بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Маълумки, киши касб қилиш орқали, аввало ўзининг моддий эҳтиёжларини қондиради. Қолаверса, оила аҳлининг нафақаси, қарамоғидаги кишиларнинг таъминотини амалга оширади. Бир сўз билан айтганда, инсон ким бўлишидан қатъий назар, моддий ҳаётини йўлга қўйиши учун бирорта касб билан шуғулланишга мажбур. Аллоҳ таоло сизу биз, мўмин-мусулмонларни ҳалол касб билан шуғулланишга, ҳаромдан ҳазар қилишга буюрган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз ﷺ дан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:
عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم أَنَّهُ قَالَ:"إنَّ اللهَ طَيِّبٌ لاَ يَقبَلُ إِلاَّ طَيِّبًا، وَ إِنَّ اللهَ أَمَرَ المُؤمِنِينَ بِمَا أَمَرَ بِهِ المُرسَلِينَ، فَقَالَ تَعَالىَ: {يَا أَيُّهَا الرُّسُلُ كُلُوا مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَاعْمَلُوا صَالِحًا إِنِّي بِمَا تَعْمَلُونَ عَلِيمٌ} (سورة المؤمنون/51)، وَ قَالَ تَعَالىَ: {يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُلُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ} (سورة البقرة/172)، ثُمَّ ذَكَرَ صلى الله عليه وسلم الرَّجُلَ يُطِيلُ السَّفَرَ أَشعَثَ أَغبَرَ يَمُدُّ يَدَيهِ إِلىَ السَّمَاءِ وَ يَقُولُ يَا رَبِّ ياَ رَبِّ وَ مَطعَمُهُ حَرَامٌ، وَ مَشرَبُهُ حَرَامٌ، وَ مَلبَسُهُ حَرَامٌ، وَ غُذِيَ باِلحَرَامِ! فَأَنىَّ يُستَجَابُ لِذَلِكَ؟" (رواه الإمام مسلم.
яъни: У зот ﷺ айтадилар: “Албатта, Аллоҳ таоло покдир ва У пок нарсанигина қабул қилади. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло пайғамбарларга буюрган нарсани мўминларга ҳам буюрган. У айтганки: “Эй, пайғамбарлар! Пок (таом)лардан тановул қилингиз ва эзгу (иш) қилингиз!” (Мўминун сураси, 51-оят) ва яна айтдики: “Эй, имон келтирганлар! Сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан енглар!” (Бақара сураси, 172-оят). Шундан сўнг, Расулуллоҳ ﷺ бир киши ҳақида айтдилар: “У узоқ (ҳаж) сафарига чиқиб, соч-соқоли тўзғиб, чангга ботган ҳолда икки қўлини осмонга кўтариб, эй, раббим, эй, раббим, дейди. Ваҳоланки, егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром, ҳаромдан озиқланган! Қаердан ҳам дуоси ижобат бўлсин?” (Имом Муслим ривояти).
Дарҳақиқат, тарихдан маълумки, пайғамбарларнинг барчаси ҳам зиммаларидаги Аллоҳ таоло томонидан юклатилган элчилик вазифаларини буюк омонат билан адо этиш билан бир қаторда ўзлари ва оила аҳлларини боқиш учун ҳалол касб билан машғул бўлганлар. Масалан, Одам а.с. деҳқончилик ва тўқувчилик, Идрис а.с. тикувчи ва хаттот, Нуҳ ва Закариё а.с.лар дурадгор, Ҳуд ва Солиҳ а.с.лар тижорат, Иброҳим а.с. деҳқончилик ва тижорат, Довуд а.с. темирчи, Сулаймон а.с. ҳунарманд, Мусо, Шуъайб ва Пайғамбаримиз а.с.лар чўпонлик билан шуғулланганлар.
Инсон учун энг ҳалол касб ўз меҳнати эвазига топилган ризқдир.
عَنْ الْمِقْدَامِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَا أَكَلَ أَحَدٌ طَعَاماً قَطُّ خَيراً مِن أَن يَأكُلَ مِن عَمَلِ يَدِهِ، وَ إِنَّ نَبِيَّ اللهِ دَاوُدُ عَلَيهِ السَّلاَمُ كَانَ يَأكُلُ مِن عَمَلِ يَدِهِ"
(رواه الإمام البخاري).
яъни: Миқдам رضي الله عنه дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ صلى الله عليه وسلم айтдилар: “Ҳеч ким ўз қўл меҳнати билан топгандан яхшироқ таом еган эмас, дарҳақиқат, Аллоҳнинг пайғамбари Довуд а.с. ҳам ўз қўл меҳнати билан кун кўрган” (Имом Бухорий ривояти). Бошқа бир ҳадисда:
قال رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: "لَأَن يَحتَطَبَ أَحَدُكُم عَلَى ظَهرِهِ خَيرٌ مِن أَن يَسأَلَ أَحَداً فَيُعطِيهِ أَو يَمنَعُهُ"
(رواه الإمام البخاري).
яъни: Пайғамбар صلى الله عليه وسلم дедилар: “Бирортангиз елкасига ўтин ортиб юргани бировдан тиланчилик қилиб, у бериб ёки бермаганидан яхшироқдир” (Имом Бухорий ривояти).
Ҳалол касб-ҳунар орқали тирикчилик ўтказиш ҳам ибодат саналади. Эрта тонгдан кечгача ҳалол ризқ билан оила аҳлини боқиш мақсадида ишлаб ҳорган кимсанинг гуноҳлари кечирилади, дейилган бир ҳадисда. Бошқа бир ҳадисда эса:
عن عبد الله بن مسعود رضي الله عنه قال، قال رسول الله صلى الله عليه وسلم :"طَلَبُ كَسبِ الحَلاَلِ فَرِيضَةٌ بَعدَ الفَرِيضَة" (رواه الإمام البيهقي في شعب الإيمان).
яъни: Абдуллоҳ ибн Масъуд رضي الله عنه дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ صلى الله عليه وسلم: “Ҳалол касб қилиш фарздан кейинги фарздир”, дедилар (Имом Байҳақий “Шуъабул имон” китобида ривоят қилган).
Муҳтарам азизлар! Инсон ҳалол касб қилар экан, албатта, биринчи навбатда нияти холис бўлиши лозим. Яъни, шу ҳалол касби орқали ўзини ва аҳли оиласини таъминлаши, ўзгаларга қарам ва муҳтож бўлишдан сақланиши, қолаверса, жамиятдаги кишиларга манфаат етказиши, уларнинг оғирини енгил қилиши касб қилишдан кўзда тутилган асосий мақсад бўлмоғи керак. Аллоҳ таолога беадад ҳамдлар бўлсинки, биз бандаларига ақлу идрок бериб, ҳалол касб йўлларини кўпайтириб ато этган. Давлатимизда ҳам йил сайин иш ўринларини кўпайтириш борасида хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Қолаверса, олийгоҳлар, касб-ҳунар коллежлари ва турли ўқув марказлари фаолиятларини йўлга қўйилишидан мақсад ҳам ёшларни касб-ҳунарли қилиб ҳаётларининг фаровон бўлиши ва эл-юрт равнақига ўз ҳиссаларини қўшишлари учун имконият яратишдир.
Зеро, ҳалол касб қилишнинг кўплаб дунёвий ва ухровий манфаатлари бордир. Жумладан, ҳалол касб қалбга нур, дилга сурур бахш этади. Инсонда хотиржамлик ва ҳаловат пайдо қилади. Аъзоларни ибодатга моил этиб, амалларни мақбул бўлишига сабаб бўлади. Ризқда ва умрда барака пайдо қилади. Асосийси, Аллоҳнинг ризосига ва дуоларнинг ижобат бўлишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз صلى الله عليه وسلم улуғ саҳобий Саъд ибн Аби Ваққос رضي الله عنه га қилган насиҳатларининг бирида шундай деган эдилар:
قال رسول الله صلى الله عليه وسلم :"يَا سَعدُ أَطِب مَطعَمَكَ تَكُن مُستَجَابَ الدَّعوَةِ" (رواه الإمام الطبراني).
яъни: Расулуллоҳ صلى الله عليه وسلم айтдилар: “Эй, Саъд! Таомингни ҳалол бўлишига эътибор бергин, дуоси қабул бўладиганлардан бўласан” (Имом Табароний ривояти).
Ўз касби ва мансаб-мартабасини суистеъмол қилиш, касбу-корида қалбакиликка, таъмагирликка ўтиш орқали ҳалол бўлмаган йўллар билан кун кўриш айни гуноҳ ишдир. Пайғамбаримиз صلى الله عليه وسلم бу ҳақда шундай дедилар:
عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ :"وَ الَّذِي نَفسُ محمد بِيَدِهِ إِنَّ العَبدَ لَيقَذِفُ بِلُقمَةِ الحَرَامِ فيِ جَوفِهِ فَلَا يَقبَلُ مِنهُ عَمَلُ أَربَعِينَ يَومًا، وَ أَيُّمَا عَبدٍ نَبَت لَحمُهُ مِن السُّحتِ وَ الرِّبَا، فَالنَّارُ أَولَى بِهِ"
(رواه الإمام الطبراني).
яъни: “Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, банда қорнига битта ҳаром луқмани ташлаши билан қирқ кунлик амали қабул бўлмайди. Қайси банданинг эти ҳаром ва рибо орқасидан ўсган бўлса, у дўзахга лойиқдир” (Имом Табароний ривояти).
Киши бирор касб-ҳунар билан шуғулланар экан, уни пухта ва холис бажармоғи лозим бўлади. Юртимизда яшаётган ҳар бир инсон борки, у ўқитувчи ёки шифокор бўладими, олим ёки оддий ишчими, тадбиркор ёхуд хизматчими, қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар, Ватаннинг равнақи йўлида, ўз касбидан келиб чиқиб, юртимизнинг келажаги ва ривожланиши йўлида астойдил хизмат қилиши керак. Ўз касбига нисбатан садоқати бўлмаган шахснинг на ишида, на касбу корида барака бўлади, балки унинг бутун ҳаёти беқарорликда ўтади. Модомики, биз буюк келажак сари одимлаётган эканмиз, ҳар биримиз ўз вазифамизга садоқат билан ёндашмоғимиз лозимдир.
Азизлар! Фиқҳий масалаларнинг баёни борасидаги бугунги суҳбатимизда ҳанафий мазҳабимизда намоз вақтлари ва намоз ўқиш макруҳ бўлган вақтлар ҳақида сўз юритамиз.
Намознинг вақтлари:
1) бомдоднинг аввалги вақти тонг ёришиб уфқда оқликнинг тарқалишидир. Унинг тугаш вақти қуёш чиқишдан олдиндир;
2) пешиннинг аввалги вақти қуёшнинг тик тургандан сўнг оғишидир. Унинг охирги вақти ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлгунчадир;
3) асрнинг аввалги вақти пешиннинг вақти чиққандан бошлаб киради. Унинг охирги вақти қуёш ботишдан олдинги вақтдир;
4) шомнинг аввалги вақти қуёшнинг ботишидир. Унинг охирги вақти шафақ (қуёшнинг қизиллиги) йўқолган вақтдир;
5) хуфтоннинг аввалги вақти шафақнинг ботишидир. Унинг охирги вақти тонг ёришишидир.
6) витр намозининг аввалги вақти хуфтондан кейин бўлиб, унинг охирги вақти бомдоднинг вақти киришидир.
Намоз ўқиш макруҳ бўлган вақтлар:
имом-хатиб хутба ўқиётганда то хутбасини тугатгунча нафл ўқиш.
Аллоҳ таоло юртимиз тинчлигини бундан ҳам мустаҳкам қилиб, халқимиз фаровонлиги, оилаларимиз бахту саодати йўлида садоқат билан хизмат қилишимизни муяссар айласин. Омин!
Тасаввуф масаласи ҳам салафийлар томонидан қаттиқ танқидга олинган ва кўр-кўрона рад этиладиган мавзулардан биридир. Тасаввуф, тариқат, сулук, шайх, мурид ва шу каби атамаларни эшитишлари билан мавзуни инкор қилишга тушиб кетадилар. Лекин аслида ҳам шундайми?
Минг йиллардан бери Исломнинг руҳи бўлиб келган ва Ислом уммати оғишмай амал қилиб келаётган бу мавзу рад этилиши керакми?!
Тасаввуф – бу Аллоҳни таниш ва нафсни поклашни ўргатадиган ва шу йўлдаги ҳаракатларни ифодалайдиган, уларни англатадиган ва бу ҳолатларга эришиш учун нима қилиш кераклигини тушунтирадиган бир илмдир. Тасаввуф исломий илмларнинг энг шарафлисидир. Бу илмнинг шарафи, мавзусининг шарафи биландир.
Модомики, тасаввуфнинг мақсади, мавзуси маърифатуллоҳ – Аллоҳни билиш-таниш экан, у ўз-ўзидан исломий илмларнинг энг шарафлиси бўлади. Тасаввуф бизга нима қилсак, Аллоҳ бизни севади? Нима қилсак, қалбимизда бўлишини истаганимиз “Аллоҳ севгиси” ҳосил бўлади, каби саволларга жавоб беради ва бу мақомга эришиш йўлларини ўргатади.
Тасаввуфга уламолар томонидан кўплаб таърифлар берилган. Шайх Иброҳим ибн Муваллид Роққий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг китобларида бу таърифларни юздан ошиғини жамлаган.
Шайх Муҳаммад ибн Али Қассоб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф бу – саодат асрида шарафли қавмнинг энг олийжаноб кишисидан содир бўлган энг гўзал хулқлардир”, деган.
Шайх Абу Муҳаммад Жаририй раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – ҳар бир гўзал хулқни олиш ва ҳар бир ёмон хулқни тарк қилишдир”, деди.
Шайх Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – гўзал хулқ билан бир маънода бўлиб, кимнинг хулқи сеникидан гўзал бўлса, тасаввуфи ҳам гўзалдир”, деган.
Шайх Абу Ҳафс Найсобурий раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – унинг барчаси одобдир. У ҳар бир вақт, ҳар бир ҳол ва ҳар бир мақомнинг одобидир”, деган.
Тасаввуф баъзи кишилар: “Бу нарса ҳижрий учинчи асрдан кейин пайдо бўлган бидъат, аввалги даврда бўлмаган. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда “Тасаввуф” сўзи бирор марта зикр қилинмаган”, деб даъво қилаётганидек кейин пайдо бўлиб қолган бидъат илм эмас, балки у барча шаръий илмлар қатори Исломнинг аввалидан мавжуддир.
Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда “Тасаввуф” сўзини бирор марта келмагани уни исломий илм эмаслигига далил бўлмайди. Чунки бошқа исломий илмларнинг ҳам номлари Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган. Агар Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган нарсаларни инкор қилсак, жуда кўплаб нарсалардан воз кечишимизга тўғри келади.
Тасаввуф Исломнинг аввалги асрларидан бери мавжуд бўлиб, у ҳам бошқа исломий илмлар қатори Қуръон ва суннатдан олинган. Бунга Қуръон, ҳадис ва тобеинларнинг сўзларида далиллар бор. Аввал айтганимиздек тасаввуфнинг асосий вазифаси инсоннинг нафсини тарбиялаш, гуноҳлардан поклаш ва ботиний амалларини тартибга солишдир.
Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 120-оятида бундай марҳамат қилган:
﴿وَذَرُوا ظَاهِرَ الْإِثْمِ وَبَاطِنَهُ﴾
“Ва ошкора ҳамда махфий гуноҳларни тарк қилинглар!”.
Аллома Алоуддин Али ибн Муҳаммад Бағдодий раҳимаҳуллоҳ бу ояти каримани тафсир қилиб: “Ошкора гуноҳдан ташқи аъзолар билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган. Махфий гуноҳдан қалб билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган” деган.
Зоҳирий аъзолар билан қилинадиган гуноҳларни тарк қилишни ва унга бериладиган жазоларни фиқҳ фани ўргатса, қалб касалликларини даволашни айнан тасаввуф ўргатади. Бошқа ояти каримада шундай дейилади:
﴿قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا﴾
“Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришди” (Шамс сураси, 9-оят).
Дарҳақиқат, инсон охиратда ютуққа эришиши учун, жаҳаннам оловидан омонда бўлиши учун бу дунёда куфрдан, ширкдан, нифоқдан ва турли гуноҳ ва қалб касалликларидан ўзини поклаши керак.
Аллоҳ таоло бу ояти карималарда бандаларини куфр, ширк ва гуноҳлардан ўзларини поклашга буюрмоқда. Мана шу поклашни ўргатадиган фанни “Тасаввуф” деб номлаш инсонлар орасида урф бўлган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида тасаввуф эҳсон деб номланган. “Жаброил ҳадиси” деб номланган машҳур ҳадиси шарифда “эҳсон” айни тасаввуф экани намоён бўлди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: “Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлига қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.
“Менга иймон ҳақида хабар бер”, деди.
“Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди.
“Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деди у.
“Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
“Менга Соат (қиёмат)дан хабар бер”, деди.
“Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас”, дедилар.
“Унинг аломатларидан хабар бер”, деди.
“Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар. Сўнгра у (қайтиб) кетди. Бас, бирмунча вақт ўтказдим. Сўнгра у зот менга:
“Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?” дедилар.
“Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир”, дедим.
“Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келибди”, дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифда диннинг асллари иймон, Ислом, эҳсон, зоҳирий ва ботиний амалларни ислоҳ қилиш ва охират куни ҳақида ва буларнинг барчаси дин эканлигини хабари берилмоқда.
Ҳадиси шарифда зикр қилинган “Ислом”ни фиқҳ илми ўргатади. “Иймон” қисмини ақоид илми ўргатади. Бизнинг мавзумизга бевосита боғлиқ бўлган “эҳсон” қисмини эса тасаввуф илми ўргатади ва бу ҳадиси шарифда бунга амалий намуна ҳам бор.
Жаброил алайҳиссалом: “Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
Тасаввуфнинг асосий мақсадларидан бири ҳам банда қилаётган ҳар бир ибодатида, амалида Аллоҳ уни кўриб турганини ва бу амалига қиёмат куни албатта савол-жавоб бўлишини қалбан ҳис қилдиришдир.
“Тасаввуф” сўзи Исломнинг дастлабки асрида ишлатилмаган бўлса-да, кейинги даврларда “сўфий” сўзи ишлатилганини кузатишимиз мумкин.
Уламолар мутавотир ҳадиснинг қандай бўлиши ва шартларини баён қилиб айтадиларки “Мутавотир ҳадис – унинг санадидаги ҳар бир табақада жуда кўп ровий ривоят қилган. Ана шу ровийларнинг барчаси ривоят қилинган ҳадисни ўзгартиришга келишиб олишлари мумкинлигини ақл инкор этади”.
Шундай экан, тасаввуф илми ҳам иккинчи асрдан (тобеинлар асридан) то шу кунгача минглаб шариатимиз пешволари орқали ҳам нақлан, ҳам амалан мутавотир ҳолатда бизгача етиб келган. Шунинг ўзи ҳам тасаввуф илмининг шаръий илм эканига етарли далил бўлади.
Машҳур муҳаддис олим, Шайх Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ: “Суҳбатларимиз ва таълим-тарбиямиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳиҳ ва машҳур санад билан етиб борган тариқат одобидир”, деган.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси