Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Август, 2026   |   2 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:04
Қуёш
05:32
Пешин
12:28
Аср
17:20
Шом
19:27
Хуфтон
20:52
Bismillah
15 Август, 2026, 2 Рабиъул аввал, 1448

11.08.2017 й. Ҳаж - бешинчи рукн

08.08.2017   8326   8 min.
11.08.2017 й. Ҳаж - бешинчи рукн

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Ҳаж – Ислом арконларидан бири бўлиб, мўмин-мусулмон умрида бир марта адо этиши фарздир. “Ҳаж” сўзи луғатда "мақсад қилиш" маъносини билдиради, истилоҳда эса маълум вақтда  маълум жойларни зиёрат қилиб, маълум амалларни бажаришдир. Ҳаж ҳам жисмоний, ҳам молиявий ибодатдир. Фиқҳий китобларда кишига ҳажнинг фарз бўлиши учун қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши таъкидланади: аввало, мусулмон, балоғат ёшига тўлган, оқил, тани соғ бўлиши, бориб келгунча йўл харажатларига етадиган маблағга эга бўлиш. Шу билан бирга ҳажга бориб келгунига қадар оила аҳлини уларнинг эҳтиёжларига етадиган нафақа билан таъминлаган бўлиши керак. Шунингдек, йўлнинг очиқ ва хавф-хатарсиз бўлиши ҳам ҳажнинг фарз бўлиш шартларидандир. Аёл кишига эса, юқоридаги шартлари билан бирга эри ёки бирорта маҳрами ҳамроҳ бўлиши шарт қилинади. Илло, Саудия Арабистони талабларига кўра кекса ёшдаги онахонларимизга маҳрамсиз зиёрат қилишларига ижозат берилганини таъкидлаш лозим!

Кимда мана шу шартлар топилмаса, унга ҳаж фарз бўлмайди. Аммо ушбу шартлар мавжуд бўлган одам ҳаж қилмоғи лозим бўлади. Қуръони каримда ҳажнинг фарзлиги ҳақидаги оятда шундай дейилган:

وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا  (سورة ال عمران/97

яъни: “Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир” (Оли Имрон сураси, 97-оят).

Ҳаж ибодатини адо қилувчи мўмин-мусулмон киши аввал қилиб юрган хато- камчиликларини тўғрилаб ва гуноҳ ишларидан қайтиб, келгусида ҳақиқий тавба билан гуноҳ ишлардан ўзини тиймоқлиги шарт. Зиммасида ўзгаларнинг ҳаққи бўлса уларни эгасига қайтариши, қарзи бўлса, уни адо қилиши керак. Кундалик эҳтиёжимиз учун фойдаланадиганимиз табиий газ, электр токи, сувдан қарзимиз бўлса уни ҳам тўлашимиз лозим.  

Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади:

الْحَجُّ أَشْهُرٌ مَعْلُومَاتٌ فَمَنْ فَرَضَ فِيهِنَّ الْحَجَّ فَلَا رَفَثَ وَلَا فُسُوقَ وَلَا جِدَالَ فِي الْحَجِّ وَمَا تَفْعَلُوا مِنْ خَيْرٍ يَعْلَمْهُ اللَّهُ وَتَزَوَّدُوا فَإِنَّ خَيْرَ الزَّادِ التَّقْوَى وَاتَّقُونِ يَا أُولِي الْأَلْبَابِ  

(سورة البقرة/197)

яъни, "Ҳаж (мавсуми учун) маълум ойлар (белгиланган). Бас, ким шу ойларда ҳажни ўзига фарз қилса (ҳажни ният қилса), ҳаж давомида хотинига яқинлашиш, гуноҳ-маъсият ва жанжал (каби ишларга рухсат) йўқ. Ҳар қандай яхши (савобли) иш қилсангиз, албатта, уни Аллоҳ билур. (Ҳаж сафарига) озуқа олиб чиқинг. Энг яхши озуқа тақводир. Тақвони Менга қилингиз (Мендан қўрқингиз), эй, оқиллар! " (Бақара сураси, 197-оят) 

Оятнинг мазмунига кўра ҳажга борувчи зиёратчи тақво билан зийнатланиб, ўзининг бажараётган амалларини чиройлик адо этишга ҳаракат қилиши керак.

Қолаверса, саноқли ҳаж кунларини охирати учун захира бўладиган амаллар билан ўтказишга ошиқиши лозим.

Пайғамбаримиз ﷺ ҳадиси шарифларида марҳамат қиладиларки:

قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ حَجَّ للهِ وَلَمْ يَرْفَثْ وَلَمْ يَفْسُقْ رَجَعَ كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ"

 (رواه البخارى و أحمد)

яъни: “Кимики ҳаж ибодатини мукаммал адо этиб, тақиқланган гуноҳ ва маъсият ишлардан ўзини сақлаган бўлса, онасидан янги туғилган кунидек гуноҳлардан пок бўлган ҳолда қайтади”. (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти).

Демак, ҳажни ният қилган киши катта-ю кичик гуноҳларни қилишдан, ҳатто бирор жонзотга озор беришдан, хусусан, одамлар билан жанжаллашишдан доимо ўзини сақлаши лозимдир. Албатта, булар ҳажнинг мақбул бўлиш шартларидан ҳисобланади. Расули акрам ﷺ:

(قَالَ رسول الله صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "اَلْحَجُّ الْمَبْرُورُ لَيْسَ لَهُ جَزَاءٌ إِلاَّ الْجَنَّةُ " (متفق عليه)

яъни: “Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир”, - деганлар.

Муҳтарам жамоат! Аллоҳга беадад шукрлар айтамизки, юрт мустақиллиги шарофати билан ҳаж, умра зиёратига бориб-келиш ишлари ҳам осонлашди ва қулай шароитлар яратилди. Давлатимиз раҳбарияти ва ҳукуматимизнинг бевосита ғамхўрлиги туфайли ҳожиларимиз барча қулай шароитларга эга бўлдилар. Уларни кузатиш, муқаддас жойларга борилгач, у ерда ҳам қулай истиқомат чораларини кўриш ҳамда соғ-саломат Ватанга қайтгач, уларни кутиб олиш каби хизматлар олий даражада олиб борилмоқда.

Бу йили етти мингдан зиёд юртдошларимиз ҳаж амалини адо этиш шарафига муяссар бўлишяпти, минглаб киши умра ибодатини адо этмоқда. Уларнинг бу муборак сафарга эсон-омон бориб-келишлари, ибодатларни барча рукнларига риоя қилган ҳолда мукаммал адо этишларига барча имкониятлар яратилган. Ҳожилар учун транспорт масаласи ҳеч қандай муаммосиз ҳал этилмоқда, уларга замонавий самалётлар ажратилмоқда, махсус ишчи гуруҳи, ошпаз ва шифокорлар билан таъминланмоқда. Улар ибодат жойларига яқин шинам ва қулай меҳмонхоналарга жойланмоқда, уларни озиқ-овқат билан таъминлаш, саломатликларини сақлаш каби ишлар ҳам намунали ташкил этиб келинмоқда.

Муҳтарам жамоат! Ҳаж инсоннинг умрида бир марта насиб бўлиши мумкин бўлган ўта масъулиятли, ўта шарафли ва кўп эътибор қаратилиши лозим бўлган ибодатдир. Шунинг учун бу улуғ сафарни ният қилган юртдошларимизнинг ҳажнинг моҳиятини яхши тушуниб олишлари, уни адо этиш тартибларини пухта ўзлаштиришлари, сафар одобларига қатъий риоя қилишлари талаб этилади.

Катта харажатлар сарфлаб, қанча навбат кутиб, шунча узоқ жойга Аллоҳ розилигини топаман деб борган айрим ҳожиларимиз, афсуски, ғанимат дамларнинг қадрига етмай, кўп вақтларини беҳуда амаллар, дўкон айланишлар, қуруқ сафсаталар билан ўтказиб юборишади. Ҳаж зиёратига отланган кишилар зиммаларидаги фарз, вожиб, суннат амалларни иложи борича жамоат билан, ўз вақтида адо этишга ғайрат қилсинлар. Кўпроқ Қуръон тиловати, нафл ибодатлар, зикр, истиғфорлар айтиш, ёрдамга муҳтож кишиларга кўмак бериш каби савобли ишларни қилишлари зарур. Яна сафар давомида иложи борича билимдон ва солиҳ кишиларга йўлдош бўлиш, Пайғамбаримиз ﷺ тавсия қилган дуоларни ёдлаб, айтиб юришга интилиш ҳам мақбул амаллардандир. Шундагина ҳажларимиз мабрур, ибодатларимиз мақбул бўлади, иншааллоҳ. 

Муҳтарам азизлар! Ҳар жума маърузамизнинг охирида бериб бориладиган фиқҳий масалаларнинг бугунги мавзуси ҳанафий мазҳабимизда ҳаж ибодатининг ҳукмлари.

 

Ҳажнинг фарзлари:

                                                                                                                                                                              

  • Эҳром боғламоқ;
  • Арафотда турмоқ (Арафа куни заволдан бошлаб Қурбон ҳайити куни тонгигача бўлган вақт оралиғида);
  • Каъбани тавоф қилмоқ (Қурбон ҳайити кунлари ичида).

 

Ҳажнинг вожиблари:

 

  • Муздалифада турмоқ (Қурбон ҳайити куни бомдод намозини ўқигандан кейин тонг ёришгунча);
  • Сафо билан Марва орасида Саъй қилмоқ;
  • Жамаротда тош отмоқ; (Қурбон ҳайити кунидан бошлаб тўрт кун);
  • Эҳромдан чиқиш учун сочни олдирмоқ (устарада қириш ёки қисқартириш);
  • Видолашув тавофи (Мийқотларнинг ташқарисидан келган ҳожилар учун).

Аллоҳ таоло муборак ҳаж сафарига ҳозирлик кўраётган барча юртдошларимизни ҳаж ибодатини адо этиб, соғ саломат юртимизга қайтиб келишга муваффақ айласин! Омин.

 

Илова:

Муҳтарам имом домла! Ҳар жума маърузасининг охирги 5-6 дақиқасини фиқҳий масаланинг баёнига ажратишингиз сўралади! Вақтларга риоя қилишингиз қатъий талаб этилади!

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Муз нега сувда чўкмайди? Беруний ва Ибн Синонинг минг йил олдинги илмий баҳси

14.08.2026   9444   6 min.
Муз нега сувда чўкмайди? Беруний ва Ибн Синонинг минг йил олдинги илмий баҳси

Хоразмлик ёш мутафаккир Абу Райҳон Берунийнинг Аристотель физикасига билдирган тажрибавий эътирозлари ва Ибн Сино билан ёзишмалари Х-ХI асрлар бўсағасида Марказий Осиёда шаклланган мустақил танқидий илмий фикрнинг энг ёрқин намунаси ҳисобланади, хабар бермоқда ЎзА.

Х асрнинг охири ва ХI асрнинг бошларида Хоразм ва Бухоро илмий муҳитида антик давр юнон фалсафаси ҳамда табиий фанлар меросини қайта кўриб чиқишга бўлган қизиқиш ниҳоятда кучайди. Аристотелнинг “Осмон ва олам ҳақида” ҳамда “Физика” асарларидаги айрим хулосалар ўша давр тадқиқотчилари томонидан сўзсиз ҳақиқат сифатида қабул қилинаётган бир пайтда, тахминан 24–26 ёшлардаги Беруний антик муаллифнинг айрим қарашларини амалий кузатув ва математик мантиқ ёрдамида шубҳа остига олди. Беруний ўз эътирозлари ва саволларини хат орқали Бухорода яшаб ижод қилаётган, ўша вақтда 17–19 ёшларда бўлган Ибн Синога юборди. Ушбу тарихий мулоқотнинг бизгача етиб келган матни Ибн Синонинг Беруний томонидан берилган саволларга қатор жавобларидан иборат. Манбашунос ва шарқшунос Ю.Завадовский ушбу қўлёзма матнини рус тилига ўгирган ва у илк бор 1957 йилда Тошкентда нашр этилган. Кейинчалик, 1973 йилда Беруний таваллудининг 1000 йиллик юбилейи муносабати билан фалсафа фанлари номзоди А.Шарипов томонидан тайёрланган қайта нашрда ушбу ёзишмаларнинг илмий аҳамияти янада аниқроқ ёритилган.

Берунийни Аристотель таълимотидаги баъзи физик қоидаларнинг кузатув ва тажрибага зид келиши алоҳида ташвишга солган эди. Хусусан, “Физика” бўлимига оид саволлар орасида моддаларнинг нур синдириши ва иссиқлик йиғиш хусусиятига оид аниқ тажриба баён қилинади. Хоразмлик олим думалоқ ва шаффоф шиша идишни олиб, уни сув билан тўлдирганда у биллур лупа каби қуёш нурларини бир нуқтага тўплаб, аланга олдириш хусусиятига эга бўлишини кўрсатиб ўтади. Агар ушбу идиш сув ўрнига ҳаво билан тўлдирилса, ҳеч қандай нур йиғилмайди ва олов ҳосил бўлмайди. Беруний Ибн Синога мурожаат қилиб, сувнинг бундай ўзига хос таъсир кўрсатиши сабабини ва нега айнан сув мавжуд бўлганда нурлар тўпланишини сўрайди. Шарқшунос А.Шарипов тадқиқотларида таъкидланганидек, бу каби саволлар Берунийнинг шунчаки назарий мулоҳаза юритмагани, балки аниқ физик ҳодисаларни тажрибада текшириб кўрганини тасдиқлайди.

Ибн Сино Берунийнинг бу саволига жавоб берар экан, сувнинг табиатан тиниқ, зич ва силлиқ жисм эканини, шу сабабли у ўзидан ўтаётган нурни акслантириш ва қайтариш хусусиятига эгалигини тушунтиради. Оптимика масалаларида олимлар ўртасидаги баҳс Платон ва Аристотель мактабларининг қарашларини қиёслаш даражасигача етиб боради. Ибн Сино кўриш жараёни кўздан нур чиқиши орқали юз бермайди деган Аристотель позициясини ҳимоя қилади ва бу борада Платон қарашларидан фарқли ёндашувни илгари суради.

Берунийнинг яна бир эътиборга лойиқ тажрибавий саволи сув ва музнинг зичлиги ҳамда оғирлиги ўртасидаги муносабатга бағишланган. Аристотель назариясига кўра, совуқ ва тошсимон қаттиқ шаклга эга бўлган муз ўз моҳиятига кўра тупроқ элементига яқинроқ бўлиши ва сув тубига чўкиши керак эди. Лекин Беруний амалиётда музнинг сув юзида сузиб юришини кўриб, бу ҳодисанинг физик сабабини сўрайди. Ибн Сино ўз жавобида сув музлаган пайтда унинг таркибида ҳаво зарралари қотиб қолишини ва айнан шу суюқлик ичидаги ҳаво пуфакчалари музни сув тубига чўкишига йўл қўймаслигини таъкидлайди. Ю.Завадовский томонидан ўрганилган ушбу оммавий мунозара ўша давр учун моддаларнинг физик ҳолати ва термодинамика бошланғич тушунчалари бўйича муҳим қадам эди.

Космология ва фазовий геометрия соҳасида ҳам Беруний Аристотель даъволарини жиддий синовдан ўтказади. Аристотель фазода осмон сфераси оғирликка ҳам, енгилликка ҳам эга эмас, чунки у марказга ёки марказдан атрофга ҳаракат қилмайди деб ҳисоблар эди. Беруний эса хаёлий тафаккур нуқтаи назаридан осмон жисми энг оғир жисмлардан бири бўлиши мумкинлигини, унинг марказга тушмаслиги унинг вазнсизлигини англатмаслигини илгари суради. Шунингдек, Беруний фазо шакли борасида ҳам тўхталиб, осмон сфераси мукаммал шарсимон бўлиши шартлиги, у тухумсимон ёки ясмиқсимон шаклда ҳам бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. Ибн Сино эса геометрия ва физика далилларини келтириб, агар сфера шарсимон бўлмаса, унинг ҳаракати пайтида бўшлиқ ҳосил бўлиши заруриятини исботлашга уринади.

Аристотелнинг фазода оламнинг ўнг ва чап томонлари ҳақидаги қарашлари ҳам Берунийнинг кескин танқидига учрайди. Аристотель жисмнинг ўнг томони ҳаракат бошланадиган жой деб таъриф бериб, кейинчалик Осмон ҳаракати шарқдан бошланади, демак Шарқ – бу ўнг томон деган хулоса чиқарган эди. Беруний бундай хулоса чиқариш логикада “мантиқий айлана” хатолигига олиб келишини кўрсатиб ўтади. Ибн Сино ўз жавобида Аристотель осмон сферасини тирик жисм сифатида тасаввур қилганини айтиб, антик муаллиф мантиғини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.

Ушбу ёзишмалар матни Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг 2385-рақамли қўлёзмалар фондида сақланиб қолган. Мазкур манбанинг бизгача етиб келишида хатларни кўчириб ёзган фақиҳ Маъсумийнинг хизмати борлиги хат охиридаги қайдларда эслатиб ўтилади. Ю.Завадовский ва А.Шарипов тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ХI аср бошидаги бу илмий баҳс нафақат икки мутафаккирнинг шахсий мулоқоти, балки Туронда табиатшунослик фанлари ва кузатув тажрибаларига асосланган янги илмий услуб шаклланганининг тарихий исботидир.

Беруний ва Ибн Сино ўртасидаги ёзишмалар Х-ХI асрларда Хоразм ва Бухорода шаклланган илмий тафаккур даражаси антик давр фалсафасини шунчаки ўзлаштириш билан чекланмай, уни аниқ тажриба ва мантиқий таҳлил воситасида танқидий қайта кўриб чиқиш босқичига кўтарилганини англатади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ибратли ҳикоялар