Қадимда бир подшоҳ бўлиб, у доим чексизлик ҳақида ўйлар, унинг қандай эканини ҳеч тасаввур қила олмас экан. Бир куни унинг шаҳрига бир донишманд келиб қолибди. Шоҳ унинг овозасини эшитиб, саройга таклиф қилибди ва ўзини қийнаётган саволни сўрабди. Донишманд унга бундай жавоб берибди: "Узоқ бир ўлкада адамант тоғи бор. У тоғнинг эни етти чақирим, баландлиги ҳам етти чақирим. Ҳар юз йилда ўша тоққа бир кичкина қушча учиб келади ва тумшуғини шу тоғнинг тошига бир марта чархлаб кетади. Қачон қушча тумшуғини чархлаб ўша тоғни тугатса, ана ўшанда чексизликнинг бир сонияси ўтган бўлади".
Хулоса. Чексизлик тушунчаси олдида бизнинг ҳаётимиз бир ёниб ўчган чироқ кабидир. Шунинг учун бу умрни кераксиз нарсаларга сарф қилмайлик.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Интиқом маҳкамасига айлансангиз энг аввалги қурбон ўзингиз бўласиз
Баъзи инсонлар жуда очиқкўнгил бўлишади. Улар ўзларининг барча ҳақларини талаб қилишмайди, кўп ишларга аҳамият беришмайди, гоҳида ўзларини билмаганга олишади. Умуман олганда очиқкўнгил, кўп нарсани аниқлаштиришга уринаверишмайди, ҳар қандай гапга эътибор қилаверишмайди ва ўзларини бундай майда ишлар билан қийнашмайди. Яна шундай инсонлар борки, юқоридаги инсонларнинг акси. Очиқкўнгиллик нима эканини билишмайди, зарра миқдорида бўлсин ҳақлари бировга ўтиб кетишига йўл қўйишмайди, инсонлар билан доимо ҳақ талашиб жанжаллашади, курашади ва камдан-кам ҳолларда рози бўлишади.
Табиийки, очиқкўнгил инсоннинг кўнгли хотиржам, изтиробдан йироқ бўлади. Шунингдек, у инсонларнинг қалбига яқин, уларнинг муҳаббатларига муносиб бўлади. Инсонлар билан доимий жанжаллашиб юрадиган кишидан фарқли равишда унинг қаршисида муваффақият эшиклари доим очиқ туради. Иккинчи тоифадаги инсон эса барча гаплар ва воқеаларни таҳлил қилади, улардан ярамас мақсадларни излайди. Шу сабабли ўзига турли тарафдан изтиробни жалб қилади, инсонлар уни ёмон кўришади ва ўзларини олиб қочишади.
Аслида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар икки ишдан бирига ихтиёр берилса модомики гуноҳ бўлмас экан енгилини танлардилар, агар гуноҳ бўлса ундан узоқлашадилар. У зот айтадилар:
قال رسول الله صلى الله عليه و سلم: رحم الله عبدا سمحا إذا باع، سمحا إذا اشترى، سمحا إذا اقتضى
“Аллоҳ (бирор нарса) сотса, сотиб олса ва (ҳақ) талаб қилса ҳам очиқ кўнгил бўладиган бандага раҳм қилсин” (Имом Бухорий ривояти).
Шуъла: Эртага изтироб чекмаслигингиз учун бугун қаттиқ ҳаракат қилинг.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан