Хабар қилинганидек, 2017 йил 31 май куни Сурхондарё вилояти Шеробод туманида жойлашган Исо ат-Термизий мажмуаси таркибида янги “Имом Термизий” жоме масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтган эди. Ушбу масжиднинг очилишини нафақат Сурхондарё вилояти, балки, бутун юртимиз аҳолиси мамнуният билан қабул қилди. Зеро, мазкур маърифат масканининг очилиши Муборак Рамазон ойида халқимизга муносиб туҳфа бўлди.
Рамазон кунларининг раҳмат кечаларида “Имом Термизий” масжидига таровиҳ намозини адо этиш учун юзлаб намозхон ташриф буюрмоқда.
“Имом Термизий” жоме масжидининг очилиш маросими ва шу кунларда адо этилатёган таровиҳ намози акс этган фотолавҳалардан қуйида баҳраманд бўласиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идаси
Масжидлар бўлими
Савол: Мен ҳайдовчилик қиламан. Баъзилар менга маълум миқдорда пул бериб, уни бошқа шаҳардаги одамга етказишимни сўрашади. Шу пулдан аввал ўзим фойда кўриб, сўнг айтилган одамга тўлиқ қилиб етказсам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бу иш жоиз эмас. Чунки бу омонатга хиёнат қилиш ҳисобланади. Омонатга олинган пулдан фақат эгаси рози бўлсагина ишлатиш мумкин. Аммо эгаси рози бўлмаса, ёки эгасига билдирмай ишлатилса, бу хиёнат саналади. Омонатга хиёнат қилиш эса, катта гуноҳ ва мунофиқнинг белгиларидан биридир. Бу ҳақда фақиҳ Низомиддин Шоший раҳимаҳуллоҳ шундай зикр қиладилар:
“Омонатдор, вакил ва ғосиб (бировнинг молини зўрлик билан олган кимса)лар молнинг айни ўзини ўзларида олиб қолиб, унинг мислини (қийматини) тўлашлари мумкин эмасдир” (“Китабул-хамсийн” китоби).
Шунингдек, аллома Ибн Нужайм роҳимаҳуллоҳ шундай нақл қиладилар: “Омонатга олинган буюм бошқа кишига на омонатга берилади, на қарзга (бепул фойдаланиш учун) берилади, на ижарага берилади ва на гаровга қўйилади. Агар омонатдор улардан бирортасини қилса, жавобгар бўлади” (“Ал-Баҳрур-роиқ” китоби).
Хулоса қилиб айтганда, ҳайдовчиларнинг юқоридаги бировнинг омонатидан берухсат фойдаланишлари ва ундан даромад кўришлари шаръан жоиз эмасдир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.