بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, сизу бизни Қурбон ҳайитидек улуғ кунларга етказди! Бу кунда ҳамма баробар хурсанд бўлади, Аллоҳ таолонинг кўплаб хайру баракаси ер юзидаги бандалари устига ёғилади. Зеро, мусулмонларнинг энг мўътабар байрамларидан бири Қурбон ҳайити Зулҳижжа ойининг 10-куни нишонланади. Қурбон ҳайити Ҳаж ибодатлари тамом бўлгани муносабати ила ҳамда Аллоҳ азза ва жалланинг йўлида қурбонлик қилишга тайёрликни изҳор қилишлик учун шариатга киритилган байрам ҳисобланади.
Қурбонлик қилиш тўғрисида Қуръони каримда қуйидагича келган:
(فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ (سورة الكوثر/2
яъни: “Бас, Раббингиз учун (беш вақт ёки Қурбон ҳайити учун) намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг!” (Кавсар сураси, 2-оят). Ушбу ояти каримани олимларимиз қурбонликнинг вожиб эканлигига далолат қилади, деб тафсир қилишган.
Динимиз буюрган молиявий ибодатлардан бири зулҳижжа ойининг ўнинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи кунларидан бирида қурбонлик қилишдир.
Қурбонлик Аллоҳ йўлига жонлиқ сўйиш бўлиб, унинг замирида бой-бадавлат кишилар ўз тасарруфларидаги мол-дунёдан боқувчисини йўқотганлар, етим-есир, қарздорлар, қўни-қўшнилар ва кам таъминланган оилаларга хайр-эҳсон қилиш ётади. Бу билан жамият аъзолари ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат ришталари янада мустаҳкамланади.
Шунга кўра Қурбон ҳайити кунлари Аллоҳ таолога севимли энг яхши иш қодир бўлганларнинг қурбонлик сўйишидир. Қурбонлик қилиш Иброҳим Халилуллоҳдан қолган амал бўлиб, Ҳанафий мазҳабимиз бўйича закот нисобига етарли маблағга эга бўлган кишилар учун вожибдир.
Қурбонликка аъзоларида ҳеч қандай айбу нуқсони йўқ туя, қора мол, қўй ва эчки сўйиш мумкин. Пайғамбаримиз ﷺ нинг муборак ҳадисларида:
(عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: "عَظِّمُوا ضَحَايَاكُمْ فَإِنَّهَا عَلَى الصِّرَاطِ مَطَايَاكُمْ" (أَسنَدَهُ الإِمَامُ الدَّيْلَمِيُّ
яъни: “Қурбонликларингизни каттароқ қилинглар, чунки улар Сирот кўпригида сизларга улов бўлади”, деб айтганлар (Имом Дайламий ривояти).
Қурбонлик қилган киши қурбонлигининг гўштидан ейди, истаган кишиларга ҳадя қилади ва бир қисмини кейин ейиш учун олиб қўяди. Агар оиласи катта бўлса, қурбонлик гўштининг ҳаммасини оила учун олиб қолиши мустаҳабдир.
Азиз жамоат! Аллоҳ таоло сизу бизга қалбимиздаги ниятимизга кўра муомала қилади. Чунки, Қуръони каримда марҳамат қилинади:
(لَنْ يَنَالَ اللَّهَ لُحُومُهَا وَلَا دِمَاؤُهَا وَلَكِنْ يَنَالُهُ التَّقْوَى مِنْكُمْ كَذَلِكَ سَخَّرَهَا لَكُمْ لِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَبَشِّرِ الْمُحْسِنِينَ (سورة الحج/37
яъни: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли - У зотни улуғлашларингиз учун - уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” (Ҳаж сураси, 37-оят).
Ҳақиқатан ҳам, қурбонликка сўйилган ҳайвонларнинг гўштларига ҳам, қонларига ҳам Аллоҳ таоло муҳтож эмас. Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Яратувчи амрига итоатини ва тақвосини намоён этишдир. Банда ихлос билан қурбонлик қилиб, Аллоҳ йўлида жонлиқ сўймоқдами, демак, ўша банданинг Аллоҳ таолога тақвоси бор экан. Шу билан бирга қурбонлик қилиш банда учун Аллоҳни улуғлашга бир фурсатдир. Зеро, қурбонлик қилиш Аллоҳнинг шиорларидан бири бўлиб, Қуръони каримда шундай дейилган:
(ذَلِكَ وَمَنْ يُعَظِّمْ شَعَائِرَ اللَّهِ فَإِنَّهَا مِنْ تَقْوَى الْقُلُوبِ (سورة الحج/32
яъни: “(Гап) шудир. Яна кимки Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар)ни улуғ деб билса, бас, албатта, (бу) дилларнинг тақвосидандир” (Ҳаж сураси, 32-оят).
Ҳайит кунлари кишилар ўртасидаги дўстлик ва биродарликни, хайр-эҳсонни, умуман, эзгу ишларни кўпайтириш фурсати саналади. Мазкур кунларда Пайғамбаримиз ﷺ ўгитларига мувофиқ мўмин-мусулмонлар бир-бирларини ҳайит билан қутлашлари, ўзаро ҳурмат-тавозеда бўлишлари, меҳрибонлик, саховат, оқибат кўрсатиш каби фазилатларни кўпроқ қилишлари керак.
Байрам кунларида ота-оналаримизни, устозларимизни, қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар, ёр-биродарларни, бемор, қарздор ва муҳтожларни зиёрат қилиш, ҳол-аҳвол сўраш, уларга ҳадялар бериб ёки ширин сўзларимиз билан хушнуд этиш мусулмон кишининг бурчидир.
Зеро, Ибн Аббос رضي الله عنه дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ ﷺ марҳамат қилганларидек:
(عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللَّهُ تَعَالَى عَنْهُ قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ أَحَبَّ الأَعْمَالِ إِلَى اللَّهِ بَعْدَ الْفَرَائِضِ إِدْخَالُ السُّرُورِ عَلَى الْمُسْلِمِ "(رواه الإمام الطبرانى
яъни: "Фарз амалларидан кейин Аллоҳга энг маҳбуб амал мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киргизишдир" (Имом Табароний ривояти).
Бугунги улуғ айём кунида мусулмонлар бир-бирларига қучоқ очиб, Парвардигорлари инъом этган хушнудликни баҳам кўрадилар. Очиқ чеҳра, ёруғ юз билан кўнгилларига хурсандчилик улашадилар. Кам таъминланган ва боқувчисини йўқотганлар ҳолидан хабар оладилар, қарздорларга ёрдам берадилар, уларга моддий ва маънавий томондан кўмак берадилар. Кўпчилик инсонлар кексаларнинг дуосини олиш ниятида уларни зиёрат қиладилар. Бу кун дуолар қабул бўладиган кунда барча мўмин-мусулмонлар бир-бирларининг ҳақларига хайрли дуолар қиладилар.
Бировга меҳр кўрсатиш қанчалик савобли ва шарафли иш эканлиги барчамизга маълум. Меҳр-мурувват кимларга ва қандай кўрсатилиши ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган:
(يَسأَلُونَكَ مَاذَا يُنْفِقُونَ قُلْ مَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ خَيْرٍ فَلِلْوَالِدَيْنِ وَالْأَقْرَبِينَ وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا تَفْعَلُوا مِنْ خَيْرٍ فَإِنَّ اللَّهَ بِهِ عَلِيمٌ (سورة البقرة/215
яъни: “Сиздан (эй, Муҳаммад,) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: "Ниманики xайр-эҳсон қилсангизлар, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингизлар! Ҳар қандай қилган эҳсонларингизни Аллоҳ билиб турувчидир" (Бақара сураси, 215-оят).
Азиз жамоат! Жонажон юртимизда Қурбон ҳайитини хотиржамлик ва осойишталикда қарши олмоқдамиз. Юртимиз бўйлаб бу байрам жуда шоду хуррамлик ва кўтаринки кайфиятда кутиб олинмоқда. Бу ҳам бўлса, юртимиздаги тинчлик ва барқарорлик туфайлидир. Зеро, дунёвий ишларнинг ҳам бир маромда кетиши, охират ишларининг ҳам мукаммал ва ҳаловат билан адо этилишида тинчлик ва хотиржамлик неъматининг ўрни беқиёсдир.
Бугунги кунда биз қатор мусулмон мамлакатларнинг фуқаролари турли фитналар оқибатида хузур-ҳаловатини йўқотгани, юз минглаб инсонлар ҳаётдан кўз юмаётгани, киндик қони тўкилган Ватанини тарк этишга мажбур бўлаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Аллоҳнинг ўзи бизнинг юртни бундай балолардан сақлаб келмоқда. Шаҳару қишлоқларимиз кун сайин кўркам ва обод бўлиб бормоқда. Ҳаётимизга беқиёс маъно ва мазмун олиб кирган тинчлик дея аталмиш бу бебаҳо илоҳий неъматнинг қадрига етиш, унинг шукрини қилиш, асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилиб бундай дейди:
(وَ مَنْ شَكَرَ فَإِنَّمَا يَشْكُرُ لِنَفْسِهِ وَمَنْ كَفَرَ فَإِنَّ رَبِّي غَنِيٌّ كَرِيمٌ (سورة النّمل/40
яъни: “Ким шукр қилса, бас, албатта у фақат ўзи учун шукр қилур. Ким ношукурлик қилса, бас, албатта, Раббим (ҳамма нарсадан) беҳожат ва карамлидир” (Намл сураси, 40-оят).
Ватан тинч бўлса, келажак авлод осойишта яшайди, юрт обод бўлади, тоат-ибодатлар ҳам ўз вақтида адо этилади. Демакки, ҳар бир инсоннинг зиммасида бутун жамият аъзолари учун муҳим бўлган тинчликни сақлаш йўлида ҳамкорлик қилиш энг зарурий бурч ва вожиб амалдир. Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир киши ўз бурчини сидқидилдан, ихлос ва эътиқод ила бажармоғи лозим. Тинчликни асраш деганда фақат қурол билан эмас, керак бўлса сўз билан, улғайиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши ғоявий курашиш, огоҳлик ва ҳушёрликни оширишга даъват қилиш йўллари билан инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши зарур! Бу ҳам имоний бурчга, мусулмон кишининг масъулиятига киради.
Муҳтарам жамоат! Бу табаррук кунлар фазилатидан насиба олиш учун биз, мусулмонлар, биринчидан, ортга боқиб, ўтган умримизни сарҳисоб этишимиз, гуноҳ ва хатоларимизга тавба-тазаррулар қилишимиз лозим. Гуноҳни англаш абадий саодатга эришишнинг бир шарти бўлса, тавба қилиб яхши амаллар қилишга ўтиш унинг кейинги шартидир. Иккинчидан, мустақиллик туфайли эришган бундай доруломон замон, тинчлик-хотиржамлик ва фаровонликда ҳаёт кечириш, ибодатларимизни мукаммал адо этишда яратилган кенг шароитлар учун Аллоҳга шукроналар айтишимиз лозим. Зеро, неъматга шукр қилиш унинг баракотига сабаб бўлади.
Дарҳақиқат, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳот ва ўзгаришларга диққат билан назар солсак, уларнинг марказида инсон манфаатлари, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, Ватан тараққиёти, фарзандларимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмай ўсиб-улғайиши каби бир-биридан буюк мақсадлар турибди.
Бинобарин, бу жараёнлар мазмун-моҳиятига кўра ислом дини таълимотларида ҳам ўз аксини топгандир. Зеро, Аллоҳ таоло инсонни ер юзида барча жонзотлардан устун қилиб, азизу мукаррам қилиб яратган.
Аллоҳга беҳисоб шукроналар бўлсинки, юртимиз замини азал-азалдан улуғ алломалар, азиз-авлиёлар ватани бўлиб келганини юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, ёш авлод қалбида миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини камол топтириш бахтига мушарраф бўлмоқдамиз. Айниқса, сўнгги пайтда, давлатимиз томонидан Ўзбекистондаги Ислом маданияти маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази ва Мир Араб олий мадрасаларининг ташкил этилиши, ҳеч шубҳасиз, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни инсонпарварлик ғоялари руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Азизлар! Одатда ҳайит кунида ҳамма бир-бирини улуғ кун билан самимий муборакбод этади. Ҳайит намозини адо этгандан сўнг биринчи ўринда бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни, улардан кейин қариндош-уруғларимизни, ёру биродарларимизни, беморларни бориб зиёрат этамиз. Уларнинг кўнглини сўраш ва руҳиятини кўтаришга ҳаракат қиламиз. Айрим сабаблар билан ўзаро аразлашган гина-кудратли кишилар ҳам бир-бирларини муборак байрам кунида кечириб, ўзаро узрлар айтиб, бир-бирларига қучоқ очишлари лозим бўлади. Бу кун барчага қувонч улашиладиган кундир. Яна шуни ёдда тутмоғимиз лозим бўладики, Қурбон ҳайити байрам бўлгани учун, уни азага, хафагарчиликка айлантирмаслик даркор. Ўтганларимизни эслаш, уларнинг руҳларини шод этиб дуойи хайрлар қилишимиз яхши амал ҳисобланади, лекин булар ҳайит байрамига асло таъсир қилмаслиги лозим.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг розилиги йўлида холис ниятлар билан қилаётган қурбонликларимизни, ибодатларимизни даргоҳида ҳусни мақбул айласин! Юртимиздан муборак ҳаж сафарига борган барча ҳожиларимиз ибодатларини мукаммал адо этиб, Ватанимизга соғ-саломат келишларини Аллоҳ таоло муваффақ қилсин! Омин!
Х асрнинг охири ва ХI асрнинг бошларида Хоразм ва Бухоро илмий муҳитида антик давр юнон фалсафаси ҳамда табиий фанлар меросини қайта кўриб чиқишга бўлган қизиқиш ниҳоятда кучайди. Аристотелнинг “Осмон ва олам ҳақида” ҳамда “Физика” асарларидаги айрим хулосалар ўша давр тадқиқотчилари томонидан сўзсиз ҳақиқат сифатида қабул қилинаётган бир пайтда, тахминан 24–26 ёшлардаги Беруний антик муаллифнинг айрим қарашларини амалий кузатув ва математик мантиқ ёрдамида шубҳа остига олди. Беруний ўз эътирозлари ва саволларини хат орқали Бухорода яшаб ижод қилаётган, ўша вақтда 17–19 ёшларда бўлган Ибн Синога юборди. Ушбу тарихий мулоқотнинг бизгача етиб келган матни Ибн Синонинг Беруний томонидан берилган саволларга қатор жавобларидан иборат. Манбашунос ва шарқшунос Ю.Завадовский ушбу қўлёзма матнини рус тилига ўгирган ва у илк бор 1957 йилда Тошкентда нашр этилган. Кейинчалик, 1973 йилда Беруний таваллудининг 1000 йиллик юбилейи муносабати билан фалсафа фанлари номзоди А.Шарипов томонидан тайёрланган қайта нашрда ушбу ёзишмаларнинг илмий аҳамияти янада аниқроқ ёритилган.
Берунийни Аристотель таълимотидаги баъзи физик қоидаларнинг кузатув ва тажрибага зид келиши алоҳида ташвишга солган эди. Хусусан, “Физика” бўлимига оид саволлар орасида моддаларнинг нур синдириши ва иссиқлик йиғиш хусусиятига оид аниқ тажриба баён қилинади. Хоразмлик олим думалоқ ва шаффоф шиша идишни олиб, уни сув билан тўлдирганда у биллур лупа каби қуёш нурларини бир нуқтага тўплаб, аланга олдириш хусусиятига эга бўлишини кўрсатиб ўтади. Агар ушбу идиш сув ўрнига ҳаво билан тўлдирилса, ҳеч қандай нур йиғилмайди ва олов ҳосил бўлмайди. Беруний Ибн Синога мурожаат қилиб, сувнинг бундай ўзига хос таъсир кўрсатиши сабабини ва нега айнан сув мавжуд бўлганда нурлар тўпланишини сўрайди. Шарқшунос А.Шарипов тадқиқотларида таъкидланганидек, бу каби саволлар Берунийнинг шунчаки назарий мулоҳаза юритмагани, балки аниқ физик ҳодисаларни тажрибада текшириб кўрганини тасдиқлайди.
Ибн Сино Берунийнинг бу саволига жавоб берар экан, сувнинг табиатан тиниқ, зич ва силлиқ жисм эканини, шу сабабли у ўзидан ўтаётган нурни акслантириш ва қайтариш хусусиятига эгалигини тушунтиради. Оптимика масалаларида олимлар ўртасидаги баҳс Платон ва Аристотель мактабларининг қарашларини қиёслаш даражасигача етиб боради. Ибн Сино кўриш жараёни кўздан нур чиқиши орқали юз бермайди деган Аристотель позициясини ҳимоя қилади ва бу борада Платон қарашларидан фарқли ёндашувни илгари суради.
Берунийнинг яна бир эътиборга лойиқ тажрибавий саволи сув ва музнинг зичлиги ҳамда оғирлиги ўртасидаги муносабатга бағишланган. Аристотель назариясига кўра, совуқ ва тошсимон қаттиқ шаклга эга бўлган муз ўз моҳиятига кўра тупроқ элементига яқинроқ бўлиши ва сув тубига чўкиши керак эди. Лекин Беруний амалиётда музнинг сув юзида сузиб юришини кўриб, бу ҳодисанинг физик сабабини сўрайди. Ибн Сино ўз жавобида сув музлаган пайтда унинг таркибида ҳаво зарралари қотиб қолишини ва айнан шу суюқлик ичидаги ҳаво пуфакчалари музни сув тубига чўкишига йўл қўймаслигини таъкидлайди. Ю.Завадовский томонидан ўрганилган ушбу оммавий мунозара ўша давр учун моддаларнинг физик ҳолати ва термодинамика бошланғич тушунчалари бўйича муҳим қадам эди.
Космология ва фазовий геометрия соҳасида ҳам Беруний Аристотель даъволарини жиддий синовдан ўтказади. Аристотель фазода осмон сфераси оғирликка ҳам, енгилликка ҳам эга эмас, чунки у марказга ёки марказдан атрофга ҳаракат қилмайди деб ҳисоблар эди. Беруний эса хаёлий тафаккур нуқтаи назаридан осмон жисми энг оғир жисмлардан бири бўлиши мумкинлигини, унинг марказга тушмаслиги унинг вазнсизлигини англатмаслигини илгари суради. Шунингдек, Беруний фазо шакли борасида ҳам тўхталиб, осмон сфераси мукаммал шарсимон бўлиши шартлиги, у тухумсимон ёки ясмиқсимон шаклда ҳам бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. Ибн Сино эса геометрия ва физика далилларини келтириб, агар сфера шарсимон бўлмаса, унинг ҳаракати пайтида бўшлиқ ҳосил бўлиши заруриятини исботлашга уринади.
Аристотелнинг фазода оламнинг ўнг ва чап томонлари ҳақидаги қарашлари ҳам Берунийнинг кескин танқидига учрайди. Аристотель жисмнинг ўнг томони ҳаракат бошланадиган жой деб таъриф бериб, кейинчалик Осмон ҳаракати шарқдан бошланади, демак Шарқ – бу ўнг томон деган хулоса чиқарган эди. Беруний бундай хулоса чиқариш логикада “мантиқий айлана” хатолигига олиб келишини кўрсатиб ўтади. Ибн Сино ўз жавобида Аристотель осмон сферасини тирик жисм сифатида тасаввур қилганини айтиб, антик муаллиф мантиғини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.
Ушбу ёзишмалар матни Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг 2385-рақамли қўлёзмалар фондида сақланиб қолган. Мазкур манбанинг бизгача етиб келишида хатларни кўчириб ёзган фақиҳ Маъсумийнинг хизмати борлиги хат охиридаги қайдларда эслатиб ўтилади. Ю.Завадовский ва А.Шарипов тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ХI аср бошидаги бу илмий баҳс нафақат икки мутафаккирнинг шахсий мулоқоти, балки Туронда табиатшунослик фанлари ва кузатув тажрибаларига асосланган янги илмий услуб шаклланганининг тарихий исботидир.
Беруний ва Ибн Сино ўртасидаги ёзишмалар Х-ХI асрларда Хоразм ва Бухорода шаклланган илмий тафаккур даражаси антик давр фалсафасини шунчаки ўзлаштириш билан чекланмай, уни аниқ тажриба ва мантиқий таҳлил воситасида танқидий қайта кўриб чиқиш босқичига кўтарилганини англатади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати