Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бир машаққатни аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади», дедилар”.
Бу дунёда одамларнинг бошига тез-тез турли ғам-ғусса, қийинчилик ва машаққатлар тушиб туради. Бошига машаққат тушган одам дарҳол ўз яқинларидан ёрдам кутади. Чунки банданинг бир ўзи машаққатга қарши туриши осон эмас. Шунинг учун ҳам динимиз инсонларни бир-биримизга кўмакчи бўлиб яшашга чақиради.
Лекин баъзида бировларнинг бошига машаққат тушиб қолса, одамлар ундан ўзини олиб қочади, унга ёрдамчи бўлишни хоҳламайди. Аксинча, амалдор одам атрофида ўралашади. Бу – беш кунлик дунёнинг матоҳига учган кимсаларнинг ишидир. .Ҳақиқий мўмин биродарининг бошига тушган машаққатни аритишга ҳаракат қилади. Шу билан бирга қиёмат куни ўз бошига тушадиган бир машаққатни аритган бўлади.
Халққа яхшилик қилишимиз,нафақат улар учун фойда, балки ўзимизнинг икки дунё саодатига эришишимизга восита бўлади.
Х.ХОЛБОЕВ,
Бекобод туманидаги “Улуғбек” жоме масжиди имом-хатиби
Савол: Яқинда бир дўстим билан инсон вафотидан кейин руҳ ерга қайтиб келиши ҳақида тортишиб қолдик. Саволим шуки, руҳ ерга қайтиб келадими ёки барзахда қиёматгача кутадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Руҳнинг асл ҳақиқати нима эканлигини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Бу борада Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:
وَيَسْأَلُونَكَ عَنِ الرُّوحِ قُلِ الرُّوحُ مِنْ أَمْرِ رَبِّي وَمَا أُوتِيتُم مِّنَ الْعِلْمِ إِلَّا قَلِيلًا
“Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: “Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир”, – деб айт” (Исро сураси, 85-оят).
Инсон руҳи вафот топиши билан қабр ҳаётида (барзахда) бўлади. Китобларда зикр қилинишича, жасадни қабрга дафн қилингандан сўнг, савол-жавоб қилиниши учун унга руҳи қайта киргизилади.
Шунингдек, қабр аҳлига салом берилган вақтда ҳам руҳ қабр атрофига қайтарилиб, саломга алик олади.
Мўминларнинг руҳи “Иллиййин” (еттинчи осмондаги жой)да, кофирларнинг руҳи эса “Сижжийн” (етти қават ернинг остидаги жой)да бўлиши ҳам баён қилинган. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.