Мағфират ойининг иккинчи куни ҳам ўтиб бораётир. Куннинг ўтиши тезлашиб кетдими ёки биз анчайин сабр-бардошли бўлиб қолдикми, тушунмай қолди одам. Ҳалигина саҳарлик қилиб турган одам зум ўтмай ифторлик дастурхонида ҳозир бўлса...
Униси ҳам, буниси ҳам эмас. Бу – Раббимизнинг марҳамати. Биз эса бунинг шукронаси келтириб Аллоҳнинг фарзини, Расулуллоҳнинг суннатини бажариб қўйсак, шугинанинг ўзи кифоя бўлиб барча гуноҳларимиздан покланиб қолар эканмиз.
Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонни зикр қилиб туриб: «Албатта, Рамазон Аллоҳ рўзани фарз қилган ойдир. Мен мусулмонларга унинг қиёмини (тунги ибодати) суннат қилдим. Ким унинг рўзасини тутса, қиёмини адо қилса, ундан онаси туққан кундек гуноҳдан пок бўлиб чиқади», дедилар» (Ибн Хузайма ривояти).
Бугун “Юнусобод Оқ-тепа” масжидига таровиҳ ўқиш учун келган намозхонлар айни шу мавзуда суҳбатлашдилар.
Бугун – чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов Диний идорага турли масалаларда келган фуқароларни қабул қилди. Уларнинг масжидлар фаолияти, соҳани ривожлантириш, моддий ёрдам каби масалаларида қилган мурожаатлари тингланди.
Фуқаролар томонидан билдирилган таклиф ва сўровлар атрофлича ўрганилиб, Диний идора ваколати доирасида тегишлилари бўйича масъулларга тез фурсатларда ҳал этиш юзасидан топшириқлар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати