frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

14.07.2017 й. Тафриқа - кулфат

11.07.2017   6738   8 min.
14.07.2017 й. Тафриқа - кулфат

 بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло инсонларни бир ота ва бир онадан пайдо қилиб, уларни Ер юзи бўйлаб турли хил миллат ва элатлар шаклида тарқатиб юборди. Инсонларнинг бу каби хилма-хиллиги фитрий бўлиб, Аллоҳ таоло уни илоҳий ҳикмат ила жорий қилди. Яъни, бу бўлиниш ажралиш учун эмас балки, бирлашиш ва ўзаро яқинлашиш учун эканлигини Қуръони каримда баён қилди:

 يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا...

(سورة الحجرات/13)

яъни:  Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. (Ҳужурот сураси, 13-оят). Динимизда мана шу ҳақиқатни баён қилиш орқали инсонларни бирликка, ҳамжиҳатликда яшашга даъват этилади.

Айни пайтда динимиз бизларни ўзаро ихтилоф қилишдан, тафриқага бўлинишимиздан қайтаради. Зеро, ихтилоф ва тафриқа инсонларни бир-биридан узоқлаштиради, ўртада адоват ва фитна пайдо бўлишига сабаб бўлади. Айниқса, динда тафриқага бўлиниш залолат саналиб, инсоннинг икки дунёсини ҳам барбод бўлишига олиб боради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

أَنْ أَقِيمُوا الدِّينَ وَلَا تَتَفَرَّقُوا فِيه...

(سورة الشورى/13).

яъни: “Динни барпо қилингиз ва унда фирқа-фирқага бўлинмангиз!”, деб марҳамат қилган (Шўро сураси, 13-оят).

Муҳтарам биродарлар! Тарихда турли хил фирқалар чиққан бўлиб, улар Пайғамбаримиз с.а.в. айтганларидек ўзлари ҳам залолатда, ўзгаларни ҳам тўғри йўлдан оздириб, бузуқ ақидаларга бошлаганлар. Ўз даврида уламолар ана шундай тоифаларга қарши курашиб, уларнинг бузуқ ақидаларини фош этганлар, мўмин-мусулмонларни залолат йўлларидан огоҳлантирганлар. Хусусан, юртимиздан чиққан буюк бобокалонимиз Абу ал-Муъин ан-Насафий ҳазратлари бундан минг йил аввал ана шундай оқимларга қарши раддия ўлароқ ўзларининг ақидага оид асарларини ёзиб қолдирганлар.

Минг афсуски, бизнинг замонамизда ҳам адашган, эътиқоди бузуқ бўлган бир қанча фирқа ва тоифалар мавжудки, улар ҳамон мўмин-мусулмонларни соф ислом йўлидан чалғитишга, аҳли сунна вал жамоа ақидасидан адаштиришга ҳаракат қилмоқдалар.

Асли мақсадлари дунёвий ғараз, мансабу мартабага эришиш, мўмай даромад топишдан иборат бўлган бундай ғаламис тоифа-ю фирқалар динимизда муқаддас саналган улуғ амалларни ғайри маънога буриб одамларни чалғитмоқдалар. Жумладан, ўзларининг турли хилдаги жиноятларини “халифалик”, “шаҳидлик”, “ҳижрат” ва “жиҳод” каби атамалар билан хаспўшламоқдалар. Бу ҳам етмагандек, ўзларига эргашмаган, уларга қарши чиққанларни кофирга чиқармоқдалар. Кофир дейишдан мақсад эса, уларга қарши уруш очиш, қонларини тўкиб, молларини талон тарож қилишдир. Ҳолбуки, мусулмонга қарши қурол кўтариш, унинг қонини тўкиш энг оғир гуноҳдир. Ҳадиси шарифда марҳамат қилинади:

ثَلَاثٌُ مَن فَعَلَهُنَّ فَقَد أَجرَمَ : "مَن اِعتَقَدَ لِوَاءً فيِ غيَرِ حَقِّ، أَو عَقَّ وَالِدَيهِ ، أَو مَشَى

مَعَ ظَالِم لِيَنصُرَهُ فَقَد أَجرَمَ ، يَقُولُ اللهُ سُبحَانَهُ :إِنَّا مِنَ الْمُجْرِمِينَ مُنْتَقِمُونَ .

яъни: “Учта амал бор, ким шулардан бирортасини қилса, у жиноятчидир: Ким ноҳақлик устига байроқ тикса, ким ота-онасига оқ бўлса ва ким золимга ёрдам берса. Аллоҳ таоло айтади: Албатта, Биз (ундай) жиноятчилардан (дунё ва охиратда) интиқом олувчидирмиз. (Сажда сураси, 22-оят). Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз с.а.в.:

فَقَالَ النَّبِيُّ : « لا يَحِلُّ لِمُسْلِمٍ أَنْ يُرَوِّعَ مُسْلِمًا »

(رَوَاهُ أَبُو دَاوُد).

яъни: “Мусулмон киши мусулмонни қўрқитиши ҳалол эмас”, - дедилар (Абу Довуд ривояти). Ривоят қилинишича, бир куни Ибн Аббос р.а. Каъбанинг деворига суяниб туриб шундай дедилар: “Эй, Каъба! Аллоҳнинг наздида ҳурматинг нақадар улуғ. Лекин, агар мен сени етти маротаба бузиб вайрон қилганимда ҳам битта мусулмонга бир марта озор берганимчалик ёмон иш қилмаган бўлар эдим”.

Динимизда ўз юртига қарши қурол кўтарган, мусулмонлар жамиятига қарши уруш эълон қилган, давлат раҳбарларига қарши бош кўтарган тоифани боғийлар (тажовузкорлар) деб номланади. Қуръони каримда уларга қарши курашишга амр қилинган:

وَإِنْ طَائِفَتَانِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ اقْتَتَلُوا فَأَصْلِحُوا بَيْنَهُمَا فَإِنْ بَغَتْ إِحْدَاهُمَا عَلَى الْأُخْرَى فَقَاتِلُوا الَّتِي تَبْغِي حَتَّى تَفِيءَ إِلَى أَمْرِ اللَّهِ فَإِنْ فَاءَتْ فَأَصْلِحُوا بَيْنَهُمَا بِالْعَدْلِ وَأَقْسِطُوا

 إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ

سورة الحجرات/9

яъни: Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз! Бас, агар улардан бири, иккинчисининг устига тажовузкорлик қилса, бас, то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича, сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушингиз! Энди агар у (тоифа тажовузкорликдан) қайтса, сизлар дарҳол уларнинг ўртасини адолат билан тузатиб қўйинг ва адолатли бўлингиз! Зеро, Аллоҳ адолатлиларни севар. (Ҳужурот сураси, 9-оят).

Дарҳақиқат, муҳтарам юртбошимизнинг халқпарвар сиёсати ўлароқ аввалда ана ўшандай бузғунчи оқим ва тоифаларнинг таъсирига тушиб қолган, бугунги кунда адашганлигини тушуниб етиб чин дилдан  пушаймон бўлган фуқароларга нисбатан авф эълон қилинмоқда. Уларни жамиятда ўз ўринларини топиб, соғлом ҳаётга қайтишларига имкониятлар яратиб берилмоқда. Бироқ, адашганлигини тан олмай, бузғунчи ғоя ва мафкурасидан воз кечмайдиган, экстремистик оқимларни қўллаб қувватлайдиган тоифаларга нисбатан юртбошимиз таъкидлаганларидек: “бир жаҳолатга қарши ўн маърифат” шиори остида кураш давом этаверади.  

Муҳтарам аҳли ислом! Дин илмини билмай туриб Ислом дини номидан тарғибот ва ташвиқот қилаётган ҳар қандай кимсага эргашиб кетавериш ярамайди. Айниқса, замонавий электрон воситалари, интернет тармоқлари орқали тарқатилаётган диний мавзудаги маълумотларнинг ҳаммаси ҳам соф ислом ғоясига, бизнинг ақидамизга тўғри келавермайди. Шунинг учун интернет тармоғидан фойдаланадиган фарзандларимиздан огоҳ бўлайликки, токи улар экстремистик оқимлар таъсирига тушиб, алданиб қолмасинлар.

Диний илми етарли бўлмаган кишининг илмсиз тарзда фатво бериши ҳам одамлар орасида тафриқага сабаб бўлувчи омиллардан бири саналади. Диний илми бўлмаган кишининг олимликни даъво қилиши такаббурликдир. Аслида бундай кимсаларни илмдан гапиришга ҳаққи йўқ. Авф ибн Молик р.а.дан ривоят қилинади, у киши: “Одамларга илмдан фақат амир, ёки маъмур, ёки мутакаббир гапиради”, дедилар (Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти). Яъни одамларга ваъз айтишга фақат мутасадди раҳбарнинг, ёки у томонидан ижозат берилган олим кишиларнинг ҳаққи бор. Улардан бошқа ким воизлик қилса, демак бу унинг манманлигидан, ўзига бино қўйганлигидандир.

Муҳтарам биродарлар! Қуйидаги ҳадиси шариф билан сўзимизга якун ясаймиз.

عَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: "مَنْ لَمْ يَشْكُرِ الْقَلِيلَ،

 لَمْ يَشْكُرِ الْكَثِيرَ، وَمَنْ لَمْ يَشْكُرِ النَّاسَ، لَمْ يَشْكُرِ اللَّهَ، وَالتَّحَدُّثُ بِنِعْمَةِ اللَّهِ شُكْرٌ، وَتَرْكُهَا كُفْرٌ، وَالْجَمَاعَةُ رَحْمَةٌ، وَالْفُرْقَةُ عَذَابٌ (البيهقي في شعب الايمان).

яъни: Нуъмон ибн Башир р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: Ким озига шукр қилмаса кўпига ҳам шукр қилмайди. Ким инсонларга шукр қилмаса Аллоҳга ҳам шукр қилмайди. Аллоҳ берган неъматни гапириш ҳам шукрдир, гапирмаслик куфрдир. Жамоат раҳмат, тафриқа эса, кулфатдир”.

 

Аллоҳ таоло барчаларимизни меҳр-оқибатда ҳаёт кечирмоғимизга муяссар айлаб, тафриқага берилишимиздан ўзи асрасин. Омин!  

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Пол Капур: «Бу ерда тарихни нафақат кўрасиз, балки уни ҳис қиласиз»

12.08.2026   10311   3 min.
Пол Капур: «Бу ерда тарихни нафақат кўрасиз, балки уни ҳис қиласиз»

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди, хабар бермоқда iccu.uz.

Ислом цивилизациясининг кўп асрлик тарихи, унинг илм-фан, маданият ва маърифат тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида яхлит ва таъсирчан тарзда намоён этилган. Ташриф давомида Самир Пол Капур исломгача бўлган давр цивилизацияларидан тортиб, Янги Ўзбекистон даврига қадар бўлган тарихий жараёнларни акс эттирувчи галереялар, буюк алломаларнинг илмий-маърифий мероси, ноёб қўлёзмалар, муқаддас ёдгорликлар ҳамда замонавий рақамли технологиялар асосида яратилган интерактив экспозициялар билан яқиндан танишди.

Меҳмон экспозицияларнинг мазмунан изчиллиги ва тарихий жараёнларни бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда намоён этиш усулига алоҳида эътибор қаратди. Унинг қайд этишича, бу ерда музей экспонатлари орқали ўтмиш ҳақида маълумот олиш билан чекланиб қолмай, тарихий даврлар руҳини ҳис қилиш, улар ўртасидаги боғлиқликни англаш имкони ҳам мавжуд.

Самир Пол Капур ўз таассуротларини қуйидагича ифодалади:

«Бу муҳташам маскан. Ислом тарихи ва маданиятининг асрлар давомидаги тараққиёти билан яқиндан танишиш мен учун унутилмас тажриба бўлди. Бу ерда тарихни шунчаки китоб саҳифалари орқали эмас, балки ўз кўзингиз билан кўрасиз, уни ҳис қиласиз ва гўё ўша даврларнинг ичида бўласиз. Шу боис ушбу ноёб масканни барпо этишга ҳисса қўшган барча инсонларга самимий миннатдорчилик билдираман.
Ёшларга ҳам бу ерга келишни албатта тавсия қиламан. Чунки бу маскан нафақат тарихни ўрганиш, балки ўтмиш билан келажак ўртасидаги узвий боғлиқликни англаш имконини беради. Мен учун энг эсда қоларли лаҳзалардан бири Қуръони каримга бағишланган голографик намойиш бўлди. У менда катта таассурот ва ҳаяжон уйғотди.
Менимча, бу даргоҳ ислом цивилизациясининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини бутун дунёга намоён этишга хизмат қилади. Шунинг учун ҳар бир инсон бу ерга ташриф буюриб, ана шу бой ва бебаҳо мерос билан шахсан танишиши лозим».

Пол Капурнинг фикрича, Марказнинг аҳамияти унинг тарихий меросни намоён этиш билангина чекланмайди. Ушбу маскан ёш авлод учун ўтмиш сабоқларини англаш, илм-фан ва маърифатнинг цивилизация тараққиётидаги ўрнини ҳис этиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантириш учун ҳам муҳим маънавий-маърифий майдон вазифасини ўтайди.

Ташриф якунида АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ислом цивилизацияси марказидан олган таассуротлари юксак эканини қайд этиб, ушбу маскан бой тарихий меросни замонавий музей технологиялари ва таъсирчан тақдимот усуллари орқали жаҳон жамоатчилигига етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари