Улуғ ой - Рамазон ойининг охирги кунларида турибмиз. Бу ойнинг файзли, футуҳли кунлари ва тунларидан унумли фойдаланишимиз лозим.
Баъзи аёлларимиз рамазон рўзасини тутса-да, охирги ўн кунликда бепарво бўлишади. Чунки улар ҳайит айёмига тайёргарликни бошлаб юборишади. Кимдир ҳайитга янги кийим олиш, кимдир ширинликлар пишириш ташвишида улуғ кунларни бесамар ўтказиб юборади. Қиз узатилган, келин тушган хонадонларда ҳайитга алоҳида тараддуд кўрилади. Айниқса, қиз узатган оналар қизининг келин бўлиб тушган хонадонига қутилар ва тоғораларда пишириқлар, сархил мевалар, ширинликлар юбориб дастурхон тўкин бўлишига ҳаракат қилишади. Келинлар ҳайит кунлари қайнона, қайнэгачи-қайнисингилларини хурсанд қилиш, меҳмонларни кўнглини олиш, уларни келинсалом билан кутиб олиш ташвишида бўлишади. Буларнинг барчаси албатта келинликнинг зийнати, миллий урф-одатларимиз сирасига киради. Лекин ҳар нарсада ҳам меъёр бор. Ҳайит риёкорлик, исрофгарчиликда кимўзарчилик байрами эмас, балки саховат, яхшилик, меҳр-оқибат айёмидир.
Ҳадиси шарифларда исрофгарчиликдан қайтарилиб, тежамкорликка тарғиб ва ташвиқ этилади:“Аллоҳнинг ноз-неъматларидан ҳоҳлаганча еб-ичинглар, хайр-эҳсон қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангизлар!” (Имом Аҳмад, Насаий, Ибн Можжа ривоятлари).
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Тўй, маросим ва маъракаларни меъёрида ўтказиш ҳақида фатво”сида, янги келин тушган хонадонда бўладиган ҳайит маросимларини ихчам тарзда, фақат қариндошлар билан бир кунгина ўтказиш ҳақида таъкидлаб ўтилган.
Опа-сингилларимиз Рамазон ойининг сўнгги кунларида исрофгарчиликка ружу қўйиш ўрнига, ихлос ила Қуръон тиловати, ибодат, истиғфор, яхшилик, хайр-саховат қилиб ўтказишса икки дунё саодатига эришишади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Нисо сураси 114-оятида шундай марҳамат қилади: “Уларнинг кўпгина шивир-шивирларида - садақа беришга ёки эзгуликка буюришга ёҳуд одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрмаган бўлса – яхшилик йўқдир. Кимда-ким Аллоҳ ризоси учун шуни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз”.
М.Абдуллаева,
ЎМИ мутахассиси
Тошкент ислом институти жамоаси Бухоро ва Самарқанд вилоятларига уч кунлик илмий сафарга чиқишди.
Муфтий ҳазратлари хайрихоҳлиги ва институт ректори ташаббуси билан йўлга қўйилган илмий сафарнинг биринчи кунида Абдулхолиқ Ғиждувоний, Саййид Мир Кулол, Баҳоуддин Нақшбанд, Абу Ҳафс Кабир ҳамда Чор Бакр каби тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар зиёрат қилинди. Уламолар ҳаёти ва фаолияти билан яқиндан танишилди. Мир Араб мадрасасида ҳам талабалар билан учрашув ташкил этилди.
Анъанага мувофиқ, Муҳаммадрасул Абдуллаев, Фахриддин Маманосиров, Жаҳонгир Неъматов, Жаҳонгир Рўзиев ва бошқа ўқитувчилар иштирокида талабалар Масжиди Калонда Имом Бухорийнинг бухоролик устозларидан ривоят қилган ҳадисларни ўқишди.
Имом Бухорий мана шу масжидда минглаб талабаларга "Саҳиҳи Бухорий"дан дарс бергани тарихдан маълум. Айнан шу ерда таҳсил олиш бугунги талабалар учун илм баракасидан насибадор бўлишга умидворлик бор.
Тошкент ислом институти жамоасининг сафари Самарқандда давом этди. Устоз ва талабалар Ҳадис илми мактабида ҳам бўлишиб, “Саҳиҳул Бухорий” китобидан охирги ҳадисларни ўқишди. Шундан сўнг 70 дан ортиқ битирувчи курс талабаларига “Саҳиҳул Бухорий” бўйича ижоза шаҳодатномалари топширилди.
Қуръон хатмлари ниҳояланиб, халқимиз фаровонлиги ва юртимиз осойишталигини тилаб дуолар қилинди.
Маълумот учун, Тошкент ислом институтида диний таълимнинг “хатми кутуб” услуби бўйича ҳадис, фиқҳ, ақида, тафсир, фароиз, тасаввуф каби фанларга оид мўътабар китоблар дарс жараёнлари ва тўгаракларда тўлиқ ўқиб тугатилади. “Саҳиҳул Бухорий” китоби 2 йил мобайнида “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчилари устозлигида ўқиб хатм қилинди. “Саҳиҳул Бухорий” бўйича ижоза шаҳодатномалари ҳар йили Бухоро ва Самарқанддаги илмий сафар якунида топширилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати