Ниҳоят оврупалик олимлар Қуръони каримнинг “одам лойдан яратилган” деган оятини тан олди. Кейинги йилларда геология ва биология соҳасидаги етакчи олимлар “одамнинг лойдан қандай яралгани” масаласини изчил тадқиқ этдилар. Ана шу тадқиқот устида Massachusetts Teknoloje институтидан Хайман Хартман, Калифорния университетидан Лейл М.Койн, Бельгиянинг Liege университетидан Пьер Лазио ва Glasgow университетидан Грахман К.Смит каби таниқли олимлар ишламоқдалар.
“Барча инсонни чиройли қилиб яратган Зотдир. Инсонни яратишни эса (илк бор) лойдан бошлади” (Сажда сурасининг 7-ояти);
“У инсонни (Одамни) сопол янглиғ обдон қуритилган лойдан яратди” (Ар-Раҳмон сурасининг 14-ояти), .
“Барча инсонларни чиройли қилиб яратган Зотдир” калимасига эътибор қилинг. Қачонки, “лой” сўзини тилга олар эканмиз, кўз олдимизда пашша-ю чивинларга тўла – жамики юқумли касалликларнинг манбаи бўлган ботқоқ гавдаланади. Аллоҳ таоло ўз марҳамати билан ана шундай кўримсиз, биров қарагиси келмайдиган, пашшалар ижғиб ётган, бадбўй-у, ҳақир лойдан шу қадар гўзал одамни яратди. Буни қарангки, энг сифатли сополчилик маҳсулотлари ҳам лойдан тайёрланар экан.
Агар ёпишқоқ бўлмаганида, лойни қумга қўшиб қориштирилмаганида электроника ҳам, минтақалараро ва сунъий йўлдошлараро алоқалар ҳам бўлмас эди. Ҳатто ХХ асрнинг энг буюк ихтироси – компьютер ҳам бўлмас эди.
Асосий электрон элементлар (диод, транзистор, резистор ва бошқа) – яримўтказгичлар – лойдан бошқа нарса эмас.
Балчиқ лойининг хусусиятлари битмас-туганмас. У – ажойиб катализатор, нефтни қайта ишлаш борасида беқиёс тезлаштирувчи. Лой нарсалар таркибидаги заҳарларни ўзига сингдириб олиб уни тозалайди ва заҳарнинг кучини кесади. Унинг яна бир муҳим хусусияти, у радиация нурларини ўзига тортиб олади. Радиактив нурларни ўзига сингдириб олиш билан у атроф-муҳитнинг тозалигига ҳисса қўшади.
Балчиқ (лой) – тирик организм.
“Зотан, Биз уларни ёпишқоқ лойдан яратгандирмиз” (Соффот сурасининг 11-ояти).
Доктор Лейл М.Койн таъкидлашича, “Кўринишидан қимирламайдиганга ўхшаган лойнинг ичида ғоятда сирли ҳаёт кечади. Бир парча музлатилган лойни, – деб ёзади у, – болта билан уриб синдирдим ва кашфиёт қилдим: лабораторияда бир ой давомида ультрафиалет нур таралиб турди. Мени ҳайратга солгани, унинг манбаи балчиқ лойи эди”.
Нима бўлди? Лой қаттиқ элементлардан иборат. Кристалларнинг молекулалари қатор доирачалар ва барглар қиёфасини ҳосил қилади. Уларнинг устига ўтказгич ионлар ҳалқаси жойлашади. Ионлар “химиявий реакция кашшофлари” бўлиб, лойнинг ҳар бир қисми ичига жойлашиб ўзларига топширилган дастур бўйича ҳаракатланади.
Балчиқ лойи ўзининг ана шу хусусияти билан тўқиманинг худди иондек майда қисмлари тезлаштирувчи функцияни бажарадиган тирик тўқимани эсга солади.
Мулоҳаза учун мавзу
Тадқиқот натижалари кўрсатишича, ташқи таъсирлар сабабли кристаллнинг ион халқалари узилади, аммо орадан бир қанча вақт ўтиб баргмонанд молекулалар уларни яна қайта тиклайди.
Жейм Глекнинг фикрича, “Кристаллардаги ионлар халқасининг ҳаракатланиши шахмат доскасида фигураларнинг мантиқли ҳаракатига ўхшайди”.
Лейл М.Койн таъкидлашича, “Лойнинг кристалл бирикиши унинг имкониятларига таъсир қилмайди, шундай қилиб тозаланган кристалл худди оппоқ қоғозга ўхшаб қолади. Ионлар халқаси ҳаракатининг электр ўтказиш хусусияти мавжуд, фақат бунинг учун озгина ташқи ҳаракат таъсири лозим. Бу кундалик турмушнинг асоси ҳисобланади – ташқаридан энергия олиш ва уни сарфлаш. Ўзини ўзи янгилаб олиши эса кейинги босқич. Ана шу икки ҳолатда ҳам лойнинг иштирок этиши ундан ҳаёт яралгани ҳақидаги назарияни яна бир бор тасдиқлайди”.
Бу ҳақда доктор Хартман нима дейди: "Янада замонавийроқ аслаҳа билан биз молекулаларни ўрганиш билан чекланмасдан, мавзуга янада чуқурроқ кириб бориб, атом тузилишини ҳам тадқиқ этиб, шубҳасиз, ундан-да юқорироқ натижани қўлга киритишимиз мумкин эди, аммо ўшанда, ишончим комилки, биз ерда ҳаёт қандай пайдо бўлганини ўргана олмас эдик" .
"Менимча, – деб ёзади тадқиқотчи, – “ҳаёт” ва “тирик” тушунчалари атом ва молекулаларнинг моддийлиги билан кифояланмайди. Лойнинг хусусиятини ўрганиш борасида қандай катта ютуқларни қўлга киритмайлик, барибир, ундан одам қандай яратилганини амалий жиҳатдан асослаб бера олмаймиз. Чунки бу ҳодиса бизнинг ақлий ва интеллектуал салоҳиятимиздан баланд туради. Ҳаётнинг ақлбовар қилмас формуласининг сирини Яратувчининг Ўзи билади. Биз ана шу масала ҳақида тафаккур қилишимиз мумкин, аммо ҳеч қачон лабораторияда ҳаёт ярата олмаймиз".
Доктор Хартманнинг “ҳаётга тириклик берадиган” деган ифодаси бу – руҳ. Бу ҳақда Қуръони карим ва ҳадиси шарифда маълумот берилган. Руҳнинг моҳияти ва ҳаракати инсон ақлига бўйсунмайди. Зотан, Қуръони каримда: “(Эй Муҳаммад!) Сиздан руҳ ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Руҳ фақат Раббимнинг ишидандир”. Сизларга оз илм берилгандир" (Исро сурасининг 85-ояти), деб марҳамат қилинган.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
Ашуро – Муҳаррам ойининг ўнинчи куни бўлиб, Исломда фазилатли кунлардан саналади. Бу куннинг шарафи ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида яҳудийларнинг Ашуро куни рўза тутаётганини кўриб: “Нима бу? (яъни, нима учун бу кун рўза тутяпсиз?)” дедилар. Улар: “Бу яхши кундир. Бу кунда Аллоҳ таоло Бани Исроилга душманларидан нажот берган. Шунинг учун Мусо рўза тутган”, деб жавоб беришди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман”, дедилар ва шу куни рўза тутдилар ҳамда бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар (Имом Бухорий ривояти).
Ашуро кунининг энг катта фазилатларидан бири — бу кунда тутилган рўзанинг улкан савобидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси ўтган бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишидан Аллоҳдан умид қиламан”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ашуро куничалик бирор куннинг рўзасини ҳамда ушбу рамазон ойичалик (бирор ойни) савоб талабида бошқасидан афзал билганларини кўрмаганман”, деди (Имом Бухорий ривояти).
Уламолар бу ҳадисдаги гуноҳлар кичик гуноҳлар эканлигини баён қилганлар. Катта гуноҳлар учун эса тавба қилиш лозим. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, бошқаларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, ахир, бу – яҳудийлар ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку?”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар келаси йили бўлса, албатта, тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ҳофиз ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар: “Бу воқеа охирги вақтларда бўлган. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам авваллари бирор нарсага буюрилмаган ишларда аҳли китобларга мувофиқ бўлишни хоҳлардилар. Айниқса, мушрикларга хилоф бўлган ишларда шундай эдилар. Макка фатҳ бўлиб, Ислом машҳур бўлганидан сўнг аҳли китоблардан ҳам фарқли бўлишни хоҳладилар. Шунинг учун аввалда: “Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман”, деган бўлсалар, кейинчалик улардан ҳам ажралиб туришни истадилар ва Ашуро кунидан олдин ёки кейин яна бир кун рўза тутиб қўйишга буюрдилар”.
Шу сабабли уламолар Ашуро рўзасини 9-10 ёки 10-11 муҳаррам кунлари тутишни мустаҳаб деб билганлар.
Ашуро куни мўмин учун Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиш, гуноҳлардан тавба этиш, зикр ва ибодатни кўпайтириш учун яхши фурсатдир. Бу муборак куннинг фазилатидан фойдаланиб, рўза тутиш ва солиҳ амалларни кўпайтириш ҳар бир мусулмон учун катта манфаатдир.
Аллоҳ таоло барчамизни Ашуро кунининг фазилатидан баҳраманд бўладиган бандаларидан қилсин.
Аслиддин МИРЗАМИДДИНОВ,
Тошкент Ислом институти “Қуръон илмлари” кафедраси ўқитувчиси