ва мураббийларимизни ҳар вақт ҳурматлашимиз ва эъзозлашимиз лозим. Зеро, келажак авлодни баркамол ва етук маърифатли бўлиб етишишида уларнинг хизматлари каттадир. Ўзбекистон бугунги дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда тенглар ичра тенг овоз билан халқаро майдонда ўз мавқеъига эга бўлишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир. Шу муносабат билан юртимизда ҳар йили 1 октябрь куни “Устозлар ва мураббийлар куни”, деб белгиланиб, шу кунда халқимиз байрам қилиб, устозларга кўпроқ хурмат-иззат кўрсатадилар, дилларига хурсандчилик бахш этишга ҳаракат қиладилар.
Устозларни қадрлаш ҳақида сўз кетганда беихтиёр ҳазрати Мир Алишер Навоий бобомизнинг ушбу сўзлари ёдимизга тушади:
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин минг ганж ила.
Ҳақиқатан ҳам, “устоз отангдек улуғ” деб, аждодларимиз бежиз айтишмаган. Чунки, ота фарзандни дунёга келтирган бўлса, устоз унга одамийликдан сабоқ берган. Бир машҳур зотдан, нима учун устозингизни отангиздан ҳам ортиқ кўрасиз, деб сўрашганда: Отам мени жисмимни тарбиялаб ерга тушишимга сабаб бўлган, устозим эса руҳимни тарбиялаб кўкка етишимга сабаб бўлди, деган экан.
Динимиз таълимотига кўра ўзгаларга таълим берган киши нафақат дунёда иззат ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи амалига савоб тўхтовсиз бориб туради. Шундай экан, устоз ва мураббийлар ҳар қанча эъзозланса арзийди.
Баркамол авлод ва соғлом жамият олдида катта масъулият соҳиби бўлган барча устоз ва мураббийларимизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик ва икки дунё саодатига мушарраф этишини сўраб, дуолар қилиб қоламиз! Омин!
Муҳтарам азизлар! Фиқҳий масалаларнинг баёни борасидаги бугунги суҳбатимизда қарз ҳақида сўз юритамиз.
ҚАРЗ олди-берди муомаласига киришган ҳар икки тарафга ҳам ўзининг талаб ва масъулиятлари юкланади.
Қарз берувчига лозим бўлади:
Қарз олувчига лозим бўлади:
Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида ҳалол саноати йўналишидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда икки мамлакат вакиллари Тошкент шаҳрида «Malaysia–Uzbekistan International Halal Fest 2027» халқаро форуми ва кўргазмасини ўтказиш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Малайзиянинг «TWOJ CREATIVE SDN BHD» компанияси делегацияси томонидан тақдим этилган лойиҳа ҳалол саноати экотизимини ривожлантириш, халқаро бизнес алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Режалаштирилаётган фестиваль доирасида:
Халқаро кўргазма, бизнес-форум ва B2B учрашувлари;
Ҳалол озиқ-овқат, туризм, молия ҳамда ишлаб чиқариш йўналишларига бағишланган махсус экспозициялар;
Инвестиция сессиялари, маданий дастурлар ва маҳсулотлар тақдимотларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Ушбу тадбир Ўзбекистоннинг ҳалол маҳсулотлар бозоридаги салоҳиятини намойиш этиш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги экспорт имкониятларини яратишга хизмат қилади.
Музокаралар давомида Малайзиянинг JAKIM стандартлари асосида ҳалол сертификатлаштириш тизимини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни халқаро бозорларга олиб чиқиш, фермер ва тадбиркорлар учун ўқув-семинарлар ҳамда малака ошириш дастурларини ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Томонлар фестивални юқори савияда ташкил этиш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари, бизнес ҳамжамияти ҳамда тармоқ уюшмаларини жалб этган ҳолда қўшма «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу форум савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб этиш, ҳалол саноати инфратузилмасини ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим халқаро майдонга айланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати