Бир замонлар бир кўзи ғилай ва бир оёғи калта подшоҳ бўлган экан. Кунларнинг бирида у барча рассомларни чақиртириб ўз суратини жисмоний нуқсонларини яширган ҳолда чизишни буюрибди. Лекин рассомларнинг бирортаси бунга рози бўлмабди. Улар ўзаро “Бир кўзи ғилай ва бир оёғи калта подшоҳни соғлом кўз ва оёқли қилиб тасвирлаш ёлғон манзара бўлади, биз бундай ишга қўл урмаймиз”, дейишибди ва ҳар хил баҳоналар билан шоҳга ўз узрларини изҳор қилибди. Аммо бир рассом бунга рози бўлиб, барча мусаввирларни ҳайратга солибди.
Ҳақиқатан, у подшоҳнинг нуқсонсиз расмини жуда ҳам чиройли тасвирлабди.
Суратда подшоҳ ов милтиғини ушлаб кийикни нишонга олаётган ҳолатда эди. Бундай чоқда табийки, овчи бир кўзини юмиб олган ҳамда бир оёғини букиб ерга таяниб турган бўлади. Маҳоратли рассом суратда подшоҳнинг ғилай кўзи ва чўлоқ оёғини шу ҳолатда яшира олди. Бошқа ҳамкасблари унинг маҳорати ва зийраклиги олдида бош эгди ва тасаннолар айтди. Чунки у одамларга айблов кўзи билан эмас, балки ижобий кўз билан қараб, уни бенуқсон суратда тасвирлай олган эди.
Бизнинг ҳам атрофимиздаги одамларнинг баъзи камчиликлари кўзга ташланиши мумкин. Лекин биз улар ҳақида гапирганимизда бу камчиликларни яширишимиз ва яхши тарафга йўйишимиз даркор. Чунки инсон хатодан холи эмас. Ундан ташқари, одамларнинг баъзи қилаётган ишларига унинг ҳақиқатини билмасдан, зоҳирига қараб баҳо бериш билан ноўрин айблаб қўйиб, сўнг пушаймон бўлишимиз мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақида: «Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар. Чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир», деганлар. Ояти каримада ҳам Аллоҳ таоло: «Эй мўминлар, кўп гумонлардан четланинглар! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир. (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилманглар ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин», деган (Ҳужурот, 12).
Демак, ўзгалардаги аниқ кўриниб турган айбларни гапиришимиз ғийбат, аниқ бўлмаган камчилик ёки айбларни айтишимиз бадгумонлик, асли бўлмаган айбни айтиш эса бўҳтон ва туҳмат бўлар экан. Шундай экан, бошқалар ҳақида гапирганимизда тилимизга эҳтиёт бўлайлик ва фақат уларнинг яхши тарафини тилга олайлик.
Ш.ЧЎЛПОНОВ,
Тошкент ислом институтининг “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, энг афзал амални адо этган бўлади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан “Энг афзал амал қайси?” деб сўраганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўз вақтида ўқилган намоз”, деганлар.
2. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, шайтон қулоғига бавл қилмайди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломга тонг отганда ухлаб ётиб, намозга турмаган бир киши ҳақида айтишганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унинг қулоғига шайтон бавл қилибди”, деганлар.
3. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, ўша кунги ризқига барака киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим! Умматимнинг эрта тонгдаги ишларини баракотли қилгин”, деб дуо қилардилар.
4. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, Аллоҳнинг зиммасида бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдод намозини ўқиса, Аллоҳнинг аҳди ва омонида (зиммасида)дир. Аллоҳ сизларни ҳаргиз аҳдини зое қилган ҳолда топмасин”, дедилар.
5. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, жаннатга киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдод ва аср намозларини адо этса, жаннатга киради”, деганлар.
6. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, мунофиқликдан узоқ бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мунофиқларга энг оғир намоз хуфтон ва бомдод намозларидир”, деганлар.
7. Ким бомдод намозини ўз вақтида ўқиса, бу дунё ва ундаги нарсалардан энг яхшиси эга бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бомдоднинг икки ракати дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир”, дедилар.
Даврон НУРМУҲАММАД