Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Август, 2026   |   17 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:24
Қуёш
05:47
Пешин
12:24
Аср
17:04
Шом
19:04
Хуфтон
20:23
Bismillah
30 Август, 2026, 17 Рабиъул аввал, 1448

Қўйнинг баракаси – тонгда ухламаслигида

27.09.2017   10285   9 min.
Қўйнинг баракаси – тонгда ухламаслигида

Уч-тўртта қўйингиз бўлса, уйингизнинг атрофини айланибгина ўтлаб юрса, уларни кўриб кўзингиз қувнайдими? Албатта, қувнайди-да: дафъатан, пулга эҳтиёж бўлиб қолса, шартта бирини сотасиз – пул бўлади. Айниқса, уларга ҳовучингизда арпа берсангиз “курт-курт” этибгина чайнашини кузатиб асабларингиз дам олади. Уйингизга кутилмаганда меҳмон келиб қолса, бирини сўясиз – гўшт мўл бўлиб қолади. Зотан, қўй инсонни бировга муҳтож қилмай, эртанги куннинг ваҳимасига туширмай, кўкрагини кўтариб туради.

Бинобарин, ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Уйда боқиладиган бир қўй бир барака, икки қўй икки барака, уч қўй уч барака” (Имом Бухорий ривояти), деб марҳамат қилинган экан.

                                                                       ***

Қўй гўшти инсон танаси учун ниҳоятда фойдали. Ушоқ ва ювош жонивор бўлган қўй одатда сурув ҳолида боқилади. Қўйнинг ювош ва итоаткорлиги сабабли унинг сурувини ёш болалар ҳам боқиб юраверади. Инсонларнинг қўлига ўрганган бу севимли ҳайвон бизга эти, сути, жўни билан хизмат қилади. Аллоҳ таоло:

 “Ахир, улар учун Ўз «қўлимиз» иши билан чорва ҳайвонларини яратиб қўйганимизни кўрмадиларми?! Мана улар ўша (ҳайвон)ларга эгадирлар. Биз ўша (ҳайвон)ларни уларга бўйинсундириб қўйганмиз. Ана уларнинг минадиган нарсалари ҳам ўша (ҳайвон)лардан ва ўшалардан (гўштларидан) егайлар. Яна улар учун ўша (ҳайвон)ларда (турли) фойдалар ва ичимлик (сут-қаймоқ)лар бордир. Ахир, шукр қилмайдиларми?!” (Ёсин сураси, 71-73) деб марҳамат қилган.

Инсон танаси барча эҳтиёжларини ўсимлик ва мевалардан қондира олмайди. Инсоннинг протеин, витамин ва минералларга бўлган эҳтиёжлари ҳайвон гўшти, сути ва шу кабилар ҳисобидан қондирилади. 

Хусусан, протеинга бўлган эҳтиёжининг катта қисми гўштдан олинади. 100 грамм гўштда 15-20 грамм протеин бўлади. Ўсимлик ва меваларда бўладиган протеинлар инсонларнинг жамики эҳтиёжини қоплай олмайди. Гўштдаги протеиннинг энг аҳамиятли жиҳати, инсон танасида синтезлашмаган ва  ташқаридан озуқа моддалари билан бирга олиниши керак бўлган асосий аминокислоталар етарли ва мувозанатли тарзда мавжуд бўлади.

Шунингдек, гўшт инсоннинг ҳазм қилиш тизимига ҳам мос равишда яратилган озуқа. Чунки гўштда аминокислоталарнинг протеин молекуласи ичида бўлишининг шакли ошқозон ферменти тарафидан қулайлик-ла ажралиши мумкин ва тананинг юқори даражада фойда олишига шароит яратади. Хусусан, ўсиш даврида, тананинг шаклланишида гўштнинг таркибидаги протеинлардан ҳомиладор, эмизикли хотинлар, болалар ва ёшлар етарлича олишлари керак. Катта ёшдаги инсонларнинг ҳужайраларини янгилаш ва органларнинг ўзини ўзи тиклаб олиши учун бир миқдор гўшт емоғи лозим.

Гўштнинг таркибида кўп миқдорда темир, фосфор, мис, ва бошқа элементлар бўлади. Танасида ана шу минераллар етишмаган киши камқонлик касалига чалинади.  Камқонлик ўз навбатида, бир неча хасталикларга ва асаб касаллигига сабаб бўлади. Ҳазрати Али каррамуллоҳу важҳаҳу шунга ишорат этиб: “Қирқ кун гўшт емаган кишининг ахлоқида нуқсон пайдо бўлади”, деган экан.

Бу ҳикматдан гўштнинг инсон зеҳнига ҳам таъсири катта экани аён бўлади. Гўштхўр ҳайвонларнинг бошқалардан зеҳни тезлигини ҳаммамиз биламиз. Негаки, мияни тўлдирадиган, хотирлаш қобилиятини яхшилайдиган моддалар ҳайвон гўштлари мўл-кўл бўлади. Чунки миянинг фикрлаш, хотирлаш каби фаолиятлар сирасида эҳтиёж туядиган моддалар фақат ҳайвонлардан ҳосил бўладиган озуқаларда мавжуд бўлади. Танасининг эҳтиёжи қадар гўшт емаган инсонларнинг  ақли эрта заифлашади, мияси зарарланади ва  фаоллиги сустлашиб кетади.

Гўштнинг таркибидаги витаминлар – бошқа манбаларда кам бўладиган А, Д ва В гуруҳи витаминларидир. Айниқса, жигар – витаминлар омборидир. Бу витаминларнинг тана саломат бўлиши учун анча фойдалари бор. Улуғ ёшдагилар ёғли ва тузли гўшт емоқдан сақланмоқ шарти ила бир миқдор гўшт емоғи лозим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гўшт дунё ва охиротдаги егуликларнинг энг мазалисидир” (Имом Можа ривояти), деб марҳамат қилганлар.

Ривоятларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қўйнинг ўнг қўлини яхши кўргани айтилади. Зеро, инсон ейдиган гўштларнинг энг фойдалиси – қўй гўштидир.  Янги қўй гўшти бир неча жиҳатдан жуда ҳам қийматли ва ўзига хосдир. Масалан, қўзи гўштида бўладиган лютеин кўрликка сабаб бўладиган, наслнинг давомийлигига хавф соладиган микробларни даф этувчи ягона антиоксидантдир.  Эскидан ёғли ва баланд калорияли бўлгани боис парҳез қилувчиларга уларнинг таомномасидан чиқарилган қўзи гўшти таркибида тенгсиз  ферментлар мавжудлиги туфайли янгидан берила бошланди.

 

Кавш қайтариши мўъжиза

Қўйнинг яралишида бир неча диққатни тортадиган хусусиятлар бор. Аввало унинг инсонга гўшт – таом бўлишидир. Қўйнинг танаси бошқа ҳайвонларникидан анча семиз ва эти юмшоқ. Қўйнинг ўзи билан бўйи баробар бўлган эчкидан жуда кўп гўшти бор. Қўзилар бир ёшга етар-етмас катта қўйга ўхшаб тўлишиб кетади.

Аллоҳ таоло қўй, сигир каби кавш қайтарадиган ҳайвонларни бизнинг амримизга бўйсундириб бериш билан бизга жуда катта марҳамат кўрсатган. Чунки ҳайвонлар ўт, сомон, ем-хашак еганидан кейин ошқозонида секин-аста ҳазм этиб, уларни сутга ва гўштга айлантиради. Шу тариқа инсон ўз вужудига ҳазм қила олмайдиган, ўт-ўланлардан  ололмаган бир неча озуқаларни шу ҳайвонлардан олади.

Тўнғиз, сичқон ва шунга ўхшаш ҳайвонлар пок-нопокни ажратмасдан нима учраса, ҳатто ахлатларни ҳам еб кетаверади. Бу ҳайвонлар кавш қайтармагани боис еган озуқалари бир соат ичида қонга аралашиб кетади ва еган нопок нарсалари ва заҳарли моддалар дарҳол гўштларининг ичига жойлашиб олади.

Қўйлар эса фақат тоза ўсимликларни ейди. Еган озиқлари ошқозон кислоталари ичида яхши майдаланади. Улар еган ўт ёки хашакда микроб бўлса, қонга аралашмасдан ҳазм тизимидаги кислоталар тарафидан йўқ қилинади. Шу боисдан сигир, қўй каби кавш қайтарадиган ҳайвонлар танасида тоза гўшт ҳосил бўлади.

Алҳосил, қўй гўшти – энг ишончли гўштдир. Чунки қўйнинг ўсиш гормонларидан  доричилик саноатида ишлатиладиган доривор препаратлардан деярли барча дори-дармонларни тайёрлашда ишлатилади. Кўп гўшт ейиш зарарли бўлганидек, оз, аммо ишончли гўшт ейиш фойдалидир.

 

Қўй – покиза ҳайвон

Қўй покиза қилиб яратилган ҳайвон, у нопок ерларда яшамай олмайди. Қўйнинг ахлоқи ҳам гўзал. Қўйлар бир-бирига қардошларча муносабатда бўлади. Жазирама кунда бир дарахтнинг соясига тўплангани заҳоти бутун бошли сурувнинг кичкина бир сояга сиққанини кўрасиз. Ҳеч бир қўй ёки қўчқор бошқаларини итариб иссиққа чиқармайди.

Олимлар қўй гўштининг фойдаси инсонда ҳилм, юмшоқлик, марҳамат ва сабр каби туйғулар пайдо қилишини айтганлар. Пайғамбаримиз бир сафар асҳобларига: "Аллоҳ таоло ҳеч бир пайғамбарни қўй сурувига чўпонлик қилдирмасдан юбормади”, дедилар.

Асҳоблари: “Сизни ҳамми, ё Расулуллоҳ?” деб сўрадилар.

 “Ҳа, мен ҳам бир муддат Макка аҳлининг қўйини боқдим”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Қўй барокатлидир. Ҳар санада бир ёки икки марта қўзилайди. Қурбон байрамларида ва бошқа пайтларда ҳам жуда кўп сўйилади, аммо сони камайиб кетмайди. Чунки улар саҳар вақтида ухламайди. тасаввуф алломалари қўйнинг ана шу сабаб билан барокатли эканини маълум қилганлар.

Улар айтадики: “Қўй кечқурун барвақт ётиб ухлаб қолади ва тонг ёришмасданоқ туриб олади. Сахарҳезлиги туфайли Аллоҳ таоло уни баракали қилиб қўйган. 

Унинг баракаси нимада намоён бўлади?

Қўй бир йилда бир марта қўзилайди. Лекин тинимсиз сўйилади: тўйда ҳам, байрамда ҳам, маракада ҳам, Қурбон байрамида ҳам, бирор киши ёмон туш кўрса ҳам... Лекин адади камайиб кетмайди, аксинча, ортиб бораверади. Ит эса туни билан ухламай санқиб юради-да, тонгда ухлаб қолади. Шу боисдан йилига бешта-олтитадан туғса ҳам, одамлар сўймаса ҳам кўпаймайди. Негаки, тонг чоғи ухлагани оқибатида Аллоҳ таоло ундан баракани олиб қўйган”.

Интернет манбалари асосида Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Меҳр-саховат ва инсон қадри — эзгуликка йўғрилган хайрли ташаббус

14.08.2026   56121   3 min.
Меҳр-саховат ва инсон қадри — эзгуликка йўғрилган хайрли ташаббус

Инсонга меҳр кўрсатиш, муҳтожнинг ҳолидан хабар олиш, беморга тасалли бериш ва эҳтиёжмандларга кўмак қўлини чўзиш халқимиз маънавиятининг азалий фазилатларидандир. Ислом таълимотида ҳам саховат, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш энг улуғ амаллардан бири сифатида эътироф этилган. Чунки бир инсоннинг кўнглини кўтариш, унинг қалбига умид ва ишонч бағишлаш жамиятда меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлайди.

Шу эзгу қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва юртдошларимиз қалбида меҳр-шафқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида 2026 йил 13 август куни Самарқанд вилояти Ургут туманида кенг кўламли маънавий-маърифий ҳамда хайр-саховат тадбирлари ўтказилди.

Мазкур хайрли тадбирларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи Нурсултонхон домла Абдуманнонов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, ВАҚФ хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали раҳбари Ёқубжон домла Мансуров, унинг ўринбосари А.Султонов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган ушбу хайрли акция доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисидан айрилган 300 та оила ҳолидан хабар олинди. Уларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, турмуш шароитлари ўрганилди, оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.

Ташрифлар давомида бемор ва кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг ҳаққига шифо, хонадонларига файзу барака, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилаб дуолар қилинди. Зеро, муҳтожнинг кўнглини кўтариш ва уни ёлғиз эмаслигини ҳис эттириш ҳам инсонпарварликнинг юксак кўринишидир.

Шу билан бирга, ҳаётида турли ижтимоий қийинчиликларга дуч келган ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлган айрим фуқаролар билан якка тартибда мулоқотлар ташкил этилди. Суҳбатларда соф эътиқод, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат, шунингдек, турли бузғунчи ғояларга нисбатан маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш масалалари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.

Тадбирлар доирасида Ургут туманидаги жоме масжидларда пешин намозидан сўнг маънавий-маърифий учрашувлар ҳам ўтказилди. Уларда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, оила тинчлигини асраш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини қарор топтириш каби долзарб мавзулар атрофлича ёритилди.

Учрашувлар якунида мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва ёш авлоднинг илмли, одобли ҳамда ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши ҳақида хайрли дуолар қилинди.

Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-саховат ва ўзаро ғамхўрлик муҳитини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ургут туманида ўтказилган мазкур хайрли тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.

Меҳр бор жойда ишонч, саховат бор жойда барака, инсон қадри улуғланган жамиятда эса тинчлик ва фаровонлик қарор топади. Ана шундай эзгу амаллар халқимиз ўртасидаги бирдамлик ришталарини мустаҳкамлаб, юртимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилади.

Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари