Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Август, 2026   |   30 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:01
Қуёш
05:30
Пешин
12:28
Аср
17:22
Шом
19:29
Хуфтон
20:56
Bismillah
13 Август, 2026, 30 Сафар, 1448

22.09.2017 й. Янги ҳижрий сана

20.09.2017   11986   14 min.
22.09.2017 й. Янги ҳижрий сана

 بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Ҳар йилги ҳаж мавсуми ниҳоясига етгач, бутун дунёдан ҳаж ибодатини адо қилиш учун Маккаи мукаррамага келган мусулмонлар «ҳожи»деган шарафли номга эришиб ўз ватанларига қайтадилар.

Ҳаж ойлари ҳижрий йилнинг энг охирги ойлари ҳисобланади. Ундан кейин келадиган Муҳаррам ойи эса, ҳижрий йилнинг биринчи ойидир. Шу муносабат билан сиз азизларга бугунги жума мавъизамизда ҳижрий йилнинг бошланиш тарихи ҳақида маълумот бермоқчимиз.

Маълумки, инсоният ҳаёти давомида бевосита тақвимга эҳтиёж сезади. Тарихий воқеаларни аниқлашда, келажакдаги ишларни режалаштиришда тақвимга мурожаат қилинади, албатта. Шу нуқтаи назардан ҳижрий-қамарий тақвимнинг жорий бўлиши Ислом динининг воқеий, яъни ҳаёт билан ҳамнафас, дин эканлигига ёрқин мисол бўла олади.

Ислом дини келишидан олдин араблар йиллар ҳисобини тарихда бўлиб ўтган бирор муҳим воқеага боғлаб олиб борар эдилар. Масалан, Абраҳанинг Қаъбага филлар билан қилган юриши муносабати билан номланган “Фил йили” маълум вақт йил боши сифатида фойдаланилган. Ҳатто, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо ﷺ нинг таваллуд саналарини аниқлашда Фил йили билан боғланганлиги тарих китобларида зикр этилган. Ислом дини келгандан кейин ҳам мусулмонлар йил ҳисобларини шу зайлда олиб боришда давом этдилар. Масалан, вабо тарқаган йилни Вабо йили, қурғоқчилик бўлган йилни Рамода (кул) йили, деб номлаб, йил саналарини шу вақтларга нисбатан аниқлар эдилар.

Ҳазрати Умар رضي الله عنه даврларига келиб Ислом диёри кенгайиши муносабати билан турли воқеа ва ҳодисаларнинг тарихини қайд этиб бориш, ўзаро ёзишмалар ва расмий хатларда саналарни қайд қилишда муаммоларга дуч келинди ва бу ҳолат ўз навбатида мунтазам тақвим жорий қилишни тақозо этди. Муаммони ўз вақтида англаб етган Ҳазрати Умар رضي الله عنه зудлик билан уламоларни жамладилар ва ўртага мусулмон тақвимини жорий этиш ва уни қайси санадан бошлаш маъқул эканлиги масаласини қўйдилар. Барчанинг фикри эшитиб кўрилгач, ниҳоят Ҳазрати Али رضي الله عنه нинг мусулмон тақвимини Пайғамбар ﷺ нинг ҳижрат қилган йилларидан бошлаш мақсадга мувофиқ бўлиши ҳақидаги фикрлари бир овоздан маъқулланди. Ҳазрати Усмон ибн Аффон رضي الله عنه нинг Муҳаррам ойини мусулмон тақвимининг биринчи ойи бўлиб қолиши ҳақидаги таклифлари инобатга олинди.

Мусулмон тақвимида йил ҳисоби Ойнинг ўз буржлари бўйлаб бир йилда айланиб ўтган вақтига қараб олинади.

هُوَ الَّذِي جَعَلَ الشَّمْسَ ضِيَاءً وَالْقَمَرَ نُورًا وَقَدَّرَهُ مَنَازِلَ لِتَعْلَمُوا عَدَدَ السِّنِينَ وَالْحِسَابَ مَا خَلَقَ اللَّهُ ذَلِكَ إِلَّا بِالْحَقِّ يُفَصِّلُ الْآَيَاتِ لِقَوْمٍ يَعْلَمُونَ  (سورة يونس/5

яъни: “У Қуёшни зиё (таратувчи) ва Ойни нур (сочувчи) этган ҳамда йилларнинг ададини ва (вақт ва замонга доир) ҳисобни билишларингиз учун уни (Ойни) манзилларга (бўлиб) ўлчаб қўйган зотдир. Буни Аллоҳ фақат ҳақ (ҳикмат) билангина яратди. Билувчи қавм учун оятларни (У) батафсил баён қилур” (Юнус сураси, 5-оят). Ойнинг ўн икки буржи ва йигирма саккизта манзили бор. Буржлар – ҳамал, савр, жавзо, саратон, асад, сунбула, мезон, ақраб, қавс, жадий, далв, ҳут. Ҳар бир буржда иккию учдан бир манзил бўлиб, ой ҳар кеча шу манзиллардан бирига тушиб ўтади.

Араб тилида Ой “қамар” дейилади. Шу тариқа Пайғамбар ﷺ нинг ҳижратларидан кейин ўн етти йил ўтиб, Ҳижрий-қамарий мусулмон тақвими жорий этилди. Эслатиб ўтиш лозимки, бугун 2017 йил 22 сентябрдан бошлаб ҳижрий-қамарий тақвим ҳисоби бўйича 1439 ҳижрий йил кирди.

Мусулмон тақвимининг биринчи ойи Муҳаррам деб аталиб, Аллоҳ таоло бу ойда уруш қилишни ҳаром қилган. Бу ойда қилинган яхши амалларга кўплаб савоблар ато этилади, гуноҳ қилиш эса зулм ҳисобланади. Бу ойнинг ўнинчи куни алоҳида фазилатга эга бўлиб, бу кунни Ашуро куни дейилади. Инсоният тарихида Ашуро кунида бир қанча муҳим воқеалар содир бўлганлиги ҳақида  манбаларда баён қилинган. Жумладан, ватандошимиз Абу Лайс Самарқандий e ўзларининг “Танбеҳул ғофилин” номли китобларида Икрима رضي الله عنه дан ривоят қилиб айтадилар: “Ашуро куни – Одам j нинг тавбалари қабул қилинган, Нуҳ j кемадан тушган ва бунинг шукронасига рўза тутган, Фиръавн ғарқ этилиб, Бани Исроилга денгиз ёрилган в а шунинг учун улар рўза тутишган кундир. Агар сен ҳам ўша куни рўза тута олсанг, тутгин”.

Ашуро куни нафл рўза тутишлик суннат амал ҳисобланиб, Ибн Аббос رضي الله عنه дан ривоят қилинган ҳадисда бу ҳақда шундай дейилади:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رضى الله عنهما أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم قَدِمَ الْمَدِينَةَ فَوَجَدَ الْيَهُودَ صِيَامًا يَوْمَ عَاشُورَاءَ فَقَالَ لَهُمْ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم‏: "‏مَا هَذَا الْيَوْمُ الَّذِي تَصُومُونَهُ‏؟"‏‏ فَقَالُوا هَذَا يَوْمٌ عَظِيمٌ أَنْجَى اللَّهُ فِيهِ مُوسَى وَقَوْمَهُ وَغَرَّقَ فِرْعَوْنَ وَقَوْمَهُ فَصَامَهُ مُوسَى شُكْرًا فَنَحْنُ نَصُومُهُ‏، ‏فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: ‏"‏فَنَحْنُ أَحَقُّ وَ أَوْلَى بِمُوسَى مِنْكُمْ‏"‏ فَصَامَهُ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم وَأَمَرَ بِصِيَامِهِ" (رَوَاهُ الشَّيْخَانِ

 

яъни: Абдуллоҳ ибн Аббос رضي الله عنه дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ  Мадинаи Мунавварага келганларида у ердаги яҳудийларни Ашуро куни рўза тутаётганларини кўрдилар ва: “Сизлар рўза тутаётган бу кун қандай кун?” – деб сўрадилар. Улар: “Бу улуғ кун. Бу кунда Аллоҳ таоло Мусо j ва унинг қавмига нажот бериб, Фиръавн ва унинг қавмини ғарқ этгандир. Шунинг учун Мусо j бу куннинг шукронасига рўза тутганлар. Шу сабабли биз ҳам рўза тутмоқдамиз, деб жавоб бердилар. Шунда Расулуллоҳ : “Сизлардан кўра Биз Мусо j га ҳақлироқмиз”, дедилар ва шу куни рўза тутдилар, бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Муҳаррам ойида саналган фазилатга рўза амали ила эришилади. Чунки Пайғамбаримиз рўза тутишга тарғиб қилиб, унинг улуғ фазлига эришишлик йўлларини чиройлик ва батафсил йўл ила кўрсатиб бердилар. Биз бу кунни ҳар сониясини ёддан чиқармасдан эътибор бериб ўтказамиз. Рўза масаласида Баззор ва Абу Хурайра رضي الله عنه ривоятига кўра, Пайғамбаримиз  шундай деганлар: “Ашуро сиздан аввалги бир Пайғамбарнинг байрамидир. У кунни рўза билан ўтказинг”. Абдуллоҳ ибн Аббос رضي الله عنه Ашуро кунининг фазли ҳакида сўраганда, ушбу муборак хабарни бердилар:  “Пайғамбаримиз  Ашуро куни рўзасини бошқалардан афзал кўриб тутганларини, Рамазон ойи рўзасини соғингандек бошқа кун ва ой рўзасини соғинганларини кўрмадим”, деб жавоб бердилар. Абу Ҳурайра رضي الله عنه дан ривоят қилинади Пайғамбаримиз : “Рамазон ойидан кейин рўзанинг афзали Муҳаррам ойи рўзасидир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунгги намоздир”, – дедилар. Яна бошқа ривоятларда Пайғамбаримиз : “Бир кунни бошқа кунда рўза тутишдан ҳеч қандай устунлиги йуқ яъни ҳаммаси тенгдир. Лекин Рамазон ойи ва Ашуро куни бундан мустасно”, – дедилар. Пайғамбаримиз дан сўрашди. У вақт Ҳазрати Али رضي الله عنه ҳам шу ерда эдилар.

Эй, Расулуллоҳ  Рамазондан бошқа бир вақт рўза тутиш тавсия қилинса қайси ойни тавсия қилган бўлар эдингиз?

Пайғамбаримиз: “Рамазондан бошқа бир ойда рўза тутишни истасанг Мухаррам ойида тут. Чунки Муҳаррам ойи Аллоҳнинг ойидир. Харом ойлардандир. Шу сабабли бу ойда тут. Бу ойда бир кун борки Аллоҳ Аввалги қавмлардан баъзи инсонларни тавба қилишни муяссар қилгани каби бошқа инсонларни тавбасини қабул этишни муяссар қилди”, – деб жавоб қилдилар (Имом Термизий ривояти).

Мазкур ҳадисдан қуйидагича хулоса қилиш мумкинки, қайси бир киши бирор улуғ неъматга мушарраф бўлса, унинг шукронасига, ҳеч бўлмаса, бир кун нафл рўза тутмоғи мақсадга мувофиқдир. Зеро, Пайғамбаримиз ﷺ ҳафтанинг ҳар душанба куни нафл рўза тутар эдилар, саҳобалар бунинг сабабини сўраганларида, У зот: “Мен шу кунда туғилганман ва шу куни пайғамбар бўлганман”, деб жавоб берганлар.

Азизлар! Бундан ташқари Ашуро кунининг фазилати борасида қуйидаги ривоят ҳам мавжудки:

يُرْوَى عَنْ إِبْرَاهِيمَ بْنِ مُحَمًّدٍ بنِ المُنتَشِر، عَنْ أَبِيهِ أَنَّهُ قَالَ: "بَلَغَنَا أَنَّهُ مَنْ وَسَّعَ عَلَى أَهْلِهِ يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَسَّعَ اللهُ عَلَيْهِ سَائِرَ سَنَتِهِ" قَالَ سُفْيَانُ بْنُ عُيَيْنَةَ: "جَرَّبْنَاهُ مُنْذُ سِتِّينَ عَامًا فَوَجَدْنَاهُ صَحِيحًا"

яъниИброҳим ибн Муҳаммад ибн ал-Мунташирдан, у киши отасидан ривоят қилиб айтадики: “Бизга келган хабарга кўра, ким Ашуро куни оила аҳлига кенгчилик қилиб берса, Аллоҳ таоло унга йил давомида кенгчилик қилиб қўяди”. Суфён ибн Уяйна айтадилар: “Биз бу хабарни олтмиш йилдан бери тажриба қиламиз ва унинг тўғрилигини топганмиз”.

Дарҳақиқат, инсон ўз аҳли оиласига ҳар қанча кенгчилик қилиб берса ярашади. Айниқса, йилда бир келадиган ушбу фазилатли Ашуронинг  ўн кунида киши ўз оиласига зарур бўладиган егулик ва бошқа эҳтиёжларини имкон қадар муҳайё қилса, йил давомида бу оилани файз-барака ва кўплаб яхшиликлар асло тарк этмайди. Шунга кўра шодиёна кунларига алоҳида эътибор қаратилиши мақсадга мувофиқ. Зеро, ҳадиси шарифда марҳамат қилинган:

وَعَنْ أَبِي هُرَيْرة رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ، قَالَ رَسُول الله صلى الله عليه وسلم: "دِينَارٌ أنْفَقْتَهُ في سَبيلِ اللهِ وَ دِينار أنْفَقْتَهُ في رَقَبَةٍ وَ دِينارٌ تَصَدَّقْتَ بِهِ عَلَى مِسْكِينٍ وَ دِينَارٌ أنْفَقْتَهُ عَلَى أهْلِكَ أعْظَمُهَا أجْراً الَّذِي أنْفَقْتَهُ عَلَى أهْلِكَ" (رَوَاهُ الإِمَامُ مُسلِمُ

яъни: Абу Ҳурайра رضي الله عنه дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Аллоҳ йўлида қилган бир динор инфоқинг, қул озод этиш учун қилган бир динор инфоқинг, мискинга қилган бир динор садақанг ва аҳлингга қилган бир динор нафақанг, буларнинг ичида савоби энг улуғи аҳлингга қилган нафақангдир” (Имом Муслим ривояти).

 

Муҳтараж азизлар! Бу жума кунимизнинг Фиқҳий масалалари:

 

Азон айтиш тартиби:    

  • азон айтиш беш вақт намоз ва жума намози учун суннатдир;
  • бомдоддаги азонга “حَيَّ عَليَ الفلاح” лафзидан сўнг "الصَلاةُ خَيرٌ مِنَ النَومِ" деган жумлани қўшиб икки марта айтиш;
  • иқомат айтиш ҳам азон каби айтилади. Бироқ, азонга “حَيَّ عَليَ الفَلاَحِ” лафзидан сўн "قد قامَت الصَّلاةُ" деган жумлани қўшиб икки марта айтади;
  • азон айтишда шошмасдан ва иқомат айтишда тезлаштириб айтиш;
  • азон ва иқомат айтаётганда қиблага юзланиб туриш;
  • азон эшитилганда ўтириш, бироқ шом намозида эмас;
  • қазо намоз учун азон ва иқомат айтилади. Агар қазо намозлари кўп бўлса биринчисига азон айтиб қолганларида фақат иқомат айтилади, холос;
  • муаззин таҳоратли бўлиши лозим;
  • намоз вақти киришдан олдин азон айтиш жоиз бўлмайди. Вақт кирганда қайтиб азон айтилади;
  • шаҳарда бўлган одам уйда намоз ўқиса азон ва иқоматни айтади, токи жамоат намозига ўхшасин. Агар тарк қилса ҳам жоиз.

 

Намознинг ташқаридаги фарзлари 6 та дир:

  • таҳорат олиш;
  • авратни ёпиши (эркакнинг аврати киндик остидан то тиззасигачадир. Аёлнинг аврат жойлари юзи, икки қўлнинг кафти ва икки оёқ тўпиғи остидан бошқа ҳамма жойи;
  • жойи пок бўлиши;
  • намозни ният қилиш. Ниятни такбири таҳрима билан боғлаб кетиши ва унинг ўртасида бирор амал билан кечиктирмаслик;
  • қиблага юзланиш;
  • ўз вақтида ўқиш.

 

Намознинг ичидаги фарзлари 6 та дир:

  • такбири таҳрима;
  • қиёмда туриш;
  • қироат қилиш;
  • рукуъ қилиш;
  • сажда қилиш;
  • намознинг охирги қаъдасида ташаҳҳуд миқдорича ўтириш.

 

Муҳтарам жамоат!  Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан хижрий 1439 йил учун янги тақвим нашрдан чиқди. Уларни жойлардаги дўконлардан харид қилишингиз мумкин.

 

Аллоҳ таоло ушбу янги ҳижрий 1439 йилни тинчлик, файзли ва барокатли айласин! Омин!

 

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Сolombo Times”: Ўзбекистонда “Учинчи Ренессанс” ғоясини амалга ошириш давлат сиёсатига айланган

12.08.2026   23757   3 min.
“Сolombo Times”: Ўзбекистонда “Учинчи Ренессанс” ғоясини амалга ошириш давлат сиёсатига айланган

Шри-Ланканинг “Сolombo Times” нашрида “Ўзбекистонда Янги уйғониш даври: келажак технологиялари ёрдамида буюк ўтмишни қайта тиклаш” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Шри-Ланкалик таниқли журналист Фазан Наваз томонидан ёзилган ушбу материалда сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистонни бунёд этиш, “Учинчи Ренессанс” ғоясини амалга оширишга қаратилган ислоҳотлар ва уларнинг самарали натижалари хусусида сўз юритилган.

Муаллифнинг ёзишича, Марказий Осиё марказида сокин, аммо улкан аҳамиятга эга инқилоб юз бермоқда. Бу кураш қурол-яроғ билан эмас, балки қўлёзмалар, музейлар ва микрочиплар ёрдамида амалга оширилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарлар жаҳон илм-фани, шеърияти ва фалсафасининг етакчи марказлари бўлган Ўрта асрлардаги “Олтин аср” шон-шуҳратини қайта тиклашга интилмоқда.

Бу жараённинг ўзига хос жиҳати шундаки, Ўзбекистон минг йилдан зиёд тарихга эга маданий меросни асраш, қайта тиклаш ва кенг оммага етказиш учун сунъий интеллект ҳамда рақамли технологиялардан фаол фойдаланмоқда.

Нашрда Ўзбекистоннинг бой маданий ва тарихий мероси ҳамда уни сақлаш бўйича ислоҳотларга тўхталиб ўтилган. Қайд этилганидек, бу замин инсоният тарихидаги энг буюк алломаларга бешик бўлган. Астроном ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек Самарқандда юлдузларни ҳайратланарли даражада аниқ кузатиш имконини берган расадхона барпо этган. Хоразмдаги Маъмун академияси олимлари эса Европада Ренессанс бошланишидан анча аввал математика ва тиббиёт соҳаларида юксак ютуқларга эришган эди.

Ўзбекистон етакчиси бу тарихий меросни тез-тез тилга олиб, Мирзо Улуғбекни нафақат буюк олим, балки илм-фанни энг юксак қадрият деб билган давлат арбоби сифатида таърифлайди. Давлат раҳбари бугунги янгиланиш жараёнини “Учинчи Ренессанс” деб атаб, уни Ўзбекистоннинг илму маърифат ва маданият маркази сифатидаги мавқеини қайта тиклашга қаратилган умуммиллий лойиҳа сифатида баҳолайди. Тарихчилар таъбири билан айтганда – бу атама минтақада аввал мавжуд бўлган икки буюк юксалиш давридан кейинги навбатдаги уйғониш босқичини англатади.

Муаллифнинг фикрича, Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс ғоясини амалга ошириш шунчаки гап эмас, балки давлат сиёсатига айланган. 

“Бу улкан мақсаднинг энг ёрқин рамзи жорий йил Тошкентда қад ростлаган Ислом цивилизацияси марказидир. 2026 йил март ойида 40 мамлакатдан ташриф буюрган 1500 дан ортиқ мутахассис иштирокида қуриб битказилган мазкур марказ ўз бағрида ислом оламининг энг ноёб ёдгорликларидан бири – VII асрга мансуб Усмон Мусҳафини сақлайди. Шунингдек, бу ерда илмий лабораториялар, реставрация устахоналари ва архивлар фаолият юритади. Марказ аллақачон дунёдаги энг чиройли янги музейлардан бири сифатида эътироф этилган”, – дея қайд этган журналист.

 Материалда таъкидланишича, Ўзбекистон ёндашувининг бошқалардан ажратиб турадиган муҳим жиҳати –  бу сунъий интеллектдан иқтисодий тараққиёт воситаси сифатидагина эмас, балки маданий меросни муҳофаза қилиш воситаси сифатида ҳам фойдалаётганидадир.

Сунъий интеллект туризм соҳасини ҳам тубдан ўзгартирмоқда. Бу ташаббус 2026 йилда мамлакатга 12 миллион сайёҳни жалб қилиш режасининг бир қисми ҳисобланади.

Фазан Наваз ўз мақоласини “Учинчи Ренессанс” ўз олдига қўйган мақсадларга тўлиқ эришадими-йўқми, буни вақт кўрсатади. Бироқ бугуннинг ўзидаёқ Ўзбекистон қандай йўлдан одимлаб бораётгани аниқ кўриниб турибди”, – деган сўзлар билан якунлаган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари