Кеча пойтахтнинг Бектемир туманидаги “Алибек” масжидида таровеҳ ўқиётган эдик. Тўртинчи тасбеҳдан сўнг имом-хатиб Искандар домла: “Муҳтарам биродарлар, масжидимизга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Масжидлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Муҳамманазар Қаюмов домла ташриф буюрдилар. Ҳозир у киши сизга Рамазон ойидаги ибодатларнинг фазилатлари ҳақида қисқача сўзлаб берадилар”, деди.
Муҳаммадназар домланинг ҳамду сано, дуруду саловатдан кейин сўзини бошлаганда айтган биринчи жумласини эшитганда ёнимда ўтирган қўшним “ғилт” этиб ютинди. Қарасам, кўзи ёшга тўлиб турибди. Ўша иборанинг мазмуни бундай эди: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон киришини хурсандчилик билан кутиб олган кишининг жасади дўзахга ҳаромдир”, дедилар. Азизлар, биз Рамазонни йил давомида кутамиз, у яқинлашган чоқларда хурсандчилигимиз янада зиёда бўлади...”
Намозни тугатиб масжиддан чиққанимизда одамлар “Домла зўр экан-ей”, “Нотиқ экан-да, нотиқ”. “Ҳақиқатан олим экан, умри зиёда бўлсин” ва шунга ўхшаш гаплар билан Муҳаммадназар домлани алқаб кетаверди. Мен қўшнимдан нега кўзига ёш келганини сўрадим. У айтади: “Рамазон кираётганда ҳамма хурсанд бўлади. Мен ҳам шунга ҳаракат қиламан. Аммо негадир, хурсандчилигимда кемтиклик борга – ҳаммага хурсандчилик бўлган Рамазон менга меҳнатга ўхшаб туйилади. Таровеҳга ҳам хатмдан қолиб кетмайин дея аранг келаман. “Нега бир миллиарддан ортиқ мусулмон севинган Рамазондан сен севинмайсан”, дея ўзимни маломат қиламан. Муҳаммадназар домла ана шу саволимга жавоб топиб берди. “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон киришини хурсандчилик билан кутиб олган кишининг жасади дўзахга ҳаромдир”, дедилар”.
Демак, одамлар Рамазон кирганда дўзахдан халос бўлганига севинар эканлар. Ахир бундан ортиқ хурсандчилик, бундан ортиқ тантана бўлиши мумкинми! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ана шу ҳадиси шарифини, балки ўзим ҳам ўқигандирман-у, эътибор қилмагандирман. Лекин домла уни шундай тушунтирдики, ўша чоқда мен ўзимдан дўзахнинг ваҳшатли оловлари чекинганини аниқ тасаввур қилдим. Ана энди мен ҳам бошқаларга ўхшаб чин дилдан севинадиган бўлдим, Аллоҳга шукр”.
Қўшнимнинг чин дилдан гапирган эътирофларини эшитиб бораётиб, қандай ажойиб инсон, қандай самимий мусулмон, нақадар илмга чанқоқ сиймо деб ўйладим. Унинг самимиятига ҳавас қилдим.
Муҳаммадназар домланинг суҳбати бошқаларда ҳам шундай ажойиб туйғулар уйғотган эди. Барибир, иймонлашиш, хусусан, олиму воизнинг суҳбатидан баҳра олишнинг ўзига хос файзи бор-да.
Дамин ЖУМАҚУЛ
Масжиди Набавий Мадина шаҳрида жойлашган бўлиб, Ислом тарихидаги энг муқаддас жойлардан биридир. Масжид Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан ҳижратнинг биринчи йилида, 622 йили барпо этилган ва мусулмонлар учун Маккадаги Масжидул Ҳаром ва Қуддусдаги Масжидул Ақсодан кейинги учинчи муқаддас масжид ҳисобланади. Масжиди Набавийдаги меҳроблар масжиднинг тарихий ва маънавий аҳамиятини акс эттиради.
Меҳроб – масжидда намоз вақтида имом турадиган ва қиблани кўрсатувчи жой. Масжиди Набавийдаги кенгайтиришлар ва қайта қуриш жараёнларида меҳроблар ўзгариб борган. Масжиднинг дастлабки кўриниши содда шаклда бўлиб, меҳроб ҳам бирор бир нарса билан белгиланмаган. Кейинчалик, Умавийлар, Аббосийлар, Усмонийлар ва Саудийлар даврида меҳроблар нақшинкор санъат намуналари билан безатилди.
1. Пайғамбар меҳроби. Меҳроби Набавий Масжиди Набавийдаги энг муҳим ва асосий меҳробдир. Меҳроб Равзада, Пайғамбар алайҳиссаломнинг қабрлари ва минбарлари орасида жойлашган. Пайғамбар алайҳиссалом даврларида У зот намоз ўқиган жойда бирор белги бўлмаган, 707-710 йилда илк бор Умавий халифаси Валид ибн Абдулмалик томонидан бу жойга биринчи меҳроб ўрнатилган.
Масжидда ҳозирги шаклдаги меҳроб 1482 йилда Мамлук султони Қайтбей томонидан қурилган бўлиб, кейинчалик Усмонлилар ва Саудия подшоҳи Фаҳд даврларида таъмирланган. Меҳроб тилла билан қопланган хаттотлик ёзувлари ва гўзал нақшлар билан безатилган.
2. Усмоний меҳроби. Меҳроби Усмоний ҳозирда кўп фойдаланиладиган асосий меҳроб бўлиб, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврида 651 йилда масжид кенгайтирилганидан қурилган. Қибла деворининг марказида жойлашган Усмон ибн Аффон меҳроби ўрнида дастлаб белги бўлган.
3. Меҳроби таҳажжуд. Меҳроб Пайғамбар алайҳиссалом таҳажжуд намозини ўқиган жойни билдиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тунги намозларини Масжиди Набавийнинг устунларидан бири ёнида ўқир эдилар. Кейинчалик бу устун ёнида меҳроб қурилди, аммо сўнгги йиллардаги қайта таъмирлаш ишларида олиб ташланди ва унинг ўрнига Қуръони карим мусҳафлари учун китоб жавони ўрнатилган.
4. Сулаймоний меҳроби. Меҳроби Сулаймоний Ҳанафий меҳроби деб ҳам номланади. Сулаймоний меҳроби Равзадан ташқарида, Пайғамбар алайҳиссалом минбарларининг ўнг томонида жойлашган. Бу меҳроб ҳанафий мазҳабидагиларнинг намозгоҳи бўлган. 1532 йили Султон Сулаймон I буйруғи билан бунёд этилди.
5. Фотима меҳроби. Фотима роҳияллоҳу анҳо уйлари яқинида, таҳажжуд меҳробининг жанубида, Набий алайҳиссалом ҳужралари атрофида жойлашгани, мақбара ўралгани боис меҳроб кўринмайди.
Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси.