Аллоҳ таоло ўз бандаларини доимо хайру саховатли бўлишга буюради. Сахийлик инсонга бахт-саодат келтирадиган ва ўзгаларнинг севимли кишисига айлантирадиган хислатдир. Меҳр-мурувват, ҳамжиҳатлик, сахийлик халқимиз ардоқлаган, асрлар оша амал қилиб келаётган гўзал фазилат ҳамдир. Хайр-саховат, сахийлик инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарининг мустаҳкамланишига, ўзаро ҳурмат ва тотувликнинг ортишига хизмат қилади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир” (Бақара, 261).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки бир мусулмоннинг дунё қайғуларидан бирини кетказса, Аллоҳ унинг қиёмат кунидаги қайғуларидан бирини кетказади. Кимки дунёда бир қийналган биродарининг оғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло унинг қиёматдаги оғирини енгил қилади. Бир банда бошқа бандага ёрдам қилса, Аллоҳ таоло унга ҳам ёрдам кўрсатади”, деганлар.
Юқоридаги оят ва ҳадислардан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжид имом-хатиблари ҳомийларни жалб этган ҳолда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга, “Меҳрибонлик”, “Саҳоват”, “Мурувват” уйларига, иккинчи жаҳон уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийларига моддий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.
Жумладан, Сурхондарё вилоят Денов тумани имом-хатиблари томонидан муборак Рамазон ойи муносабати билан тумандаги кам таъминланган оилаларга ва имконияти чекланганларга хайр-эҳсон қилинди.
Жиззах шаҳар “Қассоблик” жоме масжиди ҳомийлар томонидан кўмакка муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳалладаги “Кўзи ожизлар жамияти” ташкилотидаги аъзоларга қўй сўйиб, гўшти тарқатилди. Мирзачўл тумани “Тожиддин ўғли Абдулаҳад ота” жоме масжиди ҳамда ҳомийлар томонидан кам таъминланган оилалар фарзандларига мактаб ўқув қуроллари тарқатилди. Шунингдек, кам таъминланган оилаларнинг бирига даволаниши учун ёрдам пули берилди.
Бухоро вилояти вакиллиги тасарруфидаги масжид имом-хатиблари ҳам саховатли ишга бел боғлади. Ғиждувон тумани Абдухолиқ Ғиждувоний масжиди имом-хатиби Жўрабек Муродов ҳам юртимизда бўлаётган саҳоватли ишларда ўз ҳиссасини қўшишни, кам таъминланган оилаларга ёрдам беришни мақсад қилиб, Ғиждувон туманида яшовчи аҳолининг кам таъминланган оилаларига озиқ-овқат маҳсулотлари эҳсон қилди. Бунинг натижасида кўпгина оилаларнинг хурсандчилиги ва дуоларига мушарраф бўлди.
Андижон вилояти Марҳамат тумани бош имом-хатиби Муҳторжон Шарофиддинов томонидан Рамазон ойи муносабати билан ҳомийларни жалб этган ҳолда имконияти чекланганларга ногиронлик аравачаси ҳадя қилинди.
“Шаҳид” сўзи “ҳозир”, “гувоҳ”, “ўз билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади.
“Шаҳид” сўзи умумий тарзда Аллоҳнинг йўлида ҳалок бўлган шахсга нисбатан ишлатилади.
Шаҳидлик – Аллоҳнинг розилиги йўлида жонини фидо қилган, иймон-эътиқоди ва номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даражадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида вабодан, ички касалликлардан, фожиали фалокатдан вафот этганларни ҳам шаҳидлик даражасини топиши хабар берилган.
Ислом динида шаҳидларнинг мартабаси ва уларнинг мақоми алоҳида қадрланади. Бироқ айрим кимсалар шаҳидликни уруш-жанжаллар майдонида ўлган одам билан чегаралаб қўйиб, хато тасаввурга эга бўлиб юришади. Зотан, жангу жадалда ўлиш шаҳидликка шарт қилинган эмас!
Баъзилар эса ўз-ўзини ўлдириб, портлатиб юборишни ҳам шаҳидлик деб одамларни алдайдилар. Ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик эмас. Аслида, бу икки ҳолатсиз ҳам инсон шаҳидлик мартабасига эга бўлиши мумкин. Зеро, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадиси шарифда қуйидагиларни кўришимиз мумкин.
Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Имом Термизий келтирган ривоятда: “Ким Аллоҳдан Унинг йўлида содиқлик ила, чин қалбдан қатл бўлишни сўраса, Аллоҳ унга шаҳиднинг ажрини беради”, дейилган.
Ниятни холис қилиб, жамиятдан ажралмаган ҳолда, ота-онаси бағрида, оиласи даврасида, дўсту ёрлари билан биргаликда, ватанига хизмат қилиб юриб ҳам шаҳидлик мартабасига эга бўлиб, обрў-эътибор ва ёруғ юз билан дунёдан ўтаётган табаррук шаҳид зотлар жуда кўп. Шулардан ўрнак олишимиз лозим бўлади.
Шаҳидлик ҳақида бир қанча шаръий ҳукмлар, фатволар, баёнотлар мавжуд.
Аввало, шуни билиш лозимки, шаҳидлар икки хил бўлади:
1. “Шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид”. Ватан учун бўлган жангу жадалда, душманлар билан бўлган урушда, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун бўлаётган жиҳодда ўлганлар. Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров зулм қилиб ёки оиласини ҳимоя қилиш натижасида қасддан тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан ўлдириб кетса, у “шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид” бўлади.
2. “Шаҳиди ҳукмий” – “шаҳид бўлган деб ҳукм қилинган”. Жангу жадалда тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан яраланиб, уруш майдонидан чиқарилгандан кейин ўлганлар. Бу ҳолатда касалхонага олиб борилса, дори-дармон ёки таом еб-ичса, намоз вақти бўлганини билса, васият қилса, ана ундан кейин вафот қилса, “шаҳиди ҳукмий” бўлади.
Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров томонидан зулм қилиб, қасддан тош ва таёқ (тиғсиз нарсалар) кабилар билан қатл этилганлар ёки бўғиб ўлдириб кетилганлар ҳам “шаҳиди ҳукмий” ҳисобланади.
Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Раддул муҳтор”да келтиришича, гуноҳ сабабли ўлган кимса шаҳид, деб ҳукм қилинмайди. Гуноҳ оқибатида вафот қилган одам шаҳид ҳисобланмайди.
Масалан, ноҳақ одам ўлдираётиб, уни ҳам ўлдиришса, у шаҳид бўлмайди. Бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган кимса жангда ўлдирилса, у шаҳид ҳисобланмайди. Бу худди ўғрилик қилаётиб, йиқилиб ўлган кимсага ўхшайди. Ароқ ичавериб-ичавериб, ароққа ёрилиб ўлса, у ҳам шаҳид бўлмайди. Биров зино сабабли ҳомиладор бўлиб, бола туғаётиб ўлса, шаҳид бўлди, деб ҳукм қилинмайди. Бу Имом Рамлий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам қарашидир (Ибн Обидин. “Раддул муҳтор”).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек қуйидаги кишилар шаҳидлик мақомига эга бўладилар. Аммо булар ичида ўзини ўзи портлатган, ўзгани ўлдирганлар йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Вабога йўлиқиб ўлиш, сувга чўкиб ўлиш, қорин оғриғи билан ўлиш, оловга куйиб ўлиш, аёллар нифос пайтида, яъни бола туғаётганида ўлиши умматимнинг шаҳидлигидир!” (Имом Суютий “Жомеъ ас-сағир”).
Ёки бешта шаҳидликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича санаганлар: “Аллоҳ йўлида юрганида ўлдирилган кимса шаҳиддир, қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир, ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир, сувга ғарқ бўлиб ўлган шаҳиддир, аёллар туғаётганида ўлса шаҳиддир” (Имом Табароний ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидликнинг етти турини ҳам санаганлар. Улар орасида ҳам ўзини ўзи ўлдириш йўқ, мусулмонларни ўлдириш ҳам йўқ: “Шаҳидлик Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилишдан ташқари еттитадир. Ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир; қорин оғриғи билан ўлган киши шаҳиддир; ғарқ бўлиб ўлган киши шаҳиддир; вайронагарликда қолиб кетган (масалан, зилзилада) киши шаҳиддир; зотилжам касалидан ўлган киши шаҳиддир; оловда куйиб ўлган киши шаҳиддир; туғаётиб ўлган аёл шаҳиддир” (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).
Хуллас, “Дуррул мухтор” ва “Раддул муҳтор” асарларида қуйидагиларни шаҳидлар қаторида бўлиши санаб ўтилган:
⏺ Зотилжам касалига йўлиқиб вафот этганлар.
⏺ Илм талабида юрганда ўлганлар.
⏺ Душман билан курашиб ўлганлар.
⏺ Ғарқ бўлганлар.
⏺ Оловда куйиб, тасодифан ўт ичида қолиб ўлганлар (ўзини ёққанлар эмас).
⏺ Мусофирчиликда қийналиб ўлганлар.
⏺ Девор остида, зилзилада қолганлар.
⏺ Қорин оғриқ билан ўлганлар.
⏺ Бола туғиб, нифос қони кўраётган аёллар.
⏺ Жума кечаси вафот топганлар.
⏺ Сил касалидан ўлганлар.
⏺ Қаттиқ иситма таъсирида вафот топганлар.
⏺ Оиласи, мол-дунёси ва қонини ҳимоя қилаётиб ўлганлар.
⏺ Гуноҳ бўлмаган кучли ишқ-муҳаббат оқибатида ўлганлар.
⏺ Йиртқич ва ваҳший ҳайвон ёргани ва шохлагани оқибатида ўлганлар.
⏺ Подшоҳнинг зулмига учраб, ноҳақ қамалгани сабабли қамоқда ўлганлар.
⏺ Золимлар уриб-уриб ўлдириб қўйганлар.
⏺ Чаён ёки илон чақиб ўлганлар.
⏺ Холис муаззинлик қилиб вафот топганлар.
⏺ Тўғрисўз ва ҳалол савдогар бўлиб вафот топганлар.
⏺ Оиласини таъминлаш мақсадида ҳалол касб-кор қилиб юрганида вафот топганлар.
⏺ Қайт қилиш касалига мубтало бўлиб, кучли қайт қилавериш оқибатида қийналиб вафот топганлар.
⏺ Эрига рашк қилавериб, бу рашкига сабр қилиб вафот топган аёллар.
⏺ Ҳар куни: “Аллоҳумма, барик лий фил-мавти ва фийма баъд ал-мавти!” (“Аллоҳим, менга ўлганимда ҳам, ўлгандан кейин ҳам барака бер!”) деб 25 марта айтиб юрганлар.
⏺ Ҳар куни “зуҳо” – чошгоҳ намозини ўқишни одат қилганлар.
⏺ Рамазонда тўлиқ ва ҳар ой 3 кун рўза тутишни одат қилганлар.
⏺ Уйда ҳам, сафрада ҳам, ҳар куни витр намозини канда қилмаганлар.
⏺ Фисқу-фасод кўпайган замонларда суннатларни маҳкам тутганлар.
⏺ Касал ва бемор бўлганида 40 марта “Лаа илаҳа илла анта! Субҳанака, инний кунту миназ-золимийн” (“Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен жуда ҳам поксан! Мен эса ўзимга зулм қилувчиларданман!”) дейишни одат қилганлар.
⏺ Вабо, ўлат каби касалликлардан ўлганлар.
Демак, мусулмон банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиши керак эмас. Инсон ўз уйида, ўз тўшагида жон берса ҳам, шаҳидлик мақомига муяссар бўлаверади. Аллоҳнинг марҳамати кенг, бандасига шаҳидлик мақомини бериб ҳам охиратдаги мартабасини юксак қилаверади. Юқорида таъкидланганидек, инсон ноҳақ одам ўлдириш билан ёки ўз-ўзини қурбон қилиш билан шаҳид бўла олмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси