Келинг эй рўзадорлар, бирга ифтор этайлик,
Беҳуда сўзни ташлаб ширин гуфтор этайлик.
Ўлтириб дастурхон атрофида ёронлар,
Шукрони неъмат айлаб, қуллик изҳор этайлик.
Саҳар туриб Худога тавба тазарруъ айлаб,
Нури имонимизни соф, беғубор этайлик.
Рўзани амр этибдур Исломга Ҳақ таоло,
Адо этиб бу фарзни талаб дийдор этайлик.
Сабр ила бу кечирган очлик ва ташналикдан,
Ибрат олиб муҳтожлар кўнглин шуккор этайлик.
Моҳи шариф келганда журму-хатодин ўзни,
Сақлаб қилиб ибодат, таввоб саййор этайлик.
Рўза билан баробар нафс йўлини беркитиб,
Гуноҳ лойига ботмай элни ҳушёр этайлик.
Рўзани ажрини хос Тангри Ўзи берармиш,
Дамни ғанимат айлаб, тоатни ёр этайлик.
Бир кечани бу ойда пинҳон этибдур Субҳон,
Истаб ани ёронлар ўзни бедор этайлик.
Фазилати бу кечани қадри минг ойга тенгдир,
Муборак хислатини хўп эътибор этайлик.
Аллоҳнинг изни бирла фаришталар тушарлар,
Алар билан баробар тасбеҳ такрор этайлик,
Ҳушнудни ҳам қаторда соҳиб асрор этайлик.
Зарифа Маҳкам қизи оққа кўчирди.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга юриш ҳам ғанимат эди. Бунақанги имконият бўлиб қолса, саҳобалар дарров ундан фойдаланиб қолишар, имкониятни қўлдан чиқаришмас эди. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг саодатига қаранг!
Бир куни у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга кетаётиб сўради:
- Ё Расулаллоҳ! Шундай амални айтингки, у мени жаннатга киритиб, дўзахдан узоқлаштирсин! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
- Жуда ҳам катта ишни сўрадинг. Бу иш Аллоҳ осон қилган кишига осондир: Аллоҳга ибодат қилиб, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайсан; намозни қоим қиласан; закотни берасан; рамазон рўзасини тутасан, Байтуллоҳни ҳаж қиласан! Сўнг яна дедилар:
- Эй Муоз! Сенга яхшиликлар эшигини кўрсатайми? Рўза қалқондир, садақа сув оловни ўчиргани каби хатоларни ўчиради, кишининг кеча қоронғусида ўқиган намози... - деб ушбу оятни ўқидилар: «Уларнинг ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур. Улар Роббларига қўрқув ва умидворлик ила дуо қилурлар ва ўзларига ризқ қилиб берганимиз нарсалардан инфоқ қилурлар» (Сажда сураси, 16- оят).
Сўнгра яна дедилар:
- Эй Муоз! Сенга барча ишларнинг боши, устуни ва энг юқори чўққиси нималигини айтайми? Ишларнинг боши Ислом. Унинг устуни намоз. Юқори чўққиси эса, Аллоҳ йўлидаги жиҳоддир!
Сўнгра яна дедилар:
- Эй Муоз! Буларнинг барчасининг асосини айтайми?
- Айтинг, эй Аллоҳнинг Расули!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тилларини ушлаб:
- Мана буни тий! - дедилар.
Муоз розияллоҳу анҳу деди:
- Эй Аллоҳнинг Набийси! Биз айтаётган гапимиз туфайли ҳам тутиламизми?
Набий алайҳиссалом дедилар:
- Онанг сени йўқотсин, Муоз!
Инсонларни ёмон тиллари дўзахга юзтубан қулатмаса, бошқа нима қулатади?!
Тилнинг суяги йўқ, аммо ҳар қандай суякни синдириши мумкин. Қанча-қанча кишилар кимнингдир ҳазил тариқасида айтган қўпол гапи учун кечаси билан ухлай олмасдан, тўлғаниб чиқади. Мажлис тарқалиб кетиши мумкин, аммо айтилган гап пичоқ сингари унинг қалбида санчилган ҳолатда қолади!
Қанча-қанча қизларга келган совчилар қўшнилар айтган биргина ёмон таърифни эшитиб, жим қайтиб кетади. Аслида, у қизлар ҳасадгўй қўшниларнинг бўҳтонидан покиза эди!
Чақимчиларнинг, «бўлса, кўролмайдиган, бўлмаса, беролмайдиган» кишиларнинг дастидан қанча-қанча инсонлар ишидан, бола-чақасининг ризқидан ажралади!
Ёлғон гувоҳлик берувчи биргина сўз билан қанча-қанча мерослар тортиб олинади, одамлар ҳаққидан маҳрум қилинади. Ҳақлар ноҳақ ўзлаштирилади!
Ҳасад, кин-адоват туфайли айтилиб олов ёқилган биргина чақимчилик билан қанча-қанча дўстлар ажралиб кетишади. Дўстлик душманликка айланади. Муҳаббатга тўла қалблар оқибатда адоватга тўлади!
Гапимизга, қаламимизга ва ижтимоий тармоқлардаги ёзувларимизга, кишиларга раддиялар беришимизга назар солайлик. Аввало ўз саҳифамизни тўлдираётганимизни унутмайлик.
Ахир инсонларни дўзахга ёмон гаплар киритмаса, нима киритади?!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди