Лайлатул қадр – шараф ва улуғлаш, ҳукм ва тақдир кечаси. Аллоҳ таоло бу кечада келаси йилдаги ўлим, ажал, ризқ ва шу каби тақдирга оид ишларни белгилайди.
Маҳмуд Замахшарий (розияллоҳу анҳу) айтади: “Қадр кечаси бу барча ишларнинг тақдири ва ҳукми белгиланадиган кечадир”.
Бу кечада фаришталар Аллоҳнинг изни билан ерга тушади. Тонг отгунча инсонларни дуо қилади ва инсонларнинг дуоларига “омин” деб туришади.
Қадр кечаси қуёш ботишидан то тонггача давом этади. Аллоҳ бу кечада фақат яхшиликни тақдир этади. Бошқа кечаларда эса балоларни ҳам, яхшиликларни ҳам ҳукм қилади.
Аксар уламолар фикрига кўра, Қадр Рамазон ойининг йигирма еттинчи кечасидир. Зирр (розияллоҳу анҳу) Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу)га: «Биродарингиз Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Ким бир йил қоим бўлса, Қадр кечасини топади”, деб айтганлар”, деганида, Убай ибн Каъб: “Аллоҳ Абу Абдураҳмон (яъни, Ибн Масъуд)ни мағфират қилсин, чиндан ҳам у Қадр кечаси Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида эканини билар эди. Бу кеча йигирма еттинчи кечадир, лекин одамлар у нарсага суяниб қолмаслигини хоҳлаб айтмасди”, деди. Сўнгра қатъий тарзда: “Қадр йигирма еттинчи кечада”, деди. Шунда мен: “Эй Абу Мунзир, нима далил билан бундай дейсан?” дедим. У зот: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга айтган белги билан: у кун қуёш шуъласиз чиқади”, деб жавоб берди» (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).
Демак, Қадр кечасининг катта аломатларидан бири – ўша куни қуёш шуъласиз оқариб чиқади. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қадр кечаси ҳақида: “У кеча иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмайди. Қуёш ўша куни оч қизил ҳолатда чиқади”, дедилар».
Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен Қадр кечасини билдим. Сўнг у менга унуттирилди. У Рамазон ойининг охирги ўн кунидаги кечаларидан биридадир. У кеча очиқ ярқираган бўлиб, иссиқ ҳам, совуқ ҳам эмас. Гўё ой бор кечага ўхшайди. У кеча тонг отгунича шайтонлар чиқмайди”, дедилар (Тафсири Самарқандий).
Шундай экан, биз ҳам қўлимиздан келганича кимдир намоз ўқир, кимдир тиловати Қуръон билан, яна кимдир тасбеҳу таҳлил каби тоату ибодат ва дуолар билан машғул бўлиб Қадр кечасини ўтказсак, Яратганнинг улкан инъомидан баҳраманд бўламиз.
Шоди ҲАҚБЕРДИЕВ,
Ургут тумани бош имом-хатиби
Юртимизда азалдан уч хил тақвим, ҳижрий, милодий ва деҳқончилик календари билан иш юритиш одат тусига айланган. Йиллар ҳисобини билишимиз учун Аллоҳ Қуръони каримнинг “Исро” сураси, 12-оятида шундай зикр қилади: “Кундуз аломатини эса, Раббингиздан фазл (ризқ) исташларингиз учун ҳамда йиллар саноғини ва ҳисобини билишингиз учун ёруғлик қилиб қўйдик. Барча нарсани батафсил баён қилиб қўйганмиз”. Улуғ муфассирларимиз мазкур оятнинг “йиллар саноғини” қисмини қамарий (Ой) тақвим билан иш юритиш (бинобарин, диний юмушларда), “йиллар ҳисобини” қисмини эса шамсий (Қуёш) тақвим билан иш юритиш (айниқса, деҳқончиликда) мазмунида тафсир қилиб, фатво ёзиб қолдирганлар.
Халқимизнинг “Ҳамал кирди – амал кирди” деган мақоли жуда машҳур. Ҳижрий-шамсий тақвим бўйича Қуёшнинг биринчи буржга ва ойнинг ўн икки бурждан бири – Ҳамалга кириши билан “Наврўз”, яъни “Янги кун”, у билан бирга эса янги фасл – баҳор кириб келади. Деҳқонларимиз бу имкониятдан фойдаланиб, эрта баҳордан пок ниятлар билан ерга уруғ қадайдилар.
Улуғларимиз фиқҳий китобларда халқимизнинг анъанавий ҳамда миллий байрамларини, жумладан, Наврўзни байрам тариқасида нишонлаш ҳақида фатво берганлар. Бинобарин, “Фатовои заҳирия”да шундай дейилади: “Наврўз уч хилдир: Наврўзи Жамшидий, Наврўзи Мажусий ва Наврўзи Султоний. Наврўзи Султонийни ўтказмоқлик мақбулдир ва ҳеч динга зиёни йўқдур”.
Беруний, Ибн Сино, Умар Хайём, Чағминий, Улуғбек каби дунёвий илм соҳиблари ҳам тун билан кун баробар бўладиган ва Қуёш Ҳамал буржига кирадиган кунни Наврўз айёми сифатида нишонлаш мақбул эканлигини таъкидлашган. Улуғ мутасаввиф Ҳаким Термизий “Солнома” асарида, бухоролик буюк фақиҳ Абдулазиз ибн Моза “Ал-Муҳит ул-бурҳоний фил-фиқҳ ан-нуъмоний” қомусида Наврўз ҳақида қимматли маълумотлар қолдиришган. Қадим Шарқда Қуёш қайси буржга кирса, ойга ўша бурждаги юлдузлар туркуми шаклига қараб ном беришган. Жумладан, Ҳамал ойини – бурж шакли ҳомиладор қўйга ўхшагани учун Ҳамал деб, Савр ойини – юлдузлар туркуми ҳўкизга ўхшаб кўрингани учун Савр деб аташган.
Шуни таъкидлаш жоизки, ўн икки йил давомида кетма-кет бир-бирига ўрин алмаштириб келадиган мучал тушунчаси аслида “мўлжал” сўзидан олинган. Ўн икки йил давомида осмон жисмларининг жойлашиши қандай шаклни беришига қараб, йилларга мучал номлари берилган.
Жумладан, юлдузлар туркумининг сичқонга ўхшаши йилнинг сичқон йили, сигирга ўхшаши сигир йили ва ҳ.к. деб номланишига асос бўлган.
Уламоларимиз мана шу ўн икки йилга ўн икки мақом берилганлиги махсус ҳужжат билан тасдиқлашган. Жумладан, Зайниддин Маҳмуд Восифий (ваф. 1554 й.) “Бадоеъ ул-вақоеъ” (Ажойиб воқелар) номли асарида мучал ҳақида нодир қайдлар ёзиб қолдирган.
Абу Райҳон Беруний ўз асарларида Наврўзнинг яратилишига оид қимматли фикрларни келтиради. Бу фикрларнинг диққатга сазовор томони шундаки, аллома Наврўзни коинот ва олам билан бир бутунликда таърифлайди.
Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” асарида бу ҳолга шундай таъриф берган: “Шарқдан баҳор насими эсиб келди, оламни безамоқ учун фирдавс йўлини очди. Оқ ранг кетиб, бўз ерни алвон ранг қоплади, олам ўзига оро бериб безанмоқ тараддудига тушди. Зерикарли қишни баҳор нафаси ҳайдади, мусаффо баҳор яна ўз ҳукмига кирди. Қуёш яна қайтиб ўз ўрнига келди, Балиқ (Ҳут) думидан Қўзи (Ҳамал) буржига кўчди. Уйқуга кирган дарахтлар яна яшил тўн кийди, ол, сариқ, кўк, қизил рангли ҳарир ёпинчиқлар билан безанди”.
Наврўз ҳақидаги фикрлар, афсона-асотирлар турлича бўлишига қарамай, бунёдкорлик, эзгулик, яшариш ва обод этиш каби умумбашарий, муштарак ғоялар уларни боғлаб туради. Зотан, Наврўз бутун инсоният учун уйғониш ва янгиланиш айёмидир.
Абдулғафур домла Раззоқов,
Баҳоуддин Нақшбанд жоме масжиди имом-хатиби