Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Сентябр, 2026   |   20 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:27
Қуёш
05:50
Пешин
12:23
Аср
17:00
Шом
18:59
Хуфтон
20:17
Bismillah
02 Сентябр, 2026, 20 Рабиъул аввал, 1448

Мисрда “Энг узун Рамазон дастурхони” танлови давом этмоқда

15.04.2023   1940   2 min.
Мисрда “Энг узун Рамазон дастурхони” танлови давом этмоқда

Мисрнинг Шайх Зойд шаҳар ҳокимияти “Энг узун ифтор дастурхони” ташкил этилишини эълон қилди ва шаҳар аҳолисини ифторликка таклиф этди. Ифтор дастурхони тахминан икки километр қилиб тайёрланди.

Ифторлик “Қўшнингиз – сизнинг уйингиз” шиори остида бўлиб ўтди. Шайх Зойд шаҳар ҳокимияти иштирокчиларни жамоат бирдамлиги сифатида таомларини ўзлари билан олиб келишга ва ифторлик маросимини маҳалла аҳли билан баҳам кўришга ва очиқ ҳавода шаҳардаги энг узун дастурхон атрофида овқатланишга чақирди. Ифтор тадбиридан сўнг болалар учун кўнгилочар тадбирлар ташкил этилди.

Бу тадбир Рамазон ойида Шайх Зойд шаҳрида илк маратоба ташкил этилган бўлса-да, маҳаллий аҳоли фаол иштирок этди ва бу тадбир улар томонидан илиқ қарши олинди. Шу боис шаҳар ҳокимлиги бундай ифторлик дастурхонини келгуси йил ўтказишга қарор қилди.

“аш - Шарқ ал-Aвсат” нашрига берган хабарда Рамазон дастурхони дастлаб 2000 кишига етиши кутилгани аммо маҳалла аҳлидан келган иштирокчилар сони 5 мингдан ошиб кетгани таъкидланди.

Шаҳар ҳокимлиги баёнотида: “Биз бу тадбирни ташкил этиш (Aл-Матария ифтор дастурхони) билан рақобат қилишни режалаштирмаган эдик ва агар биз (Гиннес) китобига ифторлик дастурхонини энг узун зиёфат дастурхони сифатида ёзишни ўйлаган бўлсак, 5 минг рўзадорни жамлагани ҳолда бу рекордни янгилаган бўлардик. Келгусида шунга ҳаракат қиламиз”, дейилади.

Миср шаҳарлари орасида “Энг узун дастурхон” ташкил қилиш мавзуси давом этмоқда. Дақҳилия вилоятидаги (Шимолий Миср) Мансура шаҳри ҳам “Мансура аҳли ҳамжиҳатликда ифторлик қилади” шиори остида ифторлик дастурхонини (сешанба) ташкил қилиб, бу мусобақага қўшилди”  ва Мисрнинг янги маъмурий пойтахти 2019 йилдаги каби "Дунёдаги энг узун ифторлик дастурхони" деб таърифлаган ифторлик дастурхонининг ташкил этилишини эълон қилди. Бу билан у "Гиннеснинг рекордлар китоби" танловига кирди, ифторлик дастурхони 3 минг метрдан ошди ва ифторликда 7 мингга яқин киши иштирок этди.

 

         ЎМИ ходими И.Аҳмедов тайёрлади

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ҳолид Ал-Фадли: Ўзбекистоннинг илмий ва маънавий мероси бутун ислом олами учун улкан бойликдир

02.09.2026   7183   2 min.
Ҳолид Ал-Фадли: Ўзбекистоннинг илмий ва маънавий мероси бутун ислом олами учун улкан бойликдир

Кувайт университети Тил маркази директори, доктор Ҳолид Ал-Фадли мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.

– Мустақилликнинг 35 йиллик байрами муносабати билан яқин дўст ва қардош Ўзбекистон халқини чин дилдан самимий муборакбод этаман. Ўзбекистонлик барча биродарларимизга юксак тараққиёт, фаровонлик, тинчлик-хотиржамлик ва янги муваффақиятлар тилайман.

Биз Ўзбекистон билан азалдан мустаҳкам дўстлик, ўзаро ҳурмат ва самимий меҳр-оқибат ришталарига эгамиз. Ушбу муборак заминдан кўплаб буюк ва машҳур ислом уламолари етишиб чиққан. Бу бебаҳо илмий ва маънавий мерос нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами учун улкан бойлик ҳисобланади.

Кувайт университети ва Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасалари ўртасида яқин ва самарали ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилганидан мамнунмиз. Кўп йиллардан буён ўзбекистонлик талабалар юртимизда, хусусан, Кувайт университетида араб тили ва маданиятимиз бўйича ўз билимини ошириб келмоқда. Улар бир ўқув йили давомида, яъни уч семестр мобайнида араб тилини пухта ўрганиш билан бирга, Кувайт маданияти, тарихи ва жамияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлмоқда.

Ўзбек талабалари билан мулоқотлар давомида уларнинг таълим ва илмга жуда катта қизиқиш ҳамда иштиёқ билан ёндашишига алоҳида эътибор қаратдим. Улар нафақат араб тилини ўрганиш, балки бошқа халқнинг маданияти, санъати, иқтисодиёти ва ривожланиш тенденцияларини чуқур англашга интилаётгани қувонарли.

Араблар ва ўзбек халқи ўртасида асрлар давомида шаклланган чуқур тарихий, илмий ва маънавий алоқалар мавжуд. Мен ушбу дўстона ва қардошлик ришталари келгусида янада мустаҳкамланиб, янги мазмун билан бойишини истайман. Бу борада халқаро конференциялар ўтказиш, қўшма илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади.

Кувайтдаги Ўзбекистон элчихонаси томонидан билдирилаётган ташаббус ва таклифларни қўллаб-қувватлаш, уларни амалга оширишга янада катта эътибор қаратиш зарур. Биз ҳам икки мамлакат ўртасидаги таълим, илм-фан ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар ва истиқболли ташаббусларни амалга оширишдан манфаатдормиз.

Яна бир бор, қардош Ўзбекистон халқини Мустақилликнинг 35 йиллик қутлуғ байрами билан қутлайман. Аллоҳ таоло қардош Ўзбекистон диёрига тинчлик-хотиржамлик, фаровонлик, тараққиёт ва улкан муваффақиятлар ато этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари