Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин, муборак Рамазон ойини барчамиз тинчлик-хотиржамликда ўтказиб келаётирмиз.
“Рамазон” сўзи беш ҳарфдан иборат. Унинг ҳар бир ҳарфига уламолар шундай маъно берганлар: “ро” – “раҳмат”, “мим” – “мағфират”, “зод” – “зимонун лилжаннат” (жаннатга кириш учун кафолат), “алиф” – “аманун минаннар” (дўзахдан омонлик), “нун” – “нурун миналлоҳ” (Аллоҳдан нур) маъноларини англатади. Ушбу фикрни Имом Термизий ривоят қилинган: “Рамазоннинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озодлик кунларидир”, ҳадиси шарифи ҳам қувватлайди. Яъни: “ро” ҳарфи рамазоннинг аввали бўлган раҳмат кунларига, “мим” ўртадаги мағфират кунларига, “зод” ва “алиф” ҳарфлари охиридаги “дўзахдан озод бўлиш” кунларига, “нун” ҳарфи эса бутун рамазоннинг натижасида ҳосил бўладиган нурга далолат қилади.
Бу ойнинг дастлабки ўн куни – “раҳмат” даҳасида рўйи заминга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади. Яратганнинг ўзи қодир қилганича рўза тутиб, таровеҳ намозларини адо этамиз.
Иккинчи ўн кунлиги – “мағфират” даҳасида холис ният билан рўза тутган бандаларнинг олдинги қилган гуноҳлари кечирилади, дейилган.
Охирги ўн кунлиги эса “Итқун минан-нийрон”, яна “Қадр даҳаси” ҳам дейилади. Ким Рамазон ойининг рўзасини пок ният билан тутган бўлса, у бандага Аллоҳ ваъда қилган ажрларини ато этгай. Рамазон ҳайити куни эса Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини тутган, таровеҳ намозларини ўқиган, Қадр кечасини бедор ўтказган бандаларига Ўзи тайёрлаб қўйган мукофотларни кўпайтириб берадиган кундир.
Бу ойда имон-эътиқод билан қилинадиган дуолар мустажоб бўлади. Чунки муборак ойда Аллоҳ таоло бандаларига осмон эшикларини очиб, ҳар бир дуо қилгувчининг дуосини қабул қилади.
Нафс тарбиясида рўза асосий ўрин тутадиган ибодатдир. Рўза нафсни ўз ҳолига қўймай, уни маҳкам жиловлаш деганидир. Унда имон ва эътиқод бир тараф, хоҳиш-истак ва шайтон иккинчи бир тараф бўлиб кураш олиб боради. Жаннатдан қувилганидан бери шайтон инсон зотига қарши аёвсиз курашиши ҳақида Аллоҳ таоло айтади: “У (аламидан) деди: “Қасамёд этаманки, мени янглиштирганинг туфайли Сенинг Тўғри йўлинг (Ислом дини) узра улар (одамларни чалғитиш) учун ўтираман. Сўнгра уларга олдиларидан, ортларидан, ўнг томонларидан ва сўл томонларидан (чалғитиш учун) келаман. (Натижада) уларнинг аксариятини шукр қилувчи ҳолда топмайсан” (Аъроф, 16-17).
Аллоҳ таоло шайтон иғвосини рад этади: “Менинг бандаларим устидан сен учун ҳеч қандай салтанат (ҳукмронлик) йўқдир, илло сенга эргашган гумроҳларнигина (йўлдан оздира олурсан)” (Ҳижр, 42).
Шайтон билан инсон ўртасидаги бу курашда рўза муҳим аҳамият касб этади. Зеро, инсон ҳаёти учун зарур бўлган таом ва сув ҳамда шаҳват – кураш майдонларидир. Буларнинг ҳар бирида ўзига яраша куч-қувват бор. Агар инсон у майл қаршисида собит тура олса ва нафсининг иғволарига учмаса, албатта, имтиҳондан ўтади ва Парвардигори ҳузурида улуғ даражага эришади.
Манбалар асосида Нўъмон АБДУЛМАЖИД тайёрлади
Сайёр йиғилиш
Шу йил ҳажга борган юртдошларимиз Арафот водийсида юртга қайтгач ҳар бир ҳожи «Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари» деган эзгу ташаббусни бир овоздан олға сурган эдилар.
Ана шу эзгу ташаббус бугун амалга кўчиб, ҳожилар имом-хатиблар, маҳалла фаоллари билан биргаликда хонадонларга, оилаларга кириб боряпти.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита ҳамкорлигида ўтказиб келинаётган намунавий-амалий тадбирларнинг навбатдагиси Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги арафасида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун” шиори остида бугун, 26 август куни Тошкент вилояти Паркент туманида ўтказилди.
Тадбир Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов Тошкент вилоят бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов бошчилида ўтказилди.
Паркент тумани “Бешкаппа” масжидида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент вилояти вакиллиги раҳбарияти, туман-шаҳарлар бош имом-хатиблари ҳамда отинойилар, шунингдек, Паркент туманидаги масжид имом-хатиблари, ноиблари, отинойилар, “Ҳаж-2025” зиёратчилари ва маҳалла раислари таклиф қилинди.
Имом-хатиблар 7 тоифага мансуб 110 та оилага, отинойилар 4 тоифага мансуб 27 та оилага, умумий ҳисобда 137 та оилага кириб, маънавий-маърифий тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирларини олиб бордилар.
Бундан ташқари, адашиб турли оқимлар таъсирига тушиб қолган ёшлар билан алоҳида суҳбатлар ўтказилди. Ажрим ёқасига келиб қолган оилалар яраштирилди.
Тумандаги масжидлар имом-хатиблари ҳам тадбирда фаол қатнашдилар.
Хайрли дуолар билан сайёр йиғилиш ниҳоясига етди.
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати