Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва раҳбарлигида жорий йилнинг 31 май куни Шеробод туманида Имом Термизий зиёратгоҳи ва жоме масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари иштирок этди. Дастлаб мажмуада шом намози адо этилди, сўнгра, ифторлик дастурхони ёзилиб, дуолар қилинди. Янги жомеда Хуфтон ва таровиҳ намози ўқилди. Намоздан сўнг, муфтий ҳазратлари тинчлик ва шукроналик ҳақида маъруза қилдилар.
Мажмуада қад ростлаган янги масжидда Таровиҳ намозини адо этиш учун бир ярим мингга яқин намозхон ташриф буюрди. Қуйида масжиднинг очилиш маросимига оид фотолавҳаларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ахборот хизмати
Савол: Мен ҳайдовчилик қиламан. Баъзилар менга маълум миқдорда пул бериб, уни бошқа шаҳардаги одамга етказишимни сўрашади. Шу пулдан аввал ўзим фойда кўриб, сўнг айтилган одамга тўлиқ қилиб етказсам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бу иш жоиз эмас. Чунки бу омонатга хиёнат қилиш ҳисобланади. Омонатга олинган пулдан фақат эгаси рози бўлсагина ишлатиш мумкин. Аммо эгаси рози бўлмаса, ёки эгасига билдирмай ишлатилса, бу хиёнат саналади. Омонатга хиёнат қилиш эса, катта гуноҳ ва мунофиқнинг белгиларидан биридир. Бу ҳақда фақиҳ Низомиддин Шоший раҳимаҳуллоҳ шундай зикр қиладилар:
“Омонатдор, вакил ва ғосиб (бировнинг молини зўрлик билан олган кимса)лар молнинг айни ўзини ўзларида олиб қолиб, унинг мислини (қийматини) тўлашлари мумкин эмасдир” (“Китабул-хамсийн” китоби).
Шунингдек, аллома Ибн Нужайм роҳимаҳуллоҳ шундай нақл қиладилар: “Омонатга олинган буюм бошқа кишига на омонатга берилади, на қарзга (бепул фойдаланиш учун) берилади, на ижарага берилади ва на гаровга қўйилади. Агар омонатдор улардан бирортасини қилса, жавобгар бўлади” (“Ал-Баҳрур-роиқ” китоби).
Хулоса қилиб айтганда, ҳайдовчиларнинг юқоридаги бировнинг омонатидан берухсат фойдаланишлари ва ундан даромад кўришлари шаръан жоиз эмасдир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.