Ўзининг охирги ва абадий китоби бўлмиш Қуръони Каримни бутун оламларни ҳидоят қилиш учун нозил қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.
Ўзларига Аллоҳ томонидан нозил этилган, икки дунё саодатини таъмин этадиган Қуръони Каримни умматларига омонат ила етказиб, унга қандоқ амал қилишни кўрсатган Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловатлар бўлсин.
Ойларнинг султони моҳи рамазон хонадонимиз меҳмонидир. Рамазон - раҳмат ва мағфират ойи эканлиги барчамизга маълум. Бу ойда мусулмонлар улкан савоблар умидида кўп эзгу ишларни амалга оширадилар. Аллоҳ таолонинг яхши ишлар учун ажру мукофотларни бир неча баробар кўпайтириб ато этадиган бу кунларни ғанимат биладилар. Бу ойда кўплаб инсонлар Қуръон тиловати билан машғул бўладилар. Чунки бу ой Қуръон нозил бўлган ойдир.
Қуръони Каримда Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай марҳамат қилади;
شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ
“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят(манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”. (Бақара сураси 185 оят)
Рамазон ойида мамлакатимизнинг жуда кўп масжидларида хатми Қуръон қилинади. Қуръони Карим қорилар томонидан бир карра тўлиқ ўқилиб, эшиттирилади. Рамазон ойида Қуръони Каримни хатм қилиш суннат амаллардан биридир. Қуръони Каримни тиловат қилиш ҳам, шу тиловатни эшитиш ҳам улуғ ибодатдир. Ҳадиси шарифда;
“Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб ва уни бошқаларга ўргатганингиздир ” дейилади.(Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадиснинг шарҳида уламоларимиз, даврларнинг яхшиси Қуръон ўрганиб, ўргатилган даврдир- дейдилар. Шу ўринда, мустақилликннинг илк йилларини эсга олайлик. Масжидларимизда хатми Қуръон қилиш учун қорилар етишмас, Рамазон ойида Миср, Туркия каби давлатлардан қорилар келар эди. Қисқа вақт ичида истиқлол шарафи ила, ўзимиздан қорилар етишиб чиқди, нафақат ўзимизда балки қўшни Россия, Украина, Қозоғистон ва Америка Қўшма Штатлари каби давлатларга бориб хатми Қуръон қилиш учун қориларимиз таклиф этилмоқда. Қориларимиз у ердаги мусулмонларга Қуръони Каримни тиловат қилиб, юртимиз шаънини кўкларга кўтармоқдалар. Бу йил мингдан ортиқ жоме масжидларимизда хатми Қуръон қилинаётган бўлса, уларнинг ҳаммасида ўзимиздан етишиб чиққан ёш қориларимиз қатнашмоқдалар. Буларнинг барчасига юртимизда хукм сураётган тинчлик ва хотиржамлик сабабдир.
Бу дунёда Қуръон ўқиган одам жаннатга киради. Энди унга жаннат мартабаларидан ўзига яраша мартаба бериш керак.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қуръон соҳибига: қироат қилиб кўтарилавер. Дунёда қандоқ тартил (қироат) қилган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги қироат қилган оятинг маконидан бўладир, дейилади, дедилар». (Термизий ривояти)
Абу Довуднинг ривоятида:
«Ким Қуръонни ўқиса ва ундаги нарсаларга амал қилса, унинг отасига қиёмат куни тож кийдирилади. Унинг зиёси бу дунёдаги уйларда бўлган қуёшнинг зиёсидан ҳам яхшироқдир. Энди бунга амал қилган кишига қандай мукофот бўлишини ўзингиз билиб олаверинг», дейилган.
Яна бир ҳадиси шарифда:
Абу Умома (р.а.)дан ривоят қилинади. Росулуллоҳ (с.а.в)дан эшитдим; -У зот “Қуръоннни ўқинглар! Албатта Қуръон қиёмат куни эгасини шафоат қилувчи бўлиб келади” дедилар. (Муслим ривояти).
Шу билан биргаликда, Қуръоннинг ҳам, рўзанинг ҳам шафоати бор. Ривоятларда келадики, Рўза ва Қуръон қиёмат куни бандани шафоат қилади. Рўза айтадики; “Эй Раббим! Мен бу бандани кундузлари таом ейишдан ва шаҳватларини қондиришдан тўсган эдим. Мен уни шафоат қилайин”, Қуръон айтадики; “Эй Раббим! Мен кечалари бу бандани уйқудан қолдирган эдим. (У уйқуни тарк этиб, Қуръон ўқир эди. Энди менга изн бер) мен уни шафоат қилай”-дейди. Шунда бу иккисига (Аллоҳ томонидан) шафоат қилиш ҳақи берилади. “Эй Рўза!, сен бу бандани шафоат қил. Эй Қуръон!, Сен бу бандани шафоат қил. Рўза тутгани учун уни сенга бағишладим. Қуръон ўқигани учун уни сенга бағишладим ”, дейилади.
Қуръони Каримнинг ҳар бир лафзи, ибораси, жумласи ва ояти ҳамда уларнинг маънолари илоҳий мўъжизадир. Чунки Қуръони Каримнинг улуғлигидан, бу муқаддас китобнинг олий мақомлигидан, қолаверса, мусулмонларнинг бу илоҳий китобга бўлган чексиз эҳтиромлари ва икромларидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир тиловат қилувчи катта-катта савобларга эга булади.
Демак рамазон ойида Қуръон ўқимоққа жиддий киришишимиз керак бўлади. Қуръони Карим тарк этиб бўлмайдиган билимдир. Инсон рамазон ойидаги кун ва тунларни ғанимат билмоғи, камчилик ва гуноҳларига каффорат бўладиган савоб ишларни кўпроқ қилмоғи лозим бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни ана шундай улуғ савобларга эриштирсин.
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
“Кулол-Қўрғон” масжиди имоми
Абдурасул Абдуллаев
بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
عن جابر بن عبد الله رضي الله عنهما قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:
« المجالس بالأمانة إلا ثلاثة مجالس: سفك دم حرام، أو فرج حرام، أو اقتطاع مال بغير حق »
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мажлислар омонатдир. Фақат уч мажлис бундан мустасно: ноҳақ қон тўкиш, ҳаром шаҳвоний алоқа (зино) ва ноҳақ молни тортиб олиш ҳақидаги мажлислар” (Имом Абу Довуд ривояти).
“Мажлислар омонатдир”, яъни одамлар йиғилган ҳар қандай мажлисда айтиладиган гаплар омонат ҳисобланади. Агар суҳбатдошлар маълум бир гапнинг сир сақланишини истасалар ёки вазият шуни тақозо этса, у ҳолда у гапни бошқаларга тарқатиш жоиз эмас.
Бунга қуйидагилар киради: шахсий сирлар; оилавий маслаҳатлар; ишхона ёки ташкилот йиғилишлари; давлат ишларига оид махфий суҳбатлар; фақат иштирокчиларга тегишли бўлган маълумотлар.
“Омонат” дегани фақат мол-мулкни сақлаш эмас, балки сирни, маълумотларни ва эшитилган гапни ҳам сақлашни ўз ичига олади.
Нима учун мажлис омонат деб аталган? Чунки одамлар бир-бирига ишониб, эркин маслаҳатлашиши ва дардини айтиши учун уларнинг гаплари ташқарига чиқмаслиги зарур. Агар мажлисда ёки бирор йиғинда қатнашган киши эшитганларини бошқаларга тарқатаверса, одамлар бир-бирига ишонмай қўяди, ғийбат ва чақимчилик кўпаяди, муносабатлар бузилади, жамиятда ўзаро ишонч йўқолади. Шу боис солиҳ салафлар мажлис сирини ошкор қилишни омонатга хиёнат деб ҳисоблашган.
“Фақат уч мажлис бундан мустасно...” яъни баъзи ҳолларда сир сақлаш мумкин эмас. Агар бир киши: “Мен фалончини ўлдирмоқчиман ёки унга зарар етказмоқчиман” деса ва унинг бу иши жиддий экани маълум бўлса, уни яшириш жоиз эмас. Балки қотилликнинг олдини олиш учун тегишли масъулларни ёки ҳуқуқни музофаза қилувчи ташкилотлар вакилларини огоҳлантириш шарт.
“Ҳаром шаҳвоний алоқа (зино)”. Агар бир киши зино қилиш ёки бировнинг номусига тажовуз қилиш нияти борлигини билдирса, бу ҳақда ҳам сукут қилиш мумкин эмас. Бундай ҳолда жабрланувчини ёки бунинг олдини оладиган масъул шахсларни огоҳлантириш лозим бўлади.
“Ноҳақ молни тортиб олиш”. Агар кимдир ўғрилик, фирибгарлик қилишни, бировнинг ҳақини тортиб олишни режалаштираётганини айтса, бу сирни ҳам сақлаб туриш жоиз эмас. Чунки бу бошқаларнинг ҳақига тажовуздир.
Хўш, шундай вазиятга дуч келган киши қандай йўл тутиши лозим?
Аввало, ўша одамга насиҳат қилинади ва Аллоҳдан қўрқиши эслатилади. Агар у фикридан қайтмаса ва хавф ҳақиқий бўлса, зарарнинг олдини олиш учун тегишли шахсларга хабар берилади. Бу хабар бериш фақат жиноятни тўхтатиш бўлиши керак, одамни шарманда қилиш ёки обрўсини тўкиш эмас.
Хулоса қилиб айтганда, барча ҳадислар каби мазкур ҳадис ҳам мўмин-мусулмонларга жуда муҳим ахлоқий қоидани ўргатади: мажлисда эшитилган гаплар омонат ҳисобланади ва уларни эгасининг розилигисиз тарқатиш асло мумкин эмас. Бироқ агар бу сирни сақлаш оқибатида инсоннинг жонига, номусига ёки мол-мулкига катта хавф туғилса, зарарнинг олдини олиш учун шу ҳақда хабар бериш баъзи ҳолларда вожиб бўлади. Шу тариқа Ислом ҳам омонатни сақлашни, ҳам одамларнинг ҳаёти, номуси ва мол-мулкини муҳофаза қилишни таъминлайди.
Манбалар асосида
Т.НИЗОМ тайёрлади.