Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Июл, 2026   |   26 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:17
Қуёш
05:00
Пешин
12:29
Аср
17:41
Шом
20:01
Хуфтон
21:39
Bismillah
11 Июл, 2026, 26 Муҳаррам, 1448

Энг баракотли кеча

21.06.2017   107006   2 min.
Энг баракотли кеча

Лайлатул қадр –  шараф ва улуғлаш, ҳукм ва тақдир кечаси. Аллоҳ таоло бу кечада келаси йилдаги ўлим, ажал, ризқ ва шу каби тақдирга оид ишларни белгилайди.

Маҳмуд Замахшарий (розияллоҳу анҳу) айтади: “Қадр кечаси бу барча ишларнинг тақдири ва ҳукми белгиланадиган кечадир”.

Бу кечада фаришталар Аллоҳнинг изни билан ерга тушади. Тонг отгунча инсонларни дуо қилади ва инсонларнинг дуоларига “омин” деб туришади.

Қадр кечаси қуёш ботишидан то тонггача давом этади. Аллоҳ бу кечада фақат яхшиликни тақдир этади. Бошқа кечаларда эса балоларни ҳам, яхшиликларни ҳам ҳукм қилади.

Аксар уламолар фикрига кўра, Қадр Рамазон ойининг йигирма еттинчи кечасидир. Зирр (розияллоҳу анҳу) Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу)га: «Биродарингиз Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Ким бир йил қоим бўлса, Қадр кечасини топади”, деб айтганлар”, деганида, Убай ибн Каъб: “Аллоҳ Абу Абдураҳмон (яъни, Ибн Масъуд)ни мағфират қилсин, чиндан ҳам у Қадр кечаси Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида эканини билар эди. Бу кеча йигирма еттинчи кечадир, лекин одамлар у нарсага суяниб қолмаслигини хоҳлаб айтмасди”, деди. Сўнгра қатъий тарзда: “Қадр йигирма еттинчи кечада”, деди. Шунда мен: “Эй Абу Мунзир, нима далил билан бундай дейсан?” дедим. У зот: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга айтган белги билан: у кун қуёш шуъласиз чиқади”, деб жавоб берди» (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).

Демак, Қадр кечасининг катта аломатларидан бири – ўша куни қуёш шуъласиз оқариб чиқади. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қадр кечаси ҳақида: “У кеча иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмайди. Қуёш ўша куни оч қизил ҳолатда чиқади”, дедилар».

Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен Қадр кечасини билдим. Сўнг у менга унуттирилди. У Рамазон ойининг охирги ўн кунидаги кечаларидан биридадир. У кеча очиқ ярқираган бўлиб, иссиқ ҳам, совуқ ҳам эмас. Гўё ой бор кечага ўхшайди. У кеча тонг отгунича шайтонлар чиқмайди”, дедилар (Тафсири Самарқандий).

Шундай экан, биз ҳам қўлимиздан келганича кимдир намоз ўқир, кимдир тиловати Қуръон билан, яна кимдир тасбеҳу таҳлил каби тоату ибодат ва дуолар билан машғул бўлиб Қадр кечасини ўтказсак,  Яратганнинг улкан инъомидан баҳраманд бўламиз.  

Шоди ҲАҚБЕРДИЕВ,

Ургут тумани бош имом-хатиби

Рамазон
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Миср Вақф ишлари вазири: Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари бутун ислом оламида юксак эътироф этилмоқда

09.07.2026   6800   1 min.
Миср Вақф ишлари вазири: Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари бутун ислом оламида юксак эътироф этилмоқда

Профессор Усома Саййид Маҳмуд Муҳаммад Азҳарий,
Миср Араб Республикаси Вақф ишлари вазири

— Ўзбекистонда буюк алломаларнинг бой илмий меросини ўрганиш, муқаддас қадамжоларни обод этиш ҳамда ёш авлодни маърифат руҳида тарбиялашга қаратилган саъй-ҳаракатлар бутун ислом оламида юксак эътироф этилмоқда.

Мен вазир бўлсам-да, ўзимни Имом Термизийнинг шогирди деб биламан. Эртага у зотнинг муборак мақбарасини зиёрат қилиш бахтига муяссар бўлишимдан беҳад мамнунман. Бу зиёрат олдидан қалбимда катта ҳаяжон бор.

Шунингдек, Миср Араб Республикаси Президентининг самимий саломлари ва эзгу тилакларини форум иштирокчиларига етказиш мен учун катта шарафдир.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ислом цивилизациясининг бой илмий-маънавий меросини асраб-авайлаш, уни халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш ҳамда илм-маърифатни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак баҳоланмоқда.

Бундай эзгу ташаббуслар исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини кенг намоён этиш, халқлар ўртасида ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Дин ишлари бўйича қўмита 
Ахборот хизмати

МАҚОЛА