Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза тўсувчидир, сизлардан кимдир рўзадор бўлса – сўкмасин, шовқин-сурон, бақир-чақир қилмасин. Агар кимдир у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, у: “Мен рўзадорман”, десин. Жоним измида бўлган Зотга қасамки, албатта, рўзадорнинг оғзидан чиқадиган ҳид Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан кўра хушбўйроқдир. Аллоҳ таоло: “Рўза мен учун, унинг мукофотини Ўзим бераман. Банда таомини, ичимлигини ва шаҳватини мен учун тарк қилди”, деб марҳамат қилган. Битта яхшиликка ўн баробар оширилади”, дедилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Доримий, Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривояти).
Шарҳ: “Рўза тўсувчидир”. Ҳадиснинг араб тилидаги матнида ушбу ўринда “الصيام جنة” “ас сиёму жуннатун” дейилган. Бу ерда араб тилидаги “жуннатун” сўзи тўсувчи деган маънони англатади. Ушбу сўз ҳар қандай тўсадиган нарсага нисбатан ишлатилади. Рўза ҳам тўсувчидир, у инсонни ёмон ишлардан ва турли гуноҳлардан сақлаб дўзахдан тўсади. Чунки рўза шаҳватлардан тийилишдир, дўзах эса шаҳватлар билан ўралган.
Ибн Асир розияллоҳу анҳу: “жуннатун” сўзининг маъноси – рўза рўзадорни шаҳват ва шунга ўхшаш азият берадиган нарсалардан ҳимоя қилиб туради деган маънони билдиради”, дейди.
Имом Иёз розияллоҳу анҳу айтади: “Рўза инсонни гуноҳдан, дўзахдан сақлайди”. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннат инсонга ёқмайдиган амаллар билан ўралган. Дўзах эса шаҳватлар билан ўралган” дедилар (Имом Доримий, Имом Термизий ривояти).
Яъни, жаннатга кириш осон эмас, ёқмайдиган нарсалардан мурод бу –мусибат ва ибодатлардаги қийинчиликларга сабру бардошли бўлиш ва гуноҳлардан тийилишдир.
Усмон ибн Абул Ос айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Сизнинг жангдаги қалқонингиз каби, рўза сизнинг қалқонингиздир” деганларини эшитдим (Имом Ибн Можа, Имом Насоий ривояти).
“Сизлардан кимдир рўзадор бўлса – сўкмасин, шовқин-сурон, бақир-чақир қилмасин. Агар кимдир у билан сўкишмоқчи ёқи уришмоқчи бўлса, у: “Мен рўзадорман”, десин”. Бу жумлаларда ғоят юксак одоб-ахлоқ ҳақида сўз бормоқда. Рўзадор одам турли хилдаги беҳуда, фаҳш, уятсиз ва номақбул сўзлардан ўзини тийиши лозим. Ғазабланмаслиги, шовқин-сурон қилмаслиги, ҳалим, ширин сўзли бўлиши керак. Агар у билан бошқалар жанжаллашмоқчи ёки сўкишмоқчи бўлса, у вазминлик ила рўзадорлигини маълум қилади. Жанжалталаб кишига рўзанинг ҳурматидан беодобликни тарк қилишини эслатсин ва ўзи ҳам бундай ишлардан тийилсин.
“Жоним измида бўлган Зотга қасамки, албатта рўзадорнинг оғзидан чиқадиган ҳид Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан кўра хушбўйроқдир”. Ҳадиснинг араб тилидаги матнида ушбу ёқимсиз ҳидни “خلوف”, “халуф” деб аталган. Маълумки, рўзадор инсоннинг оғзида кўп вақт таом емаганидан нохуш ҳид пайдо бўлади. Рўза туфайли пайдо бўлган ўша ёқимсиз ҳид Аллоҳ таоло наздида мушку анбарнинг ҳидидан-да, ёқимли эканини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидладилар.
“Аллоҳ таоло: “Рўза мен учун. Ўзим унинг мукофотини бераман, Банда таомини, ичимлигини ва шаҳватини мен учун тарк қилади”, деб марҳамат қилган”.
Бу жумлада қудсий ҳадис ривоят қилинмоқда. Бошқа бир ривоятда: “Аллоҳ таоло: “Одам боласининг барча амали ўзи учун, фақат рўза мен учун ва уни мукофотини бераман”, деди”.
Рўзадор банда рўза кунларида сабру қаноатда бардавом бўлиб, Парвардигорининг амрига бўйсиниш учун барча неъматлар: таом ва ичимликларни истеъмол қилишдан ва ўз жуфти ҳалолига (аёли) яқинлиқ қилишдан шаҳватини тияди.
Рўзадан бошқа амалларга озгина бўлса-да, риё аралашади, яъни банда бажараётган ибодатларини бошқалар ҳам кўради. Фақат рўза бундан мустаснодир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Рўзада риё йўқдир. Аллоҳ : фақат рўза мен учун … деган”.
Бир инсонни рўза эканини бошқалар билиши қийиндир. Шу боис Аллоҳ таоло рўзанинг мукофотини Ўзи беришини билдирди.
Имом Зуҳрий розияллоҳу анҳу айтади: “Рўзадан бошқа барча амаллар инсон ташқи ҳаракатисиз бўлмайди, фақат рўза қалбдаги ният билан бошқалар кўзига кўринмайдиган амалдир”.
Рўза улуғ ибодат. Рўзадор куни бўйи еб-ичишдан ўзини тияди. Айниқса, ёз фасли келган Рамазон ойида кунлар узун ва ҳаво ҳарорати иссиқ бўлиши сабабли машаққатлироқ кечади. Шунда ҳам рўзанинг ҳурматидан рўзадор ўзини назорат қилади, ҳеч ким кўрмайдиган жойларда ҳам манъ қилинган нарсалардан сақланади. Бу билан рўзадорнинг сабру бардоши синалади.
“Битта яхшиликка ўн баробар оширилади” бошқа ривоятда бундай дейилган: “...Бир яхшиликка унинг ўн баробаридан то етти юз баробаригача кўпайтириб берилур”. Охиратда барча ибодатлар ва яхшиликларга бериладиган ажру мукофотлар ва савоблар миқдорининг қанча берилиши айтилган. Аммо фақат рўзанинг охиратдаги мукофотининг миқдори қанчалигини ҳеч ким билмайди, буни Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади.
Демак, Рамазон биз учун катта имконият ойидир. Билиб-билмай қилган хатою камчиликларимизни кечиришини Аллоҳ таолодан сўрашимиз учун ғанимат фурсатдир. Шундай улуғ кунларда Аллоҳ таоло барчамизни улкан мукофотларга сазовор қилсин!
“Умдатул Қори шарҳи Саҳиҳил Бухорий” асари асосида Ургут шаҳар бош имом-хатиби Шоди ҲАҚБЕРДИЕВ ва “Ислом нури” газетаси махсус мухбири Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.
Қалбим сурури, кўзим қувончи бўлган азиз фарзандим! Сиз дунёга келганингизда менданда бахтли инсон йўқ эди. Илк бор мустақил қадам босганингиз, “дадажон” деб, эркаланганингиз, телефон қилиб “дада уйга қачон келасиз?” деганингиз кечагидек ёдимда.
Кўз очиб юмгунча бир зумда улғайдингиз... Мактабда тенгқурларингиз орасида тарбиянгиз билан ажралиб турардингиз.
Ёшлигингиздан орзу қилган институтнинг талабаси бўлиш бахтига эришсин дея кечалари онангизнинг йиғлаб қилган дуолари, “Аллоҳим фарзандимга манфаатли илм бергин” деб қилган илтижоларим ижобат бўлганини эшитганимда кўз ёшларимни тиёлмагандим. Юзлаб қоракўзлар ичидан талаба бўлиш бахти сизга насиб бўлгани учун Роббимга ҳамдлар айтдим.
Мана орадан 4 йил ўтди. Бугун бу файзли ва муборак даргоҳни тарк этмоқдасиз.
Эй Фарзандим! Бугун фурсатдан фойдаланиб, Сизга кичик бир насиҳатни қилмоқчиман. Унга умрингизнинг охирги лаҳзаларигача амал қилишингизга Аллоҳ тавфиқ беришини сўраб қоламан.
Азиз дилбандим! Сиз эндигина 4 баҳорни кўрган болакай эдингиз. Жажжи қўлларингиздан тутиб сизни боғчага олиб кетардим. Шунда дўкондаги машина ўйинчоғини кўриб қолиб, олиб беринг деб роса хархаша қилгандингиз. Олиб беришни жуда истардимку, аммо афсуски олдимда шу кичкинагина ўвинчоқни олиб беришга ҳам пулим йўқ эди....Жонимни сўрашса сизга беришга тайёрман болам... ўзимдан афзал инсон бўлишингиз учун бор имкониятимни ишга солиб ҳаракат қиламан. Баъзан дуода ўзимни унутсамда, сизни асло унутмайман.
Орадан йиллар ўтиб, Расулимиз алайҳиссаломнинг суннатларига мувофиқ никоҳ тўйингизни ўтказдик. Шу куни сизни муборак этгани сўзга чиққанимда сизга мендан аразлаб, ҳатто гаплашмай қўйишингизга сабабчи ўша кичкина машинани топширганимда жуда уялиб, юзларингиз қизариб кетганди...
Жоним болам, ниятим сизни уялтириш эмас... Сизга фақат яхшиликларни тилайман. Сизга бутун умрингиз ва охиратингиз учун керак бўладиган муҳим бир сабоқни амалий тарзда етказгим келди, холос...
Унутмангки, кунлар ўтиб Аллоҳнинг ҳузурига қайтариласиз. Бир кун аниқ Роббимизнинг олдида турамиз. Аллоҳ таоло ҳар биримизнинг қилган амалимизни бирма-бир ҳисоб-китоб қилади. Шундай кунда уммати Муҳаммад бўлган сиз дилбандим амалларингизнинг жуда оз ва кичкиналиги билан бутун халойиқнинг олдида уялиб қолманг! Бунинг учун ҳар бир амалингизни холис Аллоҳ таоло учун қилинг! Ҳеч кимни ғийбат қилманг, бошқаларга ҳасад қилманг!
Унутмангки, сиз Аллоҳ таолонинг динини етказишдаги омонатдорсиз. Улуғ зотларга илм бешиги бўлган институтнинг вакилисиз. Сиз уларга сўзсиз муносиб бўлишингиз керак. Зеро, халқимиз муборак Ислом динимизни – имом тимсолида кўради.
Бизни залолатдан ҳидоятга, зулматдан ёруғликка, жаҳолатдан маърифатга, бахтсизликдан саодатга олиб чиққан, бу йўлда молларини ҳам, жонларини ҳам аямаган, ҳамиша фақат биз бевафо умматнинг ғамида бўлган севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нимага буюрган бўлсалар шуни маҳкам тутинг, нимадан қайтарган бўлсалар ундан тийилинг. Ҳадисларини ёдлашга ҳарис бўлинг, ҳаётлари, сифатлари, хулқлари ва йўлларини кўпроқ ўрганинг ва уларга амал қилинг.
Асло эришган ютуғингиз билан чекланиб қолманг. Кимдир ёки нимадир учун илм олманг. Энг муҳими – илм ибодат эканини унутманг!
Қуръонни қўлингиздан қўйманг. Қуръонга муҳаббатли бўлинг!
Жигарпорам, мусофирчилик, ота-онадан узоқда юриш, уларга бўлган меҳрни ҳам узоқлаштирмасин. Унутмангки, биз сизни яхши кўрамиз, сиз бизнинг ҳамиша қалбимизда, дуоларимиздасиз.
Сизни кўришимиз болалигингизни, бахтли онларингизни, қувонч билан югуриб қучоғимизга ўзингизни отишингизни ёдимизга солади.
Сиз келмай қўйсангиз бизнинг юраклар сиқилиб, соғинчдан ва хавотирдан жам бўлмайди.
Сиздан ягона илтимосимиз шуки, дуоларингизда доимо эслаб, Аллоҳ таолодан бизга раҳм-шафқат сўранг. Қанийди, Жаннатда барча ота-оналар қаторида турганимизда исмларимиз билан чақирилиб, “фарзандингиз Қуръон ёдлаб, қилган солиҳ амаллари учун сизга мукофот – иззат тожи кийдирилади” деганини эшитсак эди... Бу бизнинг энг буюк орзуимиз.
Аллоҳ таоло барчамизни жаннатда бирга қилсин! Иззат тожини киядиган зотлардан қилсин! Омийн.
Даврон НУРМУҲАММАД