بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Оила инсоннинг дунёвий саодатини таъминловчи қўрғондир. Жамият ҳаётининг равнақи, даражаси, сифати кўп ҳолларда оиланинг қай даражада ҳаётга қобиллигида намоён бўлади. Жамият оилаларнинг мажмуидир. Шунинг учун жамиятнинг аҳволи билан оиланинг ҳоли бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Шунга кўра жамиятдаги норасоликлар тўғридан-тўғри оилага ёхуд оиладаги иллатлар тўғридан-тўғри жамиятга ўз таъсирини ўтказади. Ҳар бир ажралиш, ҳар бир заҳил ранг, кўзи маюс бола, ҳар бир ёлғиз эркак, ҳар бир кўзи ёшли аёл жамиятнинг дардидир. Агар оила ҳалол-пок бўлса, тинч бўлса, жамият мустаҳкам, турмуш фаровон бўлади. Оилада эркак кишининг масъулияти алоҳида қайд этилган. Аллоҳ таоло эркак кишини жисмоний ва руҳий жиҳатлари билан оила раҳбари бўлишга мос қилиб яратган. Оила қуриш ва унинг осойишталигини сақлаш, бу йўлдаги барча сарф-харажатлар эркак кишининг зиммасидадир. Аллоҳ таоло эркак кишига оиладек муқаддас даргоҳга раҳбар бўлиш вазифасини юклаб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاء بِمَا فَضَّلَ اللّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنفَقُواْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ
(سورة النساء/34).
яъни: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” – деган.
Пайғамбаримиз с.а.в. эрнинг аёли олдидаги вазифаси хусусида шундай марҳамат қилганлар; Ривоят қилинишича, саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: Зиммамизда хотинларимизнинг қандай ҳақлари бор? – деб сўрашганда, У зот (сав):
أَنْ تُطْعمَهَا إِذَا طَعِمْتَ ، و تَكْسُوهَا إِذَا اكْتَسيْتَ وَ لاَ تَضْرِبِ الْوَجْهَ ، وَ لاَ تُقَبِّحْ ، وَ لاَ تَهْجُرْ"
"إِلاَّ فِى الْبِيْتِ
(رواه ابو داود).
яъни: “Еганингизда уни ҳам едирмоғингиз, кийганингизда кийдирмоғингиз, юзига урмаслик, қабиҳ сўзлар билан ҳақорат қилмаслик, аразлашганда уйдан чиқмаган ҳолда фақат ўринни бошқа қилиб ётмоқлик” – дедилар. (Имом Абу Довуд ривояти).
Эркак кишининг энг катта бурчи ўз қарамоғидагиларнинг ўзгаларга қарам бўлиб қолишига йўл қўймаслигидир. Дарҳақиқат, эркакларнинг зиммасига аҳли аёл нафақаси фарздир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида: “Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади”, деб марҳамат қилганлар.
Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи бир оила бошлиқлари айни шу масалада ўз вазифаларини унутиб қўймоқдалар. Ҳатто баъзилари ориятсизлик билан ўз жуфти ҳалолларини аёллар шаънига мос келмайдиган йўллар билан пул топиб келиш учун кўча-кўйга чиқариб, ҳатто мардикорчилик қилишга мажбур қилаётганлари ҳам сезилмоқда. Бундай ҳолатлар пайдо бўлиши ачинарли ҳолдир.
Расулуллоҳ (с.а.в.) Ҳажжатул вадоъда эркакларга мурожаат қилиб, бундай дедилар: “Аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар, дарҳақиқат, улар сизнинг ёрдамчиларингиз бўлиб, сизларнинг улардаги ҳаққингиз шундан иборатки, сизнинг уйингизга сиз ёқтирмаган бирорта кимсанинг киришига йўл қўймаслик. Борди-ю, шундай қилсалар уларни жароҳат етказмайдиган қилиб уришиб қўйингиз! Ўз навбатида сизлар ҳам уларни ўрта ҳолатда едириб, кийдирингиз” (Имом Муслим ривояти).
Албатта, Ислом дини ўз аёлларига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшилари қаторига қўшади. Бу ҳақда Расулуллоҳ шундай деб марҳамат қиладилар:
قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: "خَيْرُكُمْ خَيْرُكُمْ لِأَهْلِهِ وَأَنَا خَيْرُكُمْ لِأَهْليِ"
(رواه الترمذي).
яъни: “Сизларнинг ичингиздаги энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман”. (Имом Термизий ривояти).
Муҳтарам намозхонлар! Оилада эр ўз ота-онасини биринчи навбатда ҳурмат қилиши ва аёлини ҳам ота-онасига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишига ундаб туриши лозим. Чунки, ота-онани ҳурмат қилиш фарзанд учун биринчи вазифа. Лекин шуни яхши билиш лозимки, ота-она фарзандини аёлига талоғини беришга мажбурлашга ҳаққи йўқ. Бу борада ўғил ота-онасига итоат қилмасликка ҳаққи бор. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:
عَن عَلِيٍ رَضِيَ اللهُ عَنهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لاَ طَاعَةَ لِبَشَرٍ فيِ مَعصِيَةِ اللهِ،
إِنَّمَا الطَّاعَةُ فيِ المَعرُوفِ
(رواه البخاري و مسلم).
яъни: Али р.а.дан ривоят қилинади, Пайғамбар с.а.в. дедилар: "Аллоҳга маъсият бўладиган ишда инсонга итоат қилинмайди. Итоат фақат шариатга мувофиқ бўлган маъруф ишлардадир". (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Демак, бандани рози қиламан, деб Аллоҳ таолони норози қиладиган нарсани қилиб бўлмайди. Ҳар бир мусулмон фарзанд ота-онасини рози қилиш учун барча яхшиликларини қилиши шарт. Аммо ота-онаси хоҳламай қолган аёлни рухсатини бериши мумкин эмас.
Муҳтарам жамоат! Маълумки, ақди никоҳнинг шартларидан бири эр-хотиннинг розилигидир. Яъни, агар эр ёки хотиннинг иккисидан бири никоҳга рози бўлмаса ундай никоҳ тўғри бўлмайди. Аммо, талоқ масаласида фақат эрнинг талоғи инобатга ўтади. Аёл кишининг талоғига эътибор йўқ. Бу дегани эркак киши талоқ масаласида жуда ҳам эҳтиёт бўлиши лозим демакдир. Баъзи бир эркаклар билиб-билмай, тушуниб-тушунмай, арзимаган оилавий можаро сабабли ўз жуфти ҳалолига нисбатан талоқ лафзини ишлатиб қўймоқдалар. Баъзилари эса талоқ бериш ҳуқуқини суъистеъмол қилиб, ҳа деганда аёлини қўрқитиш ёки ўзига бўйсундириш мақсадида бу сўздан фойдаланадилар. Ҳолбуки, “талоқ” лафзи айтилганда Аллоҳнинг Арши ларзага келади, шаръий никоҳ фосид бўлиб, эр-хотин бир-бирига ҳаром бўлиб қолади. Талоқ Аллоҳнинг ёмон кўрган нарсасидан бўлиб, у охирги чора сифатида жорий қилингандир. Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қилганлар:
عَنِ النَّبِيِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "أَبغَضُ الحَلَالِ اِلىَ اللهِ الطَّلاَقُ"
(رواه أبو داود وابن ماجه).
яъни: “Ҳалол нарсалар ичида Аллоҳ энг ёмон кўрадиган нарса талоқдир”. (Имом Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти).
Баъзи эркаклар талоқ масаласига бепарво бўлиб, аёлига талоқ сўзини кўп айтсада бунга парво қилмай ўзаро оилавий муносабатларда давом этавериш ҳоллари ҳам учраб туради. Уларнинг бу ишлари гуноҳи азимдир, ҳар биримиз бунинг хатари ва оқибатидан огоҳ бўлишимиз лозим. Талоқни эрмак қилиш, бўлар-бўлмас сабаблар билан хотинни талоқ қилавериш жуда катта кулфатларга, оилавий бахтсизликларга сабаб бўлишини унутмаслигимиз зарур.
Минг афсуслар бўлсинки, талоқнинг келиб чиқишига кўп ҳолларда талоқнинг олдини олиши керак бўлган шахслар ота-оналар сабабчи бўлиб қолишяпти. Тўғри, кўпчилик ота-оналар ўз фарзандларини уйлаб-жойлаганларидан кейин ҳам уларнинг оилавий ҳаётлари бахтли бўлиши учун қўлдан келган барча чораларни кўришади, ўғил-қиз ва келин-куёвларига доно маслаҳатчи бўлишади, ўз ҳаётий тажрибалари асосида ёшларга таълим беришади, уларнинг хато-камчиликларини кечириб, олийжаноблик кўрсатишади.
Аммо баъзи ҳолатларда тамоман аксинча ҳолатни ҳам кўрамиз. Ота-оналар орага тушиб, болаларининг оилавий ҳаётларини бузишгача бориб етишади. Бундай бемаъни аралашувдан эҳтиёт бўлиш керак.
Аллоҳ таоло юртимизни обод қилиб, оилаларимизни мустаҳкам ва азиз фарзандларимизни ота-онасига раҳмат келтирадиган, элу юртга манфаатли инсонлар бўлишларини насиб айласин! Омин.
Инсоният цивилизацияси тарихида айрим даврлар борки, улар фақат муайян халқ ёки минтақанинг эмас, балки бутун жаҳон тараққиётининг йўналишини белгилаб берган. Ислом цивилизациясининг IX–XV асрлардаги юксалиш даври ана шундай тарихий босқичлардан бири ҳисобланади. Бу даврда илм-фаннинг турли соҳалари бир-биридан ажралмаган ҳолда. ўзаро уйғунликда ривожланди. Математика астрономия билан, тиббиёт фалсафа билан, география математика билан, тилшунослик тарих билан, диний илмлар эса мантиқ ва тафаккур маданияти билан мулоқот қилган. Бугун фанлараро тадқиқот, рақамли гуманитаристика, сунъий интеллект ва комплекс илмий ёндашувлар жаҳон илм-фанининг энг муҳим йўналишларига айланган бир пайтда, ўша тарихий тажриба янада қизиқарли аҳамият касб этмоқда.
Мазкур уйғунлик тасодифий эмас эди. У Қуръони каримда илмга берилган юксак қадр, тафаккурга даъват, инсонни борлиқни англашга чорловчи ғоялар билан мустаҳкамланган илмий дунёқараш маҳсули эди. Шу сабабли ўша давр олимларини бугунги замонавий тушунчалардаги қатъий «мутахассисликлар» доирасига жойлаштириш қийин.
Форобий фалсафа, мантиқ, сиёсат, ахлоқ ва мусиқа назарияси билан шуғулланган. Хоразмий математика ва астрономия соҳаларида ишлаган. Беруний астрономия, география, геодезия, минералогия, тарих ва этнографияга оид асарлар яратган. Ибн Сино тиббиёт билан бир қаторда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар ҳақида ҳам кенг тадқиқотлар олиб борган. Улуғбек эса давлат бошқаруви, таълим ва астрономик тадқиқотларни бирлаштирган илмий муҳитни шакллантирган. Бу мисолларнинг умумий жиҳати шундаки, билим соҳалари ўртасидаги чегаралар қатъий бўлмаган.
Бугун «интердисциплинар тадқиқот» деб аталадиган ёндашувнинг айрим тамойиллари айнан ана шу интеллектуал анъаналар билан ҳамоҳанг.
Шунингдек, ислом цивилизациясининг интеллектуал меросини фақат табиий ва аниқ фанлар билан чеклаш ҳам тўғри эмас. Чунки диний илмлар соҳасида ҳам манбаларни йиғиш, текшириш, таснифлаш ва баҳолашга қаратилган мураккаб илмий анъаналар шаклланган.
Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги мероси бунга яққол мисол бўла олади. Ҳадисларни саралашда ровийлар ҳақидаги маълумотлар, ривоят занжири ва бошқа мезонлар ўрганилган. Имом Мотуридий эса ақидавий масалаларни ақл ва нақл уйғунлиги асосида таҳлил қилган. Унинг мероси ислом интеллектуал анъанасида ақлий далиллаш ва диний билим ўртасидаги муносабат масаласида муҳим ўрин тутади.
Шу жиҳатдан Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний ёки фақат илмий тарих сифатида эмас, кенг интеллектуал жараён сифатида кўриш мумкин.
Ўзбекистонда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси тарихий илмий меросни замонавий тараққиёт эҳтиёжлари билан боғлашга қаратилган.
Бу ёндашувнинг марказида илм-фан, таълим, инновация, маданият ва маънавиятни ўзаро боғлиқ тизим сифатида ривожлантириш ғояси туради.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу концепциянинг муҳим амалий ифодаларидан биридир.
Марказнинг вазифаси фақат тарихий экспонатларни намойиш қилиш билан чекланмайди.
Унинг концепциясида ислом цивилизациясининг илм-фан, таълим, фалсафа, санъат, меъморчилик ва инсонпарварлик соҳаларидаги меросини комплекс равишда ўрганиш ва намойиш этиш ғояси мужассам.
Нафақат музей, балки интеллектуал платформа
Марказни анъанавий музей тушунчаси доирасидагина баҳолаш унинг концепциясини тўлиқ ифодаламайди. Замонавий музей фақат экспонат сақлайдиган жой эмас. У тадқиқот, таълим, рақамлаштириш ва халқаро илмий мулоқот марказига айланиши мумкин. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази концепциясида ҳам ана шу ёндашув муҳим ўрин тутади.
Қадимий қўлёзма — шунчаки тарихий буюм эмас. У тил, тарих, матншунослик, кодикология, санъат, материалшунослик ва рақамли технологиялар нуқтаи назаридан тадқиқ қилиниши мумкин бўлган мураккаб манба. Археологик меросни ўрганишда эса геоинформацион тизимлар, рақамли моделлаштириш, 3D технологиялар ва бошқа замонавий усуллардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Шундай қилиб, маданий меросни ўрганишнинг ўзи фанлараро жараёнга айланмоқда.
Ўтмишни сунъий интеллект билан боғлаш
Технологиялар маданий меросни ўрганиш усулларини ҳам ўзгартирмоқда.
Қўлёзмаларни юқори сифатда рақамлаштириш, матнларни электрон базаларга киритиш, сунъий интеллект ёрдамида матнларни таҳлил қилиш, 3D моделлар яратиш ва виртуал муҳитларда тарихий объектларни қайта тиклаш имкониятлари илмий тадқиқотлар учун янги йўналишларни очмоқда.
Бу ерда муҳим нуқта бор. Технология тарихнинг ўрнини босмайди — у тарихни янги авлод учун тушунарли ва тадқиқот учун янада очиқ қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг концепцияси ҳам ўтмишдаги илмий меросни замонавий технологиялар билан боғлашга қаратилган.
Бу ёндашув тарихий билимни архив ва китоблар доирасидан чиқариб, халқаро тадқиқотчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун очиқ интеллектуал ресурсга айлантириш имконини беради.
«Маърифат билан жаҳолатга қарши»
Ислом цивилизациясининг илмий меросини ўрганишнинг яна бир аҳамияти бор.
Глобал ахборот маконида дин, тарих ва маданият ҳақида турли хил, баъзан бир-бирига зид тасаввурлар юзага келганда тарихий меросни илмий асосда тушунтириш нафақат маданий, балки маърифий аҳамиятга ҳам эга.
Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний маросимлар ёки сиёсий воқеалар орқали эмас, балки математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, география, меъморчилик ва бошқа соҳалардаги ютуқлар билан бирга ўрганиш унинг мураккаб ва кўп қиррали табиатини яхшироқ англаш имконини беради.
Шу маънода маърифат тарихий билимни замонавий ахборот муҳитидаги нотўғри талқинларга қарши муҳим воситага айлантириши мумкин.
Ўзбекистоннинг янги халқаро илмий платформаси
Ислом цивилизацияси бир мамлакат ёки бир халқнинг мероси эмас. У Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий Осиё ва бошқа ҳудудларни қамраб олган кенг тарихий ва интеллектуал маконни ифодалайди. Шу сабабли бу меросни ўрганиш ҳам халқаро ҳамкорликни талаб қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳам турли мамлакатларнинг олимлари, университетлари, музейлари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида мулоқотни кучайтиришдан иборат.
Бу Ўзбекистоннинг ўз тарихий меросини дунёга танитиш билан бирга, мамлакатни глобал гуманитар тадқиқотларнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён этишига хизмат қилиши мумкин.
Учинчи Ренессанснинг асосий кучи
Учинчи Ренессанс ҳақида гап кетганда, масала фақат янги бинолар қуриш ёки янги муассасалар ташкил этишдан иборат эмас. Асосий савол бошқа: Ўзбекистон ўзининг бой илмий меросини замонавий билим ва инновацияларга қандай айлантира олади? Бу саволнинг жавоби илм-фан, таълим, технология, маданият ва инсон капиталининг бир нуқтада бирлашишини талаб қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳам шу нуқтада намоён бўлади. У тарихий меросни сақлаш билан бирга, уни тадқиқ қилиш, рақамлаштириш, халқаро илмий мулоқотга олиб чиқиш ва янги авлодга етказиш учун платформага айланиши кўзда тутилмоқда.
Шу маънода Марказни ўтмишга бағишланган иншоот эмас, келажакка йўналтирилган интеллектуал инвестиция сифатида баҳолаш мумкин.
Чунки цивилизациянинг ҳақиқий қиймати фақат унинг ўтмишда яратган мероси билан эмас, балки бу мерос янги авлод учун қандай янги билим ва ғояларга айланиши билан ҳам ўлчанади.
Хоразмийнинг ҳисоблаш усулларидан бугунги алгоритмларгача, Берунийнинг комплекс тадқиқотларидан замонавий фанлараро лойиҳаларгача, Улуғбек расадхонасидан рақамли астрономиягача бўлган йўл бир ҳақиқатни кўрсатади: илм тараққиёти чегаралар эмас, мулоқот ва ҳамкорлик орқали тезлашади.
Эҳтимол, Учинчи Ренессанснинг энг муҳим вазифаси ҳам ана шунда — аждодлар яратган билимларни шунчаки эслаш эмас, балки улардан янги билимлар яратиш учун фойдаланиш. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса ана шу ғоя атрофида шаклланаётган янги интеллектуал муҳитнинг муҳим платформаларидан биридир.
Муаллиф: Абулфайз Сайидасқаров, iccu.uz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати