Қўлланмада ҳаж ва умра ибодатига тааллуқли диний масалалар билан бир қаторда ушбу сафар давомида гуруҳ раҳбарлари, ҳожилар ва зиёратчилар билиб олиши учун зарур бўлган тарихий, иқтисодий, фиқҳий масалалар баён этилган, қисқача арабча-ўзбекча сўзлашув ҳам берилган. Китоб ҳаж ва умра сафарига отланаётган юртдошларимиз учун яхши қўлланма ва сафар давомида маънавий ҳамроҳ вазифасини ўтайди деб умид қиламиз.
Китоб муаллифи: Жалолиддин Нуриддинов
Аллоҳ таоло айтади: “Ким Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур”, (Талоқ сураси, 2-оят).
Изоҳ:
- Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ояти кариманинг “чиқиш йўли” қисмини “дунё ва охиратдаги ҳар турли ташвишлардан уни қутқаради”, деб тафсир қилганлар.
- Али ибн Солиҳга кўра, “чиқиш йўли” Аллоҳ таолонинг ўша бандага ризқ бериш билан уни хушнуд этишидир.
- Калбий оятни бундай тафсир қилади: “Ким мусибат пайтида сабр қилиб, Аллоҳдан қўрқса, Парвардигор унга дўзах оташидан жаннат сари бир чиқиш йўли кўрсатади”.
- Абул Олия оятни: “Турли машаққат ва ташвишлардан чиқиш йўли”, дея шарҳлаган бўлса,
- Рабиъ ибн Ҳайсам: “Одамни сиқадиган ҳамма нарсадан унга чиқиш йўли кўрсатади”, шаклида тафсир қилган.
- Ҳусайн ибн Фазлга кўра, оят тафсири бундай: “Ким фарзларни адо этиш борасида Аллоҳдан қўрқса, Аллоҳ унга жазоланишдан қутулиш йўлини кўрсатади”.