Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Август, 2026   |   7 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:10
Қуёш
05:37
Пешин
12:26
Аср
17:15
Шом
19:19
Хуфтон
20:41
Bismillah
20 Август, 2026, 7 Рабиъул аввал, 1448

29.09.2017 й. Устозларга эҳтиром

27.09.2017   8439   9 min.
29.09.2017 й. Устозларга эҳтиром

بسم الله الرحمن الرحيم

     (1-октябрь – Устоз ва мураббийлар куни)

Муҳтарам жамоат! Ислом дини илму маърифатга тарғиб қилувчи илоҳий диндир. Зеро, инсоннинг дунё ва охиратининг обод бўлиши илм олмоғи ва унга амал қилиши билан боғлиқдир. Қуръони каримнинг кўплаб оятлари ва Пайғамбаримиз ﷺ нинг қатор ҳадисларида ушбу маънолар баён этилган. Илм руҳнинг озуқасидир. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Илм ўргатувчи устозлар бежизга “пайғамбарларнинг меросхўрлари”, деб эъзозланмаганлар. Қуръони каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устозларнинг шаъни-шарафи нақадар улуғлиги ҳақида бундай марҳамат қилинади:

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ  

(سورة المجادلة/11).

яъни: ... Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят).

Пайғамбаримиз ﷺ ҳам илмли кишининг илмсиз кишидан даражаси юқори эканлигини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан,

(عَنْ أَبِي أُمَامَةَ الْبَاهِلِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ، ذُكِرَ لِرَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَجُلَانِ: أَحَدُهُمَا عَابِدٌ وَالْآخَرُ عَالِمٌ ، فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "فَضْلُ الْعَالِمِ عَلَى الْعَابِدِ كَفَضْلِي عَلَى أَدْنَاكُمْ" (رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ

яъни: Абу Амома ал-Боҳилий رضي الله عنه дан ривоят қилинадики, Расулуллоҳ ﷺ га икки киши ҳақида гапиришди. Уларнинг бири обид, иккинчиси эса олим эди. Шунда Расулуллоҳ ﷺ: “Олимнинг обиддан ортиқлиги ҳудди менинг сизлардан энг қуйи даражадаги кишидан ортиқлигимга ўхшайди”, – дедилар (Имом Термизий ривояти).

Устозга меҳр қўймаган, ҳурмат қилмаган шогирднинг илмни пухта эгаллашига ишониш қийин. Бемор киши ўз ихтиёрини бутунлай табибга топширганидай, таълим олувчи шогирд ҳам ўзини батамом муаллим ихтиёрига топшириши, уни эъзозлаб ҳурматлаши ва доимо хизматида шай туриши керак. Абдуллоҳ ибн Аббос رضي الله عنه ўзидан ёши улуғ бўлган Зайд ибн Собит رضي الله عنه нинг уловлари тизгинини ушлаб, унга минишларида ёрдам бериб бундай деганлар: "Уламоларга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз. Агар шогирд улуғлик сифатига етмай туриб, ундан фахрланиб кибрланса, жоҳилдир. Зеро, илм-ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир, қачон топса, уни олишга ҳақли". 

Муҳтарам азизлар! Кишида илм ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Албатта, бунинг учун устоз зарур. Илм ва уни талаб қилишнинг фазилати нақадар улуғ бўлса, илм ўргатиш яъни, устозлик қилишнинг фазилати унданда буюкдир. Қуръони каримда баён қилинишича, инсониятнинг аввали Одам Ато j ҳам ўзининг замонаси учун зарур бўлган илмга муҳтож бўлганидан Аллоҳ таолонинг ўзи у зотга таълим берди.

(وَعَلَّمَ آَدَمَ الْأَسْمَاءَ كُلَّهَا  (سورة البقرة/31

яъни: (Аллоҳ) Одамга барча (яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли) номларни ўргатди” (Бақара сураси, 31-оят). 

Ҳар бир замонда Аллоҳ таоло инсониятга илму ҳикмат ўргатиш учун пайғамбарларини юбориб турди. Жумладан, охирзамон пайғамбари Муҳаммад ﷺ ни шундай шарафли вазифа билан юборди.

(لَقَدْ مَنَّ اللَّهُ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ إِذْ بَعَثَ فِيهِمْ رَسُولًا مِنْ أَنْفُسِهِمْ يَتْلُو عَلَيْهِمْ آَيَاتِهِ وَيُزَكِّيهِمْ وَيُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَإِنْ كَانُوا مِنْ قَبْلُ لَفِي ضَلَالٍ مُبِينٍ (سورة آل عمران/31

яъни: “Аллоҳ ўз ичларидан Аллоҳнинг оятларини ўқиб берадиган, уларни (ширк ва гуноҳлардан) мусаффо қиладиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни таълим берадиган Пайғамбарни юбориш билан, мўминларга инъом этди. Улар эса бундан олдин аниқ гумроҳликда эдилар” (Оли Имрон сураси, 164-оят). Бу ҳақда Пайғамбар ﷺ нинг ўзлари:

(عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا ، أَنّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "... وَ إِنَّمَا بُعِثْتُ مُعَلِّمًا" (رَوَاهُ الإِمَامُ ابْنُ مَاجَه

яъни: Абдуллоҳ ибн Амр رضي الله عنه дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ:“Албатта, мен муаллим қилиб юборилганман”, деганлар. Мана шунинг ўзи ҳам устозлик қай даражада юксак мартаба эканлигини кўрсатади.

Дарҳақиқат, ўзгаларга илму маърифат зиёсини тарқатиш нақадар савобли амал. Бу вазифага мутасадди бўлган кишининг даражаси ҳам мислсиз. Шунинг учун ҳам борлиқдаги ҳамма нарса устознинг ҳаққига дуо қилиб туради. Расулуллоҳ ﷺ бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар:

عَنْ أَبِي أُمَامَةَ قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ اللَّهَ وَمَلائِكَتَهُ وَأَهْلَ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضِ حَتَّى النَّمْلَةَ فِي جُحْرِهَا وَحَتَّى الْحُوتُ فِي الْبَحْرِ لَيُصَلُّونَ عَلَى مُعَلِّمِ النَّاسِ الْخَيْرَ" 

(رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ).

яъни: Абу Амома رضي الله عنه дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ: “Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ковагидаги чумоли,  ҳаттоки, денгиздаги балиқ ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчига саловот айтадилар”, - деганлар (Имом Термизий ривояти).

Муҳтарам жамоат! Мамлакатимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш, ижтимоий имтиёзлар яратиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жамиятнинг маънавий-маърифий даражаси устоз ва мураббийларга бўлган муносабатга қараб баҳоланади. Жамиятнинг кўп қисмини ташкил қилувчи ёшларимизга таълим-тарбия бериб келаётган устоз ва мураббийларимизни ҳар вақт ҳурматлашимиз ва эъзозлашимиз лозим. Зеро, келажак авлодни баркамол ва етук маърифатли бўлиб етишишида уларнинг хизматлари каттадир. Ўзбекистон бугунги дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда тенглар ичра тенг овоз билан халқаро майдонда ўз мавқеъига эга бўлишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир. Шу муносабат билан юртимизда ҳар йили 1 октябрь куни “Устозлар ва мураббийлар куни”, деб белгиланиб, шу кунда халқимиз байрам қилиб, устозларга кўпроқ хурмат-иззат кўрсатадилар, дилларига хурсандчилик бахш этишга ҳаракат қиладилар.

Устозларни қадрлаш ҳақида сўз кетганда беихтиёр ҳазрати Мир Алишер Навоий бобомизнинг ушбу сўзлари ёдимизга тушади:

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин минг ганж ила.

Ҳақиқатан ҳам, “устоз отангдек улуғ” деб, аждодларимиз бежиз айтишмаган. Чунки, ота фарзандни дунёга келтирган бўлса, устоз унга одамийликдан сабоқ берган. Бир машҳур зотдан, нима учун устозингизни  отангиздан ҳам ортиқ кўрасиз, деб сўрашганда: Отам мени жисмимни тарбиялаб ерга тушишимга сабаб бўлган, устозим эса руҳимни тарбиялаб кўкка етишимга сабаб бўлди, деган экан.

Динимиз таълимотига кўра ўзгаларга таълим берган киши нафақат дунёда иззат ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи амалига савоб тўхтовсиз бориб туради. Шундай экан, устоз ва мураббийлар ҳар қанча эъзозланса арзийди.

Баркамол авлод ва соғлом жамият олдида катта масъулият соҳиби бўлган барча устоз ва мураббийларимизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик ва икки дунё саодатига мушарраф этишини сўраб, дуолар қилиб қоламиз! Омин!

Муҳтарам азизлар! Фиқҳий масалаларнинг баёни борасидаги бугунги суҳбатимизда қарз ҳақида сўз юритамиз.

ҚАРЗ олди-берди муомаласига киришган ҳар икки тарафга ҳам ўзининг талаб ва масъулиятлари юкланади.

 

Қарз берувчига лозим бўлади:

  1. Қарз берувчи холис Аллоҳнинг розилигини топишни ният қилиши.
  2. Бировнинг оғирини енгил қилишни мақсад қилиши.
  3. Зинҳор қарз бериш орқали даромад топишни кўзламаслиги.
  4. Қарз бериб унинг эвазига қарздордан фойда олиш судхўрлик эканини билиши.
  5. Сўдхўрлик эса, гуноҳи кабиралар жумласига киришидан хабардор бўлиши.
  6. Қарз берган киши қайта-қайта қарзини қистайвермаслиги.
  7. Иложи борича имкониятлар яратиб бериб, вақтини чўзиб бериши лозимлиги.
  8. Агар қарздор қарзини уза олишга умуман кўзи етмаса, қарз берган киши муддатни чўзиб бериш ёки қарзидан кечиб юбориш динимизда тарғиб қилингани.
  9. Имкон қадар қарз берганда, вақтини тайинламаслиги.
  10. Ҳар икки томон ўртасида кейинчалик ихтилоф ва низо чиқмаслиги учун қарзни гувоҳлар ҳузурида ёзиб қўйиш мақсадга мувофиқ эканлиги.

Қарз олувчига лозим бўлади:

  1. Қарзни фақат муҳтож бўлганда олиш;
  2. Қарз олганда, қодир бўлиши билан қайтариш;
  3. Қарзини узишга етадиган моли бўла туриб, уни эгасига бермай вақтини ўтказиб юриш зулм эканлигини билиш;
  4. Қарзни бировга ҳасад қилиб, молига кўз олайтириб, уни чув тушириш, бор-йўғидан мосуво қилиш мақсадида қарз олиш эса, улкан гуноҳ эканини билиши.
Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар

Икки улуғ неъмат

14.08.2026   29388   3 min.
Икки улуғ неъмат

#Мустақилликнинг 35 йиллиги

 

Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи яқинлашиб, жойларда байрам шукуҳи кеза бошлади. Бундан дилда шукроналик ҳисси ортмоқда.

Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан. Шундай экан, тинчликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо этиш инсоннинг бурчларидандир. Зеро, ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган ишлар хотиржам адо этилиши учун ҳам осойишталик лозим бўлади. Аллоҳ таоло ҳам: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” дея буюради (Бақара сураси, 208-оят). Тинчлик, салимлик мавзуси ўта муҳим бўлгани боис Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Зотан, араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.

Бандага берилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда, бизга пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим алайҳиссалом ўрнак бўлиб келган. У зот ўз даврида Маккага тинчлик, унинг аҳлига ризқ сўрагани сўзимизнинг ёрқин мисолидир: “Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” деди” (Бақара сураси,126-оят).

Аллоҳ таоло бу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиш баробарида, улар сўраган нарсаларни ҳам билдириб, шунга чақирган.

Бу неъатлар бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилади. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз буюрадиган ишлардан. Шундай экан, инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши лозим.

Бугун дунёда тинчлиги, хотиржамлигини йўқотганлар қанча. Буларни кўриб, эшитиб турганлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб авайлаши лозим.

Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж, ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макрларига учмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом таълимотининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу хусусида Аллоҳ таоло бундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).

Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи экани яққол намоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди.

Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига ҳам боғлиқ. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари шундан. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор, бардавом, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон қилсин.

Исомиддин АҲРОРОВ