Рамазон ҳайити – катта шодиёна, хурсандчилик ва кўтаринки руҳда ўтадиган муборак байрам. Чунки ушбу кун тутган рўзаларимиз қабул бўладиган, Аллоҳнинг раҳмати ва фазли мўл-кўл ёғиладиган ажойиб палладир. Шу боис ҳайитда барчамиз хурсандчилигимизни, саховатимизни ва юксак ахлоқимизни ҳар қачонгидан кўра кўпайтиришимиз зарур.
Ҳайит – Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига зиёфат куни, Қуръони каримда бундай марҳамат этилади: “Албатта, мана шу (жаннат неъматлари) улкан ютуқнинг ўзидир. Бас, айнан мана шундай ютуқ учун амал қилувчилар амал қилсинлар!” (Соффот сураси, 60-61-оятлар).
Рамазон рўзасидан олган тарбиямизнинг яна бир жиҳати шу бўлдики, бу ой бизларга бир-биримиз билан янада аҳил, тотув бўлиб яшашни, бағрикенг бўлишни, фақат ўзимиз учун эмас, ўзгалар учун ҳам камарбаста, фидойи бўлишни ўргатди. Чунки юртимизда тинчлик ва осойишталик бардавом бўлишида, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги юксалишида бу инсоний фазилатларнинг ўрни беқиёсдир.
Рамазон ойини қандай ихлос, ғайрат ва сабр билан ўтказган бўлсак, ҳайит байрамини ҳам ўшандай файзли қилиб ўтказишимиз керак бўлади. Ҳайитдан мақсад, кўнгилларга хушнудлик, нафсларга севинч, жисмга роҳат бағишлаш, дўстлар, яқинлар ўртасида муҳаббат, қариндошлар, қардошлар орасида меҳр ришталарини янгилаш, кишиларни бир-бирларига ёрдам ва саховат кўрсатишга чорлашдир.
Ҳайит муносабати билан қўни-қўшниларга таом улашиб, уларни зиёрат қилинса, қавму қариндошларнинг ҳолидан хабар олинса, хурсандчиликлар янада зиёда бўлади.
Ҳайит байрамида хурсандчилик қилаётган мусулмон шариатда ман қилинган ишлардан тийилиш лозим. Чунки бу кунда қилинган хайрли ишларнинг савоби улуғ бўлганидек, ношаръий ишларнинг ҳам гуноҳи каттадир. Гўё "ҳайитда рухсат" дегандек турли ношаръий ўйин-кулгуларга машғул бўлиш ёки аксинча шариат байрам қилиб белгилаган кунни азага айлантириш ярамайди. Зеро ҳайит куни ҳам мусулмон кишининг бошқа кунлари сингари яхшилик ва хайр-барака куни бўлиши, гуноҳ ва маъсиятлар содир этадиган кун бўлмаслиги керак.
Ҳайит байрамида ёш болаларни хурсанд қилишга, бу куннинг бошқа кунлардан фарқли мусулмонларнинг байрами эканини англатишга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунда уларга ҳайитлик совғалар улашиш, истирохат боғларига ёки ўйингоҳларга олиб бориб ўйнатиб келиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, ҳайит байрамининг шодликларидан эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларини ҳам баҳраманд қилишга уриниш комил мусулмонлик белгиларидан биридир. Зеро ҳар бир воқеа ёш боланинг онгида тошга ўйилган нақш каби сақланади. Бир танишимиз бундай ҳикоя қилади: "Етмишинчи йилларнинг боши... Комфирқа одамлари ҳайит намозини масжидда ўқитмайди. Намозга тўпланган жамоа нима қиларини билмай қолади. Шунда дадам: "Юринглар, ҳайит намозини ўқийдиган жой бор", дейдилар. Одамлар дадамга эргашишди.
...Эндигина кўча эшик олдини супуриб бўлган онам дадамнинг эрта қайтганидан ажабланди. Дадам шошилиб, қибла томонга шолча тўшади. Бир зумда ҳовли одамга тўлди. Биров қўйнидан жойнамоз олди, биров белбоғини ечиб ерга солди. Намоз ўқилди. Кишилар дуо қилиб тарқалишди. Дадам одамларни кузатгач, бизга ҳайитлик бердилар.
Бу воқеадан сўнг онам анча вақтгача дадамдан хавотирга тушиб, сал кеч қолсалар, илҳақ бўлиб, бизни хабар олишга жўнатардилар. Бу хавотирларининг сабабини кейинроқ тушундим..."
Алҳамдулиллаҳ, ҳозир жума ва ҳайит кунлари эмин-эркин ибодат қилиб, яқинларига ҳайитликлар улашаётган юртдошларимизни кўриб, кўнглимиз қувнайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу ҳайит куни бирга кетишаётган эди. Мадина кўчаларида ўйнаб юрган болалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳайитлик сўрашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Эй Умар, мени бу болалардан сотиб олмайсизми? – дедилар.
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу югуриб кетдилар ва болаларга гўшт, бир оз хурмо ва мевалар келтириб бердилар. Мамнун бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзларига табассум ёйилди. ("Тарихул Анбиё").
Одатда байрамларда жамият ахлоқи, истак ва майллари, урф-одатлари ҳар қачонгидан аниқроқ бўртиб кўринади. Шу боис Рамазон ойи давомида бўлгани каби ҳайит арафасида ҳам меҳр-муҳаббат, саховат, ўзаро ёрдам бериш, ҳожатмандлар ҳолидан хабар олиш, кексаларни қадрлаш ва ҳурматларини жойига қўйиш, ота-оналарга ҳар қачонгидан кўра эътибор кўрсатиш, инсонлар ўртасида меҳр-оқибатни янада кучайтириш талаб этилади.
Шунинг учун ҳам Яратганга шукроналар айтиб, буюк фарз амали Рамазон ойи рўзасидан сўнг Аллоҳнинг тавфиқи билан диёримизга кириб келган муборак Рамазон ҳайити барчамизга шодлик ва ҳуррамлик айёмига айлансин, деймиз! Бу кун шоду хуррамлик айёми, қутлуғ байрам экан, унинг шукрини адо этиш, ушбу муборак кунда ҳаммамизга ардоқли ота-оналаримиз, қавму қариндошларимиз, улуғларимиз зиёратига бориб, уларнинг дуоларини олиш, бетоб, эҳтиёжманд кишилар ҳолидан хабардор бўлиш, ёрдамга муҳтож кишилар кишиларга қўлдан келганича хайр-саховат кўрсатиш, бир-бирларимизни ҳайит билан муборакбод этиш, эски гина-кудуратларниунутиб, силаи раҳмни ва инсоний муносабатларни тиклаб олиш ва шу тариқа Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфиратига сазовор бўлиш ҳар бир мусулмоннинг байрам кунларидаги энг савобли амаллари саналади. Бу кунларни азага, хафагарчиликка айлантирмаслик керак. Ўтганларимизни эслаш, уларнинг руҳларини шод этиб дуойи хайрлар қилишимиз яхши амал, лекин булар ҳайит байрами шукуҳига таъсир қилмаслиги лозим.
Аллоҳ таоло Рамазон ҳайитини барчаларимизга муборак қилсин! Байрамнинг шарофатидан мустақил Ватанимиз равнақи, халқимизнинг аҳил-иноқлиги, бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги янада мустаҳкам бўлишини ва икки дунё саодатини насиб айласин! Аллоҳ таоло барчамизни имонда, Исломда собитқадам қилсин, юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолигини бардавом, халқимизни янада фаровон бўлишини насибу рўзи айласин.
Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,
Янгийўл тумани “Жомеъ” жоме масжиди имом-хатиби
Бу оят тақводорларга ваъда қилинган жаннатни сифатлаб бериш маъносида бўлиши мумкин. Оят “тақводорларга ваъда қилинган жаннат кофирларга ваъда қилинган дўзахга ўхшаш бўладими?” деган маънода бўлиши ҳам мумкин. Яъни жаннат билан дўзах бирбирига ўхшаш эмас.
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда жаннат ҳақида бундай марҳамат қилади: “Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли: ичида айнимаган сувли анҳорлари, таъми ўзгармаган сутли анҳорлари, ичувчилар учун лаззатбахш хамрли анҳорлари, мусаффо асалли анҳорлари бор. Улар учун унда барча мевалар ва Раббиларидан мағфират бордир. Улар дўзахда мангу қоладиган, ўта қайноқ сув билан суғорилиб, ичаклари титилиб кетадиган кимса (кофирлар)га ўхшармиди?” (Муҳаммад сураси, 15-оят).
Аллоҳ таоло бу оятда бундай демоқда: “Сифати шундай доимий неъматлар ичра бўлган кишилар мудом азобланадиган, сифатлари ана ундай бўлган кимсалар каби бўлурми?” Яъни жаннатийлар дўзахийлар каби бўлмайди. Шундан олдин келган оят ҳам ушбу оятга қиёс қилинади.
“Унинг остидан анҳорлар оқади, мевалари доимийдир”. Яъни жаннатнинг мевалари доимий бўлиб, асло тугаб қолмайди. Улар дунё мевалари ва унинг неъматларига ўхшамайди. Дунё меваларининг ҳар қандай тури вақти билан тугаб қолади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло охират жаннатининг мевалари ва ундаги жамики неъматлар узлуксиз, доимий эканини ҳамда кофирларга охиратнинг азоби ҳам бардавом эканини хабар қилди.
“Ва соялари…” Аллоҳ таоло жаннатнинг сояси ҳам узлуксиз экани, унда ботиши билан сояси ҳам йўқоладиган қуёш бўлмаслигини баён этиб, ундаги барча неъматларнинг давомийлиги ва манфаатли бўлишини билдирди. Сояда манфаат бор, лекин зарар йўқ, қуёшда эса фойда билан бирга зарар ҳам бордир. Худди шундай, дунё ҳаётида барча нарсаларда фойдали тарафлари билан бирга зарарли жиҳатлар ҳам бўлади. У неъматлар келиши вақти билан тўхтаб, завол топади. Аллоҳ таоло охиратдаги соя, жаннатдаги барча неъматлар зарарсиз, узлуксиз, боқий бўлишини ва улар дунёдаги сояга ва неъматларга ўхшамаслигини хабар қилди.
“Шу тақво қилганларнинг оқибатидир. Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”. Яъни кофирларнинг жазоси дўзахдир. Бу оят нинг зоҳирини эътиборга оладиган бўлсак, гўзал оқибат ширкдан сақланганларга бўлиши айтилди. Чунки Аллоҳ таоло кофирларнинг оқибати дўзах эканини зикр қилди. Яъни улар нинг оқибати, жазоси дўзахдир. Жаннат эса ширкдан сақланганларнинг мукофотидир.
“Кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”. Яъни кофирларнинг жазоси дўзахдир. Ёки ушбу иборанинг маъноси: “Тақво қилганлар нинг оқибати жаннатдир, кофирларнинг оқибати эса дўзахдир”.
Муфассирлардан баъзилари Аллоҳ таолонинг “Бу тақво қилганларнинг оқибатидир” оятининг маъносини бундай баён қилади: “Уларнинг амаллари, яхшиликларининг оқибати жаннатдир. Аллоҳ таолонинг ягоналигига куфр келтирган кимсалар амалларининг оқибати эса дўзахдир”.
Имом Абу Мансур МОТУРИДИЙнинг “Таъвилотул Қуръон” асаридан
Абдулатиф АЛЛОҚУЛОВ таржима қилди.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 9-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws