Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Август, 2026   |   6 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:09
Қуёш
05:36
Пешин
12:27
Аср
17:16
Шом
19:21
Хуфтон
20:43
Bismillah
19 Август, 2026, 6 Рабиъул аввал, 1448

09.06.2017 й. Закот-молиявий ибодат

06.06.2017   7059   10 min.
09.06.2017 й. Закот-молиявий ибодат

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам азизлар! Аллоҳга шукрким, Рамазон ойини сизу биз тинчлик, хотиржамликда ва осойишталикда ўтказмоқдамиз. Аллоҳ таоло бандаларига Ўз раҳмати ва баракотини кўплаб нозил қилган бу кунларни ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва эзгу амалларни адо этишга ҳаракат қилишимиз лозим. Эзгу амаллар деганда, аввало, чин ихлос-эътиқод ила ўзгаларга хайру саховат кўрсатиш ва уларни чиройли кўринишда холис адо этиш тушунилади. Рамазон ойида қилинган эзгу ишларнинг савоби ҳақида Расулуллоҳ с.а.в. марҳамат қиладилар: “Кимда ким Рамазон ойида бирор бир нафл амални бажарса, у бошқа ойда фарз амални адо қилган билан тенг бўлади. Кимда ким бу ойда бир фарз амални бажарса, бошқа ойдаги етмишта фарз амални адо қилган билан тенг бўлади” – деганлар. Шунга кўра закот ва нафл садақаларни ҳам Рамазон ойида адо этиш жуда фазилатлидир.

Маълумки, Ислом дининг асосларидан бири бу – Закот ибодатидир. Ҳақ таоло марҳамат қилиб айтадики:

وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآَتُوا الزَّكَاةَ ...  

(سورة البقرة/43)

яъни: “Намозни баркамол ўқингиз, закот берингиз...”.

          Закот молиявий ибодат бўлиб луғатда “поклаш” ва “ўсиш” маъноларини билдиради. Закот Қуръони каримда йигирма етти бора намоз билан бирга қайд этилган. Бу эса ўз навбатида, намоз билан закот бир-бирига чамбарчас боғлиқ эканлигига далолатдир.

Закот муайян миқдордаги маблағга эга бўлган мусулмоннинг зиммасига фарз бўлади. Закотни вожиб қилувчи муайян миқдор шариат тилида – нисоб дейилади. Закот тилло ва кумуш, пул, мева ва деҳқончилик маҳсулотлари ҳамда чорва молларидан берилади. Закот бериладиган молнинг нисоби Пайғамбаримиз с.а.в. томонларидан қатъий белгилаб берилган.

Тиллонинг нисоби (85 гр.) 20 мисқол бўлиб, ундан (2,125 гр.) 0,5 мисқол закот учун ажратилади. Яъни қирқдан бири демакдир.

Закот вожиб бўлиши учун юқорида айтиб ўтилган нисоб миқдори мавжуд бўлиши ҳамда шу нисоб бир йил давомида кўпайган бўлиши шарт.

Чорва моллари жумласига туя, қора мол ҳамда қўй-эчкилар киради. Туянинг сони бешта бўлса нисобга етган ҳисобланиб, ундан битта қўй закот учун ажратилади. Қора молнинг нисоби 30 та бўлиб, ундан битта бир ёшли бузоқ закотга чиқарилади. Қўй ва эчкининг сони 40 тага етганида нисоби тўлган ҳисобланиб, ундан битта қўй ёки эчки закотга чиқарилади. Чорва молларидан закот вожиб бўлиши учун тилла ва кумуш учун айтилган шартлар бўлиши, яъни бир йил давомида кўпайиши, бундан ташқари чорва моллари ярим йилдан кўпроқ вақт давомида яйловда ўтлатилган бўлиши шарт. Аммо, ем-хашакни 6 ойдан ортиқ ташиб келиб боқилган бўлса, закот вожиб бўлмайди. Агар тижорат ниятида боқилаётган бўлса қиймати ҳисобланиб закоти чиқарилади. Деҳқончилик агар лалми ер маҳсулоти бўлса, ундан ушур (яъни ўндан бир), суғориладиган ердан чиққан маҳсулот бўлса, ушурнинг ярми (яъни йигирмадан бир) қисми миқдорида закот чиқарилади. Ушур – ҳосил териб олинган вақтда берилади.

Бундан ташқари нақд пул ва тижорат молларидан ҳам закот берилади. Уларнинг нисоби эса тилло ва кумушнинг нисобига қиёсан белгиланади. Яъни, тилло ва кумушнинг қиймати аниқланиб, шуларга таққосланади.

Албатта, закотни қабул бўлишлигида муносиб ўринларга берилиши муҳимдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда закот бериладиган ўринларни аниқ баён қилиб берган.

إِنَّمَا الصَّدَقَاتُ لِلْفُقَرَاءِ وَالْمَسَاكِينِ وَالْعَامِلِينَ عَلَيْهَا وَالْمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمْ وَفِي الرِّقَابِ وَالْغَارِمِينَ وَفِي سَبِيلِ اللَّهِ وَاِبْنِ السَّبِيلِ فَرِيضَةً مِنَ اللَّهِ وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ  

(سورة التّوبة/60)

яъни: “Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (ғайридин)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир”. Бу саккизта ўриндан ғайридинлар, қулларга беришнинг ҳукми бекор қилинган.

Маълумки, закот улуғ ибодат бўлиши билан бирга, унда буюк инсоний фазилатлар мужассам, закот бериш туфайли киши руҳий, ахлоқий камолотга эришади. Бунинг учун закот берувчида ихлос ва самимият бўлса бас.

Албатта, закотнинг савоби янада мукаммал бўлиши учун уни муносиб ўринларга берилиши муҳимдир. Закот берсам бўлди, мен фарзни адо этган бўламан, деб хоҳлаган шахсга бериб юбориш динимиз кўрсатмаларига мутлақо зиддир. Чунки номуносиб шахсларга берилган маблағингиз, гарчи у ҳалол йўл билан топилган бойлик бўлса ҳам ношаръий ишларга йўналтирилиб, закот берувчи гуноҳкор бандалар қаторига тушиб қолиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳалолидан топган бойлигингиздан ажратилган закотни бева-бечора, етим-есир, камбағал, муҳтож оилаларга шунингдек, юртимизнинг турли билим юртларида таҳсил олаётган ёрдамга муҳтож талабаларнинг ўқув шартнома тўловларига ёрдам берилса, ҳам фарзни адо этган бўламиз, ҳам улкан савобларга эришамиз.

Закот берувчи одам ўзининг бераётган закотини чин қалбдан, хурсанд ҳолда ва рози бўлган ҳолда адо этиши лозим бўлади. Закотни олувчи инсон ҳам бўйнини эгиб эмас, балки азизу мукаррамлик ҳолда Аллоҳ берган ҳақни олаяпман деб олиши ва уни олаётган вақтда “бу менинг ҳаққим” деб билиши керак бўлади. Аллоҳ таоло Инсон зотини азизу мукаррам қилиб яратди. Унга ақл ва идрок берди. Ақидаси соф, қалби пок, жисми тоза бўлишини илоҳий таълимотлар орқали билдирди, ҳатто топаётган мол-дунёси ҳам пок ва  баракали бўлиши учун унга закотни фарз қилди. Бу ҳам закотнинг ҳикматларидан биридир. Дарҳақиқат, қайси жамият бўлса ҳам унда кам таъминланган тоифалар топилади. Унда ижтимоий адолатни барпо этишда закотнинг ўрни шубҳасиз муҳимдир. Буни барча тадбиркор, ишбилармон ва ишлаб чиқариш корхона эгалари ва бошқалар яхши билишлари зарур. Закот бериш ва олиш жамиятда инсонларга бунёдкорлик руҳини вужудга келтиради. Улардан ҳаёт қийинчиликларини, изтироб ва машаққатни кетказади, бузғунчилик, ҳасадни йўқотади. Жамият аъзолари ўртасида ўзаро меҳрибонлик, раҳм-шавқат, тенглик, адолат ва муҳаббат вужудга келади. Закот олган кишиларда харид қуввати ошади, зера уларда қўлларидаги маблағга бир нарса сотиб олиш имконияти вужудга келади. Демак, закот жамиятдаги молиявий ҳолатларга ижобий таъсир кўрсатади. Кўплаб иқтисодий, моддий ва ижтимоий муаммоларни ҳал этиш йўлида хизмат қилади.    

Пайғамбаримиз (сав) марҳамат қиладилар:

" مَا نَقَصَ مَالٌ مِنْ صَدَقَةٍ قَطُّ "

(رواه مسلم)

яъни: “Мол-мулк садақа қилиш билан зинҳор камаймайди”. Закотнинг ҳикматидан бири, унда закот берувчига ҳам, олувчига ҳам, улар яшаб турган жамиятга ҳам кўплаб дунёвий ва ухровий фойдалар бор. Шунингдек, у туфайли мулкдор тарафнинг қалби,  руҳий покланиб, саховат ва мурувват фазилатларига эга бўлади. Аллоҳ таоло Жаноб Пайғамбаримиз с.а.в.га буюриб:

خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِمْ بِهَا  ...

(سورة التّوبة/103)

яъни: “Мол-мулкларидан уларни у сабабли поклашингиз ва тозалашингиз учун садақа олинг...”, - деб марҳамат қилган.

Қолаверса,  закот берилган мол ҳар қандай офат ва талофотлардан омон бўлади. Пайғамбаримиз (сав) бу ҳақида шундай марҳамат қиладилар:

حَصِّنُوا أَمْوَالَكُمْ بِالزَّكَاةِ وَ دَاوُوا مَرْضَاكُمْ بِالصَّدَقَةِ وَ أَعِدُّوا لِلْبَلاءِ الدُّعَاءَ

(رواه الطبرانى)

 яъни: “Сизлар молларингизни закот (беришлик) билан сақлангиз. Касалларингизни садақа (беришлик) билан даволангиз ва турли бало-офатларга дуони ҳозирлангиз”.

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таборак ва таолонинг бизга берган мол дунёсидан белгиланган закотни бериш, албатта унинг ўсиши ва баракотли бўлишида  аосий омил бўлиш билан бирга, закотни олувчиларга ҳам катта манфаат бордир. Ушбу фурсатдан фойидаланиб, эътиборларингизга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг жорий йилдаги  закот, фитр садақа ва фидя бўйича қабул қилинган қарорини ҳавола этамиз:

  1. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг милодий 2017 йил (ҳижрий 1438 йил) учун ЗАКОТ нисоби 1гр. тиллонинг бугунги кунда бозордаги ўртача нархи 185.000 (бир юз саксон беш минг) сўм эканлигини эътиборга олиб, 85 гр. тилло ҳисобидан закот нисоби 15.725.000 (Ўн беш миллион етти юз йигирма беш минг) сўм эканлиги ва мазкур сумманинг қирқдан бир ҳиссаси, яъни 393.125 (уч юз тўқсон уч минг бир юз йигирма беш) сўм закот чиқариш тўғрисидаги хулосаси маъқуллансин!
  2. Бу йилги Фитр садақаси миқдори вилоят, шаҳар ва туман бозорларидаги 2 кг. буғдой нархидан келиб чиққан ҳолда белгилансин! (Масалан, 2017 йилда Тошкент шаҳар бозорида 1 кг. буғдойнинг нархи ўртача 3.000 сўм бўлса, демак 2 кг. буғдой нархи 6.000 сўм бўлади).
  3. Бу йилги фидя миқдори доимий узр билан рўза тутолмайдиган кишилар учун бир оч одамнинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, ўртача 12.000 (ўн икки минг) сўм деб белгилансин!

Аллоҳ таоло барчаларимизни муборак ойда эзгу амалларни кўпроқ қилишга муяссар қилсин! Омин!

Жума мавъизалари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Муз нега сувда чўкмайди? Беруний ва Ибн Синонинг минг йил олдинги илмий баҳси

14.08.2026   21130   6 min.
Муз нега сувда чўкмайди? Беруний ва Ибн Синонинг минг йил олдинги илмий баҳси

Хоразмлик ёш мутафаккир Абу Райҳон Берунийнинг Аристотель физикасига билдирган тажрибавий эътирозлари ва Ибн Сино билан ёзишмалари Х-ХI асрлар бўсағасида Марказий Осиёда шаклланган мустақил танқидий илмий фикрнинг энг ёрқин намунаси ҳисобланади, хабар бермоқда ЎзА.

Х асрнинг охири ва ХI асрнинг бошларида Хоразм ва Бухоро илмий муҳитида антик давр юнон фалсафаси ҳамда табиий фанлар меросини қайта кўриб чиқишга бўлган қизиқиш ниҳоятда кучайди. Аристотелнинг “Осмон ва олам ҳақида” ҳамда “Физика” асарларидаги айрим хулосалар ўша давр тадқиқотчилари томонидан сўзсиз ҳақиқат сифатида қабул қилинаётган бир пайтда, тахминан 24–26 ёшлардаги Беруний антик муаллифнинг айрим қарашларини амалий кузатув ва математик мантиқ ёрдамида шубҳа остига олди. Беруний ўз эътирозлари ва саволларини хат орқали Бухорода яшаб ижод қилаётган, ўша вақтда 17–19 ёшларда бўлган Ибн Синога юборди. Ушбу тарихий мулоқотнинг бизгача етиб келган матни Ибн Синонинг Беруний томонидан берилган саволларга қатор жавобларидан иборат. Манбашунос ва шарқшунос Ю.Завадовский ушбу қўлёзма матнини рус тилига ўгирган ва у илк бор 1957 йилда Тошкентда нашр этилган. Кейинчалик, 1973 йилда Беруний таваллудининг 1000 йиллик юбилейи муносабати билан фалсафа фанлари номзоди А.Шарипов томонидан тайёрланган қайта нашрда ушбу ёзишмаларнинг илмий аҳамияти янада аниқроқ ёритилган.

Берунийни Аристотель таълимотидаги баъзи физик қоидаларнинг кузатув ва тажрибага зид келиши алоҳида ташвишга солган эди. Хусусан, “Физика” бўлимига оид саволлар орасида моддаларнинг нур синдириши ва иссиқлик йиғиш хусусиятига оид аниқ тажриба баён қилинади. Хоразмлик олим думалоқ ва шаффоф шиша идишни олиб, уни сув билан тўлдирганда у биллур лупа каби қуёш нурларини бир нуқтага тўплаб, аланга олдириш хусусиятига эга бўлишини кўрсатиб ўтади. Агар ушбу идиш сув ўрнига ҳаво билан тўлдирилса, ҳеч қандай нур йиғилмайди ва олов ҳосил бўлмайди. Беруний Ибн Синога мурожаат қилиб, сувнинг бундай ўзига хос таъсир кўрсатиши сабабини ва нега айнан сув мавжуд бўлганда нурлар тўпланишини сўрайди. Шарқшунос А.Шарипов тадқиқотларида таъкидланганидек, бу каби саволлар Берунийнинг шунчаки назарий мулоҳаза юритмагани, балки аниқ физик ҳодисаларни тажрибада текшириб кўрганини тасдиқлайди.

Ибн Сино Берунийнинг бу саволига жавоб берар экан, сувнинг табиатан тиниқ, зич ва силлиқ жисм эканини, шу сабабли у ўзидан ўтаётган нурни акслантириш ва қайтариш хусусиятига эгалигини тушунтиради. Оптимика масалаларида олимлар ўртасидаги баҳс Платон ва Аристотель мактабларининг қарашларини қиёслаш даражасигача етиб боради. Ибн Сино кўриш жараёни кўздан нур чиқиши орқали юз бермайди деган Аристотель позициясини ҳимоя қилади ва бу борада Платон қарашларидан фарқли ёндашувни илгари суради.

Берунийнинг яна бир эътиборга лойиқ тажрибавий саволи сув ва музнинг зичлиги ҳамда оғирлиги ўртасидаги муносабатга бағишланган. Аристотель назариясига кўра, совуқ ва тошсимон қаттиқ шаклга эга бўлган муз ўз моҳиятига кўра тупроқ элементига яқинроқ бўлиши ва сув тубига чўкиши керак эди. Лекин Беруний амалиётда музнинг сув юзида сузиб юришини кўриб, бу ҳодисанинг физик сабабини сўрайди. Ибн Сино ўз жавобида сув музлаган пайтда унинг таркибида ҳаво зарралари қотиб қолишини ва айнан шу суюқлик ичидаги ҳаво пуфакчалари музни сув тубига чўкишига йўл қўймаслигини таъкидлайди. Ю.Завадовский томонидан ўрганилган ушбу оммавий мунозара ўша давр учун моддаларнинг физик ҳолати ва термодинамика бошланғич тушунчалари бўйича муҳим қадам эди.

Космология ва фазовий геометрия соҳасида ҳам Беруний Аристотель даъволарини жиддий синовдан ўтказади. Аристотель фазода осмон сфераси оғирликка ҳам, енгилликка ҳам эга эмас, чунки у марказга ёки марказдан атрофга ҳаракат қилмайди деб ҳисоблар эди. Беруний эса хаёлий тафаккур нуқтаи назаридан осмон жисми энг оғир жисмлардан бири бўлиши мумкинлигини, унинг марказга тушмаслиги унинг вазнсизлигини англатмаслигини илгари суради. Шунингдек, Беруний фазо шакли борасида ҳам тўхталиб, осмон сфераси мукаммал шарсимон бўлиши шартлиги, у тухумсимон ёки ясмиқсимон шаклда ҳам бўлиши мумкинлигини тахмин қилади. Ибн Сино эса геометрия ва физика далилларини келтириб, агар сфера шарсимон бўлмаса, унинг ҳаракати пайтида бўшлиқ ҳосил бўлиши заруриятини исботлашга уринади.

Аристотелнинг фазода оламнинг ўнг ва чап томонлари ҳақидаги қарашлари ҳам Берунийнинг кескин танқидига учрайди. Аристотель жисмнинг ўнг томони ҳаракат бошланадиган жой деб таъриф бериб, кейинчалик Осмон ҳаракати шарқдан бошланади, демак Шарқ – бу ўнг томон деган хулоса чиқарган эди. Беруний бундай хулоса чиқариш логикада “мантиқий айлана” хатолигига олиб келишини кўрсатиб ўтади. Ибн Сино ўз жавобида Аристотель осмон сферасини тирик жисм сифатида тасаввур қилганини айтиб, антик муаллиф мантиғини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.

Ушбу ёзишмалар матни Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг 2385-рақамли қўлёзмалар фондида сақланиб қолган. Мазкур манбанинг бизгача етиб келишида хатларни кўчириб ёзган фақиҳ Маъсумийнинг хизмати борлиги хат охиридаги қайдларда эслатиб ўтилади. Ю.Завадовский ва А.Шарипов тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ХI аср бошидаги бу илмий баҳс нафақат икки мутафаккирнинг шахсий мулоқоти, балки Туронда табиатшунослик фанлари ва кузатув тажрибаларига асосланган янги илмий услуб шаклланганининг тарихий исботидир.

Беруний ва Ибн Сино ўртасидаги ёзишмалар Х-ХI асрларда Хоразм ва Бухорода шаклланган илмий тафаккур даражаси антик давр фалсафасини шунчаки ўзлаштириш билан чекланмай, уни аниқ тажриба ва мантиқий таҳлил воситасида танқидий қайта кўриб чиқиш босқичига кўтарилганини англатади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ибратли ҳикоялар