Инсон организмида заифлик, терининг қуруқлиги ва тирноқларнинг синувчанлиги фойдали моддалар етишмаётганидан дарак беради. Бунда киши организмига қандай витаминлар етишмаётганини аниқлаш йўллари устида тўхталмоқчимиз. Организмда қандай витаминлар етишмаётганини аниқлаш учун киши ўз танаси ташқи кўринишига – сочлари, териси ва тирноқлари ҳолатига эътибор бериши лозим, улар инсон соғлиғи ҳақида аниқ маълумот беради.
1. Агар бирон аъзойингизни қаттиқ нарсага енгил уриб олганда, кўкариш пайдо бўлса, ва у узоқ вақт тузалмаётган бўлса, организмда С, К ва Р витаминлари етишмаётганидан дарак беради.
Бу витаминлар: цитрус меваларида, рангли карамда, кўк қалампирда, турли меваларда ва помидорларда мавжуд.
2. Тез-тез бош айланиши, қулоқ шанғиллаши В3 ва Е витаминлари, калий ва магний моддалари етишмаслигидан хабар беради. Бу витаминлар истеъмол қилинганда фаоллиги С витамини билан қўшилса, таъсири янада кучаяди.
Бундай ҳолатда ёнғоқ, турли баргли (лавлаги, сабзи каби) сабзавотлар, яшил нўхот, тухум, цитрус мевалари, банан ва кунгабоқар пистаси каби нози-неъматлар истеъмол қилиш тавсия этилади.
3. Кўзлар қизариши, уларнинг қуруқшаши ва ачишиши, қоронғига мослашишнинг қийин кечиши А ва В2 витаминлари етишмовчилигидан хабар беради. В2 витамини ёғ-мой маҳсулотлари билан ўзлаштирилади.
Бунда сабзи, зайтун ёғи, жигар, балиқ, тухум, сариёғ, яшил сабзавот, салат, сут ва пишлоқ истеъмол қилиш тавсия этилади.
У ёки бу витамин нима учун хизмат қилиши, улар қайси неъматларда бўлиши ва инсон саломатлигининг қайси жиҳатлари учун жавоб бериши ҳақида нималарни билиш зарур? Қуйида шу ҳақда суҳбат юритмоқчимиз.
Витаминлар ҳақида нималарни билиш лозим
Инсон ҳаётида витамин (дармондори)лар муҳим роль ўйнайди. Улар инсон саломатлигининг умумий ҳолатига, тери, соч ва тирноқларнинг соғлом ва кўркамлигига, ички аъзолар фаолиятининг меъёрда ишлаб туришига, иммунитет меъёрида бўлишига ва бошқа ҳолатларга жавоб берадилар.
С витамини терининг кўркам ва силлиқлигини, мустаҳкам иммунитетни, яхши кайфиятни, соч ва тишлар саломат бўлишини таъминлайди.
Бу витамин укропда, цитрус меваларида, наъматакда, чаканда мойи (облепиха)да, қизил рангли меваларда, рангли карамда, яшил нўхотда, фасолда, турпда ва кивида мавжуд.
Бу нози-неъматлар пишириш жараёнида фойдали хусусиятларини йўқотади.
Бир суткада инсон организми учун зарур бўлган меъёри 70 мг/ ёки 1-2 та апельсин истеъмол қилиш кифоя.
В6 витамини организм ёшлигини, асаб тизими мустаҳкамлигини, қон томирлари соғлом бўлишини таъминлайди.
Бу витамин бошоқли ўсимликларда, буғдойнинг янги ундирилган ниҳолларида, кўк салатда, карамда, бананда, ёнғоқда, буғдой кепагида, лосос балиғида ва гўштда мавжуд.
Ёруғликнинг давомли тушишида ўз таъсир кучини йўқотади. Бир суткада инсон организми учун зарур бўлган меъёри: 1,6-2 мг/ ёки 300 грам мол гўшти истеъмол қилиш етарли бўлади.
К витамини жароҳатларнинг тез битишини, қон сифати ва унинг ивувчанлигининг меъёрда бўлишини таъминлайди.
Бу витамин исмалоқда, қичитқи ўтда, наъматакда, турли хил карамларда, сабзида, помидорда, қулупнайда ва кўк чойда мавжуд.
Витамин узоқ муддат офтоб таъсири ёки оловда пиширилишида яроқсиз ҳолга келади.
Бир суткада инсон организми учун зарур бўлган меъёри 2 ош қошиқ петрушка истеъмол қилиш етарли бўлади.
Д витамини умумий саломатлик ва суяклар мустаҳкамлигини, қоннинг меъёрда ивувчанлигини, шамоллашдан ҳимояланишни, заҳарли моддаларнинг организмдан чиқиб кетишини, яхши кайфиятни, юрак қон томирлар саломатлигини таъминлайди.
Бу витамин: пишлоқда, сариёғда, творогда, тухумнинг сариғида, балиқда, денгиз маҳсулотларида, картошкада, ўсимлик ёғида, мол гўштида мавжуд, шунингдек, организмдан қуёш нури таъсирида ажралиб чиқади.
Бу витамин оловда пиширилишида ва ишқор таъсирида яроқсиз ҳолга келади.
Бир суткада инсон организми учун зарур бўлган меъёри: 2-5 мг/ ёки 2 та тухум истеъмол қилиш етарли бўлади.
Витамин В2 ҳужайралар янгиланиши ва мушакларнинг меъёрда ишлашини таъминлайди..
Бу витамин: сутда, бодомда, қўй гўштида, тухумда, қўзиқоринда, гречкада, творогда, хамиртурушда ва гўштда кўпроқ учрайди.
Ёруғликнинг узоқ вақт таъсири остида бу витамин яроқсиз ҳолга келади.
Бир суткада инсон организми учун зарур бўлган меъёри: 1,3-3 мг2-5 мг/ёки 2 та тухум истеъмол қилиш кифоя қилади.
Шунингдек, қоракесак қўй гўшти ёки тухумдан бироз истеъмол қилиш етарлидир.
В 12 витамини меъёрдаги тана вазни, мустаҳкам иммунитет, соғлом хотира ва шунингдек, ичаклар тизими соғлом бўлишини таъминлайди.
Бу витамин салатда, турли балиқ маҳсулотларида, сутда, пишлоқда, тухум сариғида кўпроқ учрайди.
Ёруғликнинг давомли ва ўткир таъсирида, давомли муддат иситилишида яроқсиз ҳолга келади.
Бир суткада меъёри: 2-5 мг ёки 100 г лосос балиғидан истеъмол қилиш лозим.
В15 витамини мустаҳкам хотира, яхши кайфият, касалликдан сўнг саломатликнинг тезда тикланиши, қон томирлари саломатлиги, юрак фаолиятининг меъёрда бўлишини таъминлайди.
Бу витамин гўштда, парранда гўштида, тухум сариғида, сут маҳсулотларида, балиқ икрасида, ёнғоқда, хамиртурушда, сулида, гречкада ва гуручда учрайди.
Қайта музлатилганида ва музлатилгач, эритилганида яроқсиз ҳолатга келади.
Бир суткалик меъёри 5 мг ёки қўй жигаридан 100 г истеъмол қилиш лозим.
Е витамини организм ёшлигини сақлашни, репродуктив (насл қолдириш) тизим фаолиятини, кайфиятнинг яхши бўлишини, ташқи салбий таъсирлардан ҳимоя қилинишини таъминлайди.
Бу витамин гўштда, кунгабоқар, жўхори, қовоқ, зайтун ёғларида, сариёғда, ёнғоқда, сут маҳсулотларида ва жигарда мавжуд.
Яроқсиз ҳолга келиши: узоқ муддат сақланишида.
Бир суткалик меъёри 30-50 мг/ 1 ош қошиғидаги оқланмаган ёғ истеъмол қилиш етарли бўлади.
А витамини терининг кўркамлиги ва ёшлигини, соч гўзаллигини, тирноқлар саломатлигини, кўриш қувватининг кучлилигини, суяклар бақувватлигини, репродуктив (насл қолдириш) тизим фаолиятини, яхши кайфият ва ташқи таъсирлардан ҳимояланишни таъминлайди.
Бу витамин сабзида, цитрус меваларида, пишлоқнинг қаттиқ навларида, творогда, сутда, тухумда, балиқда, жигарда ва петрушкада учрайди.
Юқори ҳарорат таъсирида ва узоқ муддат сақланишида яроқсиз ҳолатга келади.
Суткалик меъёри: 0,4-1 мг; ёки мол жигаридан бир неча бўлак истеъмол қилиш кифоя қилади..
Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади
7 июнь 2017 йил
Ўзбекистонда ноёб Қуръон яратиш бўйича жаҳон хаттотлар танлови 26 август куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида эълон қилинади. Танлов «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафоруми доирасида ўтказилади, хабар бермоқда UzDaily.uz.
«Дунё Қуръони: хаттотлик анъаналаридан — келажак мероси сари» лойиҳасини хаттот ва Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги Хаттотлик мактаби директори Ҳабибулло Солиҳ тақдим этади. Бу ҳақда тадбир ташкилотчиси хабар берди.
Танлов доирасида турли мамлакатлар ва хаттотлик мактабларининг исломий хаттотликдаги энг яхши анъаналарини бирлаштирган ноёб Қуръон яратиш кўзда тутилган.
Танловнинг тантанали эълони «Асрларни бирлаштирувчи мерос. Ислом цивилизациясининг маънавий мазмунлари» мавзусидаги ялпи сессиянинг якуний қисми бўлади. Сессия 26 август куни соат 09:30 дан 12:00 гача ўтказилади.
Тадбир доирасида оммавий ахборот воситаларининг стереотиплар ва исломофобияни енгишдаги ролига бағишланган халқаро муҳокама ҳам бўлиб ўтади. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Жазоир, Уммон, Покистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Мали ва Ўзбекистоннинг давлат тузилмалари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этади.
Форум дастуридан Қуръоний ва қўлёзма меросга бағишланган лойиҳалар ҳам ўрин олган. Улар орасида «114 Қуръон: ислом оламининг 114 хаттотлик дурдонаси», «Катта Лангар Қуръони: ҳақиқат ва ривоятлар» халқаро лойиҳаси ҳамда «Сунъий интеллект — қадимий қўлёзмаларни ўқишнинг рақамли калити» лойиҳаси бор.
Ўзбекистонда хаттотликни ривожлантиришга институционал даражада ҳам эътибор қаратилмоқда. Ислом цивилизацияси маркази ҳузурида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Хаттотлик мактаби фаолият юритмоқда. Мактабда сулс, насх, настаълиқ, руқъа, девоний ва куфий каби анъанавий ёзув услубларини ўргатиш режалаштирилган.
Хаттотлик санъати Самарқанд вилоятидаги янги Имом ал-Бухорий мажмуасида ҳам намоён этилган. Мажмуа пештоқлари ва айвонлари деворлари «Саҳиҳ ал-Бухорий»дан олинган ҳадислар битилган ёзувлар билан безатилган. Мажмуа ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илмий мактаби ҳам фаолият юритади.
Халқаро медиафорумнинг асосий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлади.
Тадбирда қарийб 50 мамлакатдан медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 га яқин вакили иштирок этади. Улар орасида медиакомпаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари бор.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати