Рамазон закот ва садақалар вақтидир. Рамазон кириб келган, одамлар закот беришни бошлаган бўлсада айрим кишилар парво ҳам қилмай, енгил қарамоқдалар. Закот ҳам худди намоз, рўза ва ҳаж каби Аллоҳ таоло фарз қилган, тарк қилиш улкан гуноҳ саналадиган амал эканини унутиб қўймоқдалар. Закот бераётган кишиларнинг кўпчилиги эса баъзи вақтларда закотларини ўз ўрнидан бошқа ўринга сарфламоқда.
Яна одамлар орасида “албатта садақа масжидларнинг энг яқинигадир” деган ҳужжат билан закотини яқинларига, қариндошларига тақсимлаб берадиганлари бор. Бу гап аслида мутлақ садақа борасида айтилган. Қариндошларга қилинган инфоқ қариндошлик ҳаққи учун бўлади. Уламоларимиз қариндошларига қариндошлик ҳақи ўлароқ берилиши керак бўлган мулкни закоти ҳисобидан бериб, “бир ўқ билан икки қуённи” уришликни яхши амал деб санамаганлар. Балки, яқинларига қариндошлик учун алоҳида, закотга ҳақли кишиларга закотни алоҳида инфоқ қиладиган кишиларни мақтаганлар. Уламоларимиз мақтаган амални ўзимизда мужассам қилишимиз учун закот тарқатиладиган ўринларни яхшилаб ўрганиб олмоғимиз зарур бўлади.
Аллоҳ таоло бизларга нозил қилган ҳукмларни дастлаб Қуръони карим, сўнгра суннати Набавий орқали батафсилроқ билиб оламиз. Мисол учун, Қуръони каримда намоз ҳукмлари қисқача келган. Кейин унинг миқдори, сифати, вақтлари ва ададларини Расулимиз алайҳиссалом батафсил баён қилганлар. Ҳаж ҳукмлари ҳам Қуръонда қисқача келган. Қолган шартлар, рукнлар ҳамда маносикларини Расулимиз баён қилганлар.
Бироқ, мол-мулкларнинг ҳукмини, яъни уларни қандай ва кимларга тақсимлашни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қолдирмай, Аллоҳ таолонинг Ўзи баён қилди. Меросда бериладиган мол-мулк билан боғлиқ нарсаларнинг ҳукмини ҳам Ўзининг китобида очиқ-ойдин келтирди.
Закот фарз қилингач кўплаб саҳобаи киромлар закот беришга шошила бошладилар. Борган сари закот берадиганлар кўпая бошлади. Мунофиқларнинг қўллари эса закотга чўзилди, кўнгиллари мана шу закотларни қўлга киритиш пайига тушди. Сўнг Аллоҳ таоло Қуръони каримда мунофиқларнинг мол-дунёга, ўзлари ҳақли бўлмаган нарсага ҳирс қўйганлигини кўрсатиб берувчи оят тушуриб, уларни шарманда қилди.
Шундан сўнг Аллоҳ таоло закот сарфланадиган ўринларни ҳам бирма-бир баён қилди:
إِنَّمَا الصَّدَقَاتُ لِلْفُقَرَاءِ وَالْمَسَاكِينِ وَالْعَامِلِينَ عَلَيْهَا وَالْمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمْ وَفِي الرِّقَابِ وَالْغَارِمِينَ وَفِي سَبِيلِ اللَّهِ وَاِبْنِ السَّبِيلِ فَرِيضَةً مِنَ اللَّهِ وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ
Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир (Тавба сураси,60‑оят).
Бу оят вожиб закот ҳақида нозил бўлган. Бу кўрсатилган кишиларга закот, хирож, фитр ва ушр каби садақотлар берилиши керак. Улардан "диллари ошна қилинувчилар" ва “қуллар” мансух этилган.
Бойларга фақатгина закот беришнинг ўзигина вожиб бўлмай, балки, унга ҳақли ўринни излаб топиб, адо қилиш ҳам вожиб бўлади. Закот ҳам Исломнинг улуғ рукнларидан бўлиб, Аллоҳ таоло худди намозни қоим қилишни қандай зикр қилган бўлса, закотни адо қилишни ҳам ўшандай зикр қилган. Шундай экан, закот берувчига уни берадиган кишисини тўғри танлаши вожиб. Аллоҳ таоло оятда баён қилган саккиз ўринга назар ташласак, ҳозирги кунда садақа йиғувчилар ва кўнгиллари улфат қилинадиганларни учратмаймиз, қул озод қилиш ҳам топилмайди. Саккиз гуруҳнинг бир қисми уламолардан хос фатвога муҳтож. Бу “фий сабилиллаҳ” турига кирувчи кишилардир. Закот сарфланадиган ўринлар ичида энг машҳури бўлган уч ўриндан мосини топишлиги лозим. Улар фақирлар, маскинлар ва қарздорлардир. Хўш, фақир, мискин ким ўзи, уларни қандай биламиз?
Жумҳур уламолар наздида мискин саҳиҳ қавлга кўра, ўзи ва оиласи учун “аслий ҳожати”дан кифоясини топа олмайдиган киши, фақир эса закот нисобига қодир бўлмаган ҳожатманд кишидир. Ўйлаб кўрсак, бир кишининг моли бўлмаса, бошқа бирор киши унга нафақа бермаса, бу фақир ва мискиндир. Мискин ва фақирни билиш осондир. Ҳожати аслиясига, кийимига, фарзандларининг ҳолатига қараб ким фақир, ким ҳожатманд эканини билиб олишнинг имкони бор. Ёки ўша ерлик одамлардан сўраб суриштиришлик ила фақир-камбағалларни ҳам, қарздорларни ҳам билиб олиш мумкин.
Закотни муносиб ўринга адо қилиш муҳим масала бўлгани боис ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада қаттиқ суриштирганлар. У зот ўз ҳузурларига ёрдам ёки закотдан беришликни сўраб келган ҳар қандай кишига тўғридан тўғри, суриштириб ўтирмасдан закотни бериб юбормаганлар. Бошқа нафл садақалардан берсалар ҳам закот борасида ниҳоятда эҳтиёт бўлганлар. Сўзимизни тўғри эканлигини Абу Довуд Зиёд ибн Ҳорис розиялллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шариф тасдиқлаб беради:
جاء عند أبي داود من حديث زياد بن الحارث الصدائي قال: أتى رجل إلى النبي صلى الله عليه وعلى آله وسلم يسأله الصدقة، فقال صلى الله عليه وعلى آله وسلم: ( إن الله تعالى لم يرض بحكم نبي ولا غيره في الصدقة حتى حكم هو بنفسه، فجزّئها ثمانية أجزاء؛ فإن كنت من تلك الأجزاء أعطيتك حقّك)
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб закотдан (унга ҳам ажратиб беришларини) сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Аллоҳ таоло закот борасида бирор пайғамбарнинг ҳам, ундан бошқа бирор кишининг ҳам ҳукмига рози эмаслигидан Ўзи (бу борада) ҳукм қилиб, у (закот олувчилар)ни саккизта қисм қилган. Агар сен ўша қисмлардан бўлсанг албатта, сенга ўз ҳаққингни бераман”, дедилар”.
Бошқа бир ҳадиси шарифда шундай нақл қилинади:
روى أبو داود من حديث عبيد الله بن عدي بن الخيار قال: أتى رجلان يسألان الرسول صلى الله عليه وعلى آله وسلم الصدقة، فقلّب بصره فيهما، يتحرى عليه الصلاة والسلام، وينظر في شأنهما، فرأى صلى الله عليه وعلى آله وسلم من القرائن ما يُوحي بأنهما لا يستحقان الزكاة، فقلّب بصره فيهما، فوجدهما جلدين؛ يعني قويين، فقال صلى الله عليه وعلى آله وسلم محذّراً ومنبهاً: "إن شئتما أعطيتكما، ولا حظ فيها لغني ولا قوي مكتسب".
Абу Довуд Убайдуллоҳ ибн Адий ибн Хиёр розияллоҳу анҳудан шундай деганини ривоят қилади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига икки киши уларга ҳам закотдан беришларини сўраб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзларини уларга тикиб, синчиклаб қараб чиқдилар, аҳволини ўргандилар. Уларга бошдан-оёқ диққат билан разм солгач уларда закот олишга ҳақдор эмаслик аломатларини кўрдилар. Яна бир бор улар томонга назар солиб, уларни бақувват, ишга яроқли эканини кўрдилар ва огоҳлантириб, танбеҳ бериб: “Агар хоҳласаларинг сизларга (закотдан) бераман, ҳолбуки, закотдан бой ва касб-кор қила оладиган бақувват киши учун насиба йўқдир”, дедилар”.
Закотга ҳақдорларни топиш борасида ўтган салафи солиҳ кишиларнинг қилган амаллари бизларга гўзал ўрнак бўлади.
– Солиҳларимиз ўз оила аъзоларидан бирини қишлоқга, мискин ва фақирларни билиб келиш учун жўнатардилар. Улар келиб фақирларнинг аҳли оиласини, унинг ҳовлисини кузатардилар. Улардан закотга ҳақлиларини аниқлаб кетар, сўнгра келиб уларга ўз закотларини улашардилар.
– Бошқа улуғларимиз эса қарздорлдарга закотларини бериш учун қуйидагича услубни ихтиёр этганлар. Маҳаллаларга бориб озиқ-овқат ва кундалик ҳожат учун зарур бўлган ашёларни сотадиган дўкондорлар олдига бориб, охирги ой ичида улардан қарзи бор кишилар номини сўраб билиб олишарди. Бир ой ўтгандан сўнг келиб ўша қарздорлар ўз қарзини тўлагани ёки йўқлигини аниқлаб, кимнинг қарзи кейинги ойларга ўтса, ёки қарзи яна кўпайган бўлса ўша одамларга ўз закотларини тарқатар эдилар.
– Яна бир гуруҳ кишилар эса қишлоқма-қишлоқ одамлар юбориб, уйларида беморлари бор хонадонни излаб топар, сўнг ўшаларга ўз закотларини адо этардилар. Чунки бемори бор кишилар доимо дори-дармон ва беморни табиблар ҳузурига олиб бориш ҳаражатлари устида туради.
– Бошқа бир гуруҳ солиҳларимиз эса масжид мадрасаларга бориб, у ердаги толиби илмларга ўз закотларини тарқатмоқликни афзал кўрар эдилар. Бунда улар илм ўрганишликнинг фазли, толиби илмларнинг Аллоҳ йўлидаги кишилар эканлиги ҳамда мусофир эканлигини ҳисобга олганлар.
Ота-боболаримиз, уламоларимиз ўз дини буюрган ҳукмларга қанчалик эътибор ва масъулият билан қараганликларига бир эътибор қилайлик. Уларнинг дин амрларига бўлган ўша масъулият ва эътиборлари бугунги кунимизда ҳам бўлганда эди, опа-укалар “ака-ука, опа-сигилларига закот улашадиган” “саховатпеша” акаси қачон закот беришини кутиб ўтирмас эди...
Агар ўша масъулият ва раҳмдиллик бугун ҳам бўлганда эди, дўконлардаги “қарз алоқаларни бузади”, “насияга савдо йўқ, ҳатто сизга ҳам” деган ёзувлар ҳам, ёки шу ёзувлар туфайли дўконларга киришга ийманиб, оч қолишгача рози бўлиб турган одамлар ҳам бўлмас эди...
Агар ўша масъулият ва эҳтимом бугун ҳам бўлганда эди, қарздорлиги туфайли одамлар орасига қўшилишдан иймони ва ҳаёси тўсиб турган кишилар ҳам, уларнинг уйларидаги йўқчилик туфайли юз бераётган кундалик жанжаллар ҳам келиб чиқмас эди...
Агар ўша масъулият ва синчковлик бугун ҳам бўлганда эди, беморларига дори-дармон топа олмай дорихоналар эшиги олдида беморларнинг яқинлари қаердан мўъжиза пайдо бўлар экан, деб нажот кутиб турмас эди...
Беморларни улов топа олмаганлиги боис вақтида шифохонага етказа олмаганидан афсусланиб йиғлаётган ота-оналар ҳам, бахтиқаро фарзандлар ҳам бўлмас эди...
Агар ўша масъулият ва эътибор бугун ҳам бўлганда эди, талабалар шартнома пулларини қаердан топаман деб бош қотиришмас, ёхуд кундалик сарф ҳаражатларини қоплаш учун дарсни ташлаб қўшимча иш қилишига ҳожат ҳам қолмас эди...
Аллоҳ таоло бизларга Рамазон ойи савобларига эга бўлмоғимизни насиб айласин ва барчаларимизни ота-боболаримиз сингари динимиз амрларига масъулият ҳамда эҳтимом ила қарайдиган бандаларидан қилсин!
Жалолиддин Ҳамроқулов
ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,
“Новза” жоме масжиди имом хатиби
Ислом шариатида ижтиҳод (яъни шариат ҳукмларини аниқлашда илм ва далил асосида изланиш олиб бориш) жуда муҳим ўринга эга. Шариат ўз самарасини бериши учун шахс, оила, жамият ва уммат ҳаётида мақсадларига эриша олиши учун, у ҳар томонлама ва ҳар даражада ижтиҳоднинг амалга оширилишига муҳтождир. Бу — янги масалаларда ижтиҳод бўладими, мавжуд фикрлардан танлаб олинадиган ижтиҳодми, умумий ёки қисман, якка тартибда ёки жамоавий бўладими — барчаси шариат фаолиятида зарур саналади.
Ижтиҳоднинг турли кўринишлари мавжуд. Улардан бири — қозиликдаги ижтиҳод бўлиб, бу қозилар томонидан амалга оширилади. Айниқса, исломда ижтиҳод фаол даврларда ва ҳукмлар қонун сифатида расман қайд этилмаган, қозилар мажбурий равишда уларга амал қилишга буюрилмаган даврларда бу жуда кенг тарқалган эди.
Ижтиҳоднинг яна бир шакли — қонунлаштиришдир. Яъни, фиқҳ ҳукмларини ҳуқуқий моддалар шаклида ифода этиш. Масалан, оила қонунчилиги, фуқаролик қонунчилиги, жиноят қонунчилиги, маъмурий ва молиявий қонунчилик каби соҳаларда. Масалан, Усмонлилар империясининг охирги даврларида ҳанафий мазҳаби асосида тайёрланган машҳур "Мажаллатул аҳком" ана шундай қонунлар тўпламининг намунаси бўлган. Бугунги кунда ҳам шариат ҳукмларини янги ижтиҳод асосида тартиблаш мумкин, бу ижтиҳод умумий ҳам бўлиши мумкин, ёки қисман, янги ёки мавжуд фикрлардан танланган ҳолда бўлиши мумкин.
Бу амалиёт оила қонунчилигида (ёки "шахсий ҳолатлар" деб аталувчи соҳада) амалга оширилган. Аввалида бу ҳанафий мазҳаби асосида бўлса-да, кейинчалик тўрт мазҳаб доирасига кенгайди ва янада илгарилаб, ислом фиқҳининг барча имкониятларидан баҳра олишга ўтилди. Бу йўлни Мисрда ал-Азҳар шайхи — шайх Муҳаммад Мустафо ал-Мароғий бошлаган, уни баъзи мазҳаб мутаассиблари ва тақлид тарафдорлари танқид қилганлар, лекин у шариат далиллари билан уларга муносиб жавоб қайтарган.
Ижтиҳоднинг яна бир кўриниши — фиқҳий тадқиқотдир. Бу ислом уламолари ўз ҳалқаларида шогирдлари билан бирга бажарган ишлар бўлиб, масалаларни баён қилиш, саволларга жавоб бериш ва буни шариат матнлари, қоидалари ва мақсадлари асосида олиб боришни ўз ичига олади. Бугунги кунда буни университетлардаги профессорлар ёки илмий даража (магистрлик, докторлик) ишини ёзаётган талабалар амалга оширмоқдалар. Ана шундай изланишлар асосида китоблар ёзилади.
Ижтиҳоднинг яна бир шакли — фетво беришдир. Фуқаҳоларга одамлар турли ҳаётий масалаларда мурожаат қилишади ва муфтий унга жавоб бериши шарт, айниқса бошқа муфтий бўлмаса ёки у давлат томонидан тайинланган бўлса. Муфтийнинг фатвоси таҳқиқ ва ижтиҳод асосида бўлиши керак, яъни реал ҳолатга мос равишда қарор чиқарилади.
Ҳар бир мазҳабда воқеаларга мос тушган фатволар китоблари мавжуд бўлиб, уларда барча фиқҳ бўлимлари қамраб олинган. Бу китоблар мазҳаб қоидалари асосида тузилган ва "аҳкамун навозил" (янги масалаларга оид ҳукмлар) деб ҳам аталади.
Уламоларнинг сўзларига кўра, фатво замон, макон, урф-одат ва инсонларнинг аҳволига қараб ўзгариши мумкин. Биз ҳам бу тадқиқотимизда фатво берувчи замондош уламолар учун ушбу омилларни эътиборга олишни вожиб, деб билдик. Илғор замон талабига кўра, олдинги уламолар таърифлаган тўрт омилга яна олти омил қўшдик. Яъни, ҳозирги замонда фатвонинг ўзгаришига таъсир қилувчи ўнта омил бор:
1. Маконнинг ўзгариши
2. Замоннинг ўзгариши
3. Ҳолатларнинг ўзгариши
4. Урф-одатнинг ўзгариши
5. Маълумотлар ўзгариши
6. Инсонлар эҳтиёжининг ўзгариши
7. Инсонлар имконият ва иқтидорининг ўзгариши
8. Ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий шароитнинг ўзгариши
9. Оммавий муаммоларнинг юзага келиши
10. Фикр ва қарашлар ўзгариши
Албатта, Исломда фатво бериш улкан масъулиятдир. Бу вазифани илми ва тақвоси етарли бўлмаган одамларга топшириш мумкин эмас. Салафи солиҳларимиз бу масалада жуда қатъий бўлишган. Фиқҳда ва фикрда билимсиз киши фатво бермаслиги керак. Имoм Шотибий шундай дейди: фатво берувчи киши уммат ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўрнида туради — одамларга Аллоҳнинг шариати ҳукмларини баён қилади. Имoм Ибн ал-Қаййим раҳимаҳуллоҳ фатво берувчи ҳақида шундай дейди: у Аллоҳ таоло номидан ҳукм чиқарадиган одамдир, худди подшоҳ ва амирлар номидан қарор чиқарадиган вакиллар каби. Шу сабаб, у киши “Иълом ал-мўаққийн ъан Рабб ал-ъАламийн” (Оламлар Роббиси номидан имзо қўюқчиларни огоҳлантириш) деб номланган китобини муфтийлар учун ёзган.
Қуръони Каримда Аллоҳ таоло баъзи масалаларда фатвони Ўзи беради. Масалан: “Сендан мерос ҳақида сўрайдилар. Айт: Аллоҳ сизларга калала ҳақида фатво беради” (Нисо сураси,176-оят). “Аёллар ҳақида сендан сўрайдилар. Айт: Аллоҳ улар ҳақида фатво беради” (Нисо сураси,127-оят).
Қуръонда “Сўрайдилар” деган ибора ўнлаб оятларда келади. Аллоҳ таоло унга “Айт” (Қул) деган жавоб билан мурожаат қилади. Масалан: “Сендан май ичимлик ва қимор ҳақида сўрайдилар. Айт: уларда катта гуноҳ бор…” (Бақара сураси, 219-оят) ва шунга ўхшаш оятлар. Бу ҳам фатво ва фатво беришнинг аҳамияти, улуғлиги ва масъулиятини кўрсатади. Аллоҳнинг Ўзи фатво берган бўлса, бу қандай улуғ иш!
Ҳеч бир тадқиқотчига сир эмаски, мусулмонлар — дунёдаги ягона умматдирки, шариат ҳукмлари ҳақида савол беради, ибодатларида ва муомалаларида ҳалол-ҳаромни аниқламоқчи бўлади. Бошқа биронта миллатда — ҳатто китобий ёки бутпараст бўлсин — бундай интизом йўқ. Шу сабабли мусулмон давлатларда фатво муассасалари ташкил этилган. Шунингдек, кўпгина мамлакатларда “Муфтий” лавозими жорий этилган. У айрим мамлакатларда диний ва илмий энг олий мансаб саналади. Мисрда эса “Шайх ал-Азҳар” энг юқори мансаб ҳисобланади.
Шу туфайли, муфтийнинг шартлари, одоблари ва фатво сўровчининг ҳам одоблари ҳақида китоблар ёзилган, ҳозирги замонда эса фатво масалаларига бағишланган халқаро анжуманлар ўтказилмоқда. Айниқса, замонавий оммавий ахборот воситалари, телевидениелар пайдо бўлганидан сўнг “ижтимоий тармоқ орқали фатво берадиган” баъзи шахслар кўпайди, улар ҳар қандай масалада ўзини билимдон қилиб кўрсатади. “Билмайман”, “Бу масала таҳқиқ талаб қилади”, “Кенгаш қилишим керак” демайди. Ҳолбуки салафи солиҳларимиздан бири айтганидек: “Кимки ‘билмайман’ дейишда хатога йўл қўйса, у ҳалокатга юз тутган бўлади”.
Шу мақсадда биз аввалроқ «Фатво: интизом ва беқарорлик ўртасида» номли китобимизни нашр этган эдик. Энди эса ушбу «Фатвонинг ўзгаришига сабаб бўлувчи омиллар» номли рисоламизни тақдим этяпмиз. Бу орқали фатво эгаларини тўғри йўл — нурли сиротул мустақим — билан юришга ёрдам беришни, имкони борича ҳақ ва тўғриликни излаб топишга ундашни, ҳақиқатни аниқлаш учун ҳаракат қилишни ва энг охирида муфтийнинг Аллоҳдан тавфиқ сўраб, У зотдан кўмак сўрашини истаймиз. Чунки салафи солиҳлардан бири шундай деган: “Агар бир масала сен учун қийин келса, айт: ‘Эй Иброҳимга илм ўргатган Зот, менга ҳам илм ўргат!’”. Аллоҳ таоло шундай дейди: «Кимки Аллоҳга иймон келтирса, Аллоҳ унинг қалбини ҳидоят қилади» (Тағобун сураси, 11-оят), «Кимки Аллоҳга суянса, бас у тўғри йўлга ҳидоят этилди» (Оли Имрон сураси, 101-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бизга бундай дуони ўргатганлар: “Эй Жаброил, Микоил ва Исрофилнинг Парвардигори! Осмонлар ва ернинг яратувчиси! Яширин ва ошкора нарсаларнинг билгувчиси! Сен бандаларинг ўртасида келиша олмаётган масалаларда ҳукм чиқарасан. Сенинг изнинг билан менга ҳақ йўлни кўрсат, чунки Сен истаган кимсани тўғри йўлга ҳидоят этасан”.
Европа Фатво ва Тадқиқотлар Кенгашининг Бош котибияти мендан унинг маданий рисолалар силсиласига муқаддима сифатида бир рисола ёзишимни сўради. Мен эса мана шу рисолани танладим. Умид қиламанки, бу рисола кўзланган мақсадга хизмат қилади, мусулмонларни умуман, айниқса, озчиликда яшаётган мусулмонларни фаҳм ва ҳидоятга етаклайди. Ниятимиз Аллоҳ учун. Унинг Ўзи бизга етарли ва қандай яхши вакилдир У.
Аллоҳга муҳтож бандаси —
Юсуф ал-Қаразовий
Дўҳа шаҳри,
Рабиъ ус-соний, 1428 ҳижрий
Май, 2007 милодий
Ҳомиджон домла Ишматбеков
таржимаси