Мисрнинг Шайх Зойд шаҳар ҳокимияти “Энг узун ифтор дастурхони” ташкил этилишини эълон қилди ва шаҳар аҳолисини ифторликка таклиф этди. Ифтор дастурхони тахминан икки километр қилиб тайёрланди.
Ифторлик “Қўшнингиз – сизнинг уйингиз” шиори остида бўлиб ўтди. Шайх Зойд шаҳар ҳокимияти иштирокчиларни жамоат бирдамлиги сифатида таомларини ўзлари билан олиб келишга ва ифторлик маросимини маҳалла аҳли билан баҳам кўришга ва очиқ ҳавода шаҳардаги энг узун дастурхон атрофида овқатланишга чақирди. Ифтор тадбиридан сўнг болалар учун кўнгилочар тадбирлар ташкил этилди.
Бу тадбир Рамазон ойида Шайх Зойд шаҳрида илк маратоба ташкил этилган бўлса-да, маҳаллий аҳоли фаол иштирок этди ва бу тадбир улар томонидан илиқ қарши олинди. Шу боис шаҳар ҳокимлиги бундай ифторлик дастурхонини келгуси йил ўтказишга қарор қилди.
“аш - Шарқ ал-Aвсат” нашрига берган хабарда Рамазон дастурхони дастлаб 2000 кишига етиши кутилгани аммо маҳалла аҳлидан келган иштирокчилар сони 5 мингдан ошиб кетгани таъкидланди.
Шаҳар ҳокимлиги баёнотида: “Биз бу тадбирни ташкил этиш (Aл-Матария ифтор дастурхони) билан рақобат қилишни режалаштирмаган эдик ва агар биз (Гиннес) китобига ифторлик дастурхонини энг узун зиёфат дастурхони сифатида ёзишни ўйлаган бўлсак, 5 минг рўзадорни жамлагани ҳолда бу рекордни янгилаган бўлардик. Келгусида шунга ҳаракат қиламиз”, дейилади.
Миср шаҳарлари орасида “Энг узун дастурхон” ташкил қилиш мавзуси давом этмоқда. Дақҳилия вилоятидаги (Шимолий Миср) Мансура шаҳри ҳам “Мансура аҳли ҳамжиҳатликда ифторлик қилади” шиори остида ифторлик дастурхонини (сешанба) ташкил қилиб, бу мусобақага қўшилди” ва Мисрнинг янги маъмурий пойтахти 2019 йилдаги каби "Дунёдаги энг узун ифторлик дастурхони" деб таърифлаган ифторлик дастурхонининг ташкил этилишини эълон қилди. Бу билан у "Гиннеснинг рекордлар китоби" танловига кирди, ифторлик дастурхони 3 минг метрдан ошди ва ифторликда 7 мингга яқин киши иштирок этди.
ЎМИ ходими И.Аҳмедов тайёрлади
“Российская газета”сида “Учинчи Ренессанс: Ислом цивилизацияси маркази Янги Ўзбекистоннинг маънавий-интеллектуал юксалишига хизмат қилмоқда” номли таҳлилий мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда Тошкентда барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази илм-фан, таълим ва замонавий рақамли технологияларни бирлаштирган йирик маданий-маърифий платформа сифатида тақдим этилган. Пойтахтимизда қарийб 10 гектар майдонни эгаллаган ва VII асрга оид муқаддас Усмон Қуръонини сақлайдиган ушбу мажмуанинг ташкил этилиши Президент Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида ислом динининг маърифий моҳиятини тарғиб қилиш бўйича илгари сурилган ташаббуси билан бевосита боғланади. Учинчи Ренессанс концепцияси ва Шарқнинг буюк алломалари мероси орқали мақолада мамлакат илмий тараққиётининг узвийлиги - қадимги кашфиётлардан тортиб сунъий интеллект, VR ва AR-технологиялари қўлланилган интерактив экспозицияларгача кенг ёритилган.
Шунингдек, нашрда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар” халқаро медиафоруми якунлари, унда 20 га яқин битимлар имзолангани таъкидланган. Улар орасида Халқаро медиаальянс тузиш, “Цивилизация овози” танловини таъсис этиш ҳамда миллий артефактларни хориждан қайтариш бўйича ишларни амалга ошириш тўғрисидаги қарорлар ўрин олган бўлиб, бу Ўзбекистон маданий меросини дунёда тизимли тарғиб қилиш учун мустаҳкам замин яратади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати