Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Июл, 2026   |   11 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:34
Қуёш
05:06
Пешин
12:35
Аср
17:36
Шом
19:51
Хуфтон
21:21
Bismillah
25 Июл, 2026, 11 Сафар, 1448

Ухлаётган бахтни уйғотинг!

03.07.2017   6815   13 min.
Ухлаётган бахтни уйғотинг!

Кун ё туннинг ўз вақтидан бир лаҳза ортда қолмаслиги, йил фаслларининг алмашиб туриши умр бебақолигини билдирувчи ҳикматдир. Фасллар фақат табиатнинг такрорланиб келишини англатмайди. Унда инсон умри фасллари ҳам акс этади. Шунинг  учун ҳам Алишер Навоий ҳазратлари  “Хазойин-ул маоний”даги  ғазалларига умр фаслларига монанд ҳолда тартиб берган бўлса, ажаб эмас.

“Хазойин-ул маоний” болалик, ёшлик, ўрта ёшлик, кексалик каби фаслларга ажратилган. Бу фаслларни табиат фаслларига қиёсласак, болалик – баҳор, ёшлик – ёз, ўрта – куз, кексалик – қишга тўғри келади. Бунда ҳеч қандай муболаға йўқ. Ўйлаб қарасангиз, умр фасллари акси бир кунда ҳам намоён бўлар экан: тонг – болалик, бу пайтда табиат мусаффо, одам қайта туғилгандек  бўлади ва ҳоказо.

“Тонгги уйқу ризқни қияди”, дейдилар. Бу ҳадиснинг ҳаётий мисоли ҳам бор. Айтайлик, кимдир чошгоҳда туради, бошқа биров эса қуёш чиқмасдан уйғонади. Орада икки соат фарқ  бор, дейлик. Эрта турган одам, табиийки, шу вақт ичида бирор фойдали юмуш билан машғул бўлади. Кеч турган эса аранг ишхонасига бориб улгуради. Шу ҳисоб бўйича барвақт уйғонган одам ҳар тўрт кунда бир иш куни, бир йилда тўқсон иш куни орттирган бўлади. Бир йилда бошқалардан уч ой кўп меҳнат қилган одамнинг кўпроқ даромад топишига шубҳа қилмасак ҳам бўлади. Бундан ташқари, математик ҳисоб кўра, болалигиданоқ  кеч туришни одат қилган киши етмиш йил умр кўрса, унинг ўн етти ярим йилини меъёридан ортиқча уйқуга сарфлар экан. Бу навқирон йигит умрига тенг вақтни совурмоқ  демакдир.

Шифокорларнинг  гувоҳлик беришича,  кеч турган одам танасидаги ҳужайраларнинг   ҳаммаси кун бўйи уйғониб улгурмас экан. Тасаввур қилинг, ярим уйғоқ ҳолда мудраб ишга, ўқишга борамиз, шу ҳолда ўқиб-ўрганамиз, ўқитамиз ва ўргатамиз, ҳужжатлар  тайёрлаймиз, имзолар чекамиз...  Аллоҳ таоло бизни жамики мавжудотнинг афзали қилиб яратган. Шу боис ўзимизни  “ҳазрати инсон”  деб улуғлаймиз. Аммо тонг маҳали тирик  жон борки, Яратувчига ҳамд-у сано айтаётган чоғда  “ҳазрати инсон”  ғафлат уйқусида ётган  бўлади.

Қуръони каримнинг  “Нур”  сураси  41-оятида  “(Эй, Муҳаммад), Аллоҳга осмонлар ва ердаги бор жонзот ҳам, (самода) саф тортган  қушлар ҳам тасбеҳ  айтиб покланишини кўрмадингизми?” дея даъват қилинади. Уламоларнинг  маълум қилишича, қалдирғоч эрта тонгда  “Вал-фажр”  (Тонгга  қасам) сурасини ўқир экан. Улуғ Навоий бобомиз лутф этганларидек, Туркистон мулкининг шайхул машойихи Аҳмад Яссавий ҳасратлари:

Саҳарларда ул гуллар сано айтур булбуллар,

Ким айтурким, биру бор саҳар вақти ичинда... 

 – дея бу фурсатнинг қанчалик  “хуш соат ва жаннат  роҳати”  эканини таъкидлайди.
Тонг чоғида туриб бир оз сайр қилсангиз, одамдан бошқа бирор жонзотнинг маст уйқуда ётганини кўрмайсиз. Шундай экан, тонгда туришимизга нима халақит қилмоқда? Биргина кеч ётиб, кеч туришимиз, холос. Аммо бу одатдан воз кечиш у қадар қийин эмас. Фақат бунинг учун инсон ўз вақтининг қули эмас, балки жиловдори бўлиши зарур.

Оналаримиз ўз фарзандларига беқиёс  даражада меҳрибон. Шу туфайли болам тиниқиб ухлаб олсин деб уни тонгда – жамики яралмишга ризқ-у насиба улашилаётган пайтда уйғотмайди. Ўзи билиб-билмай норасидасини тонг нафасидан бенасиб қолдиради. Баногоҳ боланинг  ўзи уйғониб қолса ҳам дарҳол пардаларни  ёпиб хонани  қоронғилатади, эмизади, бола яна ухлаб қолади. Бола пошшо-да. У қанча кўп ухласа, шунча кам хархаша қилади. Рўзғор юмушларига халақит бермайди. Бу меҳр-муҳаббат замирида онанинг озгина худбинлиги ҳам борга ўхшайди...

Бундай ҳаддан ортиқ  меҳрибончиликлар боис талтайтирилган болани улғайганда “тахти равондан”  тушириш қийин кечади. Онаизор ҳам қўлларида кўтариб алла айтиб юрган боласини энди уйғота олмай хуноб бўлади. Аста-секин ширин аллалар, опичлаб эркалашлар ўрнини қийин-қистовлар, аччиқ-тизиқлар, ўйиб-чимчилашлар эгаллайди. Айби нелигини билолмай бола бечора ҳайрон. Ахир, у мурғаклигиданоқ мириқиб ухлашга ўрганган-да...

Фарзандларга  барвақт туриб ибодат қилишни ўргатишдан чўчиб қолган вақтлар ортда қолди. Уйқучилик, карахтликдан уйғониш фурсати етганига ҳам анча бўлди-ку. Мусаффо тонг шукуҳини сезмай ухлаб ётган фарзандининг    ширин уйқусини бузиш  айрим  миллатдошларимизнинг  мулойим  табиатига  тўғри  келмайди, Аммо  истайсизми-йуқми,  тонгни  ҳаммадан  кечикиб  қарши  олган  инсоннинг  кун  давомида  қўлга  киритган  ютуғи  ҳам  ўзига  яраша  бўлади. Шу боисдан  бунга  жиддий  масала сифатида              ёндашмоқ лозим.

Ҳаж  сафарига  борган  муборак  зотлардан  бири  маккалик  бир  хонадон  меҳмони  бўлганини  эслайди:  эрталаб  бомдодга  азон  чақирилганда  мезбон  аёл  икки  ойлик  чақалоқни  бурнини  чимчилаб  уйғотибди. Буни  кўрган  меҳмоннинг  рафиқаси  мезбондан  болани  нега  безовта  қилганини  сўраган  экан,  “Бола  азон  билан  уйқудан  уйғонишни  ҳозирдан  одат  қилмаса,  кейин  жуда  қийналади”,  деб  жавоб  берибди. Шуни  эшитганда  беихтиёр  кўпчилик  намозхонларнинг  бомдодга  туришга  қийналаётганидан  шикоят  қилишини  эсладим. Агар  одам  саҳар  вақти  туришни  мурғакликдан  одат  қилса,  эрта  туришга  ҳеч  вақт  қийналмайди,  ибодатини  ҳам  уйқусирамасдан,  завқ  билан  бажаради...
Катта  чошгоҳда  уйқудан  ланж  ҳолда  туриб  бирор  дарахтнинг  соясигами,  чойхонагами  йиғилган  қўни-қўшнилар  замондан,  жамиятдан  нолимоқни  бошлаймиз. Бу пайтга  келиб  вақтли  турган  кишилар  кунлик  юмушининг  ярмини  бажариб  қўйган  бўлади. Инсоф  билан  айтганда,  замондан  нолиш  гуноҳ. Ҳадиси  шарифда  “Аллоҳ  Таоло  айтади:  Одам  фарзанди  менга  азият  бериб,  замондан  шикоят  қилади. Ваҳоланки,  замоннинг  эгаси  менман. Уни  ўз  қудратим  билан  кеча  ва  кундузга  айлантириб  тураман. Қачон  хоҳласам  уни  тўхтатиб  қўйишим  ҳам  мумкин”,  дея  марҳамат  қилинади. Жамиятдан  нолиш  ҳам  адолатдан  эмас,  унинг  қандай  бўлиши шу  жамият  аъзоларининг  маънавият  ва  масъулияти,  билими  ва  ҳуқуқий  маданиятига  ҳам  боғлиқ. Жамият  асоси  эса  сиз-у  бизмиз. Биз  қандай  бўлсак,  жамият  ҳам  шундай  бўлади. Демак,  турмушимиз  ўзимиз  орзу  қилгандек  кечмаётганига  бошқаларни  айбдор  қилишга  ҳар  қанча  уринмайлик,  асосий  айбдор  ўзимизнинг  инсоний  савиямиз  эканлиги  икки  карра  икки – тўртдай  аён.

Гоҳо  айрим  мамлакатлар  фаровонлигидан  сўзлаб  оғзимизнинг  суви  кетади. Уларнинг  бу  даражада  тараққий  этгани  сабабларини  ўзимизча  таҳлил  қиламиз. Бироқ  улар  кўп  ухламаслиги,  кўрпа-тўшакка  меҳр  қўймаслиги  ҳисобига  шундай  фаровонликка  эришганини  ўйламаймиз. Америка  Қушма  Штатларига  бориб  келган  дўстимиз  айтади: “Бир  оилага  меҳмон  бўлдик,  ётишдан  олдин мезбон  эрталаб  соат  бешда  туришимизни  маълум  қилди. Мен  саккизгача  ухламоқчи  эканимни  айтувдим,  эшитиб  оғзи  очилиб  қолди. Чунки  улар  саккизгача  ухлаш  мумкинлигини  тасаввур  ҳам  қила  олмас  экан. Бундан  жуда  хижолат  бўлдим. Шу  воқеадан  сўнг  барвақт  туришни  одат  қилдим.”
Ўтган  йили  яна  бир  ҳамкасбимиз  уммон  ортига  бориб  келди. Унинг  айтишича,  Вашингтонда  тонг  вақти  бомдодга  туриб  деразадан  шаҳарга  боқса,  кўчада  ҳаёт  қайнаб  ётган  экан. Саудия  Арабистонини  биласиз,  иқтисоди  ниҳоятда  бақувват.  Бу мамлакат  шаҳарларининг  ободлиги,  халқининг  фаровон  турмушига  овруполиклар  ҳам  ҳавас  қилади. Тўғри,  уларнинг  нефти  кўп,  фуқароларининг  ҳаммаси  ҳам  эрта  тонгда  туравермас,  аммо  у  юртларда  тонги  уйқу  оммавий  тус  олмаган. Қут-бараканинг асосий  сабаби  ҳам  шунда.
Саҳархез  кишиларнинг  иши  унумли  ва  турмуши  фаровон  бўлишига  мисоллар  ўзимизда  ҳам  бисёр. Кибриё  Қаҳҳорованинг  Абдулла  Қаҳҳор  ҳақидаги  хотираларида  адибнинг  кўпинча  тонг  чоғи  ижод  қилгани  битилган. Тонгда  ижодкорнинг  мияси  тиниқ,  фикри  равон, турли  ахборотлар  билан  чувалашиб  қолмагани  боис  ижодий  меҳнати  самарали  кечган. Ҳурматли  ёзувчимиз  Одил  Ёқубовнинг  шогидлари  ҳам  устоз  ижодий  ишларини  кўпинча  тонг  чоғи  битириб  қўйишга  одатланганини  айтиб  юришади.

Бир  қанча  ишлаб  чиқариш  корхоналари  ва  савдо  шохобчалари  очган  тадбиркорлардан  бири  тўғрисида  танишларининг  гапиргани  қулоғимга  чалиниб  қолди. Бу  бой  бир  кунда  икки  соат  ухлар  экан. Кундузи  бошқа  ишлар  билан  банд  бўлиб,  кечаси  ярим  тунга  қадар  фойда-зарарни  ҳисоб-китоб  қилармиш. Кейин  эрта  тонгда  стадионда  югуриб  юрармиш. Бир  кунда  икки соат  ухлаш  соғлиқ  учун  фойдали  демоқчи  эмасмиз, албатта. Аммо  мол-у давлатли  одамнинг  шу  қадар  кеч  ётиб  яна  тонгда  туришга  куч  топа  олишига  қойил  қолмай  илож  йўқ.

Инсоннинг  бир  кунини  умр  фаслларига  қиёсладик. Фикримизни  ҳаётий  мисоллар  ёрдамида  далилласак,  тонг – болалик. Шу маънода,  кеч  туришни  одат  қилган  мурғак  жон  ҳар  куни  болалигининг  бир  неча  соатини  уйқуда  ўтказади. Мана  шу  уйқуда  ўтган  кунлар  йиғилиб  йилларни  ташкил  этади  ва  бола  яхши  тарбиячига  шогирдликка  берилса,  қўлидан  тузуккина  иш  келадиган  ёшга  бориб  қолганда  ҳам  ўйнаб  юради.  Сабаби,  у  кўп  ухлагани  боис  ҳали  тўйиб  ўйнаб  ололгани  йўқ.

Она  эса  боласининг  уйқусини  қизғанганидек,  унинг  тўйиб-тўйиб  ўйнашини  ҳам  хоҳлайди. Чунки  она  учун  фарзанд  неча  ёшга  кирса  ҳам  гўдак  бўлиб  қолаверади. Шу  боисдан  болангизга  нимадир  ўргатгингиз  келиб  бирор  нарсани  уқтираверсангиз, онаси  “миясини  зўриқтирасиз, бола  тушинадими,  шуни”  деб  яна  ўртага  тушади. Табиийки,  сиз  ҳам  боланинг  миясини  зўриқтирмаслик  тарафдорисиз,  ахир  у  дилбандингиз. Кейин  эса  мана  шу  зўриқишдан  асралган, вақтида  ишлатилиб, тобланиб,  ривожланиб  бормаган  мия  дангаса  бўлиб  қолади-да, зарур  бўлганда  “ишламай”  ҳаммани  қийнайди. Бу  эринчоқлик  Абдулла  Авлонийнинг  “Ялқов  шогирд  тилиндин”  шеърида  шундай  ифодаланади:

                                      Мен  мактабга  келмас  эдим,

                                      Кирмас,  ўқимас  эдим.

                                      Мени  зўрлаб  юбордилар –

                                      Ғариб  онам  йиғлаб  қолди.

Гўдаклигида  боласи  бошида  гиргиттон  бўлган  онаизор  у  мактабга  чиққанда  ҳам  қайғуради. Буни  сезган  бола  мактабда  ўтилаётган  дарсларни  ўзлаштиришдан  кўра  тезроқ  йўлларига  кўз  тикиб,  хавотирланиб  ўтирган  онасининг  бағрига  қайтиш  ҳақида  ўйлайди. Ахир,  қуёш  тепага  келгунча  мириқиб  ухлаган,  кечгача  ўз  эркида  телевизор  томоша  қилган  ёки  кўча  чангитиб  ўйнаб  юрган  болага  дабдурустдан  “Тонгда  тур,  нонуштангни  қил,  мактабга  чоп,  партада  тўғри  ўтир,  қийшайма,  лаллайма,  оғзингни  ёп,  ёз,  чиз,  ўчир”,  каби  амирона  кўрсатмалар,  дўқ-пўписалар  бўла  бошлагач,  довдираб  нима  қилишни  билмай  қолади-да.

Боболаримизнинг  ўгитларига  қараганда,  одам  қирқ  кун  давомида  бир  ишни  узлуксиз  бажарса,  бу  юмуш  унга  одат  бўлиб  қолар  экан. Тарки  одат  эса  амри  маҳолдир. Айрим  юртдошларимизга  қуёшдан  кейин  уйғониш  кўп  йиллик  одатлигини  ҳисобга  олсак,  уларнинг  вақтли  туришга  қийналиши  ажабланарли  ҳол  эмас. Аммо  эринмасдан  узоғи  билан  қирқ  кун  жидду  жаҳд  этсалар,  субҳи  содиқданоқ  кўчалар  гавжумлашиб, хонадонимизга  файз-у барака  ёғилаверади.

Шундай  экан,  дилбандингизни  эртароқ  уйғотинг,  онажон!  

 

Дамин ЖУМАҚУЛ,

журналист

 

Муаллифдан: Хорижга борганимизда эрталаб йўлда кетаётиб бир кампирнинг ўзига ўзи: “Миллат ухлаяпти, миллат”, дея минғирлаб юргани қулоғимга чалиниб қолди. Унинг гапидан ҳушёр тортиб атрофга диққат қилиб қарасам, ҳақиқатан, кўчалар бўм-бўш, биронта тирик жон кўринмасди. Бу сафар ортидан бошқа юртга борсам тонг билан саломлашгани у ернинг одамларининг ҳам кўпчилиги чиқмасдан ухлаб ётар экан. Бу ҳолни кўриб уйқучилик ҳам замонавий ифода билан айтганда, глобал муаммо экан-да деган фикрга келдим.

Ушбу мақола 2006 йил “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида эълон қилинган эди. Орадан ўн бир йил ўтди. Аммо ҳали ҳам муҳтарама оналаримиз болаларини тонгда уйғотмаяпти. Аксинча, баъзиларининг ўзлари ҳам уларга қўшилиб ухлаб ётибди.  Ёши катта юртдошларимизнинг ҳам кўплари саҳархез бўлгани йўқ. Демак, бу мавзу ҳамон долзарблигича турибди. Зора, мақолани ўқигандан сўнг юртдошларимиз уйқусида бир озгина бўлса-да, ўзгаришлар бўлиб қолса, деган яхши ниятда мақолани Интернетда ҳам эълон қилишга журъат этдим.  

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Тавбасини бузган нима қилади?

23.07.2026   8513   5 min.
Тавбасини бузган нима қилади?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Раббилари азза ва жалладан ҳикоя қилиб айтадилар: “Бир банда гуноҳ қилиб қўйди ва: “Аллоҳим, гуноҳимни мағфират қил!” деди. Аллоҳ таборака ва таоло: “Бандам гуноҳ қилди ва гуноҳни кечирадиган ҳамда гуноҳ учун жазолайдиган Рабби борлигини билди”, деди. Сўнг банда яна қайтди ва гуноҳ қилди. У: “Эй Раббим, гуноҳимни мағфират қил!” деди. Аллоҳ таборака ва таоло: “Бандам гуноҳ қилди ва гуноҳни кечирадиган ҳамда гуноҳ учун жазолайдиган Рабби борлигини билди”, деди. Сўнг банда яна қайтди ва гуноҳ қилди. У: “Эй Раббим, гуноҳимни мағфират қил!” деди. Шунда Аллоҳ таборака ва таоло: “Бандам гуноҳ қилди ва гуноҳни кечирадиган ҳамда гуноҳ учун жазолайдиган Рабби борлигини билди. Хоҳлаган ишингни қил, сени мағфират қилдим!” деди”» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

“Ва гуноҳ учун жазолайдиган”, яъни ўша гуноҳни қилган кишини азоблашга қодир эканини билди. Имом Бухорий ривоятида: “Бандамни мағфират қилдим” деган зиёдаси бор.

Уламолар бу ҳадисни икки хил изоҳлаганлар:

Биринчиси, ким бир гуноҳига холис тавба қилиб, унга қайтмасликка қатъий қарор қилса, унинг тавбаси мақбулдир. Шундан кейин нафси ёки шайтон ғолиб келиб, яна ўша гуноҳни қилиб қўйса-ю, сўнг иккинчи бор пушаймон бўлиб, яна қайтмаслик аҳди билан холис тавба қилса, унинг тавбаси мақбулдир. Бу жараён шу тарзда давом этаверади. Ҳадисдан мурод – ҳар гал тавба қилаётганда “унга бошқа қайтмайман” деган азму қарорда бўлиш. Чунки тавба фақат қуйидаги икки асосий шарт билан мукаммал бўлади: гуноҳни дарҳол тўхтатиш ва унга бошқа қайтмасликка қатъий қарор қилиш. Агар инсон шу ният билан, яъни ҳар сафар “бошқа қилмайман” деган чин аҳд билан тавба қилса-ю, лекин инсоний ожизлик ёки шайтон ғолиб келиб, гуноҳни такрорласа ҳам, унинг тавбаси қабул қилинаверади. Бу ҳолат юз, ҳатто минг марта такрорланса ҳам. Модомики, ҳар тавбасини бошқа унга қайтмаслик азму қарори билан қилса, Аллоҳ уни кечиради.

“Хоҳлаган ишингни қил, сени мағфират қилдим!” Банда, модомики, ҳар сафар гуноҳ қилганида пушаймон бўлиб, истиғфор айтиб, тавба қилар экан, Аллоҳ таоло уни кечираверади. Бу асло гуноҳда давом этиш дегани эмас, балки ҳар гал хатодан сўнг янги тавба билан покланиш демакдир.

Иккинчиси, бу ўринда фақатгина истиғфор – Аллоҳ таолодан мағфират сўраш назарда тутилган бўлиши мумкин. Истиғфор тушунчаси тавбадан кўра кенгроқдир. Истиғфорда, тавбадан фарқли ўлароқ, гуноҳни дарҳол тўхтатиш ёки унга қайтмаслик аҳди шарт қилинмайди, балки мағфиратнинг ўзи сўралади, холос. Ким шу маънода истиғфор айтса, унинг гуноҳи кечирилишига кафолат берилмайди. Фақат Аллоҳ таоло унга Ўз лутфи ва марҳамати билан муомала қилиб, кечиб юборадиган ҳолатлар мустасно.

Шулардан маълум бўладики, ҳадисга берилган биринчи изоҳ тўғридир. Чунки гуноҳда давом этатуриб, тилида истиғфор айтадиган кимсалар шариатда қораланган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Гуноҳидан тавба қилган киши гўё гуноҳи йўқ киши кабидир. Гуноҳни тўхтатмай туриб истиғфор айтувчи кимса эса Раббисини масхара қилаётган киши кабидир” (Имом Ибн Абу Дунё ривояти).

Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ айтади: “Гуноҳни тўхтатмасдан айтилган истиғфор – ёлғончиларнинг тавбасидир”.

Ҳадисда “тавба” эмас, “истиғфор” лафзи ишлатилган бўлса-да, бу лафз кўпинча тавба маъносида қўлланилади. Гарчи луғатда “истиғфор” фақатгина “кечирим сўраш” маъносини билдирса ҳам, шаръий истилоҳда у кўпинча тавбани ҳам ўз ичига олади.

Имом Ғаззолий ва бошқа баъзи олимлар қуйидаги фикрни илгари сурганлар: “Агар инсон бирор сабабга кўра бирор гуноҳни бутунлай тарк этишга ўзида куч топа олмаётган бўлса, истиғфорни бутунлай ташлаб қўйгандан кўра, пушаймонлик ва истиғфор айтиш билан Аллоҳга юзланиб туриши афзалдир. Гарчи бундай истиғфор мағфиратни кафолатламаса-да, иншоаллоҳ, фойдадан холи бўлмайди. Зеро, бу истиғфор вақти келиб, банданинг ўша гуноҳни ҳақиқий тарк этишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун бундай киши истиғфорни асло тарк этмаслиги керак”.

Тавбадаги нозик нукта шуки, банда тавба қилаётган пайтида ўз ихтиёри билан бу гуноҳга қайтмасликка қалбан азму қарор қилиши керак. Гарчи унинг қалбида “нафсим ғолиб келиб, мен яна шу гуноҳни қилиб қўйсам-чи?” деган хавотир бўлса ҳам, тавбанинг саҳиҳлигига путур етмайди. Муҳими – тавбани чин кўнгилдан гуноҳга қайтмаслик азму қарори билан қилиш ва унда собит туришни Аллоҳ таолодан сўраш.

Тавба орқали банда ўзининг ожизлигини ва Парвардигорининг мағфиратига муҳтож эканини изҳор қилади. Мана шу ҳақиқий бандаликдир. Шу йўл билан у Аллоҳ таолонинг мағфиратига, марҳаматига эришади, иншоаллоҳ.

“Такмилату Фатҳил мулҳим” асари асосида Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 9-сонидан

Мақолалар