Аллоҳ таоло Рамазон ойида мусобақалашиш учун аввало иймонни шарт қилиб қўйган ва мукофотга тақвони ваъда қилган. Зотан, ушбу шариф ой ортидан буюк мукофотлар ваъда қилингандир. Раббимиз шундай марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
“Эй, иймон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183 оят).
Эътибор берадиган бўлсак, ояти карима “Эй инсонлар” деб эмас, балки “Эй иймон келтирганлар” хитоби билан бошланмоқда. Демак, рамазон ойидаги мусобақалашувчиларда иймон бўлиши шарт экан. Шундай экан, бу ибодатнинг мукофотига эришиш учун мусобақа қилишимиз лозим бўлади.
Ибодатларда ким ўзарга беллашиш шариатимизда тарғиб қилинган амаллардандир. Аллоҳ таоло:
... وَفِي ذَلِكَ فَلْيَتَنَافَسِ الْمُتَنَافِسُونَ
“... Бас, мусобақачилар шу (неъматлар) йўлида мусобақа қилсинлар!” –дея лутф қилади (Мутоффифун сураси, 26 оят).
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Рамазон ойи кириб келганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васаллам шундай дедилар: “Барака ойи бўлмиш Рамазон кириб келди. Ушбу ойда Аллоҳ сизларни яхшиликларга буркайди-ки, У Зотнинг раҳмати ёғилади, хатолар ўчирилади, дуолар мустажоб бўлади. Аллоҳ сизларнинг ўзаро мусобақа қилишингизга қарайди ва фаришталарига сизларни кўрсатиб мақтанади. Шундай экан, Аллоҳга фақат яхшиликларингизни кўрсатинг. Зотан, бу ойда Аллоҳнинг марҳаматидан маҳрум бўлганлар ҳақиқий бахти қаролардир”.
Амаллар – Аллоҳ таолонинг назаргоҳидадир. У Зот марҳамат қилиб шундай дейди:
وَقُلِ اعْمَلُوا فَسَيَرَى اللَّهُ عَمَلَكُمْ وَرَسُولُهُ وَالْمُؤْمِنُونَ وَسَتُرَدُّونَ إِلَى عَالِمِ الْغَيْبِ وَالشَّهَادَةِ فَيُنَبِّئُكُمْ بِمَا كُنْتُمْ تَعْمَلُونَ
“Айтинг: “Амал қилинглар! Албатта, Аллоҳ, Расули ва мўминлар ишларингизни кўражаклар. Шунингдек, албатта, ғойиб ва ошкора (ишлар)ни билувчи (зот) ҳузурига қайтарилурсиз. Бас, (ўшанда) сизларга қилган ишларингиз хабарини берур” (Тавба сураси, 105 оят).
Охирги икки оятни мулоҳаза қиладиган бўлсак, Аллоҳ таоло “мусобақа қилсинлар”, “амал қилинглар” деб кўплик шаклида айтди. Демак, мусобақа қилиш ва амал қилиш маълум кишиларга эмас, ҳаммага тегишли экан.
Ноз-неъматлари мангу бўлмиш жаннатга эришиш учун солиҳ амалларни қилишга шошилиш, яхши ишларда мусобақа қилиш борасида Қуръони каримда қуйидагича ояти карима бор:
سَابِقُوا إِلَى مَغْفِرَةٍ مِنْ رَبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا كَعَرْضِ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ أُعِدَّتْ لِلَّذِينَ آَمَنُوا بِاللَّهِ وَرُسُلِهِ ذَلِكَ فَضْلُ اللَّهِ يُؤْتِيهِ مَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ ذُو الْفَضْلِ الْعَظِيمِ
“(Эй, инсонлар!) Раббингиз томонидан бўладиган мағфиратга ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва Ернинг кенглиги каби бўлган жаннатга шошилингиз! Бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга ато этур. Аллоҳ улуғ фазл соҳибидир” (Ҳадид сураси, 21 оят).
Қарофий: “Яхши ишларга мусобақа қилиш таъқиқланмаган. Аксинча, баъзи ишларда мусобақа қилиш даражаси вожиб бўлса, бошқаларида мандуб, ёки мубоҳ бўлади. Намоз, закот ва рўзага ўхшаш ибодатларда мусобақа қилиш вожибдир. Чунки, мусобақа дегани - орқада қолмай деганидир. Намозга ўхшаш ибодатларда эса ортда қолишга рози бўлиш гуноҳга рози бўлиш ҳисобланади. Гуноҳга рози бўлиш эса ҳаромдир. Никоҳ каби мубоҳ ишларда мусобақа қилишни эса зарари йўқ”, - деб айтган.
Яхши ишларга шошилиш ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
وَسَارِعُوا إِلَى مَغْفِرَةٍ مِنْ رَبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا السَّمَوَاتُ وَالْأَرْضُ أُعِدَّتْ لِلْمُتَّقِينَ
“Раббингиздан (бўлувчи) мағфиратга ва кенглиги осмонлару Ерга тенг, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат сари (солиҳ амаллар қилиш билан) шошилингиз!” (Оли Имрон сураси, 133 оят).
“Раббингиздан бўладиган мағфиратга шошилинг” дегани мағфиратга сабаб бўладиган ишларга шошилинг, деган маънодадир. Чунки, мағфират қилиш Аллоҳга тегишли ғайбий нарсалардан бўлиб, уни қўлга киритиш банданинг имкониятида йўқ ва унга шошилинмайди.
Яхши ишларда мусобақа қилиш билан уларга шошилиш ўртасида фарқ бор. Яхши ишга шошилиш мусобақа қилишдан яхшироқдир. Чунки, шошиш – бор имкониятини ишга солиш демакдир. Мусобақа қилиш эса бор имкониятини ишга солмасада, шунчаки ҳеч кимдан ортда қолмаслик деганидир. Айнан шунинг учун ҳам, Аллоҳ таолонинг мусобақа қилувчилар билан яхшиликка шошувчиларга берадиган мукофотига қарасак, уларнинг ўртасида фарқ бор. Яхши ишларда мусобақа қилгувчиларга бериладиган жаннатнинг сифатини Аллоҳ таоло “кенглиги ОСМОН-У ерча” деб сифатлаган бўлса, яхшиликларга шошилувчиларга бериладиган жаннатнинг сифатини “кенглиги ОСМОНЛАР-У ерча” дея келтирди. Осмон билан осмонларнинг ўртасида фарқ борлиги эса ҳеч кимга сир эмас. Бундан ташқари, Аллоҳ таоло мусобақа қилувчиларга жаннатни ваъда қилган бўлса, яхши ишларга шошилувчиларга жаннатларни ваъда қилган.
Демак, мўмин одам бу муборак ойни шарофатидан умид қилиб, кўпроқ яхши солиҳ амалларни қилишга ошиқмоқлиги зарур бўлади. Яхши ният ва мукаммал ижроси ила қандай амални бажарса, уни савобига эга бўлаверади. Шу ўринда яхшиликка шошилувчи ва мусобақа қилувчилар учун баъзи фойдали зикрларни келтириб ўтамиз:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким бир кунда юз маротаба “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамд ва ҳува ала кулли шайъинг қодийр” деса, ўнта қулни озод қилганчалик савобга эга бўлади, унга юзта яхшилик ёзилади, юзта гуноҳи ўчирилади, ўша куни кеч киргунга қадар зикрлари унга шайтондан паноҳ бўлади, ўша куни ундан афзал бирорта инсон бўлмайди, илло шу зикрни ундан кўп айтган кишигина ундан афзал бўлиши мумкин” (Имом Бухорий ривояти).
Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васаллам: “Аллоҳга ёқадиган энг яхши гаплар тўрттадир, улар: “субҳаналлоҳ, валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” бўлиб қайси биридан бошласанг ҳам зарари йўқ”, - дедилар. (Имом Муслим ривояти).
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келганларида инсонлар бир водийга тўпланиб овозларининг борича такбир ва таҳлил айта бошлашди. Шунда У зот: “Бақир-чақир қилманглар, сизлар кар ёки йўқ зотга илтижо қилаётганингиз йўқ ахир, аксинча ҳамма нарсани эшитувчи, сизларга яқин ва доимо сизлар билан бирга бўладиган Зотга ёлборяпсиз” – дедилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минган уловнинг орқасида кетаётганимда менинг “ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ” деётганимни эшитдилар ва менга: “Эй Абдуллоҳ ибн Қайс”, - дедилар. Мен “лаббай, ё Расулаллоҳ” дедим. У зот: “Сенга жаннатнинг хазиналаридан бўлган калималарни айтайми?” – дедилар. Мен “Ота-онам сизга фидо бўлсин, албатта ё Расулаллоҳ” дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ”, - дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا
“Албатта Аллоҳ ва фаришталари Набийга саловат айтур. Эй иймон келтирганлар! Унга саловат ва салом айтинглар”. (Аҳзоб сураси, 56 оят).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:”Ким менга бир марта саловат айтса, Аллоҳ унга ўн марта саловат айтади ва унинг даражасини ўн марта кўтаради ҳамда ўнта хатосини ўчиради”, деб марҳамат қилганлар (Бухорий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий алайҳис салом: “Икки калима бор. Улар тилга енгил, тарозу палласини босадиган оғир, Раҳмонга суюклидир. Улар: Субҳаналлоҳил азим, субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”, - дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Я залжалали вал икром”ни айтиб юринглар (Имом Термизий ривояти).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ўтиришда юз мартагача “Раббиғфир лий, ва туб алайя, иннака антат Таввабур Роҳийм” деб истиғфор айтганларини эшитганмиз (Абу Довуд ривоят қилган).
Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг жуда катта марҳаматидир. Мана шу ваъдалардан умидвор бўлиб, бу кунларни ғанимат билиб, кўпроқ ва хўброқ савоб ишларга шошилсак, ким ўзарга мусобақа қилсак, шояд тақводор бандалари сафидан жой олсамиз.
Жалолиддин Ҳамроқулов,
Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,
Тошкент шаҳар “Новза” жоме масжиди имом хатиби
Тасаввуф масаласи ҳам салафийлар томонидан қаттиқ танқидга олинган ва кўр-кўрона рад этиладиган мавзулардан биридир. Тасаввуф, тариқат, сулук, шайх, мурид ва шу каби атамаларни эшитишлари билан мавзуни инкор қилишга тушиб кетадилар. Лекин аслида ҳам шундайми?
Минг йиллардан бери Исломнинг руҳи бўлиб келган ва Ислом уммати оғишмай амал қилиб келаётган бу мавзу рад этилиши керакми?!
Тасаввуф – бу Аллоҳни таниш ва нафсни поклашни ўргатадиган ва шу йўлдаги ҳаракатларни ифодалайдиган, уларни англатадиган ва бу ҳолатларга эришиш учун нима қилиш кераклигини тушунтирадиган бир илмдир. Тасаввуф исломий илмларнинг энг шарафлисидир. Бу илмнинг шарафи, мавзусининг шарафи биландир.
Модомики, тасаввуфнинг мақсади, мавзуси маърифатуллоҳ – Аллоҳни билиш-таниш экан, у ўз-ўзидан исломий илмларнинг энг шарафлиси бўлади. Тасаввуф бизга нима қилсак, Аллоҳ бизни севади? Нима қилсак, қалбимизда бўлишини истаганимиз “Аллоҳ севгиси” ҳосил бўлади, каби саволларга жавоб беради ва бу мақомга эришиш йўлларини ўргатади.
Тасаввуфга уламолар томонидан кўплаб таърифлар берилган. Шайх Иброҳим ибн Муваллид Роққий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг китобларида бу таърифларни юздан ошиғини жамлаган.
Шайх Муҳаммад ибн Али Қассоб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф бу – саодат асрида шарафли қавмнинг энг олийжаноб кишисидан содир бўлган энг гўзал хулқлардир”, деган.
Шайх Абу Муҳаммад Жаририй раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – ҳар бир гўзал хулқни олиш ва ҳар бир ёмон хулқни тарк қилишдир”, деди.
Шайх Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – гўзал хулқ билан бир маънода бўлиб, кимнинг хулқи сеникидан гўзал бўлса, тасаввуфи ҳам гўзалдир”, деган.
Шайх Абу Ҳафс Найсобурий раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – унинг барчаси одобдир. У ҳар бир вақт, ҳар бир ҳол ва ҳар бир мақомнинг одобидир”, деган.
Тасаввуф баъзи кишилар: “Бу нарса ҳижрий учинчи асрдан кейин пайдо бўлган бидъат, аввалги даврда бўлмаган. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда “Тасаввуф” сўзи бирор марта зикр қилинмаган”, деб даъво қилаётганидек кейин пайдо бўлиб қолган бидъат илм эмас, балки у барча шаръий илмлар қатори Исломнинг аввалидан мавжуддир.
Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда “Тасаввуф” сўзини бирор марта келмагани уни исломий илм эмаслигига далил бўлмайди. Чунки бошқа исломий илмларнинг ҳам номлари Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган. Агар Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган нарсаларни инкор қилсак, жуда кўплаб нарсалардан воз кечишимизга тўғри келади.
Тасаввуф Исломнинг аввалги асрларидан бери мавжуд бўлиб, у ҳам бошқа исломий илмлар қатори Қуръон ва суннатдан олинган. Бунга Қуръон, ҳадис ва тобеинларнинг сўзларида далиллар бор. Аввал айтганимиздек тасаввуфнинг асосий вазифаси инсоннинг нафсини тарбиялаш, гуноҳлардан поклаш ва ботиний амалларини тартибга солишдир.
Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 120-оятида бундай марҳамат қилган:
﴿وَذَرُوا ظَاهِرَ الْإِثْمِ وَبَاطِنَهُ﴾
“Ва ошкора ҳамда махфий гуноҳларни тарк қилинглар!”.
Аллома Алоуддин Али ибн Муҳаммад Бағдодий раҳимаҳуллоҳ бу ояти каримани тафсир қилиб: “Ошкора гуноҳдан ташқи аъзолар билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган. Махфий гуноҳдан қалб билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган” деган.
Зоҳирий аъзолар билан қилинадиган гуноҳларни тарк қилишни ва унга бериладиган жазоларни фиқҳ фани ўргатса, қалб касалликларини даволашни айнан тасаввуф ўргатади. Бошқа ояти каримада шундай дейилади:
﴿قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا﴾
“Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришди” (Шамс сураси, 9-оят).
Дарҳақиқат, инсон охиратда ютуққа эришиши учун, жаҳаннам оловидан омонда бўлиши учун бу дунёда куфрдан, ширкдан, нифоқдан ва турли гуноҳ ва қалб касалликларидан ўзини поклаши керак.
Аллоҳ таоло бу ояти карималарда бандаларини куфр, ширк ва гуноҳлардан ўзларини поклашга буюрмоқда. Мана шу поклашни ўргатадиган фанни “Тасаввуф” деб номлаш инсонлар орасида урф бўлган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида тасаввуф эҳсон деб номланган. “Жаброил ҳадиси” деб номланган машҳур ҳадиси шарифда “эҳсон” айни тасаввуф экани намоён бўлди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: “Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлига қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.
“Менга иймон ҳақида хабар бер”, деди.
“Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди.
“Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деди у.
“Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
“Менга Соат (қиёмат)дан хабар бер”, деди.
“Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас”, дедилар.
“Унинг аломатларидан хабар бер”, деди.
“Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар. Сўнгра у (қайтиб) кетди. Бас, бирмунча вақт ўтказдим. Сўнгра у зот менга:
“Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?” дедилар.
“Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир”, дедим.
“Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келибди”, дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифда диннинг асллари иймон, Ислом, эҳсон, зоҳирий ва ботиний амалларни ислоҳ қилиш ва охират куни ҳақида ва буларнинг барчаси дин эканлигини хабари берилмоқда.
Ҳадиси шарифда зикр қилинган “Ислом”ни фиқҳ илми ўргатади. “Иймон” қисмини ақоид илми ўргатади. Бизнинг мавзумизга бевосита боғлиқ бўлган “эҳсон” қисмини эса тасаввуф илми ўргатади ва бу ҳадиси шарифда бунга амалий намуна ҳам бор.
Жаброил алайҳиссалом: “Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
Тасаввуфнинг асосий мақсадларидан бири ҳам банда қилаётган ҳар бир ибодатида, амалида Аллоҳ уни кўриб турганини ва бу амалига қиёмат куни албатта савол-жавоб бўлишини қалбан ҳис қилдиришдир.
“Тасаввуф” сўзи Исломнинг дастлабки асрида ишлатилмаган бўлса-да, кейинги даврларда “сўфий” сўзи ишлатилганини кузатишимиз мумкин.
Уламолар мутавотир ҳадиснинг қандай бўлиши ва шартларини баён қилиб айтадиларки “Мутавотир ҳадис – унинг санадидаги ҳар бир табақада жуда кўп ровий ривоят қилган. Ана шу ровийларнинг барчаси ривоят қилинган ҳадисни ўзгартиришга келишиб олишлари мумкинлигини ақл инкор этади”.
Шундай экан, тасаввуф илми ҳам иккинчи асрдан (тобеинлар асридан) то шу кунгача минглаб шариатимиз пешволари орқали ҳам нақлан, ҳам амалан мутавотир ҳолатда бизгача етиб келган. Шунинг ўзи ҳам тасаввуф илмининг шаръий илм эканига етарли далил бўлади.
Машҳур муҳаддис олим, Шайх Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ: “Суҳбатларимиз ва таълим-тарбиямиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳиҳ ва машҳур санад билан етиб борган тариқат одобидир”, деган.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси