Ўғлимни келинимдан қизғаняпманми?”. Ҳаёлига келган бу саволдан Дилбар бир оз ўнғайсизланди. Аммо асли ҳақиқат ҳам шу эди.
Ёлғизини унаштирганида боши осмонга етган Дилбар борини ўғли ва келини учун сарф қилди. Уни биргина орзуси бор эди. “Ўғлим бахтли бўлса бўлди!”. Аммо ҳар бир ишида онаси билан маслаҳатлашиб иш қиладиган, қўшнисиникига чиқса ҳам кетидан қидириб борадиган ўғли уйлангандан кейин ўзгарди қолди.
Она бўлиб тушунишга ҳаракат қиларди. Ўғлини ҳам меҳри иккига бўлинган, келин ҳам оилага кўникиши учун ўғли хотинини еру-кўкка ишонмас эди. Айниқса онасининг олдида хотинига ҳар турли қилиқлар қилиши онани ғашига тега бошлади.
Дилбар ўғлининг ўзгаришига келини айбдордек, келининг ҳар бир ишидан айб ахтарадиган, камситадиган бўлди. Имкон топди дегунча ўғлига келинини ёмонларди. Бундай ҳолатлар бора-бора ўғлининг асабига таъсир қиларди. Келини эса доим вазиятни юмшатишга ҳаракат қилар, ойижонисини кўнглини олиб, ҳар бир ишни ўз вақтида қилишга тиришарди.
Келини ёш эмасми, ўзига қараб, гулдек очилиб эрини кутиб олишини ҳам “енгилликка” йўйиб, жанжал кўтарди. “Бир кун жанжал кўтарилган уйда қирқ кунлик барака кетади” деганларидек оиладан хотиржамлик кўтарилди.
Онасининг гапларидан асаблари таранглашган ўғли уйга кечалари келмайдиган одат чиқара бошлади.
Келин туширганига тўрт ой бўлибди, синглисидан хабар олгани келган Дилором опа Дилбар синглисини ўзини тутишидан ёқа ушлади.
“Синглим, бу нимаси? Қараб турсам, келиннинг ҳар бир ишидан хато қидиришга уриняпсан. Ахир келин ҳам Яратганнинг неъмати. Ўзинг эндигина эплаган ишларни қилишни, шунга яраша ақл, фаросатини ишлатишини келиндан талаб қилишинг ҳеч бир ҳолатга тўғри келмайди. Сенинг ёшингга етганда келин ҳам сенга ўҳшаб фикрлайдиган бўлади.
Синглим, мабодо ўғлингни қизғанмаётибсанми? Аллоҳдан қўрққин!”.
Дилбар опасининг танбеҳ билан айтган гапларига жавоб қайтармоқчи эди-ю, аммо охирги сўзлари уни тўхтатиб қолди.
Аслида ҳам шундай!
Кўпгина ажрим масалаларини ўрганилганда айрим қайноналар ўғлини келин “ўзига оғдириб олганини” айтиб, ўғлига талоқ қилишини, онани ёки хотинни танлашни шарт қилиш ҳолатлари учрамоқда.
Илгари қайноналар Аллоҳдан қўрққанлари учун ҳам келиннинг ишидан айб топмасдан, аксинча, тарбиялаб олижаноб келинга айлантиришга харакат қилишган. Келиннинг онаси ҳам қизим бировнинг хонадонига борганда қийналмасин, деб рўзғорнинг икир-чикиригача ўргатишган. Агар келиннинг қайнонаси диёнатли бўлса, қаноат билан тарбиялаб йўриғига солиб олади, аммо диёнатсиз қайнона бўлса, 2-3 ойда кўч-кўрони билан онасиникига қайтариб юборади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
“Сўнгра ана ўша кунда (қиёматда), албатта, (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсиз!” (Такосур сураси, 8 оят).
Доим ёдимизда сақлашимиз керак бўлган ҳақиқат. Сиз келинингизни кўнглига қараб, қилган хизматлари учун дуо қиляпсизми, билингки бошқа бир хонадонда сизнинг ҳам қизингиз дуоларга кўмилиб юрибди. “Она бўламан” деб, ният қилдингизми, Аллоҳ ниятингизга яраша шафқат, меҳр эшигини очади. Келинингизга ёққанингиз ўз фарзандингизга ёққанингиздан кўра гаштлироқ. Феълимизни кенгроқ қилайлик, кечиримли бўлайлик. Келинингизни суйганингиз сари Аллоҳ таоло қувончли кунларингизни кўпайтираверади. Аллоҳ барчамизни ҳидоят йўлида қилсин!
Мунира АБУБАКИРОВА
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: «Мен қийналган кишиман», деди. Яъни, оч эканини билдирди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларидан бирига овқат сўраб одам юбордилар. «У зотни ҳақ ила жўнатган зотга қасам ичиб айтаманки, уйимда сувдан бошқа ҳеч нарса йўқ!» деди у.
Худди шундай қилиб барча хотинларига овқат сўраб одам жўнатдилар. Уларнинг бари юқоридагидек жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу кеча бу одамни ким меҳмон қилади, Аллоҳ унга раҳм қилсин», дедилар. Шунда ансорлардан бир киши туриб: «Ё Аллоҳнинг Расули! Уни мен меҳмон қиламан», деди. Сўнгра уни уйига олиб кетди. Бориб хотинига бундай деди:
— Бу одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳмонлари. Унга таом ҳозирла!
Хотин деди:
— Болаларимизнинг овқатидан бошқа овқат йўқ.
Эр деди:
Болаларингни ухлатиб овқатни олиб кел. Меҳмон овқатга қўл узатганида чироқни ўчириб қўй. Биз қоронғида ўзимизни овқат еяётгандек кўрсатамиз. Аммо емаймиз. Меҳмон шунда озгина овқатга тўяди.
Улар шундай қилиб оч ухлашди. Меҳмон тўйди. Эрталаб улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришгач, у зот дедилар:
— Аллоҳ таоло сизнинг ишингиздан ажабланди. Сиз ҳақингизда Қуръон нозил қилди:
«Гарчи ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам (бошқаларни) ўзларидан устун кўрадилар. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундай кишилар ҳа, ана ўшалар нажот топгувчилардир» (Ҳашр сураси, 9-оят).
Дунё чархпалакдир. Замон айланиб туради. Бугун пулинг бор. Эртага йўқ, ишинг орқага кетади. Бугун фақирсан, аммо эртага бойиб кетишинг мумкин. Фақирлик айб эмас, бойлик фазилат эмас.
Муҳими қалбдаги нарсадир, чўнтакдаги эмас. Муҳими инсоннинг бойлик ва фақирлик пайтидаги ахлоқидир.
Тасаввур қиляпсизми, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳеч бир аёллари уйидан овқат топилмаяпти! У киши Аллоҳнинг Расули бўлиш билан бирга давлат раҳбари ҳам эдилар. Уйларида сувдан бошқа ҳеч вақо йўғ-а?!
Фақирликни уқубат, бойликни эса мукофот деб ўйлашдан эҳтиёт бўлинг. Дунё бор-йўғи имтиҳон, холос. Имтиҳон саволлари қанчалар қийин бўлмасин, ўтириб қолманг.
Ақлли инсон бошқаларнинг ҳожатини чиқаришга ҳаракат қилади. Уларни қийин аҳволда қолдирмайди. Кишиларга эҳсон қилганингизда улар ўзини айбдор ва нуқсонли санашмасин!
Бемор кишининг фақирлигини билиб қолсангиз, у сўрашидан олдин аҳволидан хабар олишингиз оқилона ишдир. Баъзиларнинг иффати сўрашдан тўсади. Инъомнинг энг афзали инсонларнинг иффатни эҳтиром қилиб, обрўларини муҳофаза қилиб берилган инъомдир!
Эҳсон қилишнинг ҳам одоблари бор. Бир кишига ҳамманинг олдида садақа ёки эҳсон берсангиз, уни хижолатга қўясиз, иффатини жароҳатлайсиз, ожизлигини юзига солгандек бўласиз... Бунақа садақа-эҳсон қилгандан кўра, қилмаганинг афзалдир!
Юқорида келтирилган ансорийнинг одобига боқинг. Овқати озлиги учун хотинига чироқни ўчиришни буюрди. Мақсади меҳмонни хижолат қилмаслик эди. Чироқ ёниб турганида меҳмон овқатнинг камлигини кўриб, уялиб, овқат барчага етиши учун эҳтимол тўйиб ея олмасди.
Кишилардан ноқулайликни кетказиш ҳам уларни хотиржам қилишдир. Хотиржам қилиш эса, ибодатдир!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди