Болалигим хотиралари
Эслайман. Ёш бола эдик. Опа-сингиллар, қўшни ҳамтенглар – ҳаммамиз болалик ўйинларининг бирортасини бегона қилмаганмиз. Ҳар бир байрамни-ку асти сўраманг. Бир-икки ҳафта олдин кийимлар олдириб, ёки онажонимизга тиктириб, ҳар куни камида 2-3 марта кўйлакларимизни кийиб кўриб, роса завқланардик: шодлигимизнинг чеки бўлмасди. Айниқса, ҳайит байрамларининг шукуҳи ўзгача эди. Хонадонимизнинг катталари бизни пул, ширинликлар, ҳар хил совға-саломлар билан сийлашарди. Ўша куни онамнинг оналари – Зулфин момомнинг ташрифлари бир қувончимизга ўн қувонч қўшарди. Бошларида енгли желак бўларди, уни қанд-қурсга тўлдириб келардилар. Музқаймоқ олиб енглар, деб пул ҳам берардилар раҳматли моможоним. Кечқурун катта сўрида жой ҳозирлаб, байрамона дастурхон тузаларди. Ҳаммамиз дастурхон атрофида ўтириб, тансиқ таомлар тановул қилиб, момом айтган рамазон ва қурбон ҳайити шеърларини мириқиб тинглардик. Мана ўша шеърлардан эсимда қолганлари:
Моҳи Рамазон,
Азиз, жонажон.
Сен келганинг он,
Қувонч бир жаҳон.
Йилда бир эмас,
Кўпроқ келсайдинг.
Бизга ёқишинг,
Кошки билсайдинг.
Моҳи Рамазон,
Азиз, жонажон.
Қурбон ҳайитига аталган мана бу шеър ҳам ҳамон ёдимда:
Қурбон ҳайит, қурбон ҳайит,
Дастурхони тўкин бу ийд.
Йўқловларинг яна бойит,
Юраклардан ғамни арит,
Қурбон ҳайит, қурбон ҳайит.
Моможонимнинг тилларидан тўкилган бу дурлар халқ оғзаки ижодиданми ёки ўзларининг ижодлариданми билмадиму, бу мисралар хотирамда бир умрга муҳрланиб қолган.
Йиллар ўтди. Каттарганимда негадир бу байрамни нишонламай, сайлларга чиқмай қўйдик. Сабаби эса аён.
Истиқлол бизга ўша – болалик шодликларимизни қайтариб берди. Болаларимга, набирамга ҳайитлик улашар эканман, кўнглимда ўша орзиқиш, ўша хотиротлар қайта тикланади. Илоҳим, менинг юрагимда яшаётган ҳайит шукуҳи энди фарзандларим, набираларим қалбида ўзининг баланд бўйини кўрсатсин.
Зебо ОМОНОВА
Уч яшар қизи уйни бетартиб қилиб ташлагани учун отаси унга қаттиқроқ танбеҳ берди. Эртасига қизи отасига бир қути ҳадя қилди. Отаси бўш қутини кўриб, қизининг бу ишини тушунолмади ва: “Бу нимаси, қизим, мени масхара қиляпсанми?” деди. Қизи эса: “Кеча мени уришган пайтингиз сизга айтишдан қўрқиб шу қутини очдим ва ичига сизни яхши кўришимни айтиб, оғзини беркитиб қўйдим. Бугун жаҳлингиз чиқмай тургани учун олиб келиб бердим”, деди. Шунда ота хато йўл тутаётганини англаб етди. Қизини опичлади. Унинг бундан нақадар хурсанд бўлгани кўз олдида қолди.
Орадан йиллар ўтса-да, иши юришмаса ё кайфияти бўлмаса ўша кунни эслаб, бўш қутини очиб қараркан, ташвишларини унутди.
Дарҳақиқат, қиз фарзанд отасига ўғил фарзанддан ҳам кўпроқ меҳрли бўлишар экан. Ҳадисларда бир қиз фарзандни бўлса-да, тарбиялаб ўстирган отага жаннат башорати берилгани бежизмас экан.
Аллоҳ берган бу неъматларнинг қадрига етайлик. Зеро, қанча одамлар, ўғил бўлсин, қиз бўлсин – кўп йиллар давомида фарзанд неъматига зор.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ