بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Ҳаж – Ислом арконларидан бири бўлиб, мўмин-мусулмон умрида бир марта адо этиши фарздир. “Ҳаж” сўзи луғатда "мақсад қилиш" маъносини билдиради, истилоҳда эса маълум вақтда маълум жойларни зиёрат қилиб, маълум амалларни бажаришдир. Ҳаж ҳам жисмоний, ҳам молиявий ибодатдир. Фиқҳий китобларда кишига ҳажнинг фарз бўлиши учун қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши таъкидланади: аввало, мусулмон, балоғат ёшига тўлган, оқил, тани соғ бўлиши, бориб келгунча йўл харажатларига етадиган маблағга эга бўлиш. Шу билан бирга ҳажга бориб келгунига қадар оила аҳлини уларнинг эҳтиёжларига етадиган нафақа билан таъминлаган бўлиши керак. Шунингдек, йўлнинг очиқ ва хавф-хатарсиз бўлиши ҳам ҳажнинг фарз бўлиш шартларидандир. Аёл кишига эса, юқоридаги шартлари билан бирга эри ёки бирорта маҳрами ҳамроҳ бўлиши шарт қилинади. Илло, Саудия Арабистони талабларига кўра кекса ёшдаги онахонларимизга маҳрамсиз зиёрат қилишларига ижозат берилганини таъкидлаш лозим!
Кимда мана шу шартлар топилмаса, унга ҳаж фарз бўлмайди. Аммо ушбу шартлар мавжуд бўлган одам ҳаж қилмоғи лозим бўлади. Қуръони каримда ҳажнинг фарзлиги ҳақидаги оятда шундай дейилган:
( وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا (سورة ال عمران/97
яъни: “Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир” (Оли Имрон сураси, 97-оят).
Ҳаж ибодатини адо қилувчи мўмин-мусулмон киши аввал қилиб юрган хато- камчиликларини тўғрилаб ва гуноҳ ишларидан қайтиб, келгусида ҳақиқий тавба билан гуноҳ ишлардан ўзини тиймоқлиги шарт. Зиммасида ўзгаларнинг ҳаққи бўлса уларни эгасига қайтариши, қарзи бўлса, уни адо қилиши керак. Кундалик эҳтиёжимиз учун фойдаланадиганимиз табиий газ, электр токи, сувдан қарзимиз бўлса уни ҳам тўлашимиз лозим.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади:
الْحَجُّ أَشْهُرٌ مَعْلُومَاتٌ فَمَنْ فَرَضَ فِيهِنَّ الْحَجَّ فَلَا رَفَثَ وَلَا فُسُوقَ وَلَا جِدَالَ فِي الْحَجِّ وَمَا تَفْعَلُوا مِنْ خَيْرٍ يَعْلَمْهُ اللَّهُ وَتَزَوَّدُوا فَإِنَّ خَيْرَ الزَّادِ التَّقْوَى وَاتَّقُونِ يَا أُولِي الْأَلْبَابِ
(سورة البقرة/197)
яъни, "Ҳаж (мавсуми учун) маълум ойлар (белгиланган). Бас, ким шу ойларда ҳажни ўзига фарз қилса (ҳажни ният қилса), ҳаж давомида хотинига яқинлашиш, гуноҳ-маъсият ва жанжал (каби ишларга рухсат) йўқ. Ҳар қандай яхши (савобли) иш қилсангиз, албатта, уни Аллоҳ билур. (Ҳаж сафарига) озуқа олиб чиқинг. Энг яхши озуқа тақводир. Тақвони Менга қилингиз (Мендан қўрқингиз), эй, оқиллар! " (Бақара сураси, 197-оят)
Оятнинг мазмунига кўра ҳажга борувчи зиёратчи тақво билан зийнатланиб, ўзининг бажараётган амалларини чиройлик адо этишга ҳаракат қилиши керак.
Қолаверса, саноқли ҳаж кунларини охирати учун захира бўладиган амаллар билан ўтказишга ошиқиши лозим.
Пайғамбаримиз ﷺ ҳадиси шарифларида марҳамат қиладиларки:
قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ حَجَّ للهِ وَلَمْ يَرْفَثْ وَلَمْ يَفْسُقْ رَجَعَ كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ"
(رواه البخارى و أحمد)
яъни: “Кимики ҳаж ибодатини мукаммал адо этиб, тақиқланган гуноҳ ва маъсият ишлардан ўзини сақлаган бўлса, онасидан янги туғилган кунидек гуноҳлардан пок бўлган ҳолда қайтади”. (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти).
Демак, ҳажни ният қилган киши катта-ю кичик гуноҳларни қилишдан, ҳатто бирор жонзотга озор беришдан, хусусан, одамлар билан жанжаллашишдан доимо ўзини сақлаши лозимдир. Албатта, булар ҳажнинг мақбул бўлиш шартларидан ҳисобланади. Расули акрам ﷺ:
(قَالَ رسول الله صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "اَلْحَجُّ الْمَبْرُورُ لَيْسَ لَهُ جَزَاءٌ إِلاَّ الْجَنَّةُ " (متفق عليه)
яъни: “Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир”, - деганлар.
Муҳтарам жамоат! Аллоҳга беадад шукрлар айтамизки, юрт мустақиллиги шарофати билан ҳаж, умра зиёратига бориб-келиш ишлари ҳам осонлашди ва қулай шароитлар яратилди. Давлатимиз раҳбарияти ва ҳукуматимизнинг бевосита ғамхўрлиги туфайли ҳожиларимиз барча қулай шароитларга эга бўлдилар. Уларни кузатиш, муқаддас жойларга борилгач, у ерда ҳам қулай истиқомат чораларини кўриш ҳамда соғ-саломат Ватанга қайтгач, уларни кутиб олиш каби хизматлар олий даражада олиб борилмоқда.
Бу йили етти мингдан зиёд юртдошларимиз ҳаж амалини адо этиш шарафига муяссар бўлишяпти, минглаб киши умра ибодатини адо этмоқда. Уларнинг бу муборак сафарга эсон-омон бориб-келишлари, ибодатларни барча рукнларига риоя қилган ҳолда мукаммал адо этишларига барча имкониятлар яратилган. Ҳожилар учун транспорт масаласи ҳеч қандай муаммосиз ҳал этилмоқда, уларга замонавий самалётлар ажратилмоқда, махсус ишчи гуруҳи, ошпаз ва шифокорлар билан таъминланмоқда. Улар ибодат жойларига яқин шинам ва қулай меҳмонхоналарга жойланмоқда, уларни озиқ-овқат билан таъминлаш, саломатликларини сақлаш каби ишлар ҳам намунали ташкил этиб келинмоқда.
Муҳтарам жамоат! Ҳаж инсоннинг умрида бир марта насиб бўлиши мумкин бўлган ўта масъулиятли, ўта шарафли ва кўп эътибор қаратилиши лозим бўлган ибодатдир. Шунинг учун бу улуғ сафарни ният қилган юртдошларимизнинг ҳажнинг моҳиятини яхши тушуниб олишлари, уни адо этиш тартибларини пухта ўзлаштиришлари, сафар одобларига қатъий риоя қилишлари талаб этилади.
Катта харажатлар сарфлаб, қанча навбат кутиб, шунча узоқ жойга Аллоҳ розилигини топаман деб борган айрим ҳожиларимиз, афсуски, ғанимат дамларнинг қадрига етмай, кўп вақтларини беҳуда амаллар, дўкон айланишлар, қуруқ сафсаталар билан ўтказиб юборишади. Ҳаж зиёратига отланган кишилар зиммаларидаги фарз, вожиб, суннат амалларни иложи борича жамоат билан, ўз вақтида адо этишга ғайрат қилсинлар. Кўпроқ Қуръон тиловати, нафл ибодатлар, зикр, истиғфорлар айтиш, ёрдамга муҳтож кишиларга кўмак бериш каби савобли ишларни қилишлари зарур. Яна сафар давомида иложи борича билимдон ва солиҳ кишиларга йўлдош бўлиш, Пайғамбаримиз ﷺ тавсия қилган дуоларни ёдлаб, айтиб юришга интилиш ҳам мақбул амаллардандир. Шундагина ҳажларимиз мабрур, ибодатларимиз мақбул бўлади, иншааллоҳ.
Муҳтарам азизлар! Ҳар жума маърузамизнинг охирида бериб бориладиган фиқҳий масалаларнинг бугунги мавзуси ҳанафий мазҳабимизда ҳаж ибодатининг ҳукмлари.
Ҳажнинг фарзлари:
Ҳажнинг вожиблари:
Аллоҳ таоло муборак ҳаж сафарига ҳозирлик кўраётган барча юртдошларимизни ҳаж ибодатини адо этиб, соғ саломат юртимизга қайтиб келишга муваффақ айласин! Омин.
Илова:
Муҳтарам имом домла! Ҳар жума маърузасининг охирги 5-6 дақиқасини фиқҳий масаланинг баёнига ажратишингиз сўралади! Вақтларга риоя қилишингиз қатъий талаб этилади!
Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ва диний меросни чуқур ўрганиш ҳамда маънавий-маърифий билимларни кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар доирасида Фарғона, Қашқадарё ва бошқа ҳудудлардан келган имом-хатиблар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлдилар. Улар Марказдаги музей экспозициялари, ноёб қўлёзмалар, Ренессанс даврларига бағишланган бўлимлар ва замонавий интерактив ечимлар билан танишиб, ушбу масканни илм, таълим ва маънавиятни уйғунлаштирган муҳим миллий платформа сифатида баҳоладилар, хабар бермоқда iccu.uz.
Фарғона вилояти Бувайда тумани «Катта маҳалла» масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Ғойибназаров Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган мазкур Марказни ёш авлод учун муҳим маърифат маскани сифатида баҳолади.
«Бу ерда Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари, буюк алломаларимиз қолдирган илмий мерос ва мамлакатимиз тараққиёти ҳақидаги экспозицияларни кўриб катта таассурот олдик. Бу ерга келган ҳар бир инсон ўз тарихини чуқурроқ англайди, ёшлар эса илмга ва ватанпарварликка янада кўпроқ интилади. Бу ерда олган билим ва таассуротларимизни халқимизга етказишни ўзимизга вазифа деб биламиз», — деди у.
Фарғона вилояти Қўштепа тумани бош имом-хатиби, «Муборак» жоме масжиди имом-хатиби Отабек Холмуродов Марказ кутубхонасида илмий изланишлар учун яратилган шароитларга эътибор қаратди.
Унинг таъкидлашича, электрон китоблар фонди, Брайл алифбосидаги адабиётлар, махсус тадқиқот хоналари ва ноёб манбаларнинг бир жойда жамлангани Марказни нафақат музей, балки кенг қамровли илмий ресурс марказига айлантирган.
«Бу кутубхона илмий изланиш билан шуғулланувчилар учун ҳақиқий билим маскани экан. Бу ерда яратилган шароитлар илм аҳлини янада кўпроқ изланишга ундайди. Биз бу имкониятлар ҳақида ёшларимизга албатта тарғибот олиб борамиз», — деди у.
Фарғона вилояти Бағдод тумани бош имом-хатиби Аҳмадхон Низомов эса Марказнинг илмий концепциясига алоҳида тўхталди.
Унинг фикрича, ҳар бир экспозиция ортида кенг кўламли тадқиқотлар ва илмий изланишлар мужассам бўлиб, бу ердаги интерактив муҳит ташриф буюрувчиларни фақат томошабин эмас, балки изланувчига айлантиради.
«Бу ерга бир марта келиб барчасини тўлиқ англаш қийин. Ҳар бир экспозиция ортида катта илмий меҳнат мужассам. Айниқса, алломаларимиз мероси, тадқиқот марказлари ва интерактив имкониятлар инсонни янада чуқур изланишга чорлайди. Бу маскан келажак авлод учун улкан маънавий бойлик ва Янги Ўзбекистоннинг илм-фан тараққиётига хизмат қиладиган муҳим пойдевордир», — деди у.
Ташриф якунида иштирокчилар Марказда жамланган бой илмий ва маданий мерос, рақамли экспозициялар ҳамда таълим имкониятларини кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар ўртасида тарғиб қилиш Учинчи Ренессанс ғояларини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ўзликни англаш ва илмий меросга қизиқишни янада кучайтиришга хизмат қилишини қайд этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати