Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Август, 2026   |   2 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:04
Қуёш
05:32
Пешин
12:28
Аср
17:20
Шом
19:27
Хуфтон
20:52
Bismillah
15 Август, 2026, 2 Рабиъул аввал, 1448

04.08.2017 й. Етимларга ғамхўрлик – улуғ савоб

01.08.2017   8263   7 min.
04.08.2017 й. Етимларга ғамхўрлик – улуғ савоб

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Муқаддас ислом динимизда жамиятнинг ҳар бир аъзосига алоҳида эътибор билан қаралади. Катта ёки кичик бўлсин, ҳар бир инсон ҳурмат-эҳтиромга лойиқдир. Инсоният яралибдики, турли тоифадаги одамлар, ёшлигидами ёки қарилигидами бошқа бировларнинг моддий ва маънавий кўмагига муҳтож ва меҳр-оқибатга ташна бўлишлигини Аллоҳ таоло ер юзида жорий қилиб қўйган. Хусусан, етим болалар айнан ёрдам ва эътиборга лойиқ жамият аъзоларидир. Меҳр-мурувватга ташна, моддий-маънавий кўмак ва ҳимояга муҳтож бўлганлар, ота-онасидан айрилганлар-етимлардир. Динимиз таълимотида инсониятни ўзаро бир-бирларига яхшилик қилишга, муҳтожларга ёрдам кўрсатишга буюрилар экан, унда етимлар масаласига аҳамият берилган. Зеро, етимпарвар ҳар бир жамиятда меҳр-оқибат, барака ҳамда хотиржамлик ҳукм суради. Аллоҳ таоло баъзи бандалари тақдирига етим бўлишликни битиб қўйиб, жамиятдаги бошқа шахсларнинг етимларга бўладиган муносабати, уларнинг мол-мулкларига оид ҳукмларни ҳам Қуръони каримда ва Ўз Пайғамбари Муҳаммад с.а.в.нинг ҳадиси шарифлари орқали баён қилиб берган.

Аллоҳ таоло етимлар ҳаққини емасликка ва улар балоғат ёшига етгандан кейин, ҳақларини ўзларига қайтариб беришга буюриб шундай марҳамат қилади:

 وَابْتَلُوا الْيَتَامَى حَتَّى إِذَا بَلَغُوا النِّكَاحَ فَإِنْ آَنَسْتُمْ مِنْهُمْ رُشْدًا فَادْفَعُوا إِلَيْهِمْ أَمْوَالَهُمْ وَلَا تَأْكُلُوهَا إِسْرَافًا وَبِدَارًا أَنْ يَكْبَرُوا وَمَنْ كَانَ غَنِيًّا فَلْيَسْتَعْفِفْ وَمَنْ كَانَ فَقِيرًا فَلْيَأْكُلْ بِالْمَعْرُوفِ فَإِذَا دَفَعْتُمْ إِلَيْهِمْ أَمْوَالَهُمْ فَأَشْهِدُوا عَلَيْهِمْ وَكَفَى بِاللَّهِ حَسِيبًا  

(سورة النّساء/06)

яъни: “Етимларни, то балоғат ёшига етгунларига қадар  назорат қилиб (вояга етиш вақтини кузатиб) турингиз: вояга етганларини сезсангиз, (қўлингиздаги омонат) мол-мулкларини ўзларига топширингиз! Уларни исроф қилиб ва (улғайиб қолмасинлар деб) шошқалоқлик билан еб юбормангиз! Ким бой бўлса, (етимнинг мулкидан ейишдан) сақлансин. Агар камбағал бўлса, яхшиликча (меъёрида олиб) есин. Мол-мулкларини ўзларига қайтарганингизда, уларга гувоҳ чақирингиз. Аллоҳ ҳисоб-китобда кифоя қилувчи зотдир”. (Нисо сураси, 6-оят).

Фақиҳларимиз томонидан Қуръони карим оятлари ва ҳадисларда келган етимларга муносабат ва уларга оид ҳукмлар батафсил баён қилиб берилган. Шунга кўра, етим деб балоғатга етмасидан олдин отаси вафот этган болага айтилади. Балоғат ёшига етганидан сўнг етим ҳисобланмайди. Бу хусусда Расулуллоҳ с.а.в. ўз ҳадисларида:

(عَنْ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ قَالَ: حَفِظْتُ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "لَا يُتْمَ بَعْدَ احْتِلَامٍ، وَلَا صُمَاتَ يَوْمٍ إلَى اللَّيْلِ" (رَوَاهُ أَبُو دَاوُد

яъни: “Али ибн Абу Толиб айтади, мен Расулуллоҳ с..а.в.дан: “Эҳтилом (балоғатга етган)дан сўнг етимлик йўқдир. Кундузи то кечгача сукут қилиб, (бошқа диндагиларда бўлгани каби) жим туришлик ҳам йўқдир”, - деб айтганларини ёдлаб олганман”, - деди. (Имом Абу Довуд ривоят қилган). Демакки, юқоридаги оят ва ушбу ҳадиснинг далолатига кўра етимларнинг вояга етишлари, уларнинг мустақил ҳаётга қадам қўйишлари билан шарт-шароитлари ўзгаради.

Муҳтарам жамоат! Бизнинг диёрларда етим-есирларга алоҳида ғамхўрлик қилиш, уларнинг бошини силаш, етимнинг ҳаққини ейиш оғир гуноҳ эканлиги каби тушунчалар халқимизнинг қон-қонига сингиб кетгандир. Ҳозир ривожланган баъзи давлатлар 13-14-асрлардаёқ “Етимхоналар” очганлари билан фахрлансалар, аслида, бизнинг ота-боболаримиз олийжаноб ислом динимизнинг таълимотига амал қилиб, етимлар, моддий-маънавий кўмак ва ҳимояга муҳтож бўлганлар, ота-онасидан эрта айрилганларга меҳр-мурувват улашиб, керак бўлса уйларидан жой берганлари фахрланса арзигулик ишдир. Етимни кафолатига олишнинг фазилати, унга бериладиган савобларнинг улуғлиги ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.дан кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Жумладан у зот:

عن رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ :"أَنَا وَ كَافِلُ الْيَتِيمِ فيِ الْجَنَّةِ هَكَذَا وَ أَشَارَ بِالسَّبَّابَةِ وَ الْوُسَطَى وَ فَرَّجَ بَيْنَهُمَا"

رواه البخاري

яъни: “Мен ва етимни ўз қарамоғига олган киши жаннатда мана шундай ёнма-ён турамиз”, - деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасини очиб кўрсатдилар. (Имом Бухорий ривояти).

Кейинги пайтларда “тирик етимлар” деган иборанинг кўп эшитилишига ҳам асослар бор. “Тирик етим” деганда отаси тирик бўлатуриб, фарзандларини ташлаб кетган, уларни нафақасиз, тарбиясиз, қийин шароитда яшашга мажбур қилган инсофсиз, виждонсиз, оталарнинг фарзандлари тушунилади. Ахир ўзининг роҳатини кўзлаб, оиласини ва сағир-сағира фарзандларини қаровсиз қолдириб кетаётган инсонларни комил мусулмон деб бўладими!?

Ваҳоланки, етимларга ғамхўрлик қилиш борасида бошқа бир ҳадисда:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : " خَيْرُ بَيْتٍ فِي الْمُسْلِمِينَ

"َيْتٌ فِيهِ يَتِيمٌ يُحْسَنُ إِلَيْهِ ، وَشَرُّ بَيْتٍ فِي الْمُسْلِمِينَ بَيْتٌ فِيهِ يَتِيمٌ يُسَاءُ إِلَيْهِ 

яъни:“Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз с.а.в айтдилар: “Мусулмонларнинг уйи ичида энг яхшиси етимга яхши муносабатда бўлинган уйдир. Мусулмонларнинг уйи ичида энг ёмони етимга ёмон муносабатда бўлинган уйдир”, - деганлар.

Етимни ўз қарамоғига олишга ҳақлироқ киши аввало, унинг энг яқин қариндошларидир. Чунки, бошқаларга қараганда қариндошлари, яқин кишилари етимга нисбатан мушфиқ ва меҳрибонроқ бўлади.

Ҳозирги кунда давлатимиз томонидан ҳам “Меҳрибонлик уйлари”да тарбия топаётган болаларга ғамхўрлик қилиб келинмоқда. Балки, уларга моддий томондан ҳамма шароитлар яратиб берилмоқда. Бироқ, ҳар қанча бўлса-да, ота-онасининг меҳрини ҳеч ким беролмайди. Шунинг учун, фарзандларини тирик етим қилаётган оталар, ўз жигар гўшаларидан воз кечиб кетаётган оналар нақадар оғир гуноҳ қилаётганларини англамоқлари лозим.

Муҳтарам азизлар! Аллоҳ таолонинг инояти билан бугундан бошлаб ҳар жума маърузаларимизнинг охирида фиқҳий масалалардан бериб боришни йўлга қўямиз. Жамоатимизга янги намозхонлар қўшилаётгани сабаб бугунги суҳбатимиз ҳанафий мазҳабимизда таҳоратнинг ҳукмлари бўйича бўлади. Аллоҳ таоло таҳоратнинг фарзлари тўғрисида “Моида” сурасининг 6-оятида баён қилган.

 

Таҳоратнинг фарзлари:

 

1) Юзни ювмоқ;

2) икки қўлни тирсаккача ювмоқ;

3) икки оёқни тўпиққача ювмоқ;

4) бошнинг тўртдан бирига масҳ тортмоқ.

 

Таҳоратнинг суннатлари:

 

1) “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим”ни айтиб бошламоқ;

2) икки қўлини икки бандигача ювмоқ;

3) мисвок ишлатмоқ;

4) оғиз-бурунга сув олиб чаймоқ;

5) бошнинг суви билан икки қулоққа масҳ тормоқ;

6) соқолни тахлил қилмоқ;

7) бармоқлар орасини ҳам тахлил қилмоқ;

8) аъзоларни уч мартадан ювмоқ;

9) таҳорат олишни ният қилмоқ;

10) аъзоларни юздан бошлаб тартиб билан ювмоқ;

11) ўнг тарафдан бошлаб ювмоқ;

12) бошнинг ҳаммасига масҳ тортмоқ.

 

Таҳоратни бузувчи амаллар:

 

1) икки махраждан бирор нарса чиқса;

2) бадандан қон ёки йиринг чиқса;

3) оғзини тўлдириб қусса;

4) чўзилиб ёки суяниб ётиб ухласа;

5) ҳушдан кетса ёки ақлдан озса;

6) намозда қаҳқаҳа отиб кулса.

 

Аллоҳ таоло барчамизни муҳтожларга ёрдам қўлларимизни чўзмоғимизга ва бунинг эвазига ваъда қилинган улуғ ажру савобларга эга бўлмоғимизга муяссар қилсин! Омин!

 Илова:

Муҳтарам имом домла! Ҳар жума маърузасининг охирги 5-6 дақиқасини фиқҳий масаланинг баёнига ажратишингизни сўраймиз! Вақтларга риоя қилишингизни қатъий талаб қиламиз!

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Шайбонийлар дахмаси зиёратгоҳга айлантирилади

13.08.2026   24149   3 min.
Шайбонийлар дахмаси зиёратгоҳга айлантирилади

Самарқанднинг юраги бўлган Регистон майдони ҳудудидаги Шайбонийхон ва унинг сулоласи дафн этилган маскан зиёратгоҳга айлантирилади.

Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаровнинг сўзларига кўра,1960–1962-йилларда ҳозирги Ислом Каримов кўчасини кенгайтириш, ободонлаштириш ишлари жараёнида мазкур дахма шу ҳудудда бўлган Шайбонийхон мадрасаси ҳовлисидан Регистон майдонига – Тиллакори ва Шердор мадрасалари ёнига кўчирилган.

“Маълумки, мазкур ҳудуд Амир Темур бобомиз даврида Самарқанд шаҳрининг энг муҳим марказларидан бири бўлган, бу ҳудудда кўплаб мадраса ва масжидлар бунёд этилган. Жумладан, Амир Темур масжиди ва унинг рўпарасида Бибихоним мадрасаси қад ростлаган. Кейинчалик Мирзо Улуғбек бобомиз томонидан улкан мадраса қурилган. Балки Шайбонийхон ҳам ана шу улуғвор мадраса ва масжидларга ҳавас қилиб, уларнинг ёнида мадраса қургандир. Чунки, тарихий манбалардан биламизки, Муҳаммад Шайбонийхон ҳам улуғ ҳукмдор бўлиш билан бирга илм-маърифат ҳомийси, илмли инсон ва ижодкор сифатида Самарқандда улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган, кўплаб масжид ва мадрасалар қурдирган. Амир Темурдан кейин қудратли давлат ташкил этиб, унинг чегараларини кенгайтирган, обод қилган”, дейди Регистон мажмуаси раҳбари.

Тарихий манбаларда Шайбонийхон 1510-йилда Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан бўлган жангда ҳалок бўлгач, унинг бошсиз танаси Самарқандга келтирилиб, Баланд Суфага дафн қилингани ёзилган.

Баланд Суфа ўз вақтида Шайбонийхон мадрасасида бўлган ва кейинчалик (1960–1962-йилларда) ўз ҳолича Регистон ҳудудига кўчирилган дахмадир.

Хонқул Самаровнинг қўшимча қилишича, шу пайтгача Муҳаммад Шайбонийхон шахсига муносабат ортидан бу жойга ҳам етарли даражада эътибор қаратилмаган.

Шунингдек, у олтмиш йилдан ортиқ вақтдан буён ушбу ҳудудда турган бу зиёратгоҳ ҳақида оддий одамлар, ҳатто кўпчилик тарихчиларда ҳам ма'лумот ё'қлигини, бунга сабаб эса ҳудудда ҳеч қандай кўргазмали восита ёки ёзув мавжуд эмаслигини таъкидлайди.

“Йиллар давомида халқимиз онгига Бобур ижобий, Шайбонийхон салбий шахс сифатида сингдирилди. Аслида эса давлатчилик тарихимиз, қолаверса, адабиётимиз ривожида бу икки буюк бобомизнинг ҳам ўз муносиб ўрни, ҳиссаси бор. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзи ҳам “Бобурнома”да бу зотнинг номи ҳақида тўхталиб, “Шайбоқ”, яъни “куч-қудратли” деган таъриф берган. Шайбонийхон ва шайбонийлар томонидан Самарқандда, умуман, ушбу минтақада катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани ҳақида тарихий манбаларда кўплаб маълумотлар учрайди. Масалан, Шайбонийхон бир неча босқичли ўқитиш тизими жорий этиб, барча илмлардан хабардор бўлиш учун бола 26-йил таълим олиши керак, деб ҳисоблаган. Икки йиллик мактаб таълимидан сўнг ҳар бири 8-йилдан иборат уч босқичли мадраса таълимини олиш зарур бўлган”, дея маълумот беради Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаров.

Маълумот учун, Шайбонийхон кучли саркарда, ҳукмдор бўлиш билан бирга ижодкор сифатида нафис ғазал ва рубоийлар, достонлар ёзган. Жумладан, “Баҳр-ул худо” номли достони ва ўғли валиаҳд Темур султонга аталган панд-насиҳатлардан иборат китоби мавжудлиги қайд этилади.

Тарихий манбаларда келтирилишича, у бобоси Абулхайрхон вафотидан кейин пароканда бўлиб кетган қабилаларни бирлаштириб, кўчманчи ўзбеклар давлатини қайта тиклаган. Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросонни эгаллаб, қудратли давлат барпо қилган. Муҳаммад Шайбонийхон бутун минтақани ягона бир марказ – Самарқанд қўл остида бирлаштирган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари