Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Август, 2025   |   20 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:03
Қуёш
05:31
Пешин
12:33
Аср
17:21
Шом
19:28
Хуфтон
20:49
Bismillah
14 Август, 2025, 20 Сафар, 1447

Закотларимизни кимга берамиз...

22.06.2017   96987   11 min.
Закотларимизни кимга берамиз...

Рамазон закот ва садақалар вақтидир. Рамазон кириб келган, одамлар закот беришни бошлаган бўлсада айрим кишилар парво ҳам қилмай, енгил қарамоқдалар. Закот ҳам худди намоз, рўза ва ҳаж каби Аллоҳ таоло фарз қилган, тарк қилиш улкан гуноҳ саналадиган амал эканини унутиб қўймоқдалар. Закот бераётган кишиларнинг кўпчилиги эса баъзи вақтларда закотларини ўз ўрнидан бошқа ўринга сарфламоқда.

Яна одамлар орасида “албатта садақа масжидларнинг энг яқинигадир” деган ҳужжат билан закотини яқинларига, қариндошларига тақсимлаб берадиганлари бор. Бу гап аслида мутлақ садақа борасида айтилган. Қариндошларга қилинган инфоқ қариндошлик ҳаққи учун бўлади. Уламоларимиз қариндошларига қариндошлик ҳақи ўлароқ берилиши керак бўлган мулкни закоти ҳисобидан бериб, “бир ўқ билан икки қуённи” уришликни яхши амал деб санамаганлар. Балки, яқинларига қариндошлик учун алоҳида, закотга ҳақли кишиларга закотни алоҳида инфоқ қиладиган кишиларни мақтаганлар. Уламоларимиз мақтаган амални ўзимизда мужассам қилишимиз учун закот тарқатиладиган ўринларни яхшилаб ўрганиб олмоғимиз зарур бўлади.

Аллоҳ таоло бизларга нозил қилган ҳукмларни дастлаб Қуръони карим, сўнгра суннати Набавий орқали батафсилроқ билиб оламиз. Мисол учун, Қуръони каримда намоз ҳукмлари қисқача келган. Кейин унинг миқдори, сифати, вақтлари ва ададларини Расулимиз алайҳиссалом батафсил баён қилганлар. Ҳаж ҳукмлари ҳам Қуръонда қисқача келган. Қолган шартлар, рукнлар ҳамда маносикларини Расулимиз баён қилганлар.

Бироқ, мол-мулкларнинг ҳукмини, яъни уларни қандай ва кимларга тақсимлашни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қолдирмай, Аллоҳ таолонинг Ўзи баён қилди. Меросда бериладиган мол-мулк билан боғлиқ нарсаларнинг ҳукмини ҳам Ўзининг китобида очиқ-ойдин келтирди.

Закот фарз қилингач кўплаб саҳобаи киромлар закот беришга шошила бошладилар. Борган сари закот берадиганлар кўпая бошлади. Мунофиқларнинг қўллари эса закотга чўзилди, кўнгиллари мана шу закотларни қўлга киритиш пайига тушди. Сўнг Аллоҳ таоло Қуръони каримда мунофиқларнинг мол-дунёга, ўзлари ҳақли бўлмаган нарсага ҳирс қўйганлигини кўрсатиб берувчи оят тушуриб, уларни шарманда қилди.

Шундан сўнг Аллоҳ таоло закот сарфланадиган ўринларни ҳам бирма-бир  баён қилди:

 إِنَّمَا الصَّدَقَاتُ لِلْفُقَرَاءِ وَالْمَسَاكِينِ وَالْعَامِلِينَ عَلَيْهَا وَالْمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمْ وَفِي الرِّقَابِ وَالْغَارِمِينَ وَفِي سَبِيلِ اللَّهِ وَاِبْنِ السَّبِيلِ فَرِيضَةً مِنَ اللَّهِ وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ

Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир (Тавба сураси,60‑оят).

 Бу оят вожиб закот ҳақида нозил бўлган. Бу кўрсатилган кишиларга закот, хирож, фитр ва ушр каби садақотлар берилиши керак. Улардан "диллари ошна қилинувчилар" ва “қуллар” мансух этилган.

Бойларга фақатгина закот беришнинг ўзигина вожиб бўлмай, балки, унга ҳақли ўринни излаб топиб, адо қилиш ҳам вожиб бўлади. Закот ҳам Исломнинг улуғ рукнларидан бўлиб, Аллоҳ таоло худди намозни қоим қилишни қандай зикр қилган бўлса, закотни адо қилишни ҳам ўшандай зикр қилган. Шундай экан, закот берувчига уни берадиган кишисини тўғри танлаши вожиб. Аллоҳ таоло оятда баён қилган саккиз ўринга назар ташласак, ҳозирги кунда садақа йиғувчилар ва кўнгиллари улфат қилинадиганларни учратмаймиз, қул озод қилиш ҳам топилмайди. Саккиз гуруҳнинг бир қисми уламолардан хос фатвога муҳтож. Бу “фий сабилиллаҳ” турига кирувчи кишилардир. Закот сарфланадиган ўринлар ичида энг машҳури бўлган уч ўриндан мосини топишлиги лозим. Улар фақирлар, маскинлар ва қарздорлардир. Хўш, фақир, мискин ким ўзи, уларни қандай биламиз?

Жумҳур уламолар наздида мискин саҳиҳ қавлга кўра, ўзи ва оиласи учун “аслий ҳожати”дан кифоясини топа олмайдиган киши, фақир эса закот нисобига қодир бўлмаган ҳожатманд кишидир. Ўйлаб кўрсак, бир кишининг моли бўлмаса, бошқа бирор киши унга нафақа бермаса, бу фақир ва мискиндир. Мискин ва фақирни билиш осондир. Ҳожати аслиясига, кийимига, фарзандларининг ҳолатига қараб ким фақир, ким ҳожатманд эканини билиб олишнинг имкони бор. Ёки ўша ерлик одамлардан сўраб суриштиришлик ила фақир-камбағалларни ҳам, қарздорларни ҳам билиб олиш мумкин. 

Закотни муносиб ўринга адо қилиш муҳим масала бўлгани боис ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада қаттиқ суриштирганлар. У зот ўз ҳузурларига ёрдам ёки закотдан беришликни сўраб келган ҳар қандай кишига тўғридан тўғри, суриштириб ўтирмасдан закотни бериб юбормаганлар. Бошқа нафл садақалардан берсалар ҳам закот борасида ниҳоятда эҳтиёт бўлганлар. Сўзимизни тўғри эканлигини Абу Довуд Зиёд ибн Ҳорис розиялллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шариф тасдиқлаб беради:

جاء عند أبي داود من حديث زياد بن الحارث الصدائي قال: أتى رجل إلى النبي صلى الله عليه وعلى آله وسلم يسأله الصدقة، فقال صلى الله عليه وعلى آله وسلم: ( إن الله تعالى لم يرض بحكم نبي ولا غيره في الصدقة حتى حكم هو بنفسه، فجزّئها ثمانية أجزاء؛ فإن كنت من تلك الأجزاء أعطيتك حقّك)

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб закотдан (унга ҳам ажратиб беришларини) сўради.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Аллоҳ таоло закот борасида бирор пайғамбарнинг ҳам, ундан бошқа бирор кишининг ҳам ҳукмига рози эмаслигидан Ўзи (бу борада) ҳукм қилиб, у (закот олувчилар)ни саккизта қисм қилган. Агар сен ўша қисмлардан бўлсанг албатта, сенга ўз ҳаққингни бераман”, дедилар”.

 Бошқа бир ҳадиси шарифда шундай нақл қилинади:

روى أبو داود من حديث عبيد الله بن عدي بن الخيار قال: أتى رجلان يسألان الرسول صلى الله عليه وعلى آله وسلم الصدقة، فقلّب بصره فيهما، يتحرى عليه الصلاة والسلام، وينظر في شأنهما، فرأى صلى الله عليه وعلى آله وسلم من القرائن ما يُوحي بأنهما لا يستحقان الزكاة، فقلّب بصره فيهما، فوجدهما جلدين؛ يعني قويين، فقال صلى الله عليه وعلى آله وسلم محذّراً ومنبهاً: "إن شئتما أعطيتكما، ولا حظ فيها لغني ولا قوي مكتسب".

 

Абу Довуд Убайдуллоҳ ибн Адий ибн Хиёр розияллоҳу анҳудан шундай деганини ривоят қилади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига икки киши уларга ҳам закотдан беришларини сўраб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзларини уларга тикиб, синчиклаб қараб чиқдилар, аҳволини ўргандилар. Уларга бошдан-оёқ диққат билан разм солгач уларда закот олишга ҳақдор эмаслик аломатларини кўрдилар. Яна бир бор улар томонга назар солиб, уларни бақувват, ишга яроқли эканини кўрдилар ва огоҳлантириб, танбеҳ бериб: “Агар хоҳласаларинг сизларга (закотдан) бераман, ҳолбуки, закотдан бой ва касб-кор қила оладиган бақувват киши учун насиба йўқдир”,  дедилар”.

Закотга ҳақдорларни топиш борасида ўтган салафи солиҳ кишиларнинг қилган амаллари бизларга гўзал ўрнак бўлади.

– Солиҳларимиз  ўз оила аъзоларидан бирини қишлоқга, мискин ва фақирларни билиб келиш учун жўнатардилар. Улар келиб фақирларнинг аҳли оиласини, унинг ҳовлисини кузатардилар. Улардан закотга ҳақлиларини аниқлаб кетар, сўнгра келиб уларга ўз закотларини улашардилар.

– Бошқа улуғларимиз эса қарздорлдарга закотларини бериш учун қуйидагича услубни ихтиёр этганлар. Маҳаллаларга бориб озиқ-овқат ва кундалик ҳожат учун зарур бўлган ашёларни сотадиган дўкондорлар олдига бориб, охирги ой ичида улардан қарзи бор кишилар номини сўраб билиб олишарди. Бир ой ўтгандан сўнг келиб ўша қарздорлар ўз қарзини тўлагани ёки йўқлигини аниқлаб, кимнинг қарзи  кейинги ойларга ўтса, ёки қарзи яна кўпайган бўлса ўша одамларга ўз закотларини тарқатар эдилар.

– Яна бир гуруҳ кишилар эса қишлоқма-қишлоқ одамлар юбориб, уйларида беморлари бор хонадонни излаб топар, сўнг ўшаларга ўз закотларини адо этардилар. Чунки бемори бор кишилар доимо дори-дармон ва беморни табиблар ҳузурига олиб бориш ҳаражатлари устида туради.

– Бошқа бир гуруҳ солиҳларимиз эса масжид мадрасаларга бориб, у ердаги толиби илмларга ўз закотларини тарқатмоқликни афзал кўрар эдилар. Бунда улар илм ўрганишликнинг фазли, толиби илмларнинг Аллоҳ йўлидаги кишилар эканлиги  ҳамда мусофир эканлигини ҳисобга олганлар.

Ота-боболаримиз, уламоларимиз ўз дини буюрган ҳукмларга қанчалик эътибор ва масъулият билан қараганликларига бир эътибор қилайлик. Уларнинг дин амрларига бўлган ўша масъулият ва эътиборлари бугунги кунимизда ҳам бўлганда эди, опа-укалар “ака-ука, опа-сигилларига закот улашадиган”   “саховатпеша” акаси қачон закот беришини кутиб ўтирмас эди...

Агар ўша масъулият ва раҳмдиллик бугун ҳам бўлганда эди, дўконлардаги “қарз алоқаларни бузади”, “насияга савдо йўқ, ҳатто сизга ҳам” деган ёзувлар ҳам, ёки шу ёзувлар туфайли дўконларга киришга ийманиб, оч қолишгача рози бўлиб турган одамлар ҳам бўлмас эди...

 Агар ўша масъулият ва эҳтимом бугун ҳам бўлганда эди, қарздорлиги туфайли одамлар орасига қўшилишдан иймони ва ҳаёси тўсиб турган кишилар ҳам, уларнинг уйларидаги йўқчилик туфайли юз бераётган кундалик жанжаллар ҳам  келиб чиқмас эди...

 Агар ўша масъулият ва синчковлик бугун ҳам бўлганда эди,  беморларига дори-дармон топа олмай дорихоналар эшиги олдида беморларнинг яқинлари қаердан мўъжиза пайдо бўлар экан, деб нажот кутиб турмас эди...

Беморларни улов топа олмаганлиги боис вақтида шифохонага етказа олмаганидан афсусланиб йиғлаётган ота-оналар ҳам, бахтиқаро фарзандлар ҳам бўлмас эди... 

Агар ўша масъулият ва эътибор бугун ҳам бўлганда эди, талабалар шартнома пулларини қаердан топаман деб бош қотиришмас, ёхуд кундалик сарф ҳаражатларини қоплаш учун дарсни ташлаб қўшимча иш қилишига ҳожат ҳам қолмас эди...

Аллоҳ таоло бизларга Рамазон ойи савобларига эга бўлмоғимизни насиб айласин ва барчаларимизни ота-боболаримиз сингари динимиз амрларига масъулият ҳамда  эҳтимом ила қарайдиган бандаларидан қилсин!

Жалолиддин Ҳамроқулов

ТИИТаҳфизул Қуръонкафедраси мудири,

“Новза” жоме масжиди имом хатиби

 

Рамазон
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Маънавиятли аёл-қизлар кўпайса, жамият барқарор бўлади

14.08.2025   1937   2 min.
Маънавиятли аёл-қизлар кўпайса, жамият барқарор бўлади

Юртимизда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ҳанафий мазҳаби асосида пок динимизнинг асл моҳиятини аёл-қизларга етказиш, бидъат-хурофотларнинг олдини олиш муҳим вазифа ҳисобланади. Бу жараёнда, табиийки, отинойиларнинг алоҳида ўрни бор. 
 

Шу йил 13 август куни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани «Шайх Зайниддин» жоме масжиди мажлислар залида Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган отинойилар иштирокида тадбир ташкил этилди.
 

Йиғилишни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов кириш сўзи билан очиб, бугунги кунда диний соҳа ҳодимлари, шу жумладан, отинойиларнинг масъулияти, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашдаги ўрни, аёл-қизларни турли ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, соф Ислом дини таълимотининг асл моҳиятини кенг оммага етказиш ва ҳар қандай жаҳолатни илм-маърифат билан енгиш мумкинлиги тўғрисида гапирдилар.
 

   Тадбирда Тошкент шаҳар, “Маърифий тарғибот маркази” давлат муассасаси директори, “Шуҳрат” медали сохиби, Хидиров Мирзохид Ғайратович Тошкент шаҳар бош имом хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Зулайҳо Соатова, Тошкент шаҳар ҳокимлиги масъул ходимаси Нилуфар Иргашева ва Тошкент шаҳар туманлари бош имом-хатибларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари ва ҳудуд отинойилари иштирок этди.


   Тошкент шаҳар, "Маърифий тарғибот маркази" давлат муассасаси директори, “Шуҳрат” медали сохиби, Хидиров Мирзохид Ғайратович 2025-йил 25-февралдаги Ўзбекистон Республикасининг 1037-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепсиясининг мазмун –моҳияти. Мутаассиблик нима? Радикализм атамаси ҳақида. Мутаассиб ва радикал шахснинг  белгилари, бир-биридан фарқи ва уни аниқлаш усулари. Улар билан суҳбат ўтказиш усуллари тўғрисида маъруза қилди.

  
  Нилуфар Иргашева отинойилар фаолияти билан боғлиқ бир қатор масалалар тўғрисида фикр алмашди. Шу билан бирга 6 ой давомида отинойилар томонидан амалга оширилиган ишлар юзасидан таҳлилий фикрини билдириб, шунингдек, хар бир отинойи МФЙ идораларда “Жахолатга карши маърифат” лойиҳаси асосида ташкил этилаётган маьнавий-маьрифий тадбирларни ўтказишда фаол бўлишлари лозимлигини ва аёлларни урфимиз ва миллийлигимизга хос кийинишларини ва бошқаларга тақлид қилмасликларини ҳақида босқичма-босқич тушунтириш ишларини олиб боришини таъкидлаб ўтди. Йиғилиш доирасида отинойиларнинг саволларига жaвоблар қайтарилди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати

 

Маънавиятли аёл-қизлар кўпайса, жамият барқарор бўлади Маънавиятли аёл-қизлар кўпайса, жамият барқарор бўлади
Ўзбекистон янгиликлари