Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Декабр, 2025   |   4 Ражаб, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:47
Пешин
12:28
Аср
15:18
Шом
17:03
Хуфтон
18:22
Bismillah
24 Декабр, 2025, 4 Ражаб, 1447

Рамазондаги узрлилар ва уларга оид ҳукмлар

08.06.2017   33614   6 min.
Рамазондаги узрлилар ва уларга оид ҳукмлар

Аллоҳ таоло баъзи кишиларга рўзада ҳам енгиллик қилган. Бу исломнинг ҳукмларида бандаларга енгиллик ирода қилинганига далилдир. Аллоҳ таоло айнан рўза ҳақидаги оятда: “Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди” (Бақара, 185-оят) деб марҳамат қилади. Манa шунга кўра, фарз бўлишига қарамасдан, Аллоҳ таоло баъзи ўринларда бандаларига рўзасини очишга рухсат беради. Булар рамазондаги узрлилар бўлиб, “Ал-Фиқҳул ҳанафийя” китоби муаллифи уларни икки қисмга бўлган:

  1. Оғзини очиш мубоҳ ва қазоси вожиб бўлган узрлилар.
  2. Оғзини очиш вожиб ва фидя вожиб бўлган узрлилар.

Биринчи қисмга қуйидагилар киради:

1.Мусофир. Ислом дини ўз юртидан шаръий сафар масофасича узоқликдаги жойга кетган мусофирга рўза тутмасликка рухсат беради. Ўз юртидан 86 км. ва ундан кўпроқ масофада ўн тўрт кун ва ундан камроқ муддатга туришни ният қилиб чиққан киши мусофир бўлади ва бу мусофирга сафардалик пайтида рўза тутмасликка ислом шариати рухсат беради. Далил: Аллоҳ таоло: Сиздан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутади” (Бақара,185) деб марҳамат қилган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафарга чиқардик. Бизнинг орамизда рўзадорлар ҳам, рўза тутмаганлар ҳам бор эди. Рўза тутганлар тутмаганларни, тутмаганлар рўза тутганларни айбламасди” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

   Аллоҳ таолонинг: “Агар билсангиз рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир” (Бақара,184-оят) деган оятига биноан, агар мусофир кишига зарар бўлмаса, рўза тутиш афзал дейдилар.

2.Бемор. Агар бемор касаллиги зиёда бўлишидан қўрқса ёки касалликдан тузалиши кечикадиган бўлса, ислом унга рўза тутмасликка рухсат беради. Лекин бу гапни мусулмон, ишончли табиблар айтган бўлиши лозим. Агар у ўзининг фикрига асосланиб, рўзасини очадиган бўлса, унга каффорат лозим бўлиб қолади. Гоҳида рўза касалликдан шифо топишига ҳам сабаб бўлади.  Бемор кишининг рўза тутмаслигига рухсат эканлигига далил, Аллоҳ таолонинг юқоридаги Сиздан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутади” (Бақара,185) деган оятидир.

3.Ҳомиладор ва эмизикли аёл. Шариатимиз бу иккисига агар ўзларига ёки фарзандларига зарар етиш хавфи бўладиган бўлса, рўза тутмасликка рухсат беради. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзига зарар етишидан қўрққан ҳомиладорга ва боласига зарар етишидан қўрққан эмизикли аёлга рўзасини очишга рухсат бердилар (Имом Насаий ва Ибн Можа ривояти).

Эмизикли аёл агар табиб буюрган бўлса, эмизикли боласини муолажасига дори ичиши учун оғзини очиши ҳам мумкин. Бу исломнинг раҳмати, унинг ҳукмларининг енгиллигига катта далилдир.

4. Ҳалок бўлишдан қўрққан киши. Рўзадор кишига жуда қаттиқ чанқоқ ёки очлик етса, ундан ҳалок бўлиб қолишидан ёки ақли ноқис бўлиб қолишидан қўрқса, рўзасини бузиб, уни қазо қилиши мумкин. Аммо, каффорат унга вожиб бўлмайди. Шунинг учун нонвой, темирчи, кончига ўхшаш оғир касб эгаларига рўзасини мукаммал қилишдан ожиз қолдирадиган даражада кўп иш қилмасликлари вожиб бўлади. Балки, булар рамазон кунларида ишларини камайтиришлари ёки имкони бўлса кечки пайтга кўчиришлари лозим бўлади.

Фатовойи Ҳиндия китобида “Нафақага муҳтож касб эгаси агар ўз касби билан шуғулланса, ўзига рўзани бузишни мубоҳ қиладиган зарар етишни билса, унга касал бўлишидан олдин рўзасини бузиши ҳаром бўлади” дейилган.

Бу узрли кишилар рамазонда оғизлари очиқ юрган пайтларида кундузлари рамазоннинг ҳурматидан ошкора таом емасликлари вожиб бўлади. Уларнинг узрлари кетгандан кейин, қуёш ботгунга қадар рўзадорга ўхшаб сақланиб турадилар. Мусофир киши муқим бўлса, бемор соғайиб қолса, ҳайз ва нифос кўрган аёллар пок бўлсалар, оғизни ғарғара қилганда билмасдан ичига сув кетиб қолган кишига ўхшаш хато сабабидан рўзаси очилган бўлса, буларнинг ҳаммаси рамазон ойининг ҳурматидан куннинг қолган қисмини емасдан рўзадорга ўхшаб ўтказишлиги вожиб бўлади.

Юқорида зикрлари ўтган кишилар бир кунга бир кун қилиб, неча кун қазо қилган бўлсалар рамазондан кейин шунча кун қазосини тутиб берадилар.

II.Қисм. Оғиз очиш вожиб ва фидяси вожиб бўлган кишилар. Бу тоифадаги кишилар доимий ожизлик ёки сурункали касалликлари сабабидан рўза тутишдан муттасил ожиз қоладиган кишилар ҳисобланади. Ёши ўтиб қолган кексалар ва бедаво дардга чалинганлар рўза тута олмасалар, булар оғизлари очиқ юраверадилар ва рамазоннинг ҳар бир кунига фитр садақаси миқдорича фидя берадилар. Булар хоҳласалар рамазоннинг бошида, хоҳласалар охирида фидя бераверадилар. Аллоҳ таоло “Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таоми фидя лозимдир” (Бақара,184-оят) деган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Бу рўза тута олмайдиган қари ва қариялар учундир. Улар ҳар бир кунларига битта мискинни таомлантирадилар”, деганлар. Буни Имом Бухорий Ибн Аббосдан ривоят қилган. Али ва Ибн Умар розияллоҳу анҳулардан ҳам ривоят қилинган. (“Ал-Фиқҳул ҳанафийя”, 437-444-бетлар).

Демак, юқоридаги ҳолатлардан холи бўлган кишилар рамазон ойини ғанимат билиб, уни рўзасини тутмоққа бел боғлашлари лозим бўлади. Чунки Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: “Рўза мен учундир. Унинг мукофотини Ўзим бераман” деган. Унутмайликки, Аллоҳ энг буюк Зотдир. Буюк Зотнинг мукофоти ҳам буюк бўлади. Шундай экан, буюк зотдан буюк мукофотларни олишга шошилайлик.

“Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Д.ЭСОНОВ тайёрлади.

 

 

РЎЗА
Бошқа мақолалар

Ғафлатда қолманг! ФАЗИЛАТЛИ РАЖАБ ОЙИ

04.02.2022   13039   2 min.
Ғафлатда қолманг! ФАЗИЛАТЛИ РАЖАБ ОЙИ

“Ражаб” сўзи қандай маънони англатади?
– Араб тилидаги “ражаб” сўзи ўзбекчада “улуғлаш”, “ҳурматлаш” маъноларини ифода этади.

Ражаб ойи қандай ой?
– Ражаб ойи – Аллоҳ таоло уруш қилишни ҳаром қилган (зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам, ражаб) ойлардан биридир.

Ражаб ойида қандай тарихий воқеалар юз берган?
– Ер юзини сув босган тўфонда Нуҳ алайҳиссалом кемага ражаб ойининг биринчи куни минганлар;
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий ражаб ойида нозил бўлган;
– Машҳур қавлга кўра, Исро ва Меърож воқеаси ражаб ойида содир бўлган.

Ражаб ойининг қандай фазилатлари бор?
– Ражаб ойи баракали ва улуғ ой бўлиб, ундаги озгина яхши амал эвазига кўплаб ажру савоблар берилади. Ибодатлар ва дуолар ижобат бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Беш кеча борки, унда дуолар рад этилмайди: ражаб ойининг аввалги кечаси; шаъбон ойининг ярмидаги кеча; жума кечаси; фитр куни кечаси ва қурбонлик кечаси” (Ибн Асокир ривояти).

?Ражаб ойини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказганлар?
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ражаб ойида рўза тутганлар. Усмон ибн Ҳакимдан ривоят қилинади: “Саъид ибн Жубайрдан ражаб ойида турганимизда ражаб рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик”, деяётганини эшитганман”, деди”.

?– Ражаб ойи кирганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳумма барик лана фи ражабин ва шаъбана ва баллиғна рамазона” (Аллоҳим, ражаб ва шаъбон ойларида бизларга барака ато қилгин ва бизларни рамазон ойига етказгин!”) деб дуо қилганлар (Имом Байҳақий ва Имом Тобароний Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Уламолардан бири: “Ражаб шамолга, шаъбон булутга, рамазон ёмғирга ўхшайди. Кимки ражаб ойида экин экмаса, шаъбон ойида уни суғормаса, рамазон ойида қандай ҳосил олади?” деган.
Шундай экан, рамазонда олажак ҳосилимиз мўл бўлмоғи учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олган ҳолда ражаб ойида кўпроқ солиҳ амаллар билан бирга астойдил дуолар қилишни ҳам унутмайлик!
Ғафлатда қолмайлик, азизлар, вақт ғанимат, умр бевафо!

Даврон НУРМУҲАММАД