بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Аллоҳга беҳисоб ҳамду саноларимиз бўлсинки, биз уммати муҳаммадияга Рамазон ойида фазилатли кечани ато этдики, аввалги умматларга берилмаган эди. Бу кечанинг номи Қадр кечаси дейилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримни Рамазон ойининг Қадр кечасида нозил қилган. Қуръони каримда шундай мараҳамат қилинади:
إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ وَمَا أَدْرَاكَ مَا لَيْلَةُ الْقَدْرِ لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِمْ مِنْ كُلِّ أَمْرٍ سَلَامٌ هِيَ حَتَّى مَطْلَعِ الْفَجْرِ
(سورة القدر/1-5)
яъни, «Албатта Биз уни (Қуръонни Лавҳул-маҳфуздан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад), Қадр кечаси нима эканини сизга не ҳам англатур? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. Унда фаришталар ва Руҳ Парвардигорларининг изни билан барча ишларни олиб (осмондан Ерга) тушарлар» (Қадр сураси, 1-5-оятлар). Аллоҳ таоло яна бундай хабар берган:
شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآَنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ...
(سورة البقرة/185).
яъни, “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир...”. (Бақара сураси, 185-оят).
Муҳтарам жамоат! Бу муборак кечанинг қадри улуғдир. Қадр сўзи икки хил маънода-қадри улуғ, иккинчиси, миқдор, яъни бандаларнинг тақдирини белгилашдир. Унда инсоният тарихида мисли кўрилмаган бир кеча ҳақида-инсонларга дунё ҳаётидан чин инсоний ҳаёт кечириб ўтиш йўл-йўриқларини кўрсатиб берадиган сўнги мукаммал илоҳий дастуруламал бўлмиш Қуръони карим нозил бўла бошлаган ниҳоятда қадрли Қадр кечаси ва унинг фазилатлари ҳақида сўз боради. Қадр кечаси шарофатли ҳукмлар чиқариш ва ўлчаш-белгилаш, Аллоҳ таоло томонидан ушбу кечада Ўзи хоҳлаган кишига ризқ-насиба белгиланиши ва бу ишлар тақсимотини тадбир қилувчи фаришталарига топшириш кечаси бўлгани учун Парвардигор Ўз элчиси эътиборини шу фазилатли кечага қаратмоқда. Буюк-ватандошимиз аллома Абул Қосим Замаҳшарий (р.ҳ) айтади: "Бу сурада Аллоҳ таоло Қуръони каримни уч усул билан улуғлаган: биринчиси, Қуръони каримни нозил этишни фақат Ўзига мансуб қилган, иккинчиси, унинг улуғлиги ва шарафини билдириб, номини очиқ айтмай, ишора билан келтирган, учинчиси, Қуръон нозил қилинган вақтнинг қадрини оширган."
Аллоҳ таоло мазкур сурада "Қадр кечаси"нинг даражасини баланд қилди. Бунинг асосий сабабларидан бири бу кечада Қуръони каримнинг нозил бўлганлигидир. Бу кечанинг улуғлиги ҳақида Абу Лайс Самарқандий тафсирида шундай дейилган: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Инсонларнинг амалларини кўряпман», дедилар. Гўё у зотга умматларининг умрлари қисқа, шу сабабли уларнинг амаллари олдин ўтган пайғамбарлар умматларининг амаллари даражасига етмаётгандек туюлди. Шу боис Аллоҳ таоло у зот ва умматларига Қадр кечасини берди».
Мужоҳид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Бани Исроилдан бир киши Аллоҳ йўлида минг ой хизмат қилиб юрганини айтдилар. Мусулмонлар бундан роса ажабланишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу суранинг дастлабки уч оятини туширди» (Ибн Жарир ривояти).
Демак, Қуръони мажид Рамазон ойининг ана шундай қадри улуғ, муборак Қадр кечасида нозил қилина бошлаган.
Қадр кечаси Рамазон ойининг нечанчи кечаси эканини Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган эди. Лекин саҳобалар Расулуллоҳдан (а.с.) уни аниқлаб беришларини кўп сўрашганидан кейин дастлаб ойнинг учинчи ўн кунлигидан, кейинроқ тоқ кечаларидан излаш кераклигини айтганлар. Охири у кечанинг аломатларини айтганларидан сўнг 27-кеча экани маълум бўлган (Имом Бағавий тафсиридан). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
" مَنْ قَامَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ "
(رواه مسلم و البخارى و الترمذى)
яъни: “Ким Лайлатул-Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинур” (Муслим, Бухорий, Термизий ривояти), дедилар.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"في مسند أَحمَد عن عُبادَةَ بنِ الصَّامِتِ أَنَّهُ سَأَلَ رَسُولَ الله صَلَّي الله علَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ لَيْلَةِ القَدْرِ، فَقَالَ رَسُولَ الله صَلَّي الله علَيْهِ وَسَلَّمَ: في رَمَضَانَ، فَلْتَمِسُوهَا في العَشْرِ الأوَاخِرِ، فَإنّهَا في وَتْرٍ في إحدَي وَعِشْرِينَ أوْ ثَلاثٍ وعِشْرِينََ أوْ خَمْسٍِ وَعِشْرِينََ أوْ سَبْعٍ وَعِشْرِينََ أَوْ تِسْعٍ وَعِشْرِينََ أَوْ في آخِرِ لَيْلَةٍ، فَمَنْ قَامَهَا ابْتِغأءَهَا إيْمَانًَا وَاحْتَسَابًا ثُمَّ وُفِّقَتْ لَهُ غُفِرَلَهُ ما تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبهِ وَما تَأخَّرَ "
яъни, «Қадр кечаси Рамазон ойининг охирги ўн кунлигидадир. Ким унда имон билан Аллоҳ розилиги учун ибодат қилса, албатта Аллоҳ аввалгию охирги гуноҳларини кечиради. У тоқ кечада бўлади. Йигирма биринчи ёки йигирма учунчи ёки йигирма бешинчи ёки йигирма еттинчи ёхуд йигирма тўққизинчи ё охирги кеча Қадр кечасидир», деганлар» (Имом Аҳмад ривояти).
Демак, Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида тоат-ибодат қилишга қаттиқ киришиш ҳам лозим бўлади.
Бу ҳақда жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар. Ойша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар:
"كانَ النبي الله صَلَّي الله علَيْهِ وَسَلَّمَ إذا دَخَلَ العَشَرَ مِنْ رَمَضان أحيا لَيْلَهُ وَ أَيْقَظَ أَهْلَهُ"
яъни, “Расулуллоҳ (с.а.в.) Рамазоннинг охирги ўн кунлиги келса, кечалари ухламас эдилар ва уйдагиларни ҳам ибодат қилишга уйғотар эдилар”.
Азиз намозхонлар! Рамазон ойидаги Қадр кечаси фазилат бобида минг ойдан ҳам яхши ва мўътабардир, бу кечада қилинган ибодатлар минг ойда қилинган ибодатлардан яхшироқдир. Оятдаги «минг ой» жумласи маълум вақт ҳажмини кўрсатиш учун эмас, мисол тарзида келган бўлиши мумкин. Яъни, Қадр кечаси минг ой ва ундан ҳам кўпроқ муддатдан яхшидир, деган маънони ҳам билдиради. Чунки бирор миқдор айнан ўша ададни баён қилиш учун гоҳо у боғланган нарсанинг шарафи ва улуғлигини баён қилиш учун келтирилади.
Қадр кечасида Аллоҳ таолонинг амри билан фаришталар ҳар бир осмондан ва Сидратул-мунтаҳодан Ерга тушишади, тонг отгунича инсонларни дуо қилишади ва дуо қилганларга қўшилиб «омин» деб туришади. Кўпчилик муфассирларнинг фикрича, фаришталар бу кечада яна кейинги йил учун бўлажак Аллоҳ таолонинг қазои қадари билан ҳам ер юзига тушишади. Замахшарий (раҳматуллоҳ алайҳ) айтади: «Қадр кечаси ишлар тақдир ва ҳукм этиладиган кечадир. Духон сурасининг 4-оятида ҳам:
فِيهَا يُفْرَقُ كُلُّ أَمْرٍ حَكِيمٍ
(سورة الدّخان/04)
яъни, “...У (муборак кечада) барча ҳикматли иш(лар) ажрим қилинур...” деб баён этилган». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло Бароат кечасида тақдир қилинган нарсаларни тайин этади, Қадр кечаси келганида уни ўз эгаларига топширади», деганлар. Улар Аллоҳ азза ва жалла изнисиз ҳеч бир ишни қила олишмайди.
Қадр кечаси тонг отгунига қадар турли офат-балолардан омонлик, хотиржамлик, барака кечасидир. Бу кечада шайтон ёмонлик қила олмайди. Қадр кечаси бошдан-охир фақат саломатлик, омонлик, яхшилик ва баракот билан тўладир, унда асло ёмонлик йўқдир. Қуёш ботганидан то тонг отгунга қадар бу ҳол давом этади. Тонг отгунича фаришталар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, раҳмат билан Ерга тушишади.
Аллоҳ таоло ўша кечанинг баракотидан минг ойлик ибодатнинг ажру савобидан кўра яхшироқ ажру савоб беришидан умидвор бўлиши керак. Қадр кечанинг ва ундаги бедорлик, ибодат, намоз, Қуръон тиловати ҳамда илтижо, тазарруъ, дуолар фазлидан ўтган гуноҳларни кечиришидан умидвор бўлиши керак. Лекин яна шу нарсани ҳам унутмаслигимиз лозимки, Рамазон ойининг ҳар бир куни ва туни улуғдир. Шунинг учун ҳам бизлар мана бу кунларни ғанимат билган ҳолда, унда ибодат ва рўзалардан ташқари бошқа хайрли ва савобли ишларга ҳам кўпроқ эътибор қаратишимиз, кексаларни зиёрат қилиб дуоларини олишимиз ночор оилалар бўлса уларга ҳам эътиборли бўлишимиз, ҳожатмандларнинг ҳожатларини чиқаришга ҳаракат қилишимиз ва шу каби савобни кўпайтирувчи ишларга интилишимиз, динимиз кўрсатмаларидандир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини ривоят қилинади:
لَيْلةُ القَدْر لَيْلةٌ طَلِقَةٌ لا حَارَّةٌ ولا باردَةٌ تُصْبحُ الشمسُ يَوْمَهَا حمَراءَ ضَعِيفَةً
رواه إبن خزيمة
яъни, “Қадр кечаси ойдин ва ёқимли бўлиб, на иссиқ, на совуқ бўлади. У кечанинг тонгида қуёш нурлари кўзни қамаштирмайдиган заиф ҳолда чиқади”.
Муҳтарам жамоат! Шундай экан, бу муборак кечанинг ҳар лаҳзасини ғанимат билиб кўпроқ савоб ҳосил қилишга уринайлик. Аллоҳ таолодан яхши ниятларимизни амалга оширишни, дуоларимизни қабул этишини ҳаммамизни тақдиримизни олий мақом этиб таъйин қилишни сўраб илтижо қилайлик. Аллоҳ таоло барчаларимизга ушбу кечани муборак айласин, уни комил ибодатлар, мустаҳкам тақво ва чин ихлос билан қаршилаш, уни оят ва ҳадисларда кўрсатилганидай ўтказиш насиб этсин, омин!
16 июнь 2017 йил 24-сон тезисга илова. 1-илова
Муҳтарам жамоат! Куни кеча Тошкент шаҳрида "Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, муқаддас динимиз софлигини асраш – давр талаби" мавзусида анжуман бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлари, дин арбоблари, “Нуроний” ва “Маҳалла” жамғармалари, илм-фан ва маданият намояндалари, ЎМИ тасарруфидаги таълим муассасалари мутасаддилари ва талабалари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Анжуманда динимиз мусаффолигини асраш, уни турли хил ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, турли сабаблар билан бузғунчи оқимларга кириб қолиб хозирда махсус рўйхатда турган фуқаролар билан яқиндан суҳбатлашиб, уларни танлаган нотўғри йўлларидан қайтариш ва тўғри йўлга солиш имом-хатибларнинг хозирги кундаги асосий ва долзарб вазифаси эканлиги таъкидланди. Бунда имом-хатиблар собитқадам бўлиб, бошқа томонга оғишмай ҳаракат қилмоқлари лозим эканлиги қайд этилди.
Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолияти самарадорлигини ошириш, унинг тасарруфидаги ташкилотлар ва имом-хатибларга қулайликлар яратиш халқимизнинг диний саводхонлигини оширишга қаратилган кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилиши таъкидлади. Буларнинг барчаси ҳукуматимиз, авваламбор, Муҳтарам Президентимизнинг мусулмонларимизга кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрликларининг ифодасидир.
16 июнь 2017 йил 24-сон тезисига илова. 2-илова
Муҳтарам жамоат! Муборак Рамазони шариф ойида зиммамиздаги Аллоҳнинг фарзини адо этиш билан бирга, ўзаро мажбуриятларимизни ҳам астойдил бажаришга эътибор берайлик. Яъни, аразлашган кишилар бўлса бир-бирларидан узр-маъзур қилсинлар. Ўзгаларнинг ҳаққи кимнинг зиммасида қолган бўлса, уни эгасига қайтаришга ҳаракат қилсинлар.
Шунингдек, барчамиз кундалик турмушимизда беминнат фойдаланадиган электр токи, табиий газ ва ичимлик сувлари ҳаққини ҳамда турли давлат солиқларини ҳам ўз вақтида тўлаб бориш мажбурияти зиммамизда бор эканлигини унутмайлик. Бу неъматлар бизнинг хонадонимизга етиб келгунича қанчадан-қанча ҳаражатлар қилинади. Қолаверса, уларни доимий бўлишини таъминлан учун ҳам кўплаб маблағлар сарфланади. Сарф қилинган маблағлар ўз жойига қўйилмаса, халқимизни мазкур неъматлардан мунтазам фойдаланишида узилишлар бўлади. Бунинг учун олдиндан фойдаланувчи билан таъминотчи ўртасида икки томонлама шартномалар тузилган. Албатта, таъминотчи ва истеъмолчи ўртасида тузилган шартномага шаръан риоя қилиниши шарт. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
يا أيها الذين آمنوا أوفوا بالعقود (المائدة:1)
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Битимлар (аҳдлар)га вафо қилингиз!”, деб марҳамат қилган (Моида, 1). Шундан келиб чиқиб агар истеъмолчи ишлатган нарсасини ҳаққини тўламаса, нафақат таъминотчи ташкилотни балки, халқнинг мулкини ўзлаштирган бўлади. Шундай экан, давлат олдидаги зиммамизда турган тўлов ва солиқларни ўз вақтида адо этишга ҳаракат қилайлик.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи рози бўладиган амалларга муваффақ айласин. Омин!
Самарқанднинг юраги бўлган Регистон майдони ҳудудидаги Шайбонийхон ва унинг сулоласи дафн этилган маскан зиёратгоҳга айлантирилади.
Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаровнинг сўзларига кўра,1960–1962-йилларда ҳозирги Ислом Каримов кўчасини кенгайтириш, ободонлаштириш ишлари жараёнида мазкур дахма шу ҳудудда бўлган Шайбонийхон мадрасаси ҳовлисидан Регистон майдонига – Тиллакори ва Шердор мадрасалари ёнига кўчирилган.
“Маълумки, мазкур ҳудуд Амир Темур бобомиз даврида Самарқанд шаҳрининг энг муҳим марказларидан бири бўлган, бу ҳудудда кўплаб мадраса ва масжидлар бунёд этилган. Жумладан, Амир Темур масжиди ва унинг рўпарасида Бибихоним мадрасаси қад ростлаган. Кейинчалик Мирзо Улуғбек бобомиз томонидан улкан мадраса қурилган. Балки Шайбонийхон ҳам ана шу улуғвор мадраса ва масжидларга ҳавас қилиб, уларнинг ёнида мадраса қургандир. Чунки, тарихий манбалардан биламизки, Муҳаммад Шайбонийхон ҳам улуғ ҳукмдор бўлиш билан бирга илм-маърифат ҳомийси, илмли инсон ва ижодкор сифатида Самарқандда улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган, кўплаб масжид ва мадрасалар қурдирган. Амир Темурдан кейин қудратли давлат ташкил этиб, унинг чегараларини кенгайтирган, обод қилган”, дейди Регистон мажмуаси раҳбари.
Тарихий манбаларда Шайбонийхон 1510-йилда Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан бўлган жангда ҳалок бўлгач, унинг бошсиз танаси Самарқандга келтирилиб, Баланд Суфага дафн қилингани ёзилган.
Баланд Суфа ўз вақтида Шайбонийхон мадрасасида бўлган ва кейинчалик (1960–1962-йилларда) ўз ҳолича Регистон ҳудудига кўчирилган дахмадир.
Хонқул Самаровнинг қўшимча қилишича, шу пайтгача Муҳаммад Шайбонийхон шахсига муносабат ортидан бу жойга ҳам етарли даражада эътибор қаратилмаган.
Шунингдек, у олтмиш йилдан ортиқ вақтдан буён ушбу ҳудудда турган бу зиёратгоҳ ҳақида оддий одамлар, ҳатто кўпчилик тарихчиларда ҳам ма'лумот ё'қлигини, бунга сабаб эса ҳудудда ҳеч қандай кўргазмали восита ёки ёзув мавжуд эмаслигини таъкидлайди.
“Йиллар давомида халқимиз онгига Бобур ижобий, Шайбонийхон салбий шахс сифатида сингдирилди. Аслида эса давлатчилик тарихимиз, қолаверса, адабиётимиз ривожида бу икки буюк бобомизнинг ҳам ўз муносиб ўрни, ҳиссаси бор. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзи ҳам “Бобурнома”да бу зотнинг номи ҳақида тўхталиб, “Шайбоқ”, яъни “куч-қудратли” деган таъриф берган. Шайбонийхон ва шайбонийлар томонидан Самарқандда, умуман, ушбу минтақада катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани ҳақида тарихий манбаларда кўплаб маълумотлар учрайди. Масалан, Шайбонийхон бир неча босқичли ўқитиш тизими жорий этиб, барча илмлардан хабардор бўлиш учун бола 26-йил таълим олиши керак, деб ҳисоблаган. Икки йиллик мактаб таълимидан сўнг ҳар бири 8-йилдан иборат уч босқичли мадраса таълимини олиш зарур бўлган”, дея маълумот беради Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаров.
Маълумот учун, Шайбонийхон кучли саркарда, ҳукмдор бўлиш билан бирга ижодкор сифатида нафис ғазал ва рубоийлар, достонлар ёзган. Жумладан, “Баҳр-ул худо” номли достони ва ўғли валиаҳд Темур султонга аталган панд-насиҳатлардан иборат китоби мавжудлиги қайд этилади.
Тарихий манбаларда келтирилишича, у бобоси Абулхайрхон вафотидан кейин пароканда бўлиб кетган қабилаларни бирлаштириб, кўчманчи ўзбеклар давлатини қайта тиклаган. Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросонни эгаллаб, қудратли давлат барпо қилган. Муҳаммад Шайбонийхон бутун минтақани ягона бир марказ – Самарқанд қўл остида бирлаштирган.
О'збекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати