frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Рўзанинг бузилиш ҳолатлари

01.06.2017   84921   2 min.
Рўзанинг бузилиш ҳолатлари

Рўзанинг бузилиши икки хил бўлади. Биринчиси – қазо  ва каффоратни вожиб қиладиган ҳолатлар ҳисобланади. Қуйидаги ҳолатларда рўзаси бузилган киши ҳар бир куннинг қазоси билан бирга каффорат сифатида муттасил равишда икки ой рўза тутиб беради. Агар бунга қодир бўлмаса 60 та мискиннинг қорнини тўйғизади:

  • Қасддан озиқ-овқат маҳсулотларидан еса;
  • Қасддан ичимлик ичса;
  • Қасддан жинсий яқинлик қилса;
  • Рўзадорлигини била туриб, дори-дармон истеъмол қилса;
  • Оғзига кирган ёмғир сувини қасддан ютса;
  • Бировнинг ғийбатини қилганидан, қон олдирганидан ёки шаҳват билан ушлаганидан кейин “Рўзам очилиб кетди”, деган ўй билан қасддан еб-ичса.

Иккинчиси – фақат қазони вожиб қиладиган ҳолатлар. Қуйидаги ҳолатларда  рўзадорнинг рўзаси бузилган ҳисобланиб, бир кунига бир кун қазо рўза тутиб беради:

  • Майда тош, тупроқ ёки тангага ўхшаш одатта ейилмайдиган нарсаларни ютиб юборса;
  • Қасддан оғзини тўлдириб қусса; Аммо оғзи тўлмай ёки рўзалиги эсдан чиқиб ёки беихтиёр қусган ёки таом эмас,  балки балғам қусган бўлса рўзаси очилмайди.
  • Тишлари орасида қолган нўхатдан катта нарсани еса;
  • Тишининг орасига кириб қолган нўхатдан кичикроқ таом қолдиқларини оғзидан ташқарига чиқариб, сўнгра қайта оғзига солиб ютса;
  • Қуёш ботди, деб ўйлаб, еб-ичса, кейин ботмагани маълум бўлиб қолса;
  • Тонг отмади, деб ўйлаб, еб-ичса, аслида тонг отган бўлса;
  • Кундузи ухлаётган рўзадор уйқусираб, сув ичиб қўйса;
  • Таҳорат қилаётган пайтида, эҳтиётсизлик қилиб, томоғидан сув ўтиб кетса;
  • Ўз амали билан ичига тутун киргизса;
  • Бурундан дори қабул қилса;
  • Қулоғидан мой томизса; Аммо сув томизса, рўзаси очилмайди.
  • Сақич  чайнаб, тупугини ютса;
  • Бошқа кишининг мажбурлаши ёки алдови сабабли рўзасини очса;
  • Данак, пахта, қоғоз, тери каби нарсаларни еб қўйса;
  • Одатда шу ҳолатида ейилмайдиган, инсон табиати ейишга мойил бўлмайдиган: хом гуруч, пишмаган хамир, бирор нарса аралаштирилмаган ун каби нарсаларни еб қўйса;
  • Беморлик, сафар, мажбурлаш, хато, бепарволик ёки шубҳа каби шаръий узрлар сабабли озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон истеъмол қилса;
  • Рўзадорлиги эсида йўқ таом еган бўлса ёки сув ичиб қўйган бўлса, унинг рўзаси очилмайди. Аммо ҳукмни билмай, бўлар иш бўлди, деб, яна таом еса ёки сув ичса рўзаси бузилади ва фақат бир кунига бир кун қазо рўза тутиб беради.

 

Манбалар асосида

 ТИИ проректори

Ибодулла Аҳроров

тайёрлади.

 

Рамазон
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Мустақиллик тўёнаси: Бухорода 35 нафар болажоннинг суннат тўйи ўтказилди

10.08.2026   10250   1 min.
Мустақиллик тўёнаси: Бухорода 35 нафар болажоннинг суннат тўйи ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг кўнглига қувонч улашишга қаратилган хайрия тадбирлари давом этмоқда.


Хусусан, жорий йилнинг 9 август куни «Вақф» хайрия жамоат фонди Бухоро вилояти филиали, ҳудуддаги масжидлар ходимлари ва саховатпеша ҳомийлар ҳамкорлигида эҳтиёжманд оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйлари ташкил этилди.


Тадбир доирасида тўйболаларнинг ҳар бирига 35 та велосипед, 35 тўплам ўқув қуроллари ҳамда янги костюм-шим, кўйлак ва оёқ кийимлар тўплами тантанали равишда топширилди.


Тантанали маросимда сўз олганлар болажонлар ва уларнинг ота-оналарига эзгу тилаклар билдириб, фарзандларни соғлом, баркамол ва дину диёнатли инсонлар этиб тарбиялаш, уларга муносиб таълим бериш энг муҳим вазифалардан бири эканини таъкидладилар.


Динимиз ва халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларининг амалий ифодаси бўлган бу каби хайрли тадбирларни «Вақф» фонди томонидан изчил давом эттириш режалаштирилган. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Мустақиллик тўёнаси: Бухорода 35 нафар болажоннинг суннат тўйи ўтказилди Мустақиллик тўёнаси: Бухорода 35 нафар болажоннинг суннат тўйи ўтказилди
Ўзбекистон янгиликлари