Моҳи шарифни ҳар бир мусулмон чиройли кутиб олиб, чиройли кузатишни орзу қилади. Чунки рўза ойи йилда бир келиб кетадиган меҳмон. Уйимизга меҳмон келса, уни яхши кутиб олиб, кўнгилдагидек кузатиш учун бор бор-будимизни қўямиз. Худди шунингдек, моҳи рамазонни ҳам ихлос билан кутиб олиб, унда қўлимиздан келганича солиҳ амалларни қилишга харакат этмоғимиз лозим. Ҳар бир мусулмон бу ойда ўзининг иймон ва ихлосини чархлаб, унга сайқал бериб, эътиқоду имони нурини зиёда қилиб олиши зарур.
Рўза инсонни ҳалол покликка даъват этади, унинг қалбини ғуборлардан тозалайди. Зеро, Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган: “Эй, имон келтирганлар, тақволи бўлишларингиз учун сизлардан олдинги (уммат) ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза фарз қилинди” (Бақара сурасининг 183-ояти).
Салмони Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Шаъбон ойининг охирги куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга хутба ўқиб шундай дедилар:
“Эй одамлар! Сизларга энг улуғ ва барокатли ой соя солиб келмоқда. У ойда бир кеча борки, у кеча минг ойдан афзалдир. Аллоҳ таоло у ойда рўза тутишни фарз, кечасида намоз ўқишни нафл қилган. У ойда кимда ким бирор бир нафл амал қилса, бошқа ойда фарз амалини адо қилган билан тенг бўлади, кимда ким бу ойда бирор фарз амалини адо этса, бошқа ойда етмишта фарз амалини адо қилган билан тенг бўлади. У – сабр ойи. Сабрнинг мукофоти эса жаннатдир. У – хайр эҳсон улашадиган ой. У ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки у ойда бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан ҳеч қанча кам бўлмаган савоб берилади”.
Шунда биз: “Ё Расулуллоҳ! Биз ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймиз-ку”, дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки битта хурмо ёки бўлмаса бир хўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига беради. Кимки рўзадорни қорнини тўйғазса Аллоҳ қиёматда унга ҳавзи кавсардан бир қултум сув ичиради, натижада у то жаннатга киргунича чанқамайди”, дедилар”.
Рамазони шариф – тоат-ибодат, қут-барака, бахт-саодат ойи. Илло, бу ойда гуноҳлар ювилажак, тавба-тазаррулар, чин ихлос ва эътиқод ила қилинган дуолар мустажоб бўлиб, қалблар таскин топажак.
Улуғ ойда ҳар бир қилинган амал учун 70 тадан 700 тагача савобга эга бўлиш мумкинлиги ҳақида ҳадиси шарифларда марҳамат қилинган. Бироқ ушбу ойда инсонларга яхшилик қилиб, хайру саховат кўрсатиб улкан ажру савобларга эга бўлиш ўрнига халқимизга қийинчилик туғдираётганлар ҳам бор. Афсуски, Рамазон ойи кириб келиши биланоқ озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи кўтарилади. Сабабини сўрасангиз, уялмай-нетмай “рўза келди-да” дейишади. Аслида-чи, ҳақиқий мусулмон рамазон ойида ўта саховатли бўлиши лозим.
Ғарб мамлакатларини кузатадиган бўлсак, ибратли бир ҳолатга гувоҳ бўламиз. Насронийлар ўзларининг “Рождество”, “Пасха” каби байрамлари арафасида аксарият савдо дўконларида акциялар эълон қилиб нархларни 50 фоизгача арзонлаштиради. Аслида бундай саховатпешаликда ўзбек халқи пешқадам бўлиши керак эмасми!.
Рамазонда инсон нафсини тарбиялаш мақсадида емоқ-ичмоқдан тийилади. Бизда эса, кимўзарга ифторликлар беришга интилишлар сезилиб қолади. Бу ҳам шаръан дуруст эмас. Ифторликни меъёрида қилиб, ортган маблағларимизни қариндошлар орасидаги, маҳалламиздаги муҳтожларга берсак ана ўшаниси афзалдир.
Н.ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Андижон вилояти бош имом-хатиби
Ўзбекистон тараққиётининг янги даврида диний-маърифий соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш янги босқичга кўтарилди. 2016 йилда 5 минг 200 нафар ватандошимиз ҳаж амалларини бажарган бўлса, 2024 йилда 15 мингдан ортиқ мўмин-мусулмонлар ҳожилик шарафига муяссар бўлди.
Бу йил ҳам 15 мингдан зиёд юртдошларимиз ҳаж ибодатини адо этишади. Мамлакатимизнинг 9 та ҳудудий аэропортидан зиёратчилар ҳар куни тўғридан-тўғри Мадина шаҳрига ҳаж сафарига юборилади. Парвозлар “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси билан биргаликда Саудия Арабистонининг “FlyNas” ва “FlyAdeal” авиакомпаниялари томонидан амалга оширилади.
Юртдошларимизга Мадинаи мунавварада ҳамда Маккаи мукаррамада барча шарт-шароитни яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимларидан иборат дастлабки ишчи гуруҳ фаол иш олиб борди.
Мадина шаҳрида муҳташам беш юлдузли “Zam-zam Pullman” меҳмонхонаси, Маккаи мукаррамада “Marmara hotel”, “Romance hotel”, “Al-Ayyam elite”, “Concrete hotel”, “Abroj Dania”, “Paradise”, “Open hotel”, “Ayyed saha” каби саккизта меҳмонхона ҳожиларни юқори савияда кутиб олишга шай қилинган. Меҳмонхоналарда зиёратчилар учун намозхоналар, ошхоналар, тиббиёт пунктлари ҳамда бошқа зарур воситалар ҳозирланди.
13 май куни тонгда муборак ҳаж сафарини ният қилган зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи дилда қувонч, тилда шукроналик билан муқаддас замин сари йўлга чиқди.
Бўлғуси ҳожиларни кузатиш учун Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, шунингдек, мутасадди ташкилотлар масъуллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари Тошкент халқаро аэропортида жам бўлди.
Орзулари рўёбидан ҳис-ҳаяжонга тўлган “Ҳаж — 2025” мавсумининг илк зиёратчилари аэропортдан Саудия Арабистонига жўнаб кетди.
Шу куни Мадина шаҳрига эсон-омон етиб келган зиёратчилар “Ҳаж — 2025” ишчи гуруҳи ва мутасаддилар томонидан тантанали кутиб олинди.
Юртдошларимизга муҳташам “Zam-zam Pullman” меҳмонхонасига киришлари биланоқ зам-зам сувлари, хурмо, ширинликлар ва ҳадялар улашилиб, иззат-икром кўрсатилди. Ватандошларимиз шодлик ва шукроналик туйғулари билан зиёрат ва ибодатларни адо этишга киришди.
Айниқса, меҳмонхонанинг Масжиди Набавийга жуда яқин масофада жойлашгани ҳожиларимизни беҳад мамнун қилмоқда. Улар кунлик барча ибодатни ушбу муборак масжидда адо этмоқда. Улар ўз дуоларида Яратгандан юртимизга тинчлик-осойишталик, халқимизга бундан-да фаровонлик сўрашмоқда.
Эслатиб ўтамиз, зиёратчиларимиз 2025 йил 13 майдан 28 майга қадар ҳаж сафарига кузатилади.
«Халқ сўзи».