Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Август, 2026   |   17 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:24
Қуёш
05:47
Пешин
12:24
Аср
17:04
Шом
19:04
Хуфтон
20:23
Bismillah
30 Август, 2026, 17 Рабиъул аввал, 1448

Рўзани бузмайдиган ҳолатлар

05.06.2017   88547   2 min.
Рўзани бузмайдиган ҳолатлар

Қуйидаги ҳолатларда рўзадорнинг рўзаси бузилмайди:

  • Рўза тутганлиги эсидан чиқиб, еб-ичиб қўйса; Аммо бу ҳолатда рўзадорлиги эсига тушиши биланоқ, дарҳол еб-ичишни тўхтатиши керак.
  • Кундуз куни рўзадор ухлаб, дам олиб уйқусида эҳтилом бўлиб қолса; Бу ҳолатда рўза очилмайди. Бу одам ғусул қилиб ибодатларини адо қилаверади;
  • Кўзга дори томизса ёки сурма қўйса; Кўзига дори томизганда гарчи томоғида унинг мазаси билинса ҳам рўза очилмайди;
  • Қон олдирса;
  • Мисвок ишлатса;
  • Муболағасиз оғиз-бурунни чайса; Рамазон ойида таҳорат пайтида оғиз чайилганда сув томоғда ғарғара қилинмайди, бурунга сув олинганда охиригача тортилмайди. Чунки бу ҳолатларда сув ичкарига ўтиб кетиб, рўзани очилишига сабаб бўлиши мумкин;
  • Ғусл қилса; Бунда устидан сув қуйиб яъни душ қабул қилиши мумкин. Аммо рўзадор ваннани тўлдириб ичига тушиб ўтиришдан ёки бассейнга тушишдан сақланиши лозим.
  • Салқинлаш мақсадида ҳўл латтага ўраниб олса;
  • Ғийбат қилса ҳам рўза очилмайди, балки рўзанинг савобидан маҳрум бўлиб қолади;
  • Оғзини очишни ният қилса ҳам рўза очилмайди, балки тутган рўзасининг савоби мукаммал бўлмайди;
  • Рўзадорнинг ичига унинг ихтиёрисиз тутун, чанг ёки пашша кирса ҳам рўзаси очилмайди; Аммо рўзадорлиги эсида туриб, хушбўй нарсани тутатиб ҳидласа, рўзаси очилади.
  • Тиш олдириб, қон ёки дорини ютмаган бўлса ҳам рўза очилмайди;
  • Қулоқдан сув кирса ҳам, қулоқни кавласа ҳам рўза очилмайди; Аммо бу ишларни қилмаган маъқул.
  • Балғам ёки мишиқнинг кириши ёки чиқиши билан ҳам рўза очилмайди;
  • Ўзи хоҳламаган ҳолда, мажбур бўлиб қусса ҳам рўза очилмайди;
  • Тишлари орасида қолган нўхатдан кичик нарсани еса ҳам рўза очилмайди; Аммо шундай бўлса-да, оғиздан ташқарига чиқариб, сўнгра яна оғзига солиб ютса,  рўза очилади.
  • Оғиз  сўлагини ютса рўза очилмайди; Аммо ташқарига чиқариб ютса рўзаси очилади.
  • Жунуб ҳолда юриш билан ҳам рўза очилмайди;
  • Мушакка, тери остига укол қилиш билан ҳам рўза очилмайди.

 

Манбалар асосида

ТИИ проректори

Ибодулла Аҳроров

тайёрлади.

Рамазон
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

24–29 август кунлари Тошкентда “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум бўлиб ўтади

17.08.2026   61914   1 min.
24–29 август кунлари Тошкентда “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум бўлиб ўтади

24–29 август кунлари Ўзбекистон пойтахтида “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари жам бўлади.

Форум дастуридан тантанали очилиш маросими, ялпи мажлислар, мавзуга оид медиа-кўргазмалар, матбуот анжуманлари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Шўба йиғилишлари доирасида ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари, замонавий технологиялар, шунингдек, медиа соҳасидаги халқаро лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон талабалари учун жаҳон медиа саноатининг етакчи мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа маҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш борасида тажриба алмашади.

27 август куни форум қатнашчилари учун Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилади. Дастур доирасида меҳмонлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилади ва шаҳарнинг тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида хорижий ОАВ вакиллари учун махсус медиа-тур ўтказилиши режалаштирилган.

Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва тантанали ёпилиш маросими билан ўз ишини якунлайди. Хорижлик меҳмонлар, Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари