Инсонлар зулматдан ёруғликка, залолатдан ҳидоятга чиқишлари учун Ўз пайғамбарларини юбориб, уларнинг тили орқали Ўз динини мукаммал қилган Аллоҳ таолога битмас, туганмас ҳамду санолар бўлсин.
“Ўзимдан сўнг сизларга икки нарсани қолдирдим, агар уларни маҳкам ушласангиз ҳаргиз адашмайсиз. Улар Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарнинг ҳадиси”, - дея умматлари ғамида бўлган Аллоҳнинг расули Муҳаммадга салоту саломлар бўлсин.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оғизларидан чиққан ҳар бир сўзни қалбларига жо қилган, У зотнинг суннатларини маҳкам ушлаб, келгуси умматга етказган саҳобалар, тобеинлар ва барча олимларга Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари Ислом шариатининг Қуръондан кейинги иккинчи асл манбаси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шариф Қуръон билан бирга шариатнинг асосини ташкил қилади. Бундан ҳадиси шарифлар ҳам Қуръон каби шариатнинг асосий манбаси эканлиги, Қуръон қандай қилиб кейинги авлодларга етказилган бўлса ҳадислар ҳам худди шундай кейинги авлодларга етказилиши керак эканлиги тушунилади.
Бу масъулиятни ҳис қилган саҳобалар ҳадисларни бирор-бир калимасига ҳам ўзгартириш киритмай тобеинларга, улар эса ўз навбатида табаа тобеинларга етказишга ҳаракат қилганлар. Баъзи саҳобалар бошқалари олдига бориб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитмай қолган ҳадислар бормикан, деган мақсадда улардан ҳадисларни тинглашар ва эшитмаганлари бўлса, уларни ўрганиб олишар эди. Бунга Ибн Аббос, Ибн Умар, Абу Саъид ал-Худрий разияллоҳу анҳум ва бошқа ёш саҳобаларни мисол қилиш мумкин. Бу ҳол тобеинлар ичида янада ривож топди. Тобеинлар ҳадис ва динга тегишли барча нарсаларни эшитиш учун саҳобаларни маҳкам тутдилар. Улардан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтган ҳадисларини эшитишга жуда катта аҳамият қаратдилар. Бу мақсадда саҳобаларга соядек эргашар ва улардан ҳадисларни эшитардилар. Жуда кўплари бу борада машҳур бўлишди. Саъид ибн Мусайяб, Ҳасан Басрий, Асвад ибн Язид, Қатода, Урва ибн Зубайр, Алқама ва юзлаб тобеинлар бунга мисол бўлади. Тобеинлар ўз навбатида ҳадис ва шариатга тегишли барча нарсани ўзларидан кейингиларга, яъни табаа тобеинларга ўргатар эдилар. Бу ҳол шу тарзда давом этиб, ҳадис илми кейинги авлодларга етказилар эди.
Бу каби олим саҳоба ва тобеинлар “фақиҳ” деб номланар эди. Шу нарсага эътибор қаратиш керакки, “Мадинанинг етти фақиҳи” деб ном олган тобеинлар фақат фиқҳ билан шуғулланиб, бошқа (Қуръон, тафсир, ҳадис ва ҳоказо) илмлар билан шуғулланмаган экан-да, деган маъно келиб чиқмайди. Ким шу тушунчага борса, у нозик бир хатога йўл қўяди. Зеро, фақиҳ деб бизнинг наздимизда фақат фиқҳ илми билан шуғулланувчи одамга ишлатилади. Гўёки фақиҳ инсон ҳадис ва бошқа илмларга фиқҳчалик эътибор бермагандай. Аслида эса тобеинлар ва табаа тобеинлар даврида фақиҳ деб, бутун дин илмларини эгаллаб, бу борада жуда катта тажрибага эга ва айни вақтда маълумотлар орасидан ҳам кўпчилик одамлар эътибор бермаган нозик қирраларини билувчи инсонга айтилган. Айни шу маънода Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Кимга Аллоҳ кўп яхшиликни хоҳласа, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”, - деб айтганлар. Чунки бу ҳадисда биз билган фақиҳларгина мақталмаганликлари аниқ. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида алоҳида фиқҳ деган илм йўқ эди. Балки унинг маъноси шариат сир-асрорларини, нозик қирраларни билувчи киши деганидир. Бу эса айни вақтда динга тегишли барча нарсани, хусусан, Қуръонни, ҳадисни жуда яхши билишни талаб қилади. Демак салафи солиҳлар даврида фақиҳ тушунчаси муҳаддис деган тушунчадан юқорироқ бўлган. Бундан мужтаҳид тобеинлар ва табаа тобеинлар фақатгина ривоятларни жамлаш билан шуғулланган муҳаддислардан устун бўлгани англашилади.
Зеро, муҳаддис ҳадисларни жамлайди, уларни ишончлисини ишончсизидан ажратади ва айримларини китобларда қайд қилади. Мужтаҳидларда ҳам айнан муҳаддислардаги ривоятлар бўлади, лекин улар муҳаддислардан фарқли ўлароқ ҳадисларни фақат ривоят қилиш ё китобга қайд қилиш билангина эмас, балки уларни таҳлил қилиш, кўринишидан бир-бирига қарши кўринган ҳадисларни изоҳлаш, уларни бир-бири билан мувофиқлаштириш ва уларни Қуръон оятлари билан мувофиқ келишини изоҳлаш, икки манба наслари борасидаги саҳобалар ва ўзларидан олдин ўтганларниинг сўзларини шарҳлаш билан шуғулланадилар. Бу нарса улардан жуда катта илмни талаб қилади. Бу каби мужтаҳидларга Саййид ибн Мусаййаб, Мадинанинг етти фақиҳи, Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Суфён Саврий, Имом Авзоий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Имом Шофеий (раҳматуллоҳи алайҳим) ва бошқаларни мисол қилиш мумкин.
Асфуски, XX ва XXI асрга келиб, динни яхши тушунмайдиган, олдинги олимларни қай даражада илмга эга бўлганликлари, улар давридаги илмий муҳит, битта ҳукм чиқариш учун қанчадан-қанча оят ва ҳадисларга яна бир карра назар солишлари ва барча кишилардан, ҳатто шогирдларидан ҳам маълумотлар олишга ташна бўлганликларини англамасдан барча жабҳада пешво бўлган мазҳаббоши мужтаҳид олимларга тана тошини отиш, уларни ҳадис ва Қуръонга амал қилмай, масалаларни ўз фикр ва хоҳишлари билан чиқаришларида айблайдиганлар чиқиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. Табиийки, ана шу жабридийда мужтаҳидларнинг асосийларидан бири мазҳаббошимиз бўлмиш Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдир. Айниқса, улар мазҳаббошимизнинг фикрлари билан олинган бир қанча фиқҳий ҳукмларни саҳиҳ ҳадисга, баъзан умуман ҳадисга асосланмаганлигини, ҳадислар турганда ўз раъйлари билан фатво берганликларини айтадилар. Абу Ҳанифа (р.а.) ва унинг шогирларини “асҳоби раъй” деб номланишларининг асосий сабаби ҳам шу, деб кўрсатмоқчи бўладилар. Гўёки, Абу Ҳанифа(р.а.) ҳадисларни қўйиб, ўз фикрига таяниб далил чиқарган-у, бошқа мужтаҳидлар ҳадисга амал қилганлар. Табиийки, бу каби сўзлар улар салафи солиҳлар даврини яхши билмасликлари, ўзларининг тўлиқ илмлари бўлмагани ва бошқа бир қанча омилларга бориб тақалади. Уларнинг бу каби асоссиз гапларига бир қанча кўринишда раддиялар бериш мумкин. Улардан баъзиларини қуйида келтирамиз:
- Ҳамма мужтаҳиднинг ҳам, хусусан Абу Ҳанифа(р.а.)нинг ҳам доим фатвоси остида албатта ё оятдан, ё ҳадисдан ёки саҳобанинг сўзидан иборат бир далил бўлган. Қачонки булардан биронтаси бўлмасагина ижтиҳод қилган.
- Абу Ҳанифа (р.а.) 80 ҳижрий йилда туғилган ва айрим саҳобаларни кўрган. Бу нарса эса у зотнинг бошқа мазҳаббошилардан катта устунликка эга эканликларини билдиради. Ахир тобеинни табаа тобеиндан устунлигини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари айтганлар.
- Абу Ҳанифа(р.а.)нинг 80 ҳижрий йилда туғилиб, ҳадисларни ровийларнинг оғзидан эшитганликлари, у зотдан кейин яшаган мужтаҳидлар билмаган гаплардан хабардор бўлганликларини англатади.
- Абу Ҳанифа(р.а.)нинг 4000 мингта устози бўлган. Табиийки, улардан фақат дин ишларини ўрганган. У илмлар эса Қуръон, ҳадис, саҳоба ва тобеинларнинг сўзларига асосланган бўлган, албатта.
- Абу Ҳанифа(р.а.)кўп ҳолларда олдин мавжуд бўлган ҳукмларни таржиҳ қилганлар. Саҳоба ва тобеинлар даврида учрамаган масалаларга янгидан ҳукм чиқарганлар. Чунки у зот айтган ҳукмлар саҳобалар ва тобеинлар орасида ҳам мавжуд бўлган. У зот эса фақатгина шу фикрни устун эканлигини исботлаб берганлар, холос. Масалан, намозда қўлни боғлаш масаласини олсак, Абу Ҳанифа(р.а)гача ҳам ҳамма намоз ўқиган ва намозда қўлини боғлаган. Лекин ҳамма ўзига етиб келган асарларга кўра турлича фикрда бўлганлар. Абу Ҳанифа(р.а) ўзига етиб келган ҳадис ва асарларни жамлаб, чуқур тааммул ва ижтиҳод билан уларнинг бирини таржиҳ қилган ҳамда буни исботлаб берган. Аслида эса қўлни киндик остига боғлашни у зот биринчи бор пайдо қилмаганлар.
- Абу Ҳанифа(р.а.)нинг жуда кўплаб шогирдлари мужтаҳид даражасидаги олимлар бўлган. Улардан бир қанчалари эса ана шу даврнинг буюк муҳаддислари бўлишган. Масалан, Имом Абу Юсуф, имом Муҳаммад, имом Зуфар, Абдуллоҳ ибн Муборак, Вакеъ ибн Жарроҳ, Мисъар ибн Кидом, Али ибн Мусҳир, Яҳё ибн Закариё ва бошқалар. Манбаларда келишича, уларнинг 40 таси мужтаҳид олим бўлишган. Айни вақтда бу зотлар эса бошқа буюк муҳаддисларга бевосита устоз ёки устозларининг устози бўлганлар. Мана шу каби юз минглаб ҳадисларни биладиган буюк муҳаддислар ҳадисларга амал қилишни қўйиб, ўз ҳавои нафсига берилиб, фатво берувчи одамга шогирд бўлишлари ва унинг дарсида устозга жуда тавозеълик билан ўтиришлари мумкинми?! Бу гап кулгили эканлигини билиш учун инсон ақлли бўлиши шарт эмас.
- Абу Ҳанифа(р.а.)нинг дарслари асосан мунозара тарзида бўлиб, бу мунозараларда юқорида зикр қилинган мужтаҳид одамлар иштирок этган. Баъзан бир масала жуда узоқ муддат ўрганилган. Охир-оқибат унинг ҳукми айтилган. Агар Абу Ҳанифа(р.а.) томонидан айтилган ҳукмлар далилларга, хусусан, ҳадисларга асосланмаган бўлганида дарсда ўтирган муҳаддислар албатта бундан норози бўлган ва бунга раддия келтирган бўлар эдилар. Лекин воқеликда улар имомнинг ҳукмларни далиллардан чиқариб олишлари, у зотда ҳаддан ташқари маълумотлар кўплиги ва далилларни тушунишда ақл-идрокларининг нақадар теранлигига қойил қолганликлари кўп китобларда нақл қилинган. Бу эса у зотнинг ҳукмлари жуда кучли далилларга таянганини кўрсатади.
- Абу Ҳанифа (р.а)нинг илми мужтаҳид ва муҳаддис талабаларни қониқтиргани учун ҳам улар дарс ҳалқасида доимо у зотни интизор бўлиб кутганлар.
- Абу Ҳанифа(р.а.)га ўз замондошлари таъна тошини отмаган. Балки у зот билан ҳамфикр бўлганлар ёки у зотдан кейин яшаганлар ҳам у зотни жуда мақтаганлар.
- Абу Ҳанифа (р.а.)дан кейин ҳам катта олимлар, хусусан, муҳаддислар у зотнинг мазҳабини тутиши ҳам Абу Ҳанифа(р.а)нинг ҳадис борасидаги даражаларини кўрсатиб беради. Масалан, ҳижрий 164 йилда туғилган, буюк муҳаддис, жарҳ ва таъдил олимларидан бўлган Яҳё ибн Маъин ҳам Абу Ҳанифа(р.а) мазҳабини тутган. Манбаларда келишича, Яҳё ибн Маъин бир миллион асар жамлаган. Уни Аҳмад ибн Ҳанбал жуда ҳурмат қилган ва унинг яқин дўсти бўлган. Энди ўйлаб кўрайликчи, қачон бир миллион ҳадис тўплаган одам ўзга одамга эргашади? Қачонки, у одамни ҳадислари кўплиги ва уларни ўзидан яхшироқ тушунишини тан олган кишигина ўзидан олимроқ кишига эргашади. Аслида Яҳё ибн Маъин ҳам фаҳм-фаросатда машҳур эди.
- Абу Ҳанифа (р.а.) ва у зотнинг шогирдларига “асҳоби раъй” деган номни ишлатилиши уларнинг ҳадисга таянмай, ўз фикрига кўра ҳукм чиқарганларидан эмас, балки Қуръон ва ҳадисни яхши билганликлари ва асарларни бошқалар илғамайдиган жиҳатларини кўра олганликлари сабабли бу ном у киши ва шогирдларига нисбатан ишлатилган. Чунки, раъй сўзи шу мақсадда ишлатилиши ҳам ана шу замонда урфда бўлган. Масалан, Имом Моликнинг машҳур устози Робиъага ҳам “Робиатур-Раъй” деб ном берилган.
Бу гаплардан шуни тушуниш мумкинки, аслида Абу Ҳанифа(р.а.) ҳадисларни билиш борасида буюк муҳаддислардан устун бўлсалар устун бўлганлар-у, лекин кам бўлмаганлар. Чунки у зотда ҳадисдан ташқари улардан ҳукм олиш салоҳияти ҳам кучли бўлган. Шу устунликни яхши англаган буюк муҳаддислар у зотга бевосита ёки билвосита шогирд бўлганлар ва ўзларини у зотга нисбатлаганлар. Айни вақтда улар бундан ўзларида фахр ҳиссини туйганлар. Бунга буюк муҳаддисларнинг юзлаб эътирофлари далил ҳамда бу маълумотлар кўпгина китобларда қайд қилинган. Демак, бугунги кунда У зотни насга, хоссатан, ҳадисга таянмай ҳукм чиқаришда ва ҳадисни яхши билмаганликда айблашлик гўё бир гўдакнинг хархашасига ўхшайди.
Тошкент ислом институти
ўқитувчиси Ф. Маманасиров
Ислом шариатида ижтиҳод (яъни шариат ҳукмларини аниқлашда илм ва далил асосида изланиш олиб бориш) жуда муҳим ўринга эга. Шариат ўз самарасини бериши учун шахс, оила, жамият ва уммат ҳаётида мақсадларига эриша олиши учун, у ҳар томонлама ва ҳар даражада ижтиҳоднинг амалга оширилишига муҳтождир. Бу — янги масалаларда ижтиҳод бўладими, мавжуд фикрлардан танлаб олинадиган ижтиҳодми, умумий ёки қисман, якка тартибда ёки жамоавий бўладими — барчаси шариат фаолиятида зарур саналади.
Ижтиҳоднинг турли кўринишлари мавжуд. Улардан бири — қозиликдаги ижтиҳод бўлиб, бу қозилар томонидан амалга оширилади. Айниқса, исломда ижтиҳод фаол даврларда ва ҳукмлар қонун сифатида расман қайд этилмаган, қозилар мажбурий равишда уларга амал қилишга буюрилмаган даврларда бу жуда кенг тарқалган эди.
Ижтиҳоднинг яна бир шакли — қонунлаштиришдир. Яъни, фиқҳ ҳукмларини ҳуқуқий моддалар шаклида ифода этиш. Масалан, оила қонунчилиги, фуқаролик қонунчилиги, жиноят қонунчилиги, маъмурий ва молиявий қонунчилик каби соҳаларда. Масалан, Усмонлилар империясининг охирги даврларида ҳанафий мазҳаби асосида тайёрланган машҳур "Мажаллатул аҳком" ана шундай қонунлар тўпламининг намунаси бўлган. Бугунги кунда ҳам шариат ҳукмларини янги ижтиҳод асосида тартиблаш мумкин, бу ижтиҳод умумий ҳам бўлиши мумкин, ёки қисман, янги ёки мавжуд фикрлардан танланган ҳолда бўлиши мумкин.
Бу амалиёт оила қонунчилигида (ёки "шахсий ҳолатлар" деб аталувчи соҳада) амалга оширилган. Аввалида бу ҳанафий мазҳаби асосида бўлса-да, кейинчалик тўрт мазҳаб доирасига кенгайди ва янада илгарилаб, ислом фиқҳининг барча имкониятларидан баҳра олишга ўтилди. Бу йўлни Мисрда ал-Азҳар шайхи — шайх Муҳаммад Мустафо ал-Мароғий бошлаган, уни баъзи мазҳаб мутаассиблари ва тақлид тарафдорлари танқид қилганлар, лекин у шариат далиллари билан уларга муносиб жавоб қайтарган.
Ижтиҳоднинг яна бир кўриниши — фиқҳий тадқиқотдир. Бу ислом уламолари ўз ҳалқаларида шогирдлари билан бирга бажарган ишлар бўлиб, масалаларни баён қилиш, саволларга жавоб бериш ва буни шариат матнлари, қоидалари ва мақсадлари асосида олиб боришни ўз ичига олади. Бугунги кунда буни университетлардаги профессорлар ёки илмий даража (магистрлик, докторлик) ишини ёзаётган талабалар амалга оширмоқдалар. Ана шундай изланишлар асосида китоблар ёзилади.
Ижтиҳоднинг яна бир шакли — фетво беришдир. Фуқаҳоларга одамлар турли ҳаётий масалаларда мурожаат қилишади ва муфтий унга жавоб бериши шарт, айниқса бошқа муфтий бўлмаса ёки у давлат томонидан тайинланган бўлса. Муфтийнинг фатвоси таҳқиқ ва ижтиҳод асосида бўлиши керак, яъни реал ҳолатга мос равишда қарор чиқарилади.
Ҳар бир мазҳабда воқеаларга мос тушган фатволар китоблари мавжуд бўлиб, уларда барча фиқҳ бўлимлари қамраб олинган. Бу китоблар мазҳаб қоидалари асосида тузилган ва "аҳкамун навозил" (янги масалаларга оид ҳукмлар) деб ҳам аталади.
Уламоларнинг сўзларига кўра, фатво замон, макон, урф-одат ва инсонларнинг аҳволига қараб ўзгариши мумкин. Биз ҳам бу тадқиқотимизда фатво берувчи замондош уламолар учун ушбу омилларни эътиборга олишни вожиб, деб билдик. Илғор замон талабига кўра, олдинги уламолар таърифлаган тўрт омилга яна олти омил қўшдик. Яъни, ҳозирги замонда фатвонинг ўзгаришига таъсир қилувчи ўнта омил бор:
1. Маконнинг ўзгариши
2. Замоннинг ўзгариши
3. Ҳолатларнинг ўзгариши
4. Урф-одатнинг ўзгариши
5. Маълумотлар ўзгариши
6. Инсонлар эҳтиёжининг ўзгариши
7. Инсонлар имконият ва иқтидорининг ўзгариши
8. Ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий шароитнинг ўзгариши
9. Оммавий муаммоларнинг юзага келиши
10. Фикр ва қарашлар ўзгариши
Албатта, Исломда фатво бериш улкан масъулиятдир. Бу вазифани илми ва тақвоси етарли бўлмаган одамларга топшириш мумкин эмас. Салафи солиҳларимиз бу масалада жуда қатъий бўлишган. Фиқҳда ва фикрда билимсиз киши фатво бермаслиги керак. Имoм Шотибий шундай дейди: фатво берувчи киши уммат ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўрнида туради — одамларга Аллоҳнинг шариати ҳукмларини баён қилади. Имoм Ибн ал-Қаййим раҳимаҳуллоҳ фатво берувчи ҳақида шундай дейди: у Аллоҳ таоло номидан ҳукм чиқарадиган одамдир, худди подшоҳ ва амирлар номидан қарор чиқарадиган вакиллар каби. Шу сабаб, у киши “Иълом ал-мўаққийн ъан Рабб ал-ъАламийн” (Оламлар Роббиси номидан имзо қўюқчиларни огоҳлантириш) деб номланган китобини муфтийлар учун ёзган.
Қуръони Каримда Аллоҳ таоло баъзи масалаларда фатвони Ўзи беради. Масалан: “Сендан мерос ҳақида сўрайдилар. Айт: Аллоҳ сизларга калала ҳақида фатво беради” (Нисо сураси,176-оят). “Аёллар ҳақида сендан сўрайдилар. Айт: Аллоҳ улар ҳақида фатво беради” (Нисо сураси,127-оят).
Қуръонда “Сўрайдилар” деган ибора ўнлаб оятларда келади. Аллоҳ таоло унга “Айт” (Қул) деган жавоб билан мурожаат қилади. Масалан: “Сендан май ичимлик ва қимор ҳақида сўрайдилар. Айт: уларда катта гуноҳ бор…” (Бақара сураси, 219-оят) ва шунга ўхшаш оятлар. Бу ҳам фатво ва фатво беришнинг аҳамияти, улуғлиги ва масъулиятини кўрсатади. Аллоҳнинг Ўзи фатво берган бўлса, бу қандай улуғ иш!
Ҳеч бир тадқиқотчига сир эмаски, мусулмонлар — дунёдаги ягона умматдирки, шариат ҳукмлари ҳақида савол беради, ибодатларида ва муомалаларида ҳалол-ҳаромни аниқламоқчи бўлади. Бошқа биронта миллатда — ҳатто китобий ёки бутпараст бўлсин — бундай интизом йўқ. Шу сабабли мусулмон давлатларда фатво муассасалари ташкил этилган. Шунингдек, кўпгина мамлакатларда “Муфтий” лавозими жорий этилган. У айрим мамлакатларда диний ва илмий энг олий мансаб саналади. Мисрда эса “Шайх ал-Азҳар” энг юқори мансаб ҳисобланади.
Шу туфайли, муфтийнинг шартлари, одоблари ва фатво сўровчининг ҳам одоблари ҳақида китоблар ёзилган, ҳозирги замонда эса фатво масалаларига бағишланган халқаро анжуманлар ўтказилмоқда. Айниқса, замонавий оммавий ахборот воситалари, телевидениелар пайдо бўлганидан сўнг “ижтимоий тармоқ орқали фатво берадиган” баъзи шахслар кўпайди, улар ҳар қандай масалада ўзини билимдон қилиб кўрсатади. “Билмайман”, “Бу масала таҳқиқ талаб қилади”, “Кенгаш қилишим керак” демайди. Ҳолбуки салафи солиҳларимиздан бири айтганидек: “Кимки ‘билмайман’ дейишда хатога йўл қўйса, у ҳалокатга юз тутган бўлади”.
Шу мақсадда биз аввалроқ «Фатво: интизом ва беқарорлик ўртасида» номли китобимизни нашр этган эдик. Энди эса ушбу «Фатвонинг ўзгаришига сабаб бўлувчи омиллар» номли рисоламизни тақдим этяпмиз. Бу орқали фатво эгаларини тўғри йўл — нурли сиротул мустақим — билан юришга ёрдам беришни, имкони борича ҳақ ва тўғриликни излаб топишга ундашни, ҳақиқатни аниқлаш учун ҳаракат қилишни ва энг охирида муфтийнинг Аллоҳдан тавфиқ сўраб, У зотдан кўмак сўрашини истаймиз. Чунки салафи солиҳлардан бири шундай деган: “Агар бир масала сен учун қийин келса, айт: ‘Эй Иброҳимга илм ўргатган Зот, менга ҳам илм ўргат!’”. Аллоҳ таоло шундай дейди: «Кимки Аллоҳга иймон келтирса, Аллоҳ унинг қалбини ҳидоят қилади» (Тағобун сураси, 11-оят), «Кимки Аллоҳга суянса, бас у тўғри йўлга ҳидоят этилди» (Оли Имрон сураси, 101-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бизга бундай дуони ўргатганлар: “Эй Жаброил, Микоил ва Исрофилнинг Парвардигори! Осмонлар ва ернинг яратувчиси! Яширин ва ошкора нарсаларнинг билгувчиси! Сен бандаларинг ўртасида келиша олмаётган масалаларда ҳукм чиқарасан. Сенинг изнинг билан менга ҳақ йўлни кўрсат, чунки Сен истаган кимсани тўғри йўлга ҳидоят этасан”.
Европа Фатво ва Тадқиқотлар Кенгашининг Бош котибияти мендан унинг маданий рисолалар силсиласига муқаддима сифатида бир рисола ёзишимни сўради. Мен эса мана шу рисолани танладим. Умид қиламанки, бу рисола кўзланган мақсадга хизмат қилади, мусулмонларни умуман, айниқса, озчиликда яшаётган мусулмонларни фаҳм ва ҳидоятга етаклайди. Ниятимиз Аллоҳ учун. Унинг Ўзи бизга етарли ва қандай яхши вакилдир У.
Аллоҳга муҳтож бандаси —
Юсуф ал-Қаразовий
Дўҳа шаҳри,
Рабиъ ус-соний, 1428 ҳижрий
Май, 2007 милодий
Ҳомиджон домла Ишматбеков
таржимаси