Умму Уморанинг асл исми Насиба (Нусайба) бинти Каъб ибн Амр ибн Авф ибн Мабзул Нажжорийя Маданийядир. У ҳаммага ибрат кўрсатган ва яхшилик қилиш борасида намуна бўлган улуғ саҳобия аёлларнинг биридир.
Имом Заҳабий ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Бугун Нусайба бинти Каъбнинг ўрни фалончи ва фалончининг ўрнидан яхшидир”, деганларини эшитдим”.
Нусайба бинти Каъб саховати билан танилган, ислом ва мусулмонлар хизматида улкан ишларни қилган оилада улғайди. Акаси Абдуллоҳ ибн Каъб Мозиний Бадр жангида қатнашган саҳобийлардан эди. Яна бир акаси Абдураҳмон эса, Табук ғазотидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига йиғлаб келган етти саҳобийнинг бири бўлди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, жангга бориш учун бирорта улов топиб беришларини сўраган эдилар. Расулуллоҳ уларга улов топиб бера олмадилар. Ноилож орқаларига қайтар эканлар, кўзлари ёшланди. Одамлар уларни “Кўз ёши тўкувчилар” деб атаган эди. Шунда улар ҳақида ушбу оят нозил бўлди: Шунингдeк, сизнинг ҳузурингизгa улaрни улoвли қилиб қўйишингиз учун кeлгaнлaридa, "сизлaрни улoвли қилишгa нaрсa тoпa oлмaймaн", – дeдингиз. Улaр эсa сaрф қилишгa нaрсa тoпa oлмaгaнлaри учун ғaмгин бўлиб, кўзлaридaн ёш oқиб қaйтиб кeтдилaр. Улaргa ҳaм (тaънa йўқ) (Тавба, 92).
Турмуш ўртоғи Зайд ибн Осим ибн Амр Мозиний Нажжорий Исломга биринчилардан бўлиб кирган, икки ўғли Ҳабиб ва Абдуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бўлиш бахтига эришган эди. Умму Умора розияллоҳу анҳо кейинчалик Ғозийя ибн Амр ибн Атийя Мозиний Нажжорийга турмушга чиқди. Ундан икки фарзанд Тамим ва Хавла дунёга келди. Аллоҳ таоло ҳар иккисига ҳам ҳидоят ва ихлос неъматини берди.
Уҳуд жангида Умму Умора розияллоҳу анҳо бир неча жойидан жароҳатланди. Бу жароҳатларнинг энг каттаси елкасидаги Ибн Қомиа жароҳатлаган оғир жароҳат эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг жароҳатини кўриб ўғли Абдуллоҳга онасининг жароҳатини боғлаб қўйишни буюрдилар ва: “Сиздек оилага Аллоҳ таолонинг баракаси бўлсин! Онангнинг мақоми фалончи ва фалончиларнинг мақомидан яхши, отангнинг (ўгай ота) мақоми фалончи ва фалончининг мақомидан яхши, сенинг мақоминг фалончи ва фалончининг мақомидан яхши, Аллоҳ таоло сиздек оилага раҳм қилсин!” дедилар. Бу гапларни эшитган Умму Умора розияллоҳу анҳо: “Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўрасангиз, жаннатда мени сизга ҳамроҳ қилса!” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳ, уларни жаннатда менга ҳамроҳ қилгин!” деб дуо қилдилар. Бу дуони эшитган Умму Умора розияллоҳу анҳо: “Энди менга дунёда нима етса ҳам парво қилмайман” деди.
Бу саҳобия аёл сабр қилиш борасида ҳам улуғ мартабаларга эришган. Ўғли Ҳабиб ўлдирилганида Аллоҳ таолодан савоб умидида сабр қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Ямомада пайғамбарлик даъвоси билан чиққан Мусайлама каззобнинг олдига юборган эдилар. Мусайлама ундан: “Муҳаммаднинг (с.а.в.) расул эканига гувоҳлик берасанми?” деб сўради. Ҳабиб: “Ҳа” деди. Мусайлама: “Менинг расул эканимга гувоҳлик берасанми?” деб сўради. Ҳабиб: “Гапингни эшитмадим!” деди. Бир неча бор сўраганда ҳам шу жавобни олгач, Мусайлама унинг аъзоларини бирма-бир кесиб ташлади.
Умму Умора розияллоҳу анҳо Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдиларига келиб Мусайлама каззобга қарши жанга кетаётганлар билан бирга боришга изн сўради. У зот Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу билан маслаҳатлашиб, унга изн бердилар. Ўша вақтда олтмиш ёшни қоралаб қўйган бўлса ҳам унинг қасду иродаси кучсизланмаган эди. Ушбу кундаги жангда ўн бир жойидан жароҳатланса ҳам ғайрати сусаймади. Улар зафар қучдилар. Умму Умора розияллоҳу анҳо халифалар даврида ўзига лойиқ мартабада ҳаёт кечирди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу бу аёлнинг зиёратига келар ва баъзи масалаларда маслаҳатлашиб турардилар. Умар розияллоҳу анҳу ҳам бу аёлнинг ҳурматини жойига қўяр эдилар. Саҳобия ҳижратнинг ўн учинчи йили Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида вафот этди. Аллоҳ ундан рози бўлсин!
Манбалар асосида Дилфуза РАҲИМОВА тайёрлади.
27 август куни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан диний-маърифий соҳада самарали меҳнат қилиб келаётган фидойи юртдошларимизни тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов кириш сўзи билан иштирок этди.
Кириш нутқида мамлакатимизда мустақиллик йилларида, айниқса, сўнгги йилларда диний-маърифий соҳани ривожлантириш, жамиятда тинчлик-тотувлик, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, соҳада фаолият юритаётган уламолар, имом-хатиблар, мударрислар ва фидойи ходимларнинг муносиб ҳиссаси ҳақида алоҳида таъкидланди.
Тантанали тадбир давомида диний-маърифий соҳада кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб, юртимизда маънавий барқарорликни таъминлаш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, аҳоли ўртасида маърифий тушунтириш ишларини олиб боришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ фидойи юртдошларга "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги" эсдалик нишонлари тантанали равишда топширилди.
Эсдалик нишонларини топшириш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдуҳаликов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими Орифхон Зокировлар иштирок этдилар.
Тақдирлаш маросимида таъкидланганидек, мазкур эсдалик нишони мамлакатимиз тараққиётига, унинг тинчлиги ва барқарорлигига, жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган фидойи инсонларга билдирилган юксак эҳтиром ва эътироф рамзидир.
Тадбир якунида тақдирланганлар ўзларига билдирилган юксак ишонч ва эътибор учун миннатдорлик билдириб, мамлакатимиз тинчлиги ва равнақи йўлидаги эзгу фаолиятларини янада сидқидилдан давом эттиришларини таъкидладилар.
Барча мукофот соҳибларини самимий муборакбод этамиз!
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муборак бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати