Ҳиро ғори муборак Макка шаҳридан 3,5 км узоқликда жойлашган. Унинг узунлиги 3,5 метр, энига эса 2 метрни ташкил этади. Ушбу ғорда Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий нозил бўлди. Қуръони каримнинг қуйидаги илк беш оятини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қабул қилиб олдилар:
«Ўқинг (эй Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Роббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Роббингиз эса карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди», (Алақ сураси, 1-5-оятлар).
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Савол: Бировнинг телефони ва ундаги маълумотларни рухсатсиз кўриш мумкинми? Чунки баъзан автобус, метро каби оммавий транспорт воситаларида айрим шахсларнинг шундай ишлар қилаётганига гувоҳ бўлиб қоламиз?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бировнинг телефонидан унинг рухсатисиз фойдаланиш ёки ундаги маълумотларни ўқиш шаръан тўғри эмас. Бу бировнинг уйига рухсатсиз мўралаш, хатига рухсатсиз қараш кабидир. Зеро, бу ишлар Қуръон ва ҳадисларда ман этилган.
Аммо агар мураббий (ота, устоз ва ҳоказо) қўл остида тарбияланаётган шахснинг тўғри йўлдан оғишидан шубҳа қилса, у ҳолда тарбия мақсадида ўз қўл остидаги шахснинг телефонини текширишига рухсат берилади. Балки улар вақти-вақти билан болалар ва уларга тегишли нарсаларни назорат қилиб туришлари керак, токи улар тўғри йўлдан оғмасинлар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази