Уч-тўртта қўйингиз бўлса, уйингизнинг атрофини айланибгина ўтлаб юрса, уларни кўриб кўзингиз қувнайдими? Албатта, қувнайди-да: дафъатан, пулга эҳтиёж бўлиб қолса, шартта бирини сотасиз – пул бўлади. Айниқса, уларга ҳовучингизда арпа берсангиз “курт-курт” этибгина чайнашини кузатиб асабларингиз дам олади. Уйингизга кутилмаганда меҳмон келиб қолса, бирини сўясиз – гўшт мўл бўлиб қолади. Зотан, қўй инсонни бировга муҳтож қилмай, эртанги куннинг ваҳимасига туширмай, кўкрагини кўтариб туради.
Бинобарин, ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Уйда боқиладиган бир қўй бир барака, икки қўй икки барака, уч қўй уч барака” (Имом Бухорий ривояти), деб марҳамат қилинган экан.
***
Қўй гўшти инсон танаси учун ниҳоятда фойдали. Ушоқ ва ювош жонивор бўлган қўй одатда сурув ҳолида боқилади. Қўйнинг ювош ва итоаткорлиги сабабли унинг сурувини ёш болалар ҳам боқиб юраверади. Инсонларнинг қўлига ўрганган бу севимли ҳайвон бизга эти, сути, жўни билан хизмат қилади. Аллоҳ таоло:
“Ахир, улар учун Ўз «қўлимиз» иши билан чорва ҳайвонларини яратиб қўйганимизни кўрмадиларми?! Мана улар ўша (ҳайвон)ларга эгадирлар. Биз ўша (ҳайвон)ларни уларга бўйинсундириб қўйганмиз. Ана уларнинг минадиган нарсалари ҳам ўша (ҳайвон)лардан ва ўшалардан (гўштларидан) егайлар. Яна улар учун ўша (ҳайвон)ларда (турли) фойдалар ва ичимлик (сут-қаймоқ)лар бордир. Ахир, шукр қилмайдиларми?!” (Ёсин сураси, 71-73) деб марҳамат қилган.
Инсон танаси барча эҳтиёжларини ўсимлик ва мевалардан қондира олмайди. Инсоннинг протеин, витамин ва минералларга бўлган эҳтиёжлари ҳайвон гўшти, сути ва шу кабилар ҳисобидан қондирилади.
Хусусан, протеинга бўлган эҳтиёжининг катта қисми гўштдан олинади. 100 грамм гўштда 15-20 грамм протеин бўлади. Ўсимлик ва меваларда бўладиган протеинлар инсонларнинг жамики эҳтиёжини қоплай олмайди. Гўштдаги протеиннинг энг аҳамиятли жиҳати, инсон танасида синтезлашмаган ва ташқаридан озуқа моддалари билан бирга олиниши керак бўлган асосий аминокислоталар етарли ва мувозанатли тарзда мавжуд бўлади.
Шунингдек, гўшт инсоннинг ҳазм қилиш тизимига ҳам мос равишда яратилган озуқа. Чунки гўштда аминокислоталарнинг протеин молекуласи ичида бўлишининг шакли ошқозон ферменти тарафидан қулайлик-ла ажралиши мумкин ва тананинг юқори даражада фойда олишига шароит яратади. Хусусан, ўсиш даврида, тананинг шаклланишида гўштнинг таркибидаги протеинлардан ҳомиладор, эмизикли хотинлар, болалар ва ёшлар етарлича олишлари керак. Катта ёшдаги инсонларнинг ҳужайраларини янгилаш ва органларнинг ўзини ўзи тиклаб олиши учун бир миқдор гўшт емоғи лозим.
Гўштнинг таркибида кўп миқдорда темир, фосфор, мис, ва бошқа элементлар бўлади. Танасида ана шу минераллар етишмаган киши камқонлик касалига чалинади. Камқонлик ўз навбатида, бир неча хасталикларга ва асаб касаллигига сабаб бўлади. Ҳазрати Али каррамуллоҳу важҳаҳу шунга ишорат этиб: “Қирқ кун гўшт емаган кишининг ахлоқида нуқсон пайдо бўлади”, деган экан.
Бу ҳикматдан гўштнинг инсон зеҳнига ҳам таъсири катта экани аён бўлади. Гўштхўр ҳайвонларнинг бошқалардан зеҳни тезлигини ҳаммамиз биламиз. Негаки, мияни тўлдирадиган, хотирлаш қобилиятини яхшилайдиган моддалар ҳайвон гўштлари мўл-кўл бўлади. Чунки миянинг фикрлаш, хотирлаш каби фаолиятлар сирасида эҳтиёж туядиган моддалар фақат ҳайвонлардан ҳосил бўладиган озуқаларда мавжуд бўлади. Танасининг эҳтиёжи қадар гўшт емаган инсонларнинг ақли эрта заифлашади, мияси зарарланади ва фаоллиги сустлашиб кетади.
Гўштнинг таркибидаги витаминлар – бошқа манбаларда кам бўладиган А, Д ва В гуруҳи витаминларидир. Айниқса, жигар – витаминлар омборидир. Бу витаминларнинг тана саломат бўлиши учун анча фойдалари бор. Улуғ ёшдагилар ёғли ва тузли гўшт емоқдан сақланмоқ шарти ила бир миқдор гўшт емоғи лозим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гўшт дунё ва охиротдаги егуликларнинг энг мазалисидир” (Имом Можа ривояти), деб марҳамат қилганлар.
Ривоятларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қўйнинг ўнг қўлини яхши кўргани айтилади. Зеро, инсон ейдиган гўштларнинг энг фойдалиси – қўй гўштидир. Янги қўй гўшти бир неча жиҳатдан жуда ҳам қийматли ва ўзига хосдир. Масалан, қўзи гўштида бўладиган лютеин кўрликка сабаб бўладиган, наслнинг давомийлигига хавф соладиган микробларни даф этувчи ягона антиоксидантдир. Эскидан ёғли ва баланд калорияли бўлгани боис парҳез қилувчиларга уларнинг таомномасидан чиқарилган қўзи гўшти таркибида тенгсиз ферментлар мавжудлиги туфайли янгидан берила бошланди.
Кавш қайтариши мўъжиза
Қўйнинг яралишида бир неча диққатни тортадиган хусусиятлар бор. Аввало унинг инсонга гўшт – таом бўлишидир. Қўйнинг танаси бошқа ҳайвонларникидан анча семиз ва эти юмшоқ. Қўйнинг ўзи билан бўйи баробар бўлган эчкидан жуда кўп гўшти бор. Қўзилар бир ёшга етар-етмас катта қўйга ўхшаб тўлишиб кетади.
Аллоҳ таоло қўй, сигир каби кавш қайтарадиган ҳайвонларни бизнинг амримизга бўйсундириб бериш билан бизга жуда катта марҳамат кўрсатган. Чунки ҳайвонлар ўт, сомон, ем-хашак еганидан кейин ошқозонида секин-аста ҳазм этиб, уларни сутга ва гўштга айлантиради. Шу тариқа инсон ўз вужудига ҳазм қила олмайдиган, ўт-ўланлардан ололмаган бир неча озуқаларни шу ҳайвонлардан олади.
Тўнғиз, сичқон ва шунга ўхшаш ҳайвонлар пок-нопокни ажратмасдан нима учраса, ҳатто ахлатларни ҳам еб кетаверади. Бу ҳайвонлар кавш қайтармагани боис еган озуқалари бир соат ичида қонга аралашиб кетади ва еган нопок нарсалари ва заҳарли моддалар дарҳол гўштларининг ичига жойлашиб олади.
Қўйлар эса фақат тоза ўсимликларни ейди. Еган озиқлари ошқозон кислоталари ичида яхши майдаланади. Улар еган ўт ёки хашакда микроб бўлса, қонга аралашмасдан ҳазм тизимидаги кислоталар тарафидан йўқ қилинади. Шу боисдан сигир, қўй каби кавш қайтарадиган ҳайвонлар танасида тоза гўшт ҳосил бўлади.
Алҳосил, қўй гўшти – энг ишончли гўштдир. Чунки қўйнинг ўсиш гормонларидан доричилик саноатида ишлатиладиган доривор препаратлардан деярли барча дори-дармонларни тайёрлашда ишлатилади. Кўп гўшт ейиш зарарли бўлганидек, оз, аммо ишончли гўшт ейиш фойдалидир.
Қўй – покиза ҳайвон
Қўй покиза қилиб яратилган ҳайвон, у нопок ерларда яшамай олмайди. Қўйнинг ахлоқи ҳам гўзал. Қўйлар бир-бирига қардошларча муносабатда бўлади. Жазирама кунда бир дарахтнинг соясига тўплангани заҳоти бутун бошли сурувнинг кичкина бир сояга сиққанини кўрасиз. Ҳеч бир қўй ёки қўчқор бошқаларини итариб иссиққа чиқармайди.
Олимлар қўй гўштининг фойдаси инсонда ҳилм, юмшоқлик, марҳамат ва сабр каби туйғулар пайдо қилишини айтганлар. Пайғамбаримиз бир сафар асҳобларига: "Аллоҳ таоло ҳеч бир пайғамбарни қўй сурувига чўпонлик қилдирмасдан юбормади”, дедилар.
Асҳоблари: “Сизни ҳамми, ё Расулуллоҳ?” деб сўрадилар.
“Ҳа, мен ҳам бир муддат Макка аҳлининг қўйини боқдим”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Қўй барокатлидир. Ҳар санада бир ёки икки марта қўзилайди. Қурбон байрамларида ва бошқа пайтларда ҳам жуда кўп сўйилади, аммо сони камайиб кетмайди. Чунки улар саҳар вақтида ухламайди. тасаввуф алломалари қўйнинг ана шу сабаб билан барокатли эканини маълум қилганлар.
Улар айтадики: “Қўй кечқурун барвақт ётиб ухлаб қолади ва тонг ёришмасданоқ туриб олади. Сахарҳезлиги туфайли Аллоҳ таоло уни баракали қилиб қўйган.
Унинг баракаси нимада намоён бўлади?
Қўй бир йилда бир марта қўзилайди. Лекин тинимсиз сўйилади: тўйда ҳам, байрамда ҳам, маракада ҳам, Қурбон байрамида ҳам, бирор киши ёмон туш кўрса ҳам... Лекин адади камайиб кетмайди, аксинча, ортиб бораверади. Ит эса туни билан ухламай санқиб юради-да, тонгда ухлаб қолади. Шу боисдан йилига бешта-олтитадан туғса ҳам, одамлар сўймаса ҳам кўпаймайди. Негаки, тонг чоғи ухлагани оқибатида Аллоҳ таоло ундан баракани олиб қўйган”.
Интернет манбалари асосида Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
Бугуннинг гапи
“Уч хонали хонадонимни таъмирлатиш учун икки ой муддатга келишиб уста туширгандим, олти ойда зўрға чала-чулпа қилиб ишини тугатди...”
“Усталар нега бунақа-а? Уйини таъмирлатиб, усталардан розиман, деган одамни учратмадим...”
“Кўпчилиги одамга фириб беради: ишни вақтида бажармайди, таъмир ишлари тугагач, бошида келишилган нархдан икки баробар кўп маблағ сўрайди...”
Юқоридаги гаплар – уйини, хонадонини таъмирлатиб, усталардан куйган кишиларнинг дод-фарёдлари.
Бугунги кунда жамиятда айрим усталарнинг ўз ишини виждонан бажармаслиги, сифатсиз материаллар ишлатиши, вақтни чўзиши ёки турли найранглар билан буюртмачини алдаши, афсуски, кўпчиликни ташвишга солиш баробарида шу касб эгаларига нисбатан ишончнинг сусайишига ёки бутунлай йўқолишига олиб келяпти.
Яхши ниятда уйини, хонадонини таъмирлатмоқчи бўлган киши уста ишлатган танишларидан сўраб-суриштириши тайин. Яқинда мен ҳам хонадонимни таъмирлатмоқчи бўлиб уста изладим. Таниш-билишлардан, дўстларимдан сўрасам, ярмидан кўпи усталардан нолиди. Бу ҳолат нафақат молиявий зарар, айни пайтда инсонлар ўртасидаги ишончнинг йўқолишига ҳам сабаб бўлмяптими?!
Ислом таълимотида ҳалол меҳнат, омонатдорлик ва ростгўйлик юксак фазилат экани таъкидланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).
Усталик – яхши касб. Уста омонатдор бўлса, одамларнинг ҳожатини раво қилади, кўпга фойдаси тегади. Буюртмачи ўз молини, маблағини устага ишониб топширади. Уста шу ишончни оқлаши, ишни пухта ва виждонан бажариши шарт.
Уй – инсоннинг бошпанаси. Унинг ҳар бир ғишти эзгу ният билан қўйилади, ҳар бир девори умид билан кўтарилади. Аммо, афсуски, баъзан айрим усталар иморат қуриш ёки таъмирлашда найранг қиладилар. Уста ташқи томондан деворни силлиқ сувайди, аммо ичидаги ёриқларни беркитади. Бўёқнинг ялтироғи кўзни қувнатади, лекин ортидаги нуқсон вақт ўтиши билан кўзга ташланади.
Янги таъмирланган хонадондан ҳали бўёқ ҳиди кетмай туриб шифтда ёриқлар пайдо бўлади, эшиклар қийшайиб қолади, пол эса ғичирлаб иморат эгасининг асабини бузади. Буюртмачи устага берган маблағига ичи ачийди.
Баъзи усталар сифатли қурилиш материали олиш учун берилган пулга арзон маҳсулот сотиб олади. Қолган маблағни эса “меҳнат ҳақим” деб ўмаради. Цементга қумни ортиқча қўшади, темир ёки арматурани ингичкароғига алмаштиради, мис симлар ўрнига альюминини тортади.
Яна шундай усталар ҳам борки, бир ҳафтада тугатишга келишилган ишни бир ойгача чўзади. Баҳона ҳам тайёр: “Материал келмади”, “Ёрдамчим бетоб бўлиб қолди”, “Эртага тугатиб берамиз” ва ҳоказо.
Энг ёмони, устанинг қўлидан чиққан уй бир йил ўтар-ўтмас яна таъмирга муҳтож бўлиб қолади. Бу ҳунар эмас, ҳийладир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизни алдаса, биздан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадис ҳар қандай соҳадаги фирибгарликни қамраб олади. Агар уста арзон ёки сифатсиз материални қимматбаҳо деб кўрсатса, ишни атайлаб чала бажарса ёки кейин яна таъмирга муҳтож бўладиган қилиб ишласа, бу алдамчиликдан, фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Афсуски, бугун кўпчилик усталар ҳийла ва найрангни касб қилиб олганлар. Бунинг оқибатида на ўзлари барака топадилар, на буюртмачи уларга берган маблағига рози бўлади.
Ҳақиқий уста, ўз ишини виждонан қиладиган киши бошқача бўлади. У ҳар бир ишини бекаму кўст бажаради. Чунки у одамлардан яширган нуқсонни, албатта, Аллоҳ таоло кўриб, билиб туришини яхши англайди. Ундай усталар ўзларига Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 195) оятини ҳамда Набий алайҳиссаломнинг: “Аллоҳ таоло ўз ишини чиройли, пухта қиладиган кишини яхши кўради” (Имом Табароний ривояти), деган муборак ҳадисларини ўзларига шиор қилиб олган бўладилар. Лекин, афсуски, ҳозир бундай усталарни топиш амримаҳол. Борлари ҳам “қўлма-қўл”.
Омонатдор усталар қурган уйлар, йиллар ўтса ҳам, яхшилик билан эсланади. Уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинади. Биргина мисол, бизнинг Сангижумон қишлоғимиздаги кўп уйларни пачирлик уста Турдимурод бобо (Аллоҳ маконини жаннат қилсин!) қурган. Ўша пайтларда (1960–1990 йиллар) вассажуфт қилинган шифтларга устанинг иморатни қуриб битирган санасини битиш анъана бўлган. Ҳар сафар қишлоққа бориб уйга кирсам, уста бобонинг “имзоси”га кўзиб тушади ва Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, у кишининг руҳларига бағишлайман.
Бугун баъзи усталарнинг ишни келишилган муддатда тугатмаслиги; сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланиши; нархни асоссиз ошириши; камчиликларни яшириши; бир неча ой ўтиб яна таъмир қилишга мажбур бўладиган даражада иш тутиши катта гуноҳдир. Бундай хатти-ҳаракатлар оқибатида буюртмачи моддий зарар кўради, асабийлашади, вақт йўқотади ва энг ачинарлиси, одамлар ўртасидаги ишонч сусаяди.
Ҳалол ризқнинг баракаси унинг кўплигида эмас, балки поклигидадир. Алдамчилик билан, ҳийла-найранг ишлатиб топилган маблағ фойда бўлиб кўринса-да, унда барака бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир уста ўз қўли билан топаётган ризқининг ҳалоллиги ҳақида ўйлаши, ҳар бир мих, ҳар бир ғишт, ҳар бир сим ёки ҳар бир таъмир учун қиёмат куни ҳисоб берилишини унутмаслиги керак.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ:
Ўттиз фоиз ҳақиқий усталар бор. Улар ўз касби билан фахрланади. Гуруҳлари бор, шогирдлари, устозлари бор. Ҳаммасини қойиллатиб, асбоб-анжомларини чиройли қилиб қўйишган. Шартнопмани тузади, вақтида ишга келади, белгиланган муддатда қурилишни ёки таъмир ишларини тугатади, иш ҳақини олиб кетади. Буюртмачи ҳам рози, уста ҳам рози. Бундай кишиларнинг ишида унум, барака бўлади. Топган пуллари баракали бўлади.
Ҳақиқий уста фақат қурилиш ёки таъмирлашни эмас, балки одамларнинг ишончини ҳам қозонади. Виждон билан қилинган ҳар бир иш ибодатга айланади. Алдамчилик ва найранг билан бажарилган иш эса вақтинчалик фойда келтирса ҳам, дунёда обрўни тўкади, ризқ қийилишига сабаб бўлади, охиратда эса жавобгарликни келтиради.
Толибжон НИЗОМ