Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Август, 2025   |   21 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:04
Қуёш
05:32
Пешин
12:33
Аср
17:20
Шом
19:26
Хуфтон
20:47
Bismillah
15 Август, 2025, 21 Сафар, 1447

Сахийлик – инсонийлик мезони

10.06.2017   90882   8 min.
Сахийлик – инсонийлик  мезони

Аллоҳ таоло карами кенг, саховати чексиз Зотдир. У Ўз хазинасидан бандаларига ҳар қанча инъом қилса ҳам, ундан ҳеч бир нарса камайиб қолмайди. Роббимиз бандаларини доимо саховатли бўлишга буюради. Аллоҳ таоло муҳсин бандаларини севишини баён этиб, “Оли Имрон” сурасининг 134-оятида: “Улар (тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) кечирадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар”, деб марҳамат қилган бўлса, шу суранинг 92 – оятида шундай марҳамат қилади:  “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача, сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир”.

Мўъмин банда саховат билан ризқим камайиб қолмайди, балки барака киради, деб ишонган ҳолда саховат кўрсатиши шарт. Чунки,   Аллоҳ таоло ва расули (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ваъдаларига ишонади. Аллоҳ таоло айтади: Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир (Сабаъ сураси, 39 оят). Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса: “Жоним измида бўлган Зотга қасам, садақа билан мол камаймайди”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Қолаверса, саховатнинг фазилати унинг кўп ёки озлиги билан белгиланмайди. Бой садақа қилган юз минг сўм пулнинг савоби билан камбағал берган минг сўм пулнинг савоби бир хил бўлиши мумкин. Чунки ҳар иккиси ўз имкониятидан келиб чиқяпти. Эҳсоннинг савоби ихлос-эътиқодга кўрадир.

Ҳазрат Жобир (разияллоҳу анҳу) айтадилар: “Бизга Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) хутба қилиб айтдилар: “Эй инсонлар! Ўлишингиздан олдин Аллоҳга тавба қилингиз, машғул бўлиб қолишдан олдин яхши амалларни қилишга шошилинглар, сизларнинг ва Раббиларингизнинг орасидаги нарсани (яъни, мағфиратни) у зотни кўп зикр қилиш билан ўзларингизга васила қилинглар! Ошкор ва пинҳон садақа беришни кўпайтиринглар, шунда сизлар ризқланасизлар, музаффар бўласизлар ва қувватланасизлар” (Ибн Можа ривояти).

Биз яхши билишимиз керакки, саховат дунёда ҳам барака келтиради, охиратда ҳам улкан ажрларга сабаб бўлади. Ойиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Сахийлик бир дарахтдир, унинг томирлари жаннатда, шохлари эса дунёга тушгандир. Ким унинг бир шохига осилса, уни жаннатга олиб боради. Бахиллик ҳам бир дарахтдир, унинг томирлари дўзахда ва шохлари дунёга тушган. Ким унинг бир шохига осилса, уни дўзахга олиб боради" дедилар.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: Бандалар тонг оттирган кун борки, унда икки фаришта тушиб, улардан бири: “Аллоҳим! Инфоқ қилувчига эваз бергин” дейди, иккинчиси: “Аллоҳим! Мумсикка (баднафс, бахилга) талафот бергин”, дейди”.

Саховатпеша бўлиш энг олий фазилатдир. Зеро, банданинг ризқига барака кириши, зиён-заҳматлардан омонда бўлиши ва ризқининг ҳамда умрининг зиёда бўлишида айнан унинг ўрни беқиёс. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Эй одам боласи, эҳсон қил! Шунда Мен ҳам сенга эҳсон қиламан”, – деб марҳамат қилган. Демак, инсон аслида еганинг эмас, берганинг сеники бўлади. Чунки, қиёмат кунида Аллоҳ садақа қилинган молнинг ажрини зиёда қилиб қайтаради. Бермай ўзи еган мол-мулкни эса ҳисоб китобини қилади”, деган ақидага кўра ҳаёт кечириши шарт.

Абу Зарр Ғифорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан энг афзал садақа ҳақида сўрашди. Шунда у зот: “Муҳтожга махфий қилинганидир”, – дедилар ва қуйидаги оятни ўқидилар: “Садақаларингизни ошкора берсангиз, қандоқ ҳам яхши. Агар камбағалларга пинҳона берсангиз, ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир”(Бақара сураси, 271 - оят) (Имом Аҳмад ривояти).

Хайру саховат инсонлар ўртасида меҳр-муҳаббат ва оқибат ришталарини боғлашга, ўзаро ҳурмат ва тотувлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Қилинадиган хайру эҳсоннинг кўпи ва озида чегара йўқ. Бор борича, йўқ ҳолича эҳсон қилса, унинг ҳимматига яраша Яратган ўз хазинасидан ажр-мукофот ато этади. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:  “Ўзларингиз ва ўликларингиз учун бир қултум сув билан бўлса ҳам садақа қилинглар! Агар бунга қодир бўлмасангиз, Аллоҳнинг Китобидан бўлган бир оят билан, яъни, уни ўқинглар, унга амал қилинглар, бошқаларга ҳам етказинглар. Бас, агар бунга ҳам қодир бўлмасангиз, раҳмат ва мағфират сўраб, Аллоҳга дуо қилинглар! Чунки У зот дуони ижобат қилишга ваъда бeргандир.

Сахийлик — ҳаммага маълумки, хасислик иллатининг акси, аниқроғи, кишининг ўзида борини бировдан аямаслигига асосланган фазилат. Зубайр ибн Аввом ривоят қилади: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Эй Зубайр! Аллоҳ таоло айтади: “Инфоқ-эҳсон қилсанг, Мен ҳам сенга эҳсон қиламан; берсанг, Мен ҳам сенга бераман; қиссанг, Мен ҳам сенга қисаман. Тилантирсанг (ялинтирсанг), Мен ҳам сени тилантираман (ялинтираман). Ризқ эшиги етти осмондан Аршга қадар очиқдир, кечаю кундуз ёпилмайди”. Аллоҳ таоло ризқни ҳар бир кишига унинг нияти, берган ҳадяси, садақаси ва инфоқ-эҳсонига яраша туширади, ким кўпайтирса, кўпайтиради, ким озайтирса, озайтиради, ким қисса, қисади. Эй Зубайр, еб-ич ва бошқаларни ҳам едириб-ичир... Аллоҳ таоло инфоқни яхши кўради, хасисликни ёмон кўради. Саховат аниқ ишончдан, бахиллик гумон (ишончсизлик)­дан бўлади, ишончи комил (имонли) одам дўзахга кирмайди, гумон қилган эса жаннатга кирмайди. Эй Зубайр, Аллоҳ таоло сахийлик қилишни, бир бўлак хурмо билан бўлса ҳам саховат кўрсатишни яхши кўради...” (Ҳаким Термизий, “Наводирул усул”).

Тотувликнинг асосий омилларидан бири сахийликдир. Кимгадир мурувват кўрсатиш, шу йўл билан савоб олиш инсонийликнинг бош мезонларидандир. Ҳақиқий обрў учун бойлик асос бўлолмайди. Аксинча, инсоннинг мартабасини сахийлик улуғ қилади, охиратда юқори даражага етишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бундай инсонларнинг гуноҳларини кечиши ҳадисда айтилган. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадисларидан бирида айтилади: “Кимки бир мўминни шу дунёдаги бирор ташвишидан халос этса, Аллоҳ уни охиратдаги ташвишларидан халос этади. Кимки бечораҳол кишига ёрдам берса, Аллоҳ унга икки дунёда ёрдам беради. Кимки бир мўминнинг айбини ёпса, Аллоҳ унинг икки дунёдаги айбларини ёпади. Банда бировнинг ёрдами учун ҳаракат қилар экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлаверади” (Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривояти).

Шу ўринда саховат кўрсатишнинг шу дунёдаги фойдалари ниҳоятда кўп бўлишлиги билан бирга биз улардан баъзиларини мисол тариқасида келтириб ўтамиз: Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:  “Албатта, садақа Парвардигорнинг ғазабини ўчиради ва ёмон ўлимни даф қилади”, − деганлар.

Ибн Абу Жаъд: “Садақа етмишта ёмонлик эшикларини ёпади. Ошкор садақадан кўра махфийси яна етмиш марта зиёдадир”, – деган.

Одатда сахийликни кўпроқ бадавлат одамлардан кутамиз. Аслида, ҳар биримизнинг қурбимиз етганича, имконият даражасида саховат кўрсатишимиз - бизнинг инсоний бурчимиздир. 

 

Хожа    Бухорий    ўрта   махсус   ислом   билим  юрти

маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари 

Қораев Муҳаммади

 

 

 

 

 

Рамазон
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Сохта “тариқат”ларнинг ноўрин иддаолари

15.08.2025   828   16 min.
Сохта “тариқат”ларнинг ноўрин иддаолари

Зарафшон воҳаси тарихида тариқатдан сабоқ беришни даъво қилувчилар, сохта тариқатчилар ҳам учрайди. Сохта тариқатчилар деганда, тасаввуфнинг фақат ташқи жиҳатларига, маросим ва турли зикр мажлисларига асосий эътиборни қаратиб, унинг фалсафий-ирфоний хусусиятларидан бехабар фаолият юритаётган, муайян бир кишини пир санаб, унинг этагидан тутувчи, жамиятнинг бошқа аъзоларидан четлашиб, пир хизматини ҳаётдаги энг асосий мақсад, деб билувчи жоҳил кишилар ёки жамоалар, гуруҳлар тушунилади. Улар фаолиятида тасаввуф таълимотида, шариат аҳкомларидан келиб чиқиб, қабул қилинган тартиб-қоидалардан четга чиқиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Бунинг сабабларидан бири, улардаги мутаассиблик ғояларигина эмас, тасаввуф тарихи, мақсади ва вазифалари тўғрисида илмий асосланган, мисол ва фактлар билан исботланган тушунтириш ишлари етарли эмаслигидадир. Баъзи замонавий тариқат вакиллари ўз тариқатларидаги айрим ҳаракатлари билан кишилар эътирозига сабаб бўлмоқда. Улар минг йиллар олдин шаклланиб, муқаддас деб улуғланган диний аҳкомларнинг илдизларини тўла-тўкис тушунмайдиган кишилар онгини заҳарламоқда.

Тариқатга кирган кишига илмнинг шарт эмаслиги ва ҳатто илмни тарк қилиш афзаллиги тўғрисидаги масала ҳам, айни пайтда, долзарб.

Сохта шайхлар жоҳил, илмсиз суфийлар ва ботил тариқатлар тасаввуфда қаттиқ танқид остига олинади. Илм талаб қилишни рад этувчи “тариқатчилар” қуйидагиларни далил қилиб келтиради: “Аввало, илмнинг моҳияти ибодатга восита бўлишдир. У орқали инсон Роббини танийди ва унга бандалик қилишга ҳаракат қилади. Модомики, инсон Аллоҳга ибодат қилиш йўлига ўтган экан, унга илмнинг кераги йўқ” [12]. Тариқатчилар фаолиятида ҳам исломга мутаносиб келмайдиган баъзи бидъат ва хурофотлар борки, уларни илмий асосда бартараф этиш зарур.

ХВИИ асрда Аҳмад Сирҳиндий айнан шундай масалаларни ислоҳ қилиш мақсадида “Мактубот” [5] асарини ёзган. Асарда тасаввуфнинг моҳиятини содда иборалар билан шарҳлаб, ёт қарашларга ишончли ҳужжат ва далиллар билан раддия берган. Унинг мактублари ўз давридан кўра кўпроқ келажакка хитоб [4] қилган. Улар ўз давридан кўра келажакка аталган мактублардир.

Сўфи Оллоҳёрнинг “Саботул ожизин” асари ақида, фиқҳ, тафсир, ҳадис, тарих, сийрат ва адаб илмларини ўзида жамлаган мўътабар манбадир. Унда ислом асосларини ўргатувчи энг муҳим фан бўлган ақидага оид масалалар туркий тилда шарҳланган. Асарда Аллоҳ таолонинг маърифати, тавҳиди, сифатлари, имон, фаришталар, қабр азоби, қиёмат, умрнинг фонийлиги ҳақида сўз юритилади. Шунингдек, авлиёлар каромати, пири комиллар, ризо ва сабр, тама, дунё ҳийлаларидан қочиш, кибр, таваккул, дарвешлик, мулойимлик, эзгулик, ҳақирлик, садоқат каби инсон камолотини белгиловчи фазилатлар ва ҳолатлар содда тил ва таъсирчан руҳда баён этилган. Шунингдек, ўша даврдаги ўн тўртта бидъат таълимот жиддий танқид қилиниб, уларнинг муддаолари ўринсиз экани очиб берилган.

Сўфи Оллоҳёр – равшания, аббосия, ҳуббия, малоҳид, авлиёия, ҳулулия, ҳурия, воқифия, мутакосила, илҳомия ва иддаоия каби “сохта тариқат”лар ва уларнинг нотўғри “иддао”ларига муносиб раддия берган.

Жумладан, ҳуруфийлар икки гуруҳга бўлинган: авбошийлар ва равшанийлар. Равшания – ҳуруфийлардан ажралиб чиққан бўлиб, жаҳрий зикр билан шуғулланган. “Жазба аҳлимиз” деб, девона қаландар бўлиб, шаҳарма-шаҳар, қишлоқма-қишлоқ юрган. Оқшомлари жам бўлиб, турли мусиқа асбоблари – най, қўбиз кабиларни чалиб, ҳикматлар айтган. Йиғилган хотинлар ва ёш йигитлар жўр бўлиб ашула айтган [7]. Албатта, бу шариат ва тариқат қоидаларига мутлақ тўғри келмайди. Бу даврда авбошийлар кўпайиб кетгани таъкидланган.

Аббосия – фаҳш ва гиёҳвандликка мубтало бўлган. Ҳуббиялар эса Аллоҳни қаттиқ севса, шариат аҳкоми соқит бўлишини айтишган.

Сўфи Оллоҳёр бундай дейди:

“Яқин билгилки, баъзи номусулмон,

Демиш: “Вақтики қурбат топса инсон,

Кўтарур Ҳақ шариат ҳукмин андин”,

Бўлур юзи қаро мундоғ дегандин.

Бу ботил сўз эрур қавли малоҳид,

Шариатга эрур ул фирқа жоҳид”.

Буларни танқид қилиб юзи қаро бўлгани, бу ботил сўз эканини таъкидлаб, малоҳидларнинг бу иддаолари шариатга зидлигини тушунтириб, кескин раддия беради. Асрлар давомида шаклланган исломий дунёқарашнинг бузилиши ва носоғлом муҳитнинг вужудга келишига сабаб бўладиган бу таълимотларга эргашмасликка чақиради. Такаббур бўлмаслик, қиёматда насабдан сўралмаслиги, “қорача” “хожа”дан ёки “муаллим” “саййид”дан юқори туриши мумкинлиги тушунтирилган. Бу иллатларга биргаликда курашиш [7] зарурлиги таъкидланган.

Жалолиддин Румий бундай дейди:

Нист дунё нуқраҳу фарзанди зан,

Чист дунё? Аз Худо ғофил будан.

Яъни сен бойликни ҳам, аёл ва фарзандни ҳам дунё деб билма, улардан юз ҳам бурма! Сени нима ғафлатда тутса, нима ҳақиқатдан узоқлаштирса ана шуни дунё деб билгил. Инсоннинг оиласи  ва яқинларига доимо меҳр-оқибат билан муносабатда бўлиши чин инсонийлик намунасидир.

Юқорида номлари зикр қилинган бир қанча ботил тариқатлар пайдо бўлди ва уларнинг барчаси аҳли сунна вал жамоа эътиқоди бўйича кескин танқид остига олинди. Нотўғри бўлганлиги боис уларнинг аксарияти тарих саҳнасидан тушиб қолди.

Муайян тариқат пири шариатдан бехабар бўлса, унинг ортидан эргашганлар ундан-да саводсиз бўлса, бу ҳолат нима билан якун топишини тасаввур қилиш мумкин. Улар атрофга жаҳолат тарқалади ва халқ маънавиятига салбий таъсир кўрсатади. Мана шу каби “сохта тариқат”чиларнинг “сохта” даъволари жамият орасида гоҳ-гоҳида тўлқинланиб туради. Жумладан, “Пирга қўл берган кишининг қазо намозлари соқит бўлиши”, “Пухта илм олишлик шарт эмаслиги”, “Чап қўл билан синдирилган нонни емаслик”, “Пир таҳорат қилган сув муқаддаслиги” каби бир қатор ношаръий иддаолари аҳолининг турли тушунмовчиликларига сабаб бўлмоқда.

Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламмуборак ҳадисларидан бирида бундай дейдилар: “Умматимнинг энг яхшиси охират иши деб дунё ишини, дунё иши деб охират ишини қолдирмайдиганларидир”, дедилар.

Аллоҳ таоло роҳиблик, яъни таркидунёчилик йўқ эканлиги хабарини қуйидаги оятда марҳамат қилган: “Роҳибликни ўзлари чиқариб олдилар. Биз буни уларга фарз қилмаган эдик, фақат ўзлари Аллоҳнинг розилигини тилаб қилдилар, лекин ҳақиқий риоясини қила олмадилар. Бас, улардан иймон келтирганларига ажрларини бердик, лекин уларнинг кўпи фосиқдурлар” (Ҳадид сураси, 27-оят).

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларидан бирида бундай марҳамат қиладилар: “Исломда роҳиб (таркидунёчи)лик йўқ” [8:11].

Кўриниб турибдики, айрим тариқатчиларнинг қилаётган амаллари шариат асосларига ҳам, тариқат анъаналарига ҳам тўғри келмайди. Бундан ташқари, оддийгина инсоний мантиқ мезонига ҳам мос эмас.

Тасаввуф асоси – Қуръони карим ва суннати мутаҳҳаро устида бунёд этилган. Тасаввуф қоидаси: “Ҳар бир диний фикрий ёндашув илмийдир”. Тасаввуф  ҳар томонлама қалбни софлаш, тозалаш, тафтиш қилиш, тушуниш ва мулоқот қилишни талаб қилади. Унинг ички қоидалари шариат фиқҳига асосланган бўлиб, шариат каби ислоҳот ва тадриж жараёнини ҳам қабул қилади.

Яссавия тариқати пешволари “Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” (Ваз-зориёт сураси, 56) оятидан маърифатни тушунишади. Маърифатдан таъбир эса ибодатга ишора бўлиб, маърифат ибодатсиз ҳосил бўлмаслиги [6] айтилган.

Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматини ҳар бир ишда мўътадил бўлган, адолатли уммат эканлигини таърифлаб:

“Шунингдек (яъни ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик” [10] дейди.

Яъни бу уммат ўз ақидасида, амал ва ҳукмларида мўътадил бўлган умматдир. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини ўз каломи шарифида алоҳида улуғлаб, уларни ҳақ йўл сари ҳидоят қилди ва амалларида мўътадил уммат қилдик, деб таърифлади. Чунки динда чуқур кетиш ҳамда диннинг қатъий бўлмаган аҳкомларида мутаассибона амалда бўлиш тўғри йўлдан адашиш ва ҳалокатнинг омилидир. Уларга шайтон амалларини чиройли кўрсатиб қўйганлиги сабабли турли бидъат, хурофот ва ҳатто ширк амаллар содир бўлади.

Шубҳа йўқки, тариқат пешволари сабабли бу дин аҳкомлари, шариат одобларини алоҳида эътироф этиш лозим. Бироқ ўзини тариқат соҳиби, ёхуд диннинг асл жонкуяри сифатида кўрсатиб, шариат илмидан бехабар ҳолда тариқатда пешволикни даъво қилаётган, Аллоҳ ва пайғамбарининг буйруғи бир четда қолиб, динда бўлмаган, тоқатдан ташқари амалларни  тарғиб қилаётган кимсаларнинг “тариқат” номи билан иш юритаётгани ҳам кўз юмиб бўлмас ҳолатдир.

Аслида шариат аҳкомларини жорий қилиш ёки бирор ибодатни фарз қилиш Аллоҳ таолога ва Унинг изни билан пайғамбарларига хосдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам динда, эътиқодда қай даражада бўлиш лозимлигини  кўрсатиб: “Ишларнинг яхшиси – унинг ўртачасидир”, дедилар. Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб турганларида, ўзига тўғри йўлни кўрсатишни сўраб келган муридга тоқатидан ташқари вазифаларни юклаш, таркидунёчиликни тарғиб қилиб, ибодатларга муккасидан кетишга буюриш суннати мутаҳҳарога зид йўлдир.  Ҳолбуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз дунёсини деб охиратини, охиратини деб дунёсини тарк қилмаганларингиз ҳамда инсонларга юк бўлмаганларингиздир” [2], деганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу муборак ҳадислари билан мусулмон кишини қандай умргузаронлик қилишини белгилаб берганларидан кейин ҳам таркидунёчиликка тарғиб қилиб, “пирсиз яшашни динсизлик” деб даъво қилаётганлар шариатнинг  қайси далилига суянмоқда?

Дарҳақиқат, ислом дини навқирон, бағрикенг диндир. Аллоҳнинг даргоҳида шоҳ ҳам, гадо ҳам, фақиру дунёдор ҳам, гуноҳсизу гуноҳкор ҳам, олиму жоҳил ҳам, соғлому бемор ҳам нажот излаб, ўз эҳтиёжини  топиш илинжида ибодатга юзланади. Ислом эса уларнинг барчасининг тоқатидаги диндир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Динни бошқаларга енгил қилиб тушунтиринглар, оғирлаштирманглар. Ҳамда диндаги яхшилик башоратларини етказинглар, уларни нафратлантириб қўйманглар” [1], деб марҳамат қилганлар ва бу динни барча билан баробар баҳам кўриш лозимлигини уқтирадилар.

Баъзан айрим масжидларда жамоадаги тариқат даъвосидаги айрим одамларнинг ўз имомлари устидан шикоят қилишларини эшитиб ҳайрон қоламиз ёки айрим намозхон биродарларнинг бошқаларга “бош кийиминг йўқ, бўйнингда галстук бор экан, сенинг ибодатинг унақа экан, масжидга келма”, “мени ёнимда намоз ўқима”, “сенинг ибодатинг ибодат эмас”, деган сўзларни айтиб, дил оғритганларини ёхуд тасаввуф даъвосидаги айрим кимсаларнинг бошқалар қўлидан, ҳатто онаси, хотини қўлидан таом емаслиги-ю ўз тариқатида бўлмаганларни  “кофир” деб айтишлари кишининг ҳайратини янада оширади.

Ўзларини тариқатга мансублигини даъво қилаётган айрим кимсалар мутаассибликнинг шу қадар чуқур нуқтасига етганки, ҳатто бош кийимсиз намоз ўқийдиганларни, тариқатда бўлмаганларни кофир дейиш даражасига бориб етган [9].

Динда мутаассибона йўл тутиб, фақат мусулмон биродарини айблайдиган, ўзига маъқул бўлмаган иши сабаб уни кофирга чиқарадиган бундай кимсаларнинг масжидга келишидан, ислом арконларини бажариш, ибодат қилишдан мақсади нима? Жамоада бир-бирига нисбатан нафрат уйғотишми? Ёки ўзини дин соҳасида билимдон, тақводор қилиб кўрсатишми? Ёки кимнидир айблаб, жамоада фисқу фасод қўзғашми? Аввало, ибодатдан мақсад Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, охират саодатига эришиш экан, демак, бундай кимсалар, биринчи навбатда, ўз ниятларини, мақсадларини тўғрилаб олиши керак.

Инсон маърифатли бўлиши, ўзини англаш, ўрганиш учун аввало нафсини бошқара олиши, бор куч-қувватини илоҳий ишқ йўлида сарфлаши, бутун вужудини идора этиб, уни руҳий камолот учун сафарбар қилиши кераклиги таъкидланади. Ердан яхши ҳосил олиш учун уни барча бегона ўтлардан тозалаб, кейин уруғ сепилгани каби ботинни поклаб, сўнг зикр уруғини сепиш кераклиги тушунтирилади. Шунингдек, инсон маърифатли бўлишда нафсга қарши сабр фазилатини ўзига сингдириши керак. Бу жараёнда ҳалол луқма ва ҳушёрликка алоҳида эътибор бериб, қўл меҳнати билан ҳаёт кечиришни кундалик одатга айлантириш лозимлиги уқтирилган.

Аввало тариқатларда мурид-муршидлик муайян тартиб-қоидалар асосида юзага келиб, қатъий шариатга таянган ва тариқат одобларини ўзида мужассам этган ҳамда муршиднинг кўрсатмаларига риоя этиш шарти билан тариқатга муршидлик қилиш ҳуқуқи пир-муршидлар томонидан берилган. Тариқат муршиди шариат қонун-қоидаларини яхши билиши ва тариқат силсиласи саҳиҳ бўлган устозлар занжирига уланиши асосий шартлардан саналади. Тарихда тариқат маснадига ўтирган муршидларга ўз устозлари томонидан тасдиқланган ижозатномалар берилган. Ушбу ҳужжат муршид, қози ёки замона уламолари муҳри билан тасдиқланган.

Тариқат, юқорида таъкидлаб ўтилгандек, аҳди қатъий, тақвоси мустаҳкам улуғлар йўли. Юқоридаги танқидлар эса соф тариқатнинг асл соҳибларига эмас, ёш йигит-қизларни илм-маърифатдан тўсиб, фарз ва суннат ибодатлардан ташқари яна бир қанча вазифаларни юклаб ташлайдиган, қўштирноқ ичидаги тариқатнинг сохта “пирлари”га тегишли. Соф тариқат ва унинг асл моҳияти ҳамда мақсади алоҳида бир улкан мавзу. Бу мавзуда сўзни мухтасар қилсак, чунки киши имоннинг нималигини таърифлаш учун аввало имонга кирмоғи лозим бўлганидек, тариқат ҳақида холис сўз юритиш учун тасаввуфдан етарли даражада бохабар бўлиш лозим. Бу борадаги тавсиялар, тариқат истаганлар шариат илмини мукаммал эгаллаган, устозлик мақомидаги улуғларга мурожаат қилсалар мақсадга мувофиқ бўлади.

 ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ

  1. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. – Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. 2008. 1-жуз. – Б. 23, 2-жуз. – Б 392.

  2. Али ибн Ҳисомиддин ал-Ҳиндий. “Канзу-л-аъмол”. – Байрут: “Муассасатур рисола” нашриёти, 1989. 3-жуз. – Б. 428.

  3. Ал-Кутубу ас-ситта. Имом Бухорий. Саҳиҳул Бухорий. – Риёз: Дорус салом, 2000. –Б. 8. 69-ҳадис.

  4. Гöрмез, “Аçıлış Конуşмаларı И”, Улусларарасı İмâм-ı Раббâнî Семпозюму Теблиğлери, – Истанбул: Ҳüдâйî Вакфı, 2018. – С. 10.

  5. Муҳаммад Масрур Аҳмад, Жовид Иқбол Мазҳарий, Иқбол Аҳмад Ахтар Қодирий. Жаҳони Имом Раббоний мужаддиди алфи соний шайх Аҳмад Сирҳиндий // Соҳибзода Сожид ар-Раҳмон. Имоми Раббоний ки таълимоти тасаввуф. Т. 2. – Карачи: Имоми Раббоний фонди, 2005. – Б. 501.

  6. Муҳаммад Олим шайх Азизон. Ламаҳот. – Б. 245.

  7. Сирожиддинов Ш. Сўфи Оллоҳёр илоҳиёти (И қисм). – Т.: Имом ал-Бухорий халқаро жамғармаси нашриёти, 2001. – Б. 19.

  8. Шамсиддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Абу Саҳл Сарахсий. Мабсут. – Байрут: Дорул фикр, 2000. 4-жилд. – Б. 353.

  9. Эҳсон Илҳо Заҳир. Ал-Барилавийяту – ақоид ва тарих Лоҳур – Покистон: “Идорату таржимони ал-сунна”, 2008. – Б. 55, 69, 135.

  10. Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. – Т.: Шарқ, 2004. Бақара surasi.143-оят.

  11. Ҳусайн ибн Масъуд ал-Бағавий. Шарҳус суннат. – Байрут: Мактабатул исломия, 1983. 2-жилд. – Б. 371.

  12. Юлдашходжаев Х. Тариқатчиликнинг замонавий кўринишлари. – Тошкент: ТИУ, 2010. – Б. 17.

МEХРОЖИДДИН АМОНОВ,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази  катта илмий ходими,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД)

Манба: https://www.bukhari.uz/?p=44486&ланг=оз

МАҚОЛА