Бизларни Ўзига ибодат қиладиганлардан қилиб қўйган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Ҳаётнинг барча жабҳаларида бизларга намуна бўлган ислом минорасини кўтарган зот Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот ва саломлар бўлсин.
Рамазон ойининг охирги кунларини ўтказмоқдамиз Рамазон кундузлари рўза тутиб, тунларда қоим, бедор бўлганлардан Аллоҳ таоло рози бўладиган ойдир. Жаннат эшиклари очилиб, шайтонлар занжирбанд қилинадиган ойдир. Бу ой аввали раҳмат, ўртаси мағфират ҳамда охири дўзахдан қутулиш бўлган улуғ ойдир. Бу ой ҳар тунда дўзахга кириши вожиб бўлган кимсаларнинг юз минги озод бўладиган буюк ойдир. Бу ой рўзадорларнинг нафаси Аллоҳ таоло ҳузурида мискдан-да xушбўй бўладиган муборак ойдир. Бу ой Аллоҳ таоло ва гуноҳкорлар ўтасида алоқа тикланиб гуноҳлар кечириладиган ойдир. Аллоҳ таоло бандаларидан ҳар бир солиҳ амалдан кейин истиғфор айтишини талаб қилади. Бу борада Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
“…Дарҳол Раббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг ва Ундан мағфират сўранг! Зеро, У тавбаларни қабул этувчи зотдир” (Наср, 3).
“…Аллоҳдан мағфират сўрангиз. Албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир” (Бақара, 199).
Ҳа азизлар, Аллоҳ таоло гуноҳларни кечирувчи зотдир. Моҳи шариф Рамазон ойининг охирги куну тунларида барча нарсани билувчи, оламлар Раббисига боғланиб, истиғфор ва тавба қилиш билан машғул бўлишимиз лозим. Шояд Аллоҳ таоло гуноҳларимизни кечириб, бизларни янги туғилган чақалоқ каби гуноҳлардан пок қилса.
Қуръони каримда ўтган пайғамбарларнинг қавмларига айтган қуйидаги сўзлари келтирилади:
Нуҳ (алайҳиссалом):
“Бас, дедимки: «Раббингиздан мағфират сўрангиз! Албатта, У (бандаларига нисбатан) ўта кечиримли зотдир. (Шунда, яъни истиғфор айтсангиз) устингизга осмондан (баракали) ёмғир ёғдирур, сизларга мол-дунё, фарзандлар билан мадад берур ҳамда сизларга боғлар (барпо) қилур ва сизларга анҳорларни (ато) қилур” (Нуҳ, 10-12).
Ҳуд (алайҳиссалом):
“(Аллоҳ буюрадики), Раббингиздан мағфират (кечирим) сўрангиз, сўнгра Унга тавба қилингиз, шунда (У) сизларни маълум муддат (ажалларингиз охири)гача чиройли баҳра билан баҳраманд қилур ва ҳар бир фазлли (карамли, сахий) кишига Ўз фазлини ато этур…” (Ҳуд, 3).
Сулаймон (алайҳиссаолом):
«Эй, Раббим! Ўзинг мени мағфират қилгин ва менга ўзимдан кейин бирор кишига муяссар бўлмайдиган бир мулк (ҳукмронлик) ато этгин! Сенинг Ўзинггина Ваҳҳоб (барча яхшиликларни ато этувчи)дирсан»” (Сод, 35).
Иброҳим (алайҳиссалом) умрларининг охирида:
“У жазо куни (қиёматда) менинг хатоларимни мағфират этишини умид қилурман”, деганлар (Шуаро, 82).
Аллоҳ таоло Одам (алайҳиссалом) ва аёллари Ҳавво онамиз гуноҳ қилиб қўйганларида айтган сўзларини Қуръонда шундай марҳамат қилади:
“Иккиси айтдилар: «Эй, Раббимиз! Биз ўзимизга (ўзимиз) зулм қилдик. Агар бизни кечирмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, биз, албатта, зиён кўрувчилардан бўлиб қолурмиз»” (Аъроф, 23).
Аллоҳ таоло истиғфор сўровчиларга шундай ваъда беради:
“Уларнинг ичида Сиз бўла туриб, Аллоҳ уларни азобловчи эмас. Улар истиғфор айтиб (кечирим сўраб) турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азобловчи эмас” (Анфол, 33).
Аллоҳ таоло барча инсонларга шудай нидо қилади:
“(Эй, Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзи Мағфиратли ва Раҳмлидир” (Зумар, 53).
Бу оят Ибн Касир (раҳматуллоҳи алайҳ) таъбири билан айтганда, кофирлар учун ҳам, мўминлар учун ҳам баробар даъватдир. Зеро, куфр ва ширкдан шу дунёда тавба қилиб имон келтирган кишининг тавбаси ва имони қабул қилиниши аниқ. Шунингдек, мўмин бўла туриб, дарёнинг кўпигидек кўп гуноҳ қилган кимсанинг ҳам гуноҳларини Аллоҳ таоло ўз фазли билан кечиб юбориши мумкин экани ҳам оят ва ҳадислардан маълумдир (Шайх Абдулазиз Мансур).
Аллоҳ таоло гуноҳ қилиб қўйиб истиғфор айтиб, тавба қилган бандаларини мадҳ этиб шундай дейди:
“Улар бирор фаҳш иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилиб қўйсалар, (дарҳол) Аллоҳни эслаб, истиғфор айтадилар. Ваҳоланки, гуноҳларни фақат Аллоҳгина мағфират этар. Яна, улар била туриб, қилмишларида давом этмайдиган кишилардир. Айнан уларнинг мукофотлари – Парвардигорларидан мағфират ва остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннат боғлари бўлиб, ўша жойда абадий бўлурлар. (Солиҳ) амал қилувчиларнинг мукофоти нақадар яхши!” (Оли имрон, 135-136).
Аллоҳ таолонинг раҳмати улуғлиги ва мағфирати чексиз экани ҳамда чин қалбдан қилинган дуоларни қабул қилиши ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади:
“У имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотларни (дуоларини) ижобат қилур ва уларга Ўз фазлидан зиёдалик ато қилур. Кофирлар учун эса қаттиқ азоб бордир” (Шуро, 25).
“Аллоҳга тавба қилиб, Ундан кечирим сўрамайдиларми?! (Ахир,) Аллоҳ кечиримли ва раҳмли зот-ку?!” (Моида, 74).
“Кимда-ким бирор ёмон иш қилса ёки ўз жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан кечирим сўраса, Аллоҳнинг (қанчалик) кечирувчан ва раҳмли эканини идрок этади” (Нисо, 110).
Биз Рамазонда тавба қилмасак, қачон тавба қиламиз? Аллоҳ таолога Рамазонда қайтмасак, қачон қайтамиз? Ўз нафсимизни Рамазонда ҳисоб-китоб қилмасак, қачон ҳисоб қиламиз? Аллоҳ таоло қудсий ҳадисда: “Эй бандаларим, сизлар туну кун гуноҳ қилсаларинг ҳам Мен барча гуноҳларни кечирувчиман. Мағфират сўранг, мағфират қиламан”, деди.
Бугун истиғфор айтиладиган, гуноҳлардан фориғ бўлинадиган, Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўлинадиган, дўзаҳдан озод бўлинадиган ойининг охирги кунидир. Бу фурсатни ғанимат билиб, тўлиқ фойдаланайлик. Ушбу тунда ўзимизни дўзаҳдан қутқарайлик, намозни, тавба ва истиғфорни кўпайтирайлик, яхшиликларга шошилайлик. Ким катта гуноҳ қилган бўлса, шу кунда афв қилинади. Ким ёмонлик қилган бўлса, бугун кечирилади. Келинглар, бугун Раббимиздан мағфират қилишини сўрайлик, илтижо қилайлик. Ким бу кундан фойдаланмаса пушаймон ва кўп надомат қилади.
Аллоҳ таоло бизларга дунё ва охиратда саодатни насиб қилсин. Умрнинг ҳар сониясини ғанимат биладиганлардан қилсин. Алвидо эй Рамазон. Алвидо эй таровеҳ, Алвидо эй раҳмат ойи.
Баҳриддин ПАРПИЕВ
Имом Суфён ибн Саъид Саврий раҳматуллоҳи алайҳ ўз замонида ҳадис ривоят қилувчиларнинг кўпайиб кетганини зикр қилиб, шундай деган: “Бир кемада бир нечта бошлиқ денгизчи бўлса кема ғарқ бўлади!”. Айни шу гапни ҳозирги кунда шариатнинг номидан гапириб фатво бериб юрганларга ҳам қарата айтса бўлади. Саҳобалар – Аллоҳ улардан рози бўлсин – Қуръони карим нозил бўлиш даврига ҳамаср бўлсалар ҳам, шариатни Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни шахсан ўзларидан ўрганган бўлсаларда, шариат номидан бирон гап айтишга шошилмаганлар. Улардан бирон масала сўралса, хато гапириб қўйишдан қўрқиб, ўзларидан илмлироқ бўлганларга ҳавола қилиб юборардилар. Саҳиҳ Муслимда ривоят қилинади: Бир киши Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан масала сўради. У эса: “Буни Баро ибн Озибдан сўрагин”, деди. Баро ибн Озиб эса: “Зайд ибн Арқамдан сўра”, деган экан. Абу Муҳаммад Ромаҳурмузий “Ал-Муҳаддис ал-фосил” китобида Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан қуйидагини ривоят қилади: “Мен ушбу масжидда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир юз йигирмадан ортиқ ансор саҳобалар билан кўришганман. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини ривоят қилиш масъулиятини билганлари сабабли ўрнига бошқа киши ҳадис айтиб беришини истар эдилар. Шуниндек, улардан биронтасидан бирон масала сўралса, ўрнига бу масалада бошқа илмлироқ киши жавоб беришини ҳохлардилар. Имом Шаъбийдан бир киши: “Агар сизлардан бирон савол сўралса қандай жавоб берардингизлар?”, деб сўраган экан. Шаъбий роҳматуллоҳу алайҳ: “Агар кимдир биздан бир савол сўраса, биз ёнимиздаги шергимизга, сен жавоб бер, деб ҳавола қилар эдик. Шу тариқа савол яна биринчи сўралган кишига қайтиб келар эди”, деб жавоб берган эканлар.
Агар салафи солиҳлар илмни яшириб қўйиш гуноҳидан қўрқмаганларида эди, умуман фатво беришга журъат ҳам қилмаган бўлар эдилар. Бу борада салаф уламолардан жуда кўп ривоятлар бор. Ушбу ривоятлар фатво бериш масъулиятидан нақадар эҳтиёткор бўлганларини яққол кўрсатиб беради. Аммо бугунги кунда аҳвол бутунлай бошқача, одамлар фатво беришга ошиқадиган, масъулиятни ўйламай, бир-бири билан биринчи бўлиб саволга жавоб беришга мусобақалашадиган бўлиб қолдилар. Шунингдек, мазҳабсизликни даъво қилувчи гуруҳларнинг ҳар бир мавъиза ва насиҳат мажлисида ҳам ақида ва фиқҳ масалаларида асоссиз фатволар кўп айтилади. Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда оддий бир ҳайдовчи ҳам энг мураккаб ва чуқур масалаларда одамларга фатво беришдан тортинмайди. “Мен катта бобомдан эшитганларим бор”, ёки “Уйимдаги эски китоблардан ўқиб олганман”, деб ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қилиб қўйиш ҳолатлари жуда кўп. Бу каби шахсиятлар ўқиган китобидаги маълумотлар ёки эшитган гаплари ҳақиқатга қанчалик мос, адашиш ва оғишлардан холи экани текшириб ўтирмайдилар ҳам. Аслида, бундай масалаларда ҳатто катта уламолар ҳам хато қилиб қўйиши мумкин, қолаверса, оддий устоз кўрмаган шахсиятлар ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Энг хатарли томони шундаки, агар китоблар устозларнинг назоратисиз ўқилса, турли манбалардан чиққан фатволар бир масалада “шариат номидан” бири ҳалол, бири ҳаром, бири тўғри, бири нотўғри, деб чиқарверади. Бу эса бирдам, хотиржам жамиятнинг парчаланишига, одамларнинг шариатга нисбатан беэътибор бўлиб қолишига олиб келади. Оқибатда, уммат қалбидан фатвонинг ҳурмати, шариатнинг улуғворлиги ва уламоларнинг обрў-эътибори сўниб боради. Ҳар ким ўзича фатво беравириши сабабли одамлар орасида, масжид имомлари ва юрт уламолари ҳақида “Буларни фақат ойлик оладиган пайтидагина эшитамиз”, “Буларнинг барчаси ҳақни гапира олмайдилар”, деган гаплар кенг тарқаб қолди. Аслида бу гапларни тарқатганларнинг мақсади мусулмонлар орасида низо ва фитна уруғини сочиш, ўз юртининг уламоларининг гапига ишонмайдиган ҳолатга олиб келиб қўйишдир. Натижада мусулмонлар биродар бўлиб елкадош туриш ўрнига, ўзаро жанжаллашиб, бир-бирини ёмонлаб, душманлашиб кетадилар.
21 аср ижтимоий тармоқ асри деб айтамиз. Мусулмонлар диний масалаларда жавоб олиш учун ижтимоий тармоққа мурожат қилишлари табиий. Ҳечким, буни инкор ҳам қилолмайди, қолаверса бу ишни ман қилиб қўйиш мантиққа тўғри келмайдиган иш. Лекин, азиз халқимиз билиши лозим бўлган нарса шуки, ижтимоий тармоқлардан бериладиган аксар фатво ва саволларга жавоблар Ўрта Осиёда амалда бўлиб турган ҳанафий мазҳабига тамоман зид бўлади. Бу фатволарда келтирилаётган ҳадислар ва шунга ўхшаш сиз номини биринчи маротаба эшитаётган китоблардан келтирилган нақллар сизни алдаб қўймасин. Аслида эса бу фикр на бирор саҳобадан, на бирор тобеиндан, на салaф уламоларидан ҳеч биридан ривоят қилинмаган бўлади.
Ибн Умар разияллоҳу анҳунинг фатвоси, ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг қози сифатида чиқарган ҳукми, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган нақллар, Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг амали ва Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг тутган йўли ишончли ривоятлар билан бизгача етиб келган. Қолаверса, буларнинг барчаси саҳобалар орасида эътирозсиз қабул қилинган. Демак, саҳобаларнинг барчаси ҳам ўзларича ижтиҳод қилмаганлар, балки ичларидаги энг илмли кишиларга эргашганлар. Шунингдек, тобеинлар ва улардан кейинги авлод фуқаҳоларининг ижмоси ҳам бор. Бу ижмоъ уларнинг фатволари асосида тузилган манбаларда очиқ кўринади. Бу каби манбалар сифатидан Абдурраззоқ, Вакиънинг ва Ибн Абу Шайбанинг “Мусаннаф”лари, Саид ибн Мансурнинг, Байҳақийнинг “Сунан”лари, Ибн Абдулбаррнинг “Тамҳид”и ва “Истизкор”и каби асарларни кўрсатиш мумкин. Буларнинг барчаси ушбу масалада соҳта салафий ва бемазҳаблар томонидан айтилган шоз, яъни барчага хилоф гапларни мутлақо инкор қилади. Бундай масала ҳақида илм аҳли бўлган инсон, юқорида зикр этилган манбаларга ўхшаш китобларни кўрмасдан туриб, гапиришга ҳақли эмас. Саҳобалар ва тобеинларга нисбат бериладиган фикрларнинг манбаи айнан шу каби китоблардир. Кимки бу асарларни кўрмасдан туриб, бирор фикрни саҳоба ёки тобеинларга нисбат берса, у илм аҳли олдида уятли ҳолатга тушади ва уларнинг назарида қадри тушади. Бу эса қандай оғир оқибатларга олиб келишини тушуниш қийин эмас.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бирон масалада фикр билдиришдан эҳтиёт бўлинг. Унутманг илм ота-боболардан мерос бўлиб қолмайди. Илм китоблардан, устозлардан ўрганилади. Демак, етти аждодингиз уламолар катта эшон боболар бўлса ҳам сизда бирон масалада шариат номидан гапиришга ҳаққингиз йўқ. Қолаверса, охиратининг ғами бўлган мусулмон одам фатво беришдан жуда эҳтиёт бўлиши керак. Зеро, хато айтилган бир фатвонинг оқибати жаҳаннам бўлиши ҳеч гап эмас. Гапимизини Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган нақлни келтириб тугатамиз. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сизлар орасида фатво беришга энг журъатли бўлганингиз — дўзахга киришга ҳам энг журъатли бўлганингиздир”. (Доримий ривояти).
Маҳмуджон Мухторов
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси